21.05.2020

ТУРКИСТОНДАН РУҲИЙ МАДАД ОЛГАН ШАХС

Улкан мутафаккир ва ислоҳотчи жадид Исмоил Гаспринский, профессор Бегали Қосимов таъбири билан айтганда, «бутун вужуди билан Туркистон учун ҳам нажот йўлларини излади ва буни янгиланишда, ислоҳотда кўрди».

Ўзбекистоннинг янги тарихидан жой олган яқин юз йил наридаги жадидчилик ҳаракати ибрат ва сабоқ олишга лойиқ воқеа-ҳодисаларга бойлиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Шу билан бир қаторда, жадидчилик ўзининг мураккаб тарихий жараёнлиги сабаб қизиқарли, кенг қамровли кўлами билан мураккаб, аммо эзгу орзу-ниятлар, ҳурлик ва мустақиллик ғоясининг мужассами билан улуғвор бир тарих саналади.

ХIХ асрнинг 70-йилларидан XX асрнинг 30-йилларигача бўлган қисқа, аммо кенг қамровли жадидчилик ҳаракатининг туб моҳиятида чор Россияси қўл остидаги Туркистон ўлкасининг ички ҳаёти, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, адабий-илмий турмуш тарзини янгилашга, янги фикрлар, янги ғоялар, умуман олганда, бугунги кунда биз кенг тарғиб қилаётган инновацияни олиб кириш ётади.

Жадидчилик Ўзбекистоннинг ижтимоий, сиёсий, маданий, адабий, маърифий тарихидаги нисбатан қисқа, аммо жуда шиддатли ва мураккаб давр саналади. Мутахассис олимлар орасида жадидчиликнинг моҳияти хусусида турли фикрлар бор. Мустабид совет ҳукмронлик даврида бу ҳаракатнинг бирорта фаолият қирраси умуман ижобий баҳоланмади. Айниқса, 1937-38-йиллар давомидаги қатағон даврида миллатни маънавий тафаккурини ўйғотиш, бойитишга жадидчилик ҳаракатига қўшилган ҳар бир шахсга «халқ душмани», «миллатчи», «айғоқчи», «туркпараст», «исломпараст» каби тамғалар босилди. Даврлар ўтиши, ижтимоий-сиёсий вазиятлар ўзгариши жараёнларида жадидчилик ҳаракатининг мазмуни нисбатан теран англашила бошланди. Тўғриси, жадидлар билан боғлиқ бу тарихий давр ва шиддатли воқеа-ҳодисаларнинг асл мазмун-моҳияти фақат истиқлол йилларига келибгина ўзининг энг холис ва адолатли баҳосини олди. Тарих янгича идрок қилинди ва қилинмоқда.

Жадидчиликнинг биринчи тадқиқотчи ва назариётчиларидан бўлган профессор Бегали Қосимов ўз тадқиқотлари билан жадидчилик оқим эмас, ижтимоий, сиёсий, маърифий ҳаракат эканлигини исботлаб берди. Унинг фикрича, яқингача ҳам жадидчилик – маърифатчилик ҳаракати, деб келинди. Бу атайлаб қилинган эди. Мақсад – жадидчиликнинг доирасини торайтириш, социалистик-коммунистик мафкурадан бошқаси кенг халқ онгини қамраб олиши, эгаллаши мумкин эмас, деган сохта тушунчанинг асорати эди.

 Ҳақиқатан ҳам жадидчилик ҳаракатининг туб моҳияти ва мазмунида:

- жамиятнинг барча қатламларига кириб бориш;

- миллий уйғониш мафкурасини илгари суриш;

- мустақиллик учун кураш;

- маорифни янгилаш;

- эл-юртни дунёнинг энг илғор мамлакатлари қаторига қўшиш;

- матбуотни ривожлантириш;

- аҳолининг ижтимоий, сиёсий ва маданий савиясини юксалтириш;

- дунё адабиёти билан бўйлаша оладиган адиблар етиштириш каби қатор муҳим масалаларни қамраб олган эди.

Жадидчилик ҳаракати намояндалари дунёга, ўз миллатдошларининг турмуш тарзига янги, тоза, покиза бир назар билан қарадилар. Бу назар ўз-ўзидан пайдо бўлмади. ХIХ аср охири ижтимоий ҳаётидаги жаҳолат, дунё афкор оммасидан, техникавий тараққиётдан ортда қолиш каби ижтимоий-сиёсий ҳолатлар зиё аҳлини ўйлашга, тафаккурга чорлади. Туркистон зиёлиси дунёга тафаккур кўзи, очиқ назар билан қараш заруратини англади. Ҳар жиҳатдан тараққий этган, ривожланган ғарб давлатлари ҳаётида содир бўлаётган воқелик барчани қизиқтирди.

Жадидчилик ҳаракати тарихи хусусида сўз борганда, ҳамиша беихтиёр қримлик Исмоилбек Гаспринский ёдга тушади. Таъкидлаш лозимки, Туркистоннинг уйғониш йўлига чиқишида Исмоил Гаспринский (1851-1914) ташкил этган «Таржимон» (1883 йил 10 апрелда чиқа бошлади) газетасининг ўрни катта бўлди. Исмоилбек Туркистонга бефарқ қарай олмади, ёзган қатор асарларида шу эътиборнинг белгилари кузатилади. Қолаверса, ўзи 1893 ва 1908 йилларда икки марта Туркистонга саёҳат қилди.

Дарҳақиқат, Исмоил Гаспринский ва унинг «Таржимон» газетаси Туркистон жадидлари, умуман олиб қараганда, бутун ўлкада жадидчилик ҳаракатининг шаклланишида асосий омиллардан бири бўлди. XIX асрнинг охирига келиб Гаспринский нафақат Россия империясининг барча бурчакларида, балки Қоҳирадан Бомбейгача бўлган ҳудудларда жадидчилик ғояларининг ёйилишига катта таъсир ўтказган шахсга айланиб бўлган эди. Унинг янгиланишга оид фикр ва қарашлари кўплаб маҳаллий маърифатпарвар зиёлилар ва ислоҳотчиларнинг, айниқса, таълим, турғунликдан қутулиш масаласига оид нашр қилган ишларида яққол кўрина бошлади. Бу ҳол Туркистон учун ҳам истисно бўлмади. Гаспринский Туркистон жадидлари учун ислоҳотчилик лидерига айланди ва барча ишларда маънавий устозлик вазифасини бажарди.

Исмоил Гаспринский «Таржимон»да Туркистонга алоҳида эътибор қаратди. Газетанинг биринчи йилларида фақат расмий газеталардан олинган хабар ва уларга ўзи ёзган шарҳлар билан чегараланган бўлса, кейинчалик бу ишга бевосита туркистонликларни жалб қилишга киришди. Газетанинг 1885 йилги сонларида Туркистон ҳарбий кампаниясида иштирок этган генерал А.Куропаткиннинг (1848-1925) ўлкани забт этилиши билан боғлиқ хотираларини чоп этди ва алоҳида китобча шаклида ҳам нашрдан чиқарди. Кейинчалик, 1906 йилда эса Куропаткиннинг бу хотираларига ўз қарашларини илова қилган ҳолда «Тарихи жадиди Туркистон» («Туркистоннинг янги тарихи») номи билан туркум мақолаларини эълон қилди. Ушбу мақолаларда Гаспринский, айниқса, Туркистон хонликларининг Россия билан муносабатларига катта эътибор қаратди. Бу хусусда Бухоро – Россия алоқалари алоҳида аҳамият касб этади. Гаспринскийнинг бу борадаги мақолалари ва қарашлари таҳлил этилганда, унинг Бухорога бўлган қизиқиши кучли эканлиги яққол сезилиб туради. Уни кўпроқ Бухоро мадрасалари қизиқтиради. Гаспринский умрининг охирига қадар ушбу мадрасаларга маърифатчилик ғояларини татбиқ этиш истаги билан ўтди. Унинг сўзлари билан айтсак, Гаспринский «Европа цивилизацияси таъсир қилмаган» Туркистонда ўз ғояларини ёйишга иштиёқи баланд эди. Мана шу сабаблар уни Туркистонга етаклади.

Гаспринский Туркистонга бўладиган сафари олдидан «Таржимон»да ўлка ҳаёти, тарихи ва географиясига оид туркум мақолалар беради ва газета ўқувчиларини Туркистон билан ошно қилади. Айниқса, Гаспринскийнинг Бухоро амирлиги ҳақидаги мақолалари анча маълумотларга бой эди. Муаллиф Бухоронинг буюк ўтмиши, мадрасалари ва ҳукмдорлари борасида анча қизиқарли фактларни келтиради. 1893 йилнинг февраль ойида Бухоро амири Абдулаҳадхон (1859-1910) Петербург сафаридан қайтишда Қримга – Боғчасаройга келади. Юксак меҳмонни кутиб олувчилар қаторида Гаспринский ҳам бор эди. Бу икки шахс 1883 йилдан эътиборан ғойибона таниш эдилар. Ўшанда валиаҳд бўлган Абдулаҳадхон Гаспринскийга «Таржимон»га обуна бўлиш истаги битилган телеграмма юборган эди. Орадан 10 йилдан сўнг улар юзма-юз кўришдилар. Бу учрашув натижасида Абдулаҳадхон Гаспринскийни расман Бухорога таклиф қилди. Кейинчалик Исмоилбей бу таклиф анчадан бери режалаштирилиб келаётган сафарга катта туртки берганини ёзади.

Гаспринский Туркистонга биринчи саёҳатини 1893 йил май ойида бошлайди. Бу сафардан кўзланган мақсад, Гаспринскийнинг ёзишича, Туркистоннинг ҳақиқий тарихи ва ўша даврдаги аҳволи билан яқиндан танишиш бўлган. Гаспринский сафар давомида яна маҳаллий мусулмон зиёлилари билан танишиш ҳамда улар орасидан ўз маслакдошларини топишни; «Таржимон»ни ўлкада кенг тарғиб қилиш ва янги обуначиларга эга бўлишни, янги усул мактаби очишни режалаштиради. Сафардан сўнг «Таржимон» саҳифаларида эълон қилинган саёҳат кундаликларида Туркистонда бўлган учрашувлари, суҳбатлари ҳақида батафсил маълумот бермайди. Ва бундай ҳолатни газета имкониятлари чеклангани билан изоҳлайди. Шундай бўлса-да, Гаспринскийнинг Туркистонга сафаридан кўзланган асосий мақсад рус ва маҳаллий амалдорларни янги усул мактаби ишига жалб қилиш бўлганлигини айтиш мумкин.

Гаспринский поезд билан Янги Бухорога етиб келгач, биринчи навбатда Россия сиёсий агентлиги маъмурлари билан кўришади ва ташриф мақсадини билдиради. Меҳмоннинг расмий таклиф билан келганлиги дарҳол Бухоро амири девонхонасига хабар қилинади. Шундан сўнг Исмоилбей Қушбеги билан кўришади ва юксак меҳмонлар учун белгиланган жойга жойлаштирилади. Амир Абдулаҳадхон бу вақтда Шаҳрисабзда бўлганлиги учун Гаспринский Бухорода у билан кўриша олмайди. Саёҳат сўнгида Шаҳрисабзга ташриф буюради ва амир билан у ерда кўришади. Бу ҳақда қуйида яна батафсил гапирилади. Қушбеги ёрдамида Гаспринский Бухоронинг бошқа юқори мартабали амалдорлари – Девонбеги ва Қози Калон билан учрашади. У вақтда Бухоронинг барча таълим муассасалари Қози Калон тасарруфида эди. Буни билган Гаспринский имкониятдан фойдаланган ҳолда Қози Калонни таълимнинг янги усули билан батафсил таништиради ва ўзининг «Ҳожаи сибён» (Болалар ўқитувчиси) дарслигини ҳадя қилади. Қози Калон Гаспринский тақдим қилган янги таълим усул жуда самарали ва фойдалилигини маъқуллайди.

Бухорода Гаспринский мактаб ва мадрасаларга бориб, у ердаги ҳаёт билан танишади. Ўқувчи ва талабалар билан суҳбат қилади. Бухорода 4 кун бўлгач, Гаспринский Самарқандга қараб йўл олади. Самарқандда ҳам у биринчи навбатда рус маъмуриятига учрайди. Уни Самарқанд ҳарбий губернатори граф Ростовцев қабул қилади. Гаспринский губернатор билан бўлган ярим соатлик учрашув давомида у билан ўзини қизиқтирган барча масалалар: газетадан мактабгача суҳбатлашиб улгуради. Суҳбатдан таъсирланган губернатор «Таржимон»га обуна бўлиш истагини билдиради ва Гаспринскийга мактаблар борасида батафсил маълумот олиш учун шаҳардаги рус-тузем мактаби ўқитувчиси билан учрашишни маслаҳат беради. Афсуски, мактабларда ёзги таътил бўлганлиги сабабли Гаспринский губернатор айтган муаллимни топа олмайди. Самарқандда ҳам 4 кун бўлиш давомида Гаспринский шаҳарнинг рус ва маҳаллий қисмлари билан батафсил танишиб чиқади. Исмоилбей Самарқандда сафардан кўзланган асосий мақсадлардан бири – янги мактаб очишга муваффақ бўлади. Туркистон мусулмонлари учун очилган ушбу биринчи жадид мактаби норасмий тарзда очилишига қарамай, халқ орасида тез шуҳрат қозонди.

Самарқанддан сўнг Гаспринский Туркистоннинг бош шаҳри – Тошкентга келди. Бухоро ва Самарқанддан фарқли ўлароқ у шаҳарга келиши биланоқ рус маъмурлари ҳузурига бормади. Уни Тошкентга келишини маҳаллий зиёлилар кутаётган эдилар. Гаспринскийни Тошкентнинг машҳур қозиларидан Муҳйиддинхўжа кутиб олади ва уни ўз уйига таклиф қилади. Ўша куни Муҳйиддинхўжа уйига Тошкентнинг барча кўзга кўринган мусулмон зиёлиларини йиғади ва Гаспринский шарафига катта зиёфат беради. Гаспринский Тошкентда шундай бир зиёли жамоани кўрдики, бу унинг Туркистон ҳақидаги барча тасаввурларини тубдан ўзгартириб юборди. Исмоилбей рус матбуотида туркистонликлар «саводсиз ва жоҳил» сифатида бонг ураётган хабар ва маълумотлар асоссиз эканлигига амин бўлади. Шу сабабдан бўлса керак, Гаспринский Тошкентда 6 кун қолиб кетади.

Тошкентда экан Гаспринский ўша вақтдаги Туркистон генерал-губернатори барон А.Вревский (1834-1910) ҳамда ўлка таълим тизимига масъул бўлган шахслардан бири Н.Остроумов (1846-1930) билан ҳам кўришади. Бўлиб ўтган учрашувлар тафсилотлари бизга номаълум. Шундай бўлса-да, Гаспринскийни биринчи навбатда 1892 йили Туркистон генерал-губернаторига таълим соҳасида амалга оширилиши мумкин бўлган ислоҳотлар ҳақида фикрларини баён қилиб юборган мактубининг тақдири қизиқтиргани шубҳасиз. Бу масала Н.Остроумов билан муҳокама қилинганлиги эҳтимоли кўпроқ. Гаспринский Остроумовни 1880-йиллардан анча яхши таниган ва ўлка таълим тизимига катта таъсир ўтказувчи шахс эканлигини яхши билар эди. Исмоилбей Остроумов билан янги усул мактаблари борасида ҳам суҳбатлашади ва Самарқандда очилган мактабни расман рўйхатдан ўтишига кўмаклашишини илтимос қилади. Лекин Остроумов берган ваъдалари устидан чиқмади.

Гаспринский Тошкентдан яна Самарқандга қайтади. У ерда уни Шаҳрисабзга олиб бориш учун амир тарафидан юборилган одамлар кутиб турган эдилар. Айни шу вақтда Самарқандга етиб келган таниқли педагог, бокулик Мажид ўанизода (1866-1937) Гаспринскийга ҳамроҳ бўлади. Сафар сўнгида Мажид ўанизода Гаспринскийнинг илтимосига биноан Самарқандда 40 кун қолиб, янги очилган усули жадид мактабида дарс бериш билан бир қаторда маҳаллий муаллимларга янги методика асосларидан ҳам сабоқ беради.

Гаспринский Шаҳрисабзга Қурбон ҳайити арафасида етиб келади ва Абдулаҳадхон билан байрам намозидан сўнг кўришишга муваффақ бўлади. Уларнинг бу кўришуви расмий тарзда бўлиб 15 дақиқагина давом этади. Гаспринскийнинг Абдулаҳадхон билан асосий кўришуви ва суҳбати ўша куни тушдан кейин бўлади. Бу сафар улар батафсил суҳбатлашиш имконига эга бўладилар. Суҳбат чоғида Гаспринский Бухорода янги усул мактаби очиш масаласини ўртага қўяди. Чунки Абдулаҳадхон Исмоилбей билан Боғчасаройда кўришган вақтида унга Бухорода янги усул мактаби очишга ваъда берган эди. Аммо амир ваъдасининг устидан чиқмади. Абдулаҳадхоннинг бу тарзда ҳаракат қилишига сабаб, тадқиқотчиларнинг фикрига қараганда, амир давлат ичида олиб бориладиган барча ишларда бевосита диний уламолар измида бўлиб, уларга қарши ҳаракат қила олмас эди. Бухоро ҳаётидаги ҳар қандай янгилик уламонинг қаршилигига учраши ва улар халқни амирга қарши кўтаришлари мумкин эди. Абдулаҳадхон буни жуда яхши билар эди. Бошқа тарафдан Россия ҳам Бухорода ҳар қандай ўзгаришларга қарши турар эди.

Абдулаҳадхоннинг журъатсизлиги ва қатъиятсизлигидан Гаспринский ранжиган ва учрашувнинг эртасигаёқ Қримга жўнаб кетишига сабаб бўлса-да, унинг амирга бўлган муносабатини ўзгартирмади. Улар 1910 йилгача, яъни Абдулаҳадхоннинг вафотига қадар деярли ҳар йили Боғчасарой ва Ялтада кўришиб туришган. Амир йилда бир марта дам олиш ва даволаниш учун Қримдаги қароргоҳига борар эди.

Гаспринскийнинг Туркистонга иккинчи саёҳати 1908 йилга тўғри келди. Бу галги сафар олдингисидан мақсад жиҳатдан бутунлай фарқ қилади. Гаспринскийнинг биринчи саёҳатидан мақсад, юқорида айтилганидек, кўпроқ танишиш бўлса, иккинчи саёҳат эса аниқ, режалаштирилган мақсадга эга эди. Масаланинг моҳиятини яхшироқ англаш учун мавзудан бироз четлашишимизга тўғри келади. 1905 йил октябрда оқ подшоҳ томонидан эълон қилинган Манифестдан сўнг Россиядаги мусулмон жамияти янги бир йўлга чиқди. Янги йўлбошчилар, янги ғоялар ва оқимлар пайдо бўлди. Айни шу вақт либерал позицияда турувчи Гаспринскийнинг мавқеи бироз эътибордан туша бошлади. Чунки янги йўлбошчилар чор ҳукуматининг олдига аниқ сиёсий талаблар қўйиш, Манифест билан берилган эркинликлардан кўпроқ манфаатга эга бўлишга даъват қила бошладилар. Гаспринский бу каби тез ҳаракатларни умуман маъқулламади ва бирдан катта сиёсий талаблар билан чиқишга қарши эди. Бу эса ўз навбатида унинг сиёсий мавқеига таъсир этмай қолмади. Абдурашид Иброҳимов (1857-1944) бошчилигидаги федералистлар мусулмонлар яшайдиган ҳудудларга мухторият мақоми берилиши тарафдорлари сифатида ўртага чиқди. Гаспринский ва Иброҳимов орасида катта сиёсий келишмовчилик чиқади ва иккиси бир-бирига қарши ҳаракат қила бошладилар. Мусулмон жамоаси орасида сиёсий бўлиниш бўлди. Шундан сўнг, Гаспринскийнинг ўзи ёзишига қараганда, мусулмонлар орасида бўлаётган барча нарсаларга кўнгли «совиб» кетган.

1908 йилнинг бошларида Гаспринский янгидан, 1905-1907 йиллар орасида бўлиб ўтган сиёсий жараёнлардан кескин фарқ қиладиган сиёсий иш бошлаш ҳаракатига тушди. Айни шу вақт у ўзининг узоқ йиллар давом этган педагог сифатидаги фаолияти тугаганлигини ва фаолиятининг иккинчи, янада шиддатли, кучли сиёсий даври бошланганлигини эълон қилади. Гаспринский янги сиёсий фаолиятга киришар экан «Таржимон»ни ҳам соф сиёсий дастакка айлантириш фикрига келади.

1908 йил баҳорида «Таржимон»нинг кенг нишонланган 25 йиллик юбилейи Гаспринскийга янада катта куч беради ва бошлаётган ишларига илҳом бағишлайди. У «Таржимон» орқали ўз издошлари ва ҳаммаслакларига очиқ мактуб билан мурожаат қилади ва ўйлаган фикрларини билдиради. Гаспринский бу хат орқали жойлардаги ўз издошларидан газетага кўпроқ обуначи жалб этишни сўрайди ва шаҳарлар рўйхати билан лозим бўлган обунчилар сонини эълон қилади. Туркистондан жами 248 обуначи талаб қилинади. Гаспринскийнинг туркистонлик издошлари бу чақириққа биринчилардан бўлиб жавоб берадилар ва тез орада исталган миқдордаги обуначиларни йиғадилар.

Орадан оз вақт ўтиб, Гаспринский мусулмонларга иккинчи очиқ мактуб билан мурожаат қилади. Бу сафар у тўла сиёсат ишига берилаётгани ва «Таржимон»ни Петербургга кўчириб Давлат Думасидаги Мусулмон фракциясининг сиёсий органига айлантириш истагида эканлигини билдиради. Гаспринский ўзининг энг яқин ҳаммаслакларидан бўлган Алимардон Тўпчибошевга (1865-1934) ёзган мактубидаги фикрларни амалда қўллашга киришади.

Гаспринский юқоридаги ишларни амалга ошириш учун ўзига мадад қидиради ва Россиянинг мусулмонлар яшайдиган ҳудудларига икки ойлик сафар уюштиришни режалаштиради. Унинг 1908 йилги Туркистон саёҳати ҳам кўмак излашни мақсад қилган эди. Гаспринскийнинг иккинчи саёҳати биринчисидан айнан шу жиҳати билан фарқ қилади.

Гаспринский иккинчи саёҳатномаси кундаликларида кўпроқ Туркистоннинг сиёсий муаммоларига эътибор қаратади: русларнинг туркманларга қарши уруши, шаҳарлар қурилиши, шаҳарларнинг мусулмонлар яшайдиган қисмлари аҳволи, рус муҳожирларининг ўлкага кўчириб келиниши, татарларнинг Туркистонда мол-мулк ололмаслиги ва ҳоказо. Гаспринскийнинг бу сафардан мақсади Самарқанд шаҳри эди. Бу шаҳарда унинг Туркистондаги энг яқин маслакдоши Маҳмудхўжа Беҳбудий истиқомат қиларди.

Гаспринскийнинг Бухоро амири билан бўлган учрашуви жуда қисқа бўлиб, расмиятчиликдан нари ўтмайди. Бу вақт Гаспринский Бухорода кўрганларидан Абдулаҳадхондан бир нарсани амалга оширишига умид ҳам қилмай қўйганлиги сезилиб туради. Ўз ёзувларида у Бухоро ҳукуматининг ички сиёсатини қаттиқ танқид остига олади. «Агар иш шу тариқа давом этса, – деб ёзади у, – шак-шубҳасиз, Бухоро яқин орада Туркистон генерал-губернаторлигининг бир вилоятига айлантирилади.» Бу билан Гаспринский охириги вақтларда рус амалдорлари ва олимларининг Бухоро тўғрисида матбуотда пайдо бўла бошлаган фикрларига ўз муносабатини билдириб ўтади ва Бухоро амирлиги нима бўлганда ҳам тугатилмаслиги, яшаб қолиши кераклигини айтади.

Гаспринский Бухорода ушланиб қолмасдан тўғри Самарқандга йўл олади ва шаҳарга келибоқ Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳомийлик қилаётган Абдулқодир Шакурийнинг янги усул мактабига боради. Самарқандда Гаспринский бир ҳафта туради. У Беҳбудий билан бўлган узоқ суҳбатлари ҳақида бизга ҳеч қандай маълумот бермайди. Ўз фикрлари тасдиғини топмагунига қадар бу ҳақда билдиришни истамаган кўринади. Гаспринский жўнаб кетганидан кейин Беҳбудий Тошкентга ва Фарғона водийсига сафар қилади. Орадан бир йил ўтиб, «Таржимон»да эълон қилинган бир мақоласида Беҳбудий ушбу сафари ҳақида эслатиб ўтади. Гаспринский Туркистонда фақатгина Беҳбудий билан ўзига хос «музокара» олиб борди. Ҳатто Тошкентга ҳам келмади. Беҳбудийнинг Тошкентга ва Фарғона водийсига бўлган сафарини эса Гаспринский билан бўлиб ўтган «музокара»ларнинг самараси, деб қараш мумкин. Гаспринский янги дастурининг Туркистондаги тамсилчиси Беҳбудий бўлиб, у бошқа мусулмон зиёлиларига уни етказишни зиммасига олган кўринади.

Гаспринский Қримга қайтиши олдидан, Самарқанддалиги вақтида Бухородан икки киши келиб ундан Қози Калон билан янги усул мактаби очиш борасида яна бир бор гаплашиб кўришини илтимос қилганликлари сабабли у ерда икки кун қолишига тўғри келади. Унинг Қози Калон билан учрашуви бесамар бўлмади. Янги мактаб очилишига Қози Калон розилик беради. Гаспринскийнинг бухоролик зиёлилар билан суҳбатидан кейин мажлисдагилар шаҳарда икки йилдан бери фаолият олиб бораётган татар мактабини кенгайтиришга ва унга маҳаллий аҳоли болалари ҳам қабул қилинишига келишиб оладилар.

Гаспринскийнинг 1908 йилги Туркистон саёҳати қисқа бўлди. Чунки у Россия бўйлаб режалаштирган икки ойлик иш саёҳатини вақтида тугаллашга шошилар эди. Гаспринский Туркистонга 15 йил оралиғида қилган икки саёҳатидан кўзлаган мақсадларига етди. Бу саёҳат унга ҳам, туркистонлик издошларига ҳам фойдадан холи бўлмади.

Исмоил Гаспринский, профессор Бегали Қосимов таъбири билан айтганда, «бутун вужуди билан Туркистон учун ҳам нажот йўлларини излади ва буни янгиланишда, ислоҳотда кўрди». Бу улкан мутафаккир ва ислоҳотчининг фикр-қарашлари ифодаси, асарлари учун қаҳрамонларни Туркистондан танлаши ҳам бежиз эмас. Туркистон осмонида юлдузлар порлаши, маърифат ёғдуси Исмоилбекнинг энг кўп ўйлантирган орзуларидан, энг улкан қайғуларидан бири эди. Туркистоннинг қадим маданий тарихи, мутафаккирлари, олим ва уламолари Исмоил Гаспринскийга руҳий мадад берди. Бу замин аҳли томирларида буюк аждодлари қони оқаётганига, қайта уйғонишга, чоризм мустамлакаси асоратидан тўла-тўкис қутулишларига қаттиқ ишонди. Туркистон ва Исмоил Гаспринский – бу алоҳида мавзу.

Ўзбек жадид зиёлилари унинг ғояларидан илҳом олгани, ўзлари учун устоз санагани, хусусан, Боғчасаройда нашр бўлган «Таржимон» газетасини доимий равишда ўқиб, ўзларининг турмуш тарзига назар ташлаганлари тарихий ҳақиқат. У замонларда Боғчасарой барча туркий халқлар талпинадиган, фикр ва ғоя оладиган табаррук тафаккур маскани бўлгани рост.

 

Зайнобиддин АБДУРАШИДОВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент

давлат ўзбек тили ва адабиёти

университети проректори, профессор.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: