23.09.2020

Қаттиққўллик яхши қачонки, унда меҳр ва жонкуярлик бўлса

Ўз касбидан фахрланиб, ишига масъулият билан ёндашадиган фидойи ўқитувчилардан бири Шоҳиста Нурматова 27 йилдан буён болаларга таълим-тарбия бериш билан шуғулланиб келади. Муҳими, унинг издошлари бугун тажрибали мутахассис бўлиб етишган. Кимдир моҳир рассом, кимдир малакали ҳуқуқшунос, яна кимдир ўзи каби педагог. Умуман, бу рўйхатни давом эттириш мумкин. Асосийси, Шоҳиста Нурматова бор меҳри ва зеҳни билан ишлашдан тўхтамади.

Бугун у Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номли она тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган ижод мактаби директори лавозимида фаолият олиб бормоқда. Яқинда уСоғлом турмушмедали билан тақдирланди.

Ўқитувчилик касбини танлаганимдан фахрланаман, — дейди у. — Чунки устозлар ҳамиша ардоғда. Биз ўқитган болалар эртага бирор соҳанинг бошини тутса, ютуқларга эришса, меҳнатларимиз роҳати шунда, деб биламан. Истиқлоимизнинг 29 йиллиги арафасида бир гуруҳ ҳамюртларимиз тақдирланди. Улар орасида ўзимни кўриб, кўзларимга ёш келди. Камтарона меҳнатларимиз давлат даражасида мукофотланиши табиийки, ҳар бир қалбга чексиз фахр ҳамда қувонч туйғуларини бағишлайди. Бир нарсани ишонч билан айта оламан. Ушбу мукофот мен учун, аввало, юксак эътироф ҳамда маъсулиятдир. Бўлғуси ишларимда янги марралар сари руҳлантиради. Таълим тизимидаги ислоҳатлар амалиётини ижод мактабида оммалаштиришда ва ёшларга маънавий қанот бўлишдаги истиқбол режаларимда зиммамга масъулият юклайди.

Бир нарсани айтишни истардим. Айни пайтда жамоамизда 27 нафар олий маълумотли, тажрибали педагог кадрлар ишлайди. Улар 310 нафар ўқувчига таълим-тарбия бериб келмоқда. Менинг ушбу мукофотга сазовор бўлишимда аввало, устозларим ва албатта, жамоамизнинг муносиб улуши бор. Шунинг учун бу мукофот ҳаммамизники, деб биламан. Юртимизда фаолият юритаёган ҳар бир педагог, ўқитувчи фидойилиги билан юксак эътирофларга муносиб, деб ўйлайман. Юртимизда мен ва мен каби ўқитувчиларга мана шундай юксак эътибор берилар экан, биз изланишдан, ташаббуслардан тўхтамаймиз. Янада катта куч ва ғайрат билан ишлашда давом этамиз.

Айтиш керакки, қисқа вақт ичида ушбу даргоҳ ҳаётимнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Мактабимизда иқтидорли йигит-қизлар таҳсил олади. Лекин улар орасида ҳам энг иқтидорлилари бор. Ана шундай ўқувчиларнинг ижод намуналарини кенг оммага етказишда, ОАВда ёритилишида, шеърий тўпламларини чоп эттиришда амалий ёрдам берилмоқда. Таълимнинг ноанъанавий усулларидан фойдаланиб, дарс машғулотларини ташкил этиш, баҳс-мунозара, масалаларни мустақил ечиш ва ёшларнинг фикрлаш қобилиятини шакллантиришга алоҳида аҳамият қаратилади. Мақсадимиз ижодкор ёшларни қўллаб-қувватлаш, истеъдодлари рўёбга чиқишини таъминлашдир. Бунинг учун жамоамиз билан бор куч-ғайратимизни сафарбар этиш ҳаракатидамиз.

Шу ўринда яна бир гап. Раҳбар қаттиққўл, талабчан бўлиши кераклиги ҳақида кўп гапирилади. Ўйлашимча, раҳбар, аввало, ўз жамоаси дарду ташвиши билан яшайдиган, уларнинг ҳаёти билан доимий қизиқадиган, ходимларини ҳамиша қўллаб-қувватлайдиган сифатларга эга бўлиши лозим. Чунки жамоа бир оиладек гап. Унда ота-она ҳам қаттиққўл, ҳам меҳрибон бўлади. Талабчанлик ортида меҳр, ишонч, жонкуярлик сезилиб турса, ана ўша жамоа гуллаб-яшнайди. Ютуқлари бардавом, ташаббуслари доимий бўлади.

 

Зилола Анвар қизи


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: