Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2020    »
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 1 2 3
21.05.2020

ҚОНУННИНГ МУКАММАЛЛИГИ

лойиҳанинг пухталигида

Ов қилиш ва овчилик хўжалиги аслида бир-бирига яқин тушунчалар бўлиб, мазкур атамалар мамлакат қонунчилигида янги меъёрлар билан мустаҳкамланиши юзасидан муҳокамалар олиб борилди. Яъни, ов қилиш, деб табиатда эркин ҳолатда яшаётган ёввойи ҳайвонларни (уларнинг яшаш фаолияти маҳсулотларини) тутиш мақсадида уларни излаш, уларнинг изига тушиш ва уларни таъқиб қилиш, тутишга уриниш ёки тутишга айтилади.

Овчилик хўжалиги эса ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланишга доир биотехник тадбирларни ўтказиш, ёввойи ҳайвонлар сони ҳамда тутиладиган ёввойи ҳайвонларнинг ҳисобини юритиш фаолиятини амалга оширади. Шу мақсадда юридик ва жисмоний шахсларнинг овчилик хизматлари кўрсатиши учун уларга ов қилиш жойлари ўша ҳудудда ташкил этилади.

Ушбу тушунчалар куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан видеомулоқот шаклида ўтказилган навбатдаги йиғилишда кўриб чиқилган «Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида»ги қонун лойиҳасидан ўрин олган. Мазкур ҳужжатда ов қилиш билан боғлиқ муносабатлар тартибга солиниши назарда тутилган. Маълумотларга кўра, ҳозир мамлакатимизда 40 мингга яқин овчи бор экан. Лойиҳада яна қатор масалалар қамраб олинган бўлиб, уларнинг айримлари фракция аъзоларининг эътирозларига сабаб бўлди.

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Одам ўзини ҳимоя қилиш учун ноёб ҳайвонни ўлдиришга мажбур бўлса, у жавобгарликка тортиладими? Айтайлик, кутилмаганда одамга ҳужум қилган айиқ ёки бўридан ўзини ҳимоялаш мақсадида ўқотар қурол билан эмас, тош, ўткир тиғли ёғоч ёки бошқа бирор-бир қаттиқ жисм билан уриб ўлдирилса, қандай чора кўрилади? Мисол учун, ўтган йили Қашқадарёда шунақа ҳолат рўй берди. Айиқ ҳужумидан ҳимояланмоқчи бўлган одам жавобгарликка тортилди. Ов қилиш учун рухсатномаси бўлган хўжалик ходимини топиб келишнинг имкони бўлмаган бу каби вазиятда одам ўзини қай йўсинда ҳимоя қилиши керак?

Яна бир масала: қишлоқни оралаб ўтган каналдан балиқ овлаш учун «каналнинг каттаси»дан рухсат олишга тўғри келадими? Балиқ овлашнинг ишқибозлари кўп бўлади. Одатда уларга қармоққа илинган ўлжадан кўра, ана шунгача бўлган жараён мароқли ва муҳимдир. Таклиф этилаётган лойиҳада кўрсатилган рухсат олиш билан боғлиқ меъёр ов қилишни санъат билган ва бундан завқланадиган инсонлар орасида эътироз туғдириши мумкин. Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисидаги қонун лойиҳасида бу каби ҳолатларга тўлиқ ечим берилиши керак.

* * *

Интернет ва рақамли иқтисодиёт ривожлангани сари жиноий даромадларни яшириш, қонунийлаштириш, «пул ювиш» имкониятлари кўпаймоқда. Хусусан, криптоактивлар билан боғлиқ зарарли ва хавфли ҳаракатлар Ўзбекистонда ҳам кузатилаяпти. Айни пайтда парламентдаги ЎзХДП депутатлари ана шундай жиноий ҳаракатларни чеклашга қаратилган қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқди. Фракция кун тартибидаги мазкур масалага алоқадор қонун лойиҳаси қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Депутатлар моддалар аниқ эмаслиги, бу эртага ҳар хил талқинларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаб, қонун лойиҳасига эътирозлар билдирди. Тақдим этилаётган ҳужжатда криптоактив тушунчаси очиб берилмагани, қонунчиликда мавжуд бўлмаган тушунча юзасидан меъёрлар жорий этиш қонун ижодкорлиги тартиб-қоидаларига мос эмаслиги таъкидланди. Ҳар бир таклиф ёзма равишда қонун ижодкорларига тақдим этилишига келишиб олинди.

Шу куни фракция йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши тўғрисида»ги, «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасига қўшимча киритиш ҳақида»ги, «Бўғувчи, заҳарли ёки бошқа шу каби газлар ва бактериологик воситаларнинг урушда қўлланилишини тақиқлаш тўғрисида»ги Протоколга (Женева, 1925 йил 17 июнь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида»ги ва яна бошқа қатор қонун лойиҳалари атрофлича муҳокама қилинди. Ҳар бир масала юзасидан депутатлар таклифлари, фикр-мулоҳазалари билдирилди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари бундан кейин ҳам қонун лойиҳалари бўйича ўзларининг қатъий позицияларида қолиши, халқ манфаатига хизмат қилувчи қонунлар яратилиши тарафдори сифатида фаолиятини давом эттириши алоҳида таъкидланди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: