17.09.2020

ЯНГИЛАНАЁТГАН НАМАНГАН ҚИЁФАСИ КЎЗНИ ҚАМАШТИРАДИ

Аждодларимизнинг асрий орзуси ушалган, миллий ўзлигимиз, қаддимиз ва қадримизни тиклаган бу кунни халқимиз ҳар йили ҳаяжон билан кутади, фахр-ифтихор билан нишонлайди. Истиқлолнинг 29 йиллигини мутлақо янги ёндашувларга асосланган ислоҳотлар даврида кутиб олдик.

Инсоният яралибдики мустақил, озод ва эркин бўлишга интилади. Миллатнинг келажагини таъминлаш, қадри ва қимматини асраш, ҳаётнинг мазмуни бўлган фарзандларга ёрқин келажак ато этишнинг бош омили ҳам мустақилликка боғлиқ. Шу маънода, мустақиллик йилларида юртимизда таълим-тарбия тизимини тубдан такомиллаштириш, эртанги кунимизнинг муносиб давомчиларини камолга етказиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилди. Соҳанинг мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий механизми яратилди. Юртимизнинг барча ҳудудларида, чекка-чекка қишлоқларгача кўркам қиёфали юзлаб мактаблар, замонавий таълим даргоҳлари барпо этилди.

 

ТАЪЛИМГА ЭЪТИБОР – КЕЛАЖАККА ЭЪТИБОР

Миллатнинг келажаги, аввало, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳияти ва таълим даражасига боғлиқлиги исбот талаб этмайдиган ҳақиқатдир. Шу боис таълим тизимини замонавий методлар асосида янада ривожлантириш, ёшларга зарур имконият ва шароитларни яратиб бериш ишларига кун тартибида турган асосий масала сифатида қараб келиняпти.

Хусусан, Наманган вилоятида ҳам бу борада қилинаётган ишлар кишида ғурур уйғотади. Давлатимиз раҳбари Наманган вилоятига ташрифи доирасида Ибрат номидаги мактабни ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Ушбу мактабда иқтидорли ёшларимиз хорижий тилларни пухта ўрганади. Бу албатта, вилоятдаги ўқувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларни рағбатлантириш йўлида жуда катта қадам бўлди.

Орадан кўп вақт ўтмай республикамизда биринчилардан бўлиб ­Президент мактабининг ташкил этилиши эса нафақат ўқувчи ёшлар, балки, фарзандининг келажагига бефарқ бўлмаган ота-оналар орзусининг ҳам рўёби бўлди. Ҳозирда жаҳоннинг етакчи давлатларидаги халқаро мактаблардан ҳеч қолишмайдиган мазкур илм даргоҳида таҳсил олаётган ёшларимиз нафақат вилоятнинг, балки, давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшадиган бўлиб етишишига шубҳа йўқ.

Наманган шаҳрининг қоқ марказида барпо этилаётган «Афсоналар водийси» боғининг нафақат Марказий Осиёда, балки жаҳонда ўхшаши кам. Ушбу боққа кирган болалар ўзларини эртаклар оламига келиб қолгандай ҳис қилишади, ҳаяжони ва қувончи бир дунё бўлади. Замонавий, миллий меъморчилик асосида барпо этилган бу кичик мажмуани “Ширин орзулар мамлакати”, дея таърифлагинг келади. Келажакда ушбу боғ вилоятнинг ташриф қоғозига айланса, не ажаб.

 СОҒЛИҚ ЭНГ БИРЛАМЧИ ВАЗИФА

Давлатимиз раҳбарининг соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни ривожлантиришга оид қарорлари натижасида жойларда замонавий тиббий муассасалар ишга туширилмоқда. Наманган шаҳридаги «ANAMED» хусусий диагностика маркази ана шундай масканлардан биридир.

Бу марказ нейрожарроҳлик, неврология, кардиология, урологияга ихтисослашган бўлиб, «General Еlectric», «Siеmens» ва бошқа компанияларнинг илғор диагностика ускуналари билан жиҳозланган. Малакали кадрлар жамоаси шакллантирилган. Буюк Британия, Япония, Россиядаги етакчи диагностика марказлари билан ҳамкорлик ўрнатилган. Бир гуруҳ шифокорлар ушбу мамлакатларда малака ошириб қайтган. Ҳиндистон ва Россиядан тажрибали шифокорлар ишга жалб этилган.

Ҳозирги пандемия шароитида ҳам касалликни эрта аниқлаш, тўғри ташхис қўйиш ва албатта, сифатли тиббий хизмат кўрсатишда бундай диагностика марказлари муҳим аҳамиятга эга.

 

“БИР ЖОЙДА МИНГ ОИЛА ИССИҚХОНАСИ”

Халқимизда азалдан “қуруқ қоп тикка турмайди” деган нақл бор. Наманганда аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларнинг қаддини тутиб олишига кўмаклашилмоқда. Бунинг учун Чортоқ тумани баланд адир ҳудудида “Бир жойда минг оила иссиқхонаси” лойиҳаси ҳаётга татбиқ қилинмоқда. Бу ерда кам таъминланган оилалар учун ҳар бири 2 сотихли 1000 та иссиқхона ташкил этилди. Ҳозиргача 7 минг тонна сабзавот маҳсулотлари етиштириш имконини берадиган иссиқхоналар қуриб эгаларига топширилди. Баланд даштликларда узоқ йиллар давомида фойдаланилмаган 36 гектар майдонда қад ростлаётган иссиқхоналар “Голден Натс Наманган” агро томорқа хизмати масъулияти чекланган жамият ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Умумий қиймати 13 миллиард сўм бўлган лойиҳага Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 6,7 миллиард сўм субсидия маблағлари ва тижорат банкларининг 6,3 миллиард сўмлик имтиёзли кредити йўналтирилди. Бу эса ўз-ўзидан аҳолининг реал даромадларини оширишга хизмат қилади. Келажакда ушбу иссиқхоналардан камида 10000 та қурилиб, аҳолига топширилиши режалаштирилди.

 

ДАРОМАДЛАРНИ ОШИРИШ ЙЎЛИДА...

 Наманган шаҳрида 6 та кичик саноат зонаси ташкил этилди. Айни пайтда тадбиркорлар ташаббуси билан кичик саноат зоналарида умумий қиймати 1 триллион 229 миллиард сўмдан ортиқ 211 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Қарийб 124 гектар майдонни эгаллаган “Орзу”, “Пахталиккўл”, “Юксалиш”, “Хонобод”, “Зарбдор” кичик саноат зоналарида режалаштирилган барча лойиҳалар тўлиқ қувват билан ишга тушгач, 16 мингдан зиёд иш ўрни яратилади.

Жумладан, 10 гектарга яқин майдонда ташкил этилган “Орзу” кичик саноат зонасида умумий қиймати 142,3 миллиард сўмлик 22 та лойиҳани амалга ошириш ва уларда 2 минг 250 иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Бугунги кунга келиб эса фаолиятини тўлиқ йўлга қўйган 12 та корхонада 900 киши иш билан таъминланган.

“Боссер Текстил сервис”, “Идеал Текстил Орзу”, “Суғдиёна файз текстил”, “Нуробод сифат текстил”, “White gold towel textile”, “Порлоқ текстил либослари”, “Авазхон келажак” каби тикувчилик ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарда 20 нафардан 300 нафаргача аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлди. “Орзу” кичик саноат зонасидаги “Кварц саноат” корхонасида сумка, “Улуғ-Б” корхонасида полиэтилен маҳсулотлари, “Мега эко пласт” корхонасида полиэтилентерефталат гранулалари ишлаб чиқарила бошланди. “Перфект фрутис”, “Артел” корхонаси маҳсулотларини етказиб бериш хизмати ташкил этилди. “Универсал Фуд Траде”да эса мева-сабзавотни сақлаш ва қайта ишлаш йўлга қўйилди ва юзлаб иш ўринлари яратилди. Бу юқоридаги лойиҳаларнинг дастлабки босқичида эришилган натижалар. Улар тўлиқ қувват билан иш бошлагач, иш ўринлари сони яна икки баробар ортиши қувонарли, албатта. Шунингдек, жорий йил биринчи ярмида “Орзу” кичик саноат зонасида яна 10 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 минг 700 та иш ўрни яратилади.

 

ЧОРТОҚ ЯНГИЧА ҚИЁФАДА

Албатта, фаровонликка интилиш, ўзи яшаётган ҳудудни файзли ва кўркам қиёфага келтириш халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Буни чортоқликлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Мустақиллик йилларида Чортоқ бетакрор қиёфага эга бўлди, янада кўркамлашди.

Туманда шаҳарсозлик ва миллий анъаналаримизни ўзида мужассам этган қурилиш, бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари кенг қулоч ёйган. Янгидан-янги бино ва иншоотлар қад ростламоқда, зиёратгоҳлар обод қилиняпти.

Яқинда Балиқкўл қишлоғида жойлашган Султон Увайс Қароний зиёратгоҳи реконструкция қилиниб, кенг ва обод масканга айлантирилди. Янгидан қад ростлаган 1400 ўринли масжиддан ҳудуддаги аҳоли ва зиёратчилар бемалол фойдаланиши учун шароит яратилди.

Бу ерда 200 ўринли зиёратхона, 20 ўринли меҳмонхона, музей, мақбара янгидан қад кўтарди. Эътиборлиси, «Биби Наима она» зиёратгоҳи ҳам бутунлай ўзгача қиёфа касб этди. Шу билан бирга электромобиль қатнови ҳам йўлга қўйилганлиги зиёратчиларга қўшимча қулайлик яратмоқда.

Булар ҳаммаси катта ишларнинг бошланиши. Олдинда янада юксак марралар турибди. Меҳнаткаш, ғайрат-шижоатли, тадбиркор ва ишбилармон наманганликлар ҳар қандай улкан вазифаларни уддалашига ишончимиз комил.

 

Шоҳиста ТУРҒУНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: