Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармасида Президентимиз Ислом Каримовнинг 2012 йил 28 декабрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларни армияга тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Қуролли Кучлар фахрийлари, чақирилувчиларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирок этди.
Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, полковник В.Тўхтаев, ота-оналар номидан сўзга чиққан С.Олимова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар муддатли ҳарбий хизмат нуфузини оширишга ва мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикасининг «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, муддатли ҳарбий хизматни ўташ тартиби такомиллаштирилди ва бу муддат бир йил этиб белгиланди. Муддатли ҳарбий хизматга танлов асосида саралаб олиш бўйича самарали тизим йўлга қўйилгани Қуролли Кучлар шахсий таркибини тўлдиришни сифат жиҳатдан яхшилаш имконини бермоқда. Миллий армиямиз йилдан-йилга такомиллашиб, жанговар шайлиги ва техник таъминоти мустаҳкамланмоқда, нуфузи ортмоқда, ҳарбий хизматчиларнинг касб маҳорати юксалмоқда.
Бугунги кунда Ватанга хизмат қилиш ҳар бир йигит учун катта шараф ва масъулиятли ишдир. Ҳар ким ўзига билдирилган ишончни оқлаши, ҳарбий хизматни намунали ўташи лозим.
— Ёшлигимдан ҳарбий бўлиш, ҳақиқий эркаклар сафида Ватанимни ҳимоя қилиш орзуси билан яшардим, — дейди чақирилувчи А.Асатов. — Давлатимиз раҳбаридан бугунги тинч-осуда ҳаёт учун беҳад миннатдормиз. Армияда хизмат қилишга, саралаш танловига астойдил тайёргарлик кўрдим. Муваффақиятли ўқиш ва спорт машғулотларини бир вақтда олиб боришга интилдим. Буларнинг барчаси танловда қўл келди, чунки саралаш жараёнида нафақат жисмоний чиниқишни намойиш этиш, балки асосий умумтаълим фанлари бўйича тестлардан ўтиш ҳам керак. Танловдан муваффақиятли ўтганимдан хурсандман. Мақсадим — намунали аскар бўлиб, муносиб хизмат қилиш, ҳарбий касбларни пухта эгаллаш.
— Ўғлимиз оиламизнинг ҳарбий анъаналарини давом эттиришга қарор қилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юртининг «Ҳарбий психология» кафедраси бошлиғи, подполковник А.Қиличев. — Ёшлик чоғидан у ҳарбий кийим кийган одамлар орасида ўсди ва уларга ўхшашни орзу қилди. Мана, бугун ўз мақсадига етди. Президентимиз Ислом Каримовдан фарзандларимизга армияда яратилган шарт-шароитлар учун чексиз миннатдормиз. Миллий армия ёшларимиз учун чинакам ҳаёт мактабига айланди. Ўғлим Ватан ҳимоясига ўз ҳиссасини қўшишидан фахрланаман.
Тошкент шаҳар мудофаа ишлари бошқармасида барча шароит яратилгани чақирилувчиларни танлов асосида саралаб олишни юксак даражада ташкил этиш имконини бермоқда.
Роман БОНДАРЧУК,
ЎзА мухбири.