Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    May 2020    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
27 28 29 30 1 2 3
4 5 6 7 8 9 10
11 12 13 14 15 16 17
18 19 20 21 22 23 24
25 26 27 28 29 30 31
21.05.2020

ИНСОН ҒУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТЛАРИ

қандай мустаҳкамланмоқда?

Бугун мамлакатимизда инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шу орқали муносиб ҳаёт кечириши учун шароитни яхшилаш долзарб аҳамиятга эга.

Бу буюк мақсадга эришиш борасида Қонунчилик палатаси томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида умумэътироф этилган халқаро стандартларга муносиб тарзда қонунлар қабул қилинганини нуфузли халқаро ташкилотлар ҳам эътироф этмоқда. БМТнинг Ўзбекистондаги Барқарор ривожланиш мақсадлари, Халқаро меҳнат ташкилоти, Ўзбекистондаги Европа Иттифоқи делегацияси, ЮНЕСКО, ЮНИСЕФ, хорижий мамлакатларнинг элчихоналари, қатор халқаро жамғармаларнинг ваколатхоналари билан самарали ҳамкорлик ўрнатилган. Халқаро ҳамкорликда республикамизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини янада мустаҳкамлаш, ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришга йўналтирилган турли лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги 70 дан ортиқ халқаро ҳужжатга, жумладан, БМТнинг 6 та асосий шартномаси ва 4 та факультатив протоколига қўшилган. Ушбу халқаро ҳужжатларнинг бажарилиши бўйича миллий маърузалар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига доимий равишда тақдим этиб борилган.

Президентимиз Ш.Мирзиёев инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Қонунчилик палатаси ролини ошириш, халқаро ташкилотлар тавсиялари ижросини ташкил этиш, «йўл хариталари»ни ишлаб чиқиш ва ижро этиш қуйи палатанинг диққат марказида бўлиши кераклиги масаласига алоҳида эътибор берган эди.

Ушбу таклифларга мувофиқ парламентимиз тарихида илк бор «Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари» рукни остида Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати юзасидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ахбороти тақдим этилди. Бу ахборотнинг парламентда кўриб чиқилиши халқаро ташкилотлар тавсияларига берилаётган катта эътибордан далолат.

Мазкур Ахборотда 2018-2019 йилларда инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини имплементация қилиш, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларни ривожлантириш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фуқаролик жамияти институтларининг ролини ошириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги инсон ҳуқуқлари бўйича ташаббуслари, инсон ҳуқуқларига доир халқаро шартномалар қоидалари бажарилиши борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ёритиб берилган.

Ахборот олти бўлимдан иборат бўлиб, ҳажм жиҳатидан унинг биринчи бўлимида Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалари бажарилишининг қонунчилик асослари кўрсатилган. Бу бўлимнинг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, у биринчи ўринда инсоннинг шахсий, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, меҳнат ҳуқуқлари ҳамда жамиятнинг айрим ижтимоий гуруҳлар, жумладан, аёллар, болалар ҳамда имкониятлари чекланган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган алоҳида қонун хужжатлари қабул қилинганлигига эътибор қаратилган.

Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, жумладан, судлар мустақиллиги ва одил судловга бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро стандартларни имплементация қилиш масалалари чуқур таҳлил этилган.

Иқтисодий-ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар, Барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган вазифалар амалга оширилишига доир ўрганилган ҳолат юзасидан батафсил маълумот берилган.

Халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистонда болалар меҳнати, мажбурий меҳнат ва одам савдоси масалалари бўйича берилаётган тавсиялар бажарилиши ҳолати ҳам таҳлил қилинган. Ахборотда аёллар, болалар ва имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқларига оид халқаро стандартларнинг бажарилиши ҳам ўз аксини топган.

 Ахборотнинг иккинчи бўлимида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш масалалари ёритиб берилган. Жумладан, халқаро ташкилотларнинг тавсияларига мувофиқ охирги икки йилда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, хусусан:

- Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази;

- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили;

- Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг (Бизнес омбудсман) ҳуқуқий мақомини такомиллаштириш, уларни кадрлар билан мустаҳкамлаш ва фаолиятининг моддий-техника таъминотини кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилинган.

Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши ва уларни чеклаш масалалари бўйича қонун лойиҳаларини Миллий марказ билан мажбурий равишда келишиш тартиби жорий этилган, 15 та қонун лойиҳаси экспертизадан ўтказилган. Ўтган давр мобайнида халқаро мажбуриятларни амалга ошириш мақсадида Марказ томонидан 10 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари бўйича таклифлар тайёрланган бўлиб, «Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида»ги, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонун ҳужжатлари шулар жумласидандир.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 10 мингдан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари фаолият юритмоқда. Мамлакатимиздаги ислоҳотларда фуқаролик жамияти институтларининг иштироки тобора кучайиб бормоқда.

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро ноҳукумат ташкилотлар билан ҳамкорлиги фаоллашди. Ўзбекистонга «Хьюман Райтс Вотч», «Амнести Интернейшнл», «Коттон Кампейн», Норвегия Хельсинки қўмитаси, Халқаро юристлар комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик каби халқаро ташкилотларнинг делегациялари ташриф буюрди.

2019 йилда Ўзбекистон томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масалалари бўйича бешта миллий маъруза тай­ёрланиб, тақдим этилди. Хусусан, БМТ томонидан Қийноқлар бўйича конвенция бажарилиши борасида Ўзбекистоннинг Бешинчи маърузаси ҳамда Ирқий камситишлар барча шаклларини бартараф этиш тўғрисидаги конвенция бажарилиши бўйича Ўзбекистоннинг Ўнинчи-Ўн иккинчи маърузаси кўриб чиқилди.        

Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро шартномаларидан, шунингдек, халқаро ва минтақавий ташкилотларнинг тавсияларидан келиб чиқадиган мажбуриятларни самарали бажаришга эришиш мақсадида бир қатор таклифлар ҳам олдинга сурилган.

БМТ ва ЕХҲТ билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқларига оид адабиётлар ўзбек тилида нашр этилмоқда. Жумладан, БМТ ва парламентлараро Иттифоқ томонидан нашр қилинган «Инсон ҳуқуқлари: Парламент аъзолари учун қўлланма» ҳамда «Парламентлар ва Барқарор ривожланиш мақсадлари» тўпламининг ўзбек тилидаги нашрлари Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларига тақдим қилинди, бу амалиётни мунтазам равишда давом эттириш режалаштирилган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш – биз барпо этаётган жамиятнинг узвий хусусияти, миллий ва умуминсоний мезони ҳисобланади.

 

Дилбар Мамаджонова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: