14.01.2020

Жазони ижро этиш колонияларидаги маҳкумларга

ўртача 1 миллион сўмгача ойлик иш ҳақи тўланмоқда

Интерполнинг Ўзбекистон Республикасидаги миллий маркази биносида Ички ишлар вазирлиги томонидан «Ички ишлар органларининг жазони ижро этиш органлари фаолияти» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Унда вазирликнинг Жазони ижро этиш бош бошқармаси раҳбарияти ва бир қатор масъул ходимлар иштирок этди.

— Сўнгги уч йилда соҳа ривожига оид Ўзбекистон Республикасининг 2 қонуни, Президентимизнинг 5 қарори ҳамда ҳукуматнинг 7 қарор ва фармойиши, 4 идоралараро қўшма қарор ҳамда 10 дан ортиқ идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди, — дейди Жазони ижро этиш бош бошқармаси тарбиявий ва ижтимоий психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Жамшид Султонов. — Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 декабрдаги «2018-2022 йилларда жазони ижро этиш муассасаларининг бино ва иншоотларини капитал қуриш ва реконструкция қилиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармойишига мувофиқ жазони ижро этиш муассасаларида реконструкция ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Эскирган бино ва иншоотлар ўрнида янгилари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Хусусан, Зангиота туманида замонавий, халқаро стандартларга мос келадиган янги тергов ҳибсхонаси қурилиб фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, 35 та колониядаги маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган бино тўлиқ таъмирланди ва уларнинг ҳудудларини видеокузатув назоратига олиш учун қўшимча 1381 та видеокамера ўрнатилди. Шунингдек, маҳкумларнинг мурожаатлари, мавжуд муаммоларини ўрганиш ва уларни ижобий ҳал қилиш мақсадида Жазони ижро этиш бош бошқармаси томонидан сайёр қабуллар ўтказилиши йўлга қўйилган. Шу билан бирга, барча жазони ижро этиш колонияларида Омбудсманга, прокурорга тўғридан-тўғри ариза билан мурожаат этишга мўлжалланган алоҳида қутилар ҳам ташкил этилган.

Ушбу муассасаларда ахлоқан тузалишнинг энг самарали усули — маҳкумларни касбга ўргатиш ва уларни иш билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратилишидир. Шу боис ҳам меҳнатга лаёқатли маҳкумларнинг 88 фоизи учун меҳнат қилишига муносиб шароитлар яратилган. Қолаверса, маҳкумларнинг ойлик иш ҳақи ўртача 1 миллион сўмгача етказилган.

Уларни озодликка чиқишга тайёрлаш, республикамизда амалга оширилаётган сиёсий ва ижтимоий воқеалардан хабардор қилиш мақсадида барча колонияларда фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Жумладан, барча жазони ижро этиш колонияларида маҳкумларни қамраб олувчи маҳкумлардан иборат Хотин-қизлар кенгашлари, вояга етмаган тарбияланувчиларнинг Ота-оналар кенгашлари тузилган ва улар самарали фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, Жазони ижро этиш бош бошқармаси ва «Ҳунармандлар» уюшмаси билан ҳамкорликда йўлга қўйилган «Уста-шогирд» мактабида 18 нафар ҳунарманд раҳбарлигида 306 нафар уста маҳкумга 979 нафар шогирд маҳкум бириктирилиб, уларга халқ амалий санъати маҳсулотларини ­тайёрлаш бўйича ҳунар ўргатилмоқда. Шуниси қувонарлики, бугунги кунда «Уста-шогирд» мактабини тугатган 272 нафар маҳкумга эгаллаган мутахассислиги бўйича сертификатлар берилган.

Шунингдек, матбуот анжуманида чин дилдан тузалиш йўлига ўтган маҳкумлар Президентимиз томонидан мунтазам равишда афв этиб келинаётгани, яъни 2017-2019 йиллар давомида давлатимиз раҳбари томонидан 8 маротаба афв этиш бўйича фармон имзоланиб, 4 мингдан ортиқ маҳкумга нисбатан қўллангани тўғрисида ҳам маълумотлар берилди.

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: