25.11.2020

ТЕЛЕМЕДИЦИНА БОЛАЛАР МИЛЛИЙ ТИББИЁТ МАРКАЗИДА ИШГА ТУШИРИЛДИ

Телемедицина — тиббий ва маслаҳат хизматларини масофадан туриб таъминлаш учун замонавий технологиялар ҳамда телекоммуникация воситаларидан фойдаланиш. Ушбу усул орқали тиббиёт ходимлари нафақат беморларни масофадан текширишлари, балки консилиумлар ўтказишлари, анамнез тўплашлари, касаллик ҳақида маълумот сўрашлари ва юборишлари, даволанишни буюришлари ҳамда касаллик варақаларини беришлари мумкин.

— Бугунги кунда Жанубий Корея ҳамда мамлакатимиз ўртасидаги ҳамкорлик муносабатлари тобора ривожланиб бормоқда. Айниқса, тиббиёт соҳасида. Президентимизнинг 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Корея Республикасига давлат ташрифи мазкур соҳадаги ўзаро муносабатларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди, — дейди Болалар миллий тиббиёт маркази директори Мурод Жафаров. — Ҳамкорлик самараси ўлароқ, замонавий тиббиёт ва илм-фаннинг энг сўнгги инновацион ютуқлари асосида Болалар миллий тиббиёт маркази барпо этилди. Юқори технологиялар асосида хизмат кўрсатишга ихтисослашган марказ Марказий Осиёда ушбу турдаги ягона болалар тиббиёт муассасаси ҳисобланади.

Бу ерда кардиохирургия, нейрохирургия, урология, ортопедия, пластик хирургия, гемодиализ, умумий хирургия, онкология, офтальмология, ЛОР, педиатрия ва реанимация бўлимлари фаолияти йўлга қўйилган.

Марказнинг даволаш корпуси 280 ўринга эга, поликлиникада эса кунига 250 нафаргача бемор қабул қилинади. Марказ магнит резонанс томографи, мультиспирал компьютер томографи, позицион-эмиссион томо­граф, гамма-камера ва ДНК анализатори каби замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Янги тиббиёт муассасасида йилига 1500 дан кўпроқ ноёб жарроҳлик амалиётларини бажариш имконияти мавжуд.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 20 майдаги Марказга қилган ташрифлари давомида телемедицина йўналишини ривожлантиришга катта урғу бергандилар. Берилган топшириқ асосида телемедицина лойиҳаси Кореянинг Пусан миллий университети Янгсан шифохонаси билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Лойиҳада Пусан миллий университети, Болалар миллий тиббиёт маркази, Андижон ва Самарқанд вилоятлари болалар кўп тармоқли тиббиёт марказлари ўртасида алоқа ўрнатилади. Жарроҳлик амалиёти ускуналарига махсус камера ўрнатилган бўлиб, бошқа шифохоналар ва олий таълим муассасалари жарроҳлик амалиётларини онлайн тарзда кўриб туриши мумкин. Бунда Болалар миллий тиббиёт марказида ўтказилган урологик жарроҳлик амалиётини телемедицина алоқаси орқали Пусан миллий университети ҳамда Андижон ва Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларида кўриб, туриш имкони яратилади. Бундан ташқари, Пусан миллий университети Янгсан шифохонаси шифокорлари билан тиббиёт марказлари шифокорлари ўртасида неврологик касалликлар билан хасталанган беморлар бўйича маслаҳатлашув ҳам ўтказилади.

Бу телемедицина орқали узоқ ҳудудлардаги болаларга ҳам ёрдам кўрсатилади. Телемедицина ва бошқа юқори рақамли технологияларни қўллаган ҳолда, болаларга кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини янада оширишга ҳам эътибор юқори бўлади. Марказимизда Пусан миллий университети кўмагида бошланган бу лойиҳа давомий бўлиб, кейинги йилларда бошқа вилоятлардаги ҳудудий кўп тармоқли болалар тиббиёт марказлари ҳам замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда, ўзаро маълумотлар алмашувини ҳамда таълим олиш, малака ошириш ва масофавий телемедицинага босқичма-босқич ўтиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда жаҳонда телемедицина ривожланиб бормоқда, бунда беморни даволаш жараёнида бошқа шифокорнинг ёрдами зарур бўлиб қолса, керакли чет эл клиникаси ўртасида тўлиқ алоқа ўрнатилиб, улар бир-бирларини кўриб, эшитибгина қолмай, балки график ва матнли маълумотларни алмашишлари, операция давомида мутахассислар рақамли камералар томонидан ўрнатиладиган турли хил тиббий асбоб-ускуналар микроскоп, эндоскоп ёки бошқа операцион буюмлар тасвирларини бир-бирига узатишлари мумкин.

Телемедицинанинг тўлиқ афзалликларидан фойдаланиш учун техник платформа муайян талабларга жавоб бериши керак. Бу ерда биринчи навбатда кўп томонлама алоқа интернет режимида барқарор ишлаши, шунингдек, тасвирнинг юқори сифати жуда муҳим (айниқса, жарроҳлик операцияларида). Графика пикселлар сонини, рангни кўрсатиш ва расмнинг равшанлиги, шубҳасиз, беморнинг ҳаётига таъсир қилиши мумкин.

Тиббиётда масофадан туриб сифатли ва самарали хизматларни кўрсатиш алоҳида ёндашувни талаб қилади. Бундан ташқари, ушбу йўналиш фаол ривожланиб бораётганлиги сабабли, телемедицина тўғрисидаги қонунлар аллақачон турли мамлакатларда қабул қилинган.

Келажакда бундан ташқари яна иккита лойиҳа режалаштирилган бўлиб, бири «Смарт шифохона», уни кейинги ойга очиш мўлжалланган ва иккинчиси узоқ ҳудудлардаги шифохонадаги беморларни онлайн орқали назорат қилиш режалаштирилган.

Телемедицинанинг очилиш маросимида Жанубий Кореянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Кан Чжэ Квон ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситханова иштирок этди.

 

Шуҳрат ИСЛОМОВ


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: