17.09.2020

ҚОИДАГА РИОЯ — ЎЗИНГГА ҲИМОЯ!

Яқинда телевизор орқали Республика Маънавият ва маърифат марказида Истиқлолнинг 29 йиллигига бағишлаб ўтказилган тадбирда марказ раҳбари, сенатор, таниқли шоир Минҳожиддин Мирзонинг бир мулоҳазаси шифокор сифатида мени чуқур ўйга толдирди. “Карантин қоидаларига риоя этиш билан, биз ўзимизни, оиламиз ва яқинларимизни, азиз ва мўътабар ватанимизни вирусдан ҳимоя қиламиз”, деди. Хўш, биз катталар “риоя ва ҳимоя” тушунчаларини қанчалик англаймиз? Уларни фарзандларимизга қай даражада тушунтира оляпмиз?

Бизни ўраб турган муҳитдаги ҳамма нарса – воқеалар, одамлар, улар билан боғлиқ қувонч ва ташвишлар онгу шууримизда, руҳиятимизда ўз изини қолдиради. Коронавирусдан ҳимояланиш ҳақида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва бутун дунёдаги олимлар ҳамда шифокорларнинг тавсиялари асосан бир хил. Унга амал қилиш қийин эмас.

Бу вирусдан ҳимояланишнинг 3 та энг муҳим усули мавжуд бўлиб, ҳар бир оила уни ўзининг олтин қоидасига айлантириши зарур:

1) қўлларни доимий равишда, тез-тез совунлаб ювиш, айниқса, кўчадан келганда биринчи навбатда қўлни совунлаб ювиш шарт;

 2) кўчага ниқобсиз чиқиш мумкин эмаслигини катта-ю кичик бирдек англаши;

 3) кўчада, транспортда, бозор ва дўконларда оралиқ масофа сақланиши шарт.

Ҳар бир оила тартиб-интизомга, соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиши шарт.

 Тиббий ниқобни бир ҳафталаб тутиб юрганлар ҳам учраяпти. Уни ҳар 2 соатда алмаштириш керак. Ниқоб тақилганида вирус юқиш даражаси 80 фоизга камайиши аниқ.

Шу 3 та тавсияга қунт билан амал қилинса, вирус юқтирилганда ҳам таъсири камроқ бўлади ва касаллик енгил кечади. Бу жараёнда вирусни даволаш ҳам нисбатан осон, энг муҳими, асорати камроқ бўлади.

 Тўғри, коронавирус болаларда аксарият ҳолларда енгилроқ кечади. Лекин, бу фикр хотиржамликка асос бўлмайди. Томоқ оғриғи, йўтал, бурун оқиши ва аксириш билан кечади. Болаларда коронавирус жуда камдан-кам ҳолларда гастроинтестинал шаклда – кўнгил айниши, қусиш, қорин оғриғи, диарея каби белгилар билан кечиши мумкин.

 Кўпчилик ҳамюртларимизни “Антитаначаларни аниқлаш учун қайси тест тури энг информатив ҳисобланади — лабораторияда тест таҳлилими ёки экспресс-тестларми?”, деган савол қизиқтиради. Бир ҳақиқатни очиқ айтиш керак, ҳеч бир тест 100 фоиз аниқликни таъминламайди.

Ҳозирги вақтда антитаначаларни аниқлашда энг информатив тест — ИХЛТ усули ҳисобланади. Қўллаш қоидаларига тўлиқ риоя қилинганда экс­пресс-тестлар ҳам аниқ жавоб беради.

Қуйидаги белгилар сезилганида албатта стационар шароитида даволаниш шарт. Аввало, кучли ҳансираш, яъни ҳаво етмаётганлигини сезганда. Одатда, нафас олиш частотаси беморнинг тинч ҳолатида дақиқасига 22 ва ундан юқори бўлиши, тана ҳарорати 39 даража ва ундан юқори бўлиб, иситмани туширувчи дори воситаларининг таъсири сезилмаганида; қоннинг кислород билан таъминланиши 90 фоиздан паст бўлиши (бу кўрсаткич пульсоксиметр ёрдамида аниқланади); қон босимининг тушиб кетиши ёки кескин кўтарилиб кетиши (90 дан паст ёки 220 дан юқори); юрак уришининг тезлашиши — пульс дақиқасига 130 ва ундан юқори бўлиши; беморда англаш даражаларининг пасайиши каби ҳолатлар оғир симптомларнинг мавжудлиги, яъни, чидаб бўлмайдиган оғриқлар, жумладан, бош оғриқлари, тўхтамасдан қайт қилиш ва интенсив диарея ҳолатларида зудлик билан шифокорга мурожаат қилиб, бемор стационарга юборилиши лозим.

 Қўшимча хавф омиллари: ёши 60 ва ундан юқори, ёндош касалликлар — диабет, гипертония, юрак хасталиклари, ўпка ва буйраклар сурункали касалликлари, онкологик касалликлар ва иммунитетнинг пастлиги шулар жумласидан.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, болалар ва ўсмирларнинг мазкур вирусни юқтириб олиш эҳтимоли катталарникига ўхшаб кетади. Шунинг учун болалар ҳам худди катталар сингари бир хил санитария гигиена ва хавфсизлик қоидаларига, қўлларни совунлаб ювиш, ниқоб тақиш, одам гавжум жойларга бормаслик, ижтимоий масофани сақлаш талабларига риоя қилишлари керак.

Болаларда коронавирус келтириб чиқарадиган Covid-19 касаллиги кўпчилик ҳолатларда енгил ёки клиник белгиларсиз (симптомларсиз) кечса ҳам улар ушбу вируснинг асосий тарқатувчиларидан бири бўлишлари, аҳоли ўртасида касалликнинг кўпайишига сабабчи бўлишлари мумкин.

Кўпгина давлатлар олимлари изланишлари натижаларига кўра, коронавирус симптомлари бор болалар организмларида вирус 20 кун давомида, симптомсиз кечадиган болаларда эса 14 кун давомида бошқалар учун хавф солиб туради. Бинобарин, улар шу оралиқда ўзлари билмаган ҳолда атрофдагилар учун вирус ташувчилар бўлиши мумкин. Мазкур таҳлиллар натижасига кўра, Корея давлатида кўплаб ота-оналар ва ўқитувчилар касалликни болалардан юқтирганликлари аниқланган. Демак, пандемия тарқалишининг олдини олиш учун болалар қатнайдиган ўқув масканлари ва мактабгача таълим муассасаларида тиббий ҳамда санитар эпидемиологик назоратни кучайтириш ҳамда карантин қоидаларига қатъий амал қилиниши мақсадга мувофиқдир.

 Ҳар куни истеъмол қилиш зарур бўлган энг муҳим маҳсулотлардан биринчиси олмадир. У антиоксидант хусусиятларга эга табиий кимёвий моддаларга жуда бой. Бундан ташқари, у саратоннинг баъзи бир турлари ва юрак-қон томир касалликларининг олдини олишда самарали таъсир кўрсатади.

 Иккинчиси, сабзи моддалар алмашинуви тизимига ижобий таъсир кўрсатиб, ичак фаолиятини ҳам фаоллаштиради. Учинчиси, грек ёнғоқлари қон босими ва холестерин миқдорини барқарорлаштиради. Парҳезшунос мутахассисларнинг фикрича, юқоридаги уч маҳсулот организм ҳужайраларини табиий тикловчилар бўлиб, шунингдек, улар очлик ҳиссини йўқотади, организмни керакли витаминлар ва антиоксидантлар билан таъминлайди. Бундан ташқари, сабзи ва ёнғоқни йилнинг исталган даврида бемалол истеъмол қилиш мумкин.

Иммунитет сустлашганидан дарак берувчи аломатларга доимий равишда эътиборли бўлишимиз шарт.

Доимий ҳолсизлик ва чарчоқ, инсон кечаси мириқиб ухлаб ҳам тонгда ўзини ҳорғин сезса, бу иммун тизимининг ҳаддан ташқари катта куч билан ишлаётганидан дарак беради. Агар тана ҳарорати доимий 37°С атрофида бўлса, катта эҳтимол билан сизда аутоиммун касалликлари пайдо бўлаётганини билдиради. Уйқусизлик, бошнинг қаттиқ давомли оғриши ҳам шу хавфдан дарак беради. Чунки бир қатор иммунитет тизими касалликларида мияга қон узатилиши ёмонлашади. Организмнинг ҳимоя қатлами ҳисобланмиш тери ўз кўриниши билан бутун иммун тизими фаолияти сифатини намоён этиши мумкин. Қичишиш, тошма ва доимий такрорланувчи яллиғланиш ҳам иммунитет пасайиб бораётганлигининг белгисидир. Шунингдек, бўғимлардаги оғриқ, сочларнинг сийраклашишига ҳам сабаб бўлади.

 Коронавирус инфекциясини фоизлар нисбатида оладиган бўлсак, энг кўп қуйидаги белгилар учрайди:

90 фоиз ҳолатларда — тана ҳарорати кўтарилиши;

80 фоиз ҳолатда — йўтал (қуруқ ёки кам миқдорда балғам билан);

55 фоиз ҳолатда — ҳансираш;

44 фоиз ҳолатда — тез чарчаш;

20 фоиздан кам ҳолларда — кўкрак қафасида нохушлик ҳисси, миалгия, ҳушнинг бузилиши, бош оғриши, қон тупуриш, диарея, кўнгил айниши, қусиш, юрак уриб кетиши, томоқда оғриқ, бурун битиши, ҳид ва таъм сезгисининг пасайиши;

2-11 фоиз ҳолатларда — коньюктивит белгилари.

 Касалланишнинг 6-8 кунларига келиб ҳансираш кучаяди, нафас олишнинг оғирлашиши юзага келади. Кексаларда касаллик атипик кўринишда, яъни, ҳарорат кўтарилиши, йўтал, ҳансираш каби белгиларсиз кечиши ҳам мумкин. Кузатилиши мумкин бўлган белгиларга делирий, тушкунлик, ҳолсизлик, конъюнктивит, васваса, тахикардия ёки АҚБнинг пасайиши киради.

 Даволаниш жараёнидан кейин ҳолсизлик бўлиши табиий ҳолат. Чунки касаллик енгил кечса, асорати қолади. Баъзиларда ўпканинг шикастланиши, ёки фиброз кузатилади, яъни нормал тўқима ўрнини бириктирувчи тўқима эгаллайди. Шунинг учун уй шароитида ёки амбулатор шароитда реабилитация жараёнини олиб бориш керак.

Реабилитация жараёнини нафас машқларидан бошлаш ўринли бўлади. Кунига 10-15 дақиқадан бошлаб секин-аста кўпайтирилади. Жисмоний куч талаб қилувчи ишларга тўлиқ тузалмагунча ўтиш тавсия этилмайди. Дорилар фақат шифокор тавсиясига кўра қабул қилинади.

Касалликдан тузалган кишига дармон дорига бой озиқ – овқатлар, кўпроқ сабзавот ва мевалар бериш, бадантарбия ва нафас машқлари билан шуғуллантириш, меҳнат қилиш ҳамда дам олиш тартибини сақлаш, кўпрок очиқ ҳавода бўлишни таъминлаш зарур.

Буюк аллома Ибн Сино бобомиз, “бадан тарбия билан машғул бўлинса, ҳеч қандай дори-дармонга зарурат қолмайди, бунинг учун муайян бир тартибга риоя қилмоқ ҳам шарт”, деганида, минг карра ҳақ эди. Бадан тарбиядан ташқари вибрацион массаж ҳам анча ёрдам беради. Бу қийин эмас. Қўлларимиз билан ўпканинг пастки бўлагидан юқорига қараб секин-аста, юмшоқ уриб чиқамиз. Натижада, ўпкадаги ҳолат енгиллашади.

Кўпчилик саросимага берилиб, ўзига компьютер томографияси, осма укол, антибиотиклар ва шунга ўхшаган зарур бўлмаган даво чораларини қўлламокда. Бу чоралар нафақат зарур эмас, балки инсон организмига жуда катта зарар етказиши ҳам мумкин.

 COVID 19 га топширилган таҳлилларнинг манфий ёки мусбат чиқиши касаллик оғир ёки енгил кечишини белгиламайди. Ҳозирги эпидемиологик ҳолатда, тана ҳароратининг кўтарилиши, ўпкада ўзгаришлар бўладиган бўлса, шифокор бундай беморни коронавирусли бемор сифатида даволайди ва шундай даволаши шарт. Ковиднинг олдини олиш ва унинг енгил шаклини даволаш учун ҳар қандай осма уколлар, антибиотиклар, гормонал препаратлар (дексаметазон), антикоагулянтлар ва антиагрегантлар (курантил, ксарелта ва х.к.), иммуномодуляторлар (анаферон, кагоцел, циклоферон, полиоксидоний, иммун-5 ва бошқа иммунлар ва феронлар…)ни шифокор тавсиясисиз қўллаш бутунлай ман қилинади. Агар бемор ўзини таваккал қилиб даволашни бошласа ва тавсия этилмаган дорилардан фойдаланса, ўз ҳолатини «енгил шакл»дан «ўрта оғир» ёки «оғир шакл»га ўтказиб қўйиш хавфи туғилади.

 Инсоннинг ички хотиржамлиги ва шифокорларга ҳамда ўз танаси, иммунитети кучига бўлган ишончи бу касаллик билан курашишда энг асосий воситадир.

Самарқанд давлат тиббиёт институти ректори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Жасур Ризаев шундай дейди:

– Кутилмаганда келган коронавирус фақат тиббиёт ходимларини эмас, балки инсониятни шошириб қўйди. Одамлар энг бебаҳо хазина соғлиқ эканлигини, инсоннинг жамиятдаги фаолияти, турмушдаги ҳаловати ва саодати саломатлик билан чамбарчас боғлиқлигини янада чуқурроқ англади. Тараққиёт гарови бўлган жуда катта инвестиция лойиҳалари, бунёдкорлик ишлари тўхтаб қолди. Одамларнинг яшаш тарзи бутунлай ўзгарди. Ер юзи аҳолиси янги шароитга мослашмоқда. Тўғри, коронавирус замонавий тиббиёт учун янги инфекция эмас. Унинг устида кўплаб тадқиқотлар қилинган. Вирус бугунги кунда мураккаб модификацияга учраб, пандемия шароитини келтириб чиқарди. Инсоният зиддиятли синовларга дуч келди. Мамлакатимизда коронавирусга қарши кураш тўғри йўлга қўйилгани учун ҳам касаллик кўрсаткичи бошқа давлатларга қараганда юқори эмас. Лекин, инфекция хавфи биздан узоқлашмади, демак, доимо ҳушёр бўлишимиз шарт. Карантин ўзига хос тажриба ва синов мактаби бўлди, даволаш усуллари доимий равишда такомиллашиб бормоқда. Шу вақтга қадар Самарқанд давлат тиббиёт институти томонидан 400 дан ортиқ захира шифокорлар тайёрланди. Институтда Covid-19 бўйича 1835 нафар тиббиёт ходими ўқитилди. Бундан ташқари, профессор-олимларимиз иштирокида ҳар куни вилоят юқумли касалликлар шифохонаси мутахассислари билан онлайн тартибда беморлар ҳолатининг мукаммал таҳлили ўрганилиб, керакли маслаҳат ва тавсиялар ташкил қилиняпти. Бугун Самарқанд вилоятида жами 10 000 гача беморни қабул қилиш учун захира ўринлари яратилган. Захира ўринлари хусусий клиникалар, меҳмонхоналар, санаторий ва олий таълим муассасалари ётоқхоналарида шакллантирилди. Янада ҳушёрликни ошириш ва вирус ҳақида бирламчи тушунчани бериш мақсадида Самарқанд давлат тиббиёт институти мутахассислари томонидан махсус қўлланма ва буклетлар тайёрланиб, аҳоли ҳамда шифокорларга тарқатилди.

Шу ўринда эпидемиологик вазият вақтида Самарқанд тиббиёт институти профессор ўқитувчилари, шифокорлари ва талабалари ҳам фидокорона меҳнат қилаётганларини айтиб ўтмоқчиман. Биринчи навбатда, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари кесимида мингдан ортиқ тиббиёт ходимларини коронавирусга қарши кураш доирасида қайта тайёрлашга ёрдам бердик. Институтнинг тажрибали шифокор-олимларидан иборат махсус гуруҳ жойларга чиқиб, тиббиёт ходимлари учун семинарлар ўтказди. Албатта, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам ишлар тўғри йўлга қўйилганини алоҳида таъкидлаш керак. Очиғини айтамиз, беморлар барча ерда бир хил даволанмоқда. Пойтахтдаги Вирусология илмий-текшириш институтида ҳам, чекка ҳудудларда ҳам малакали тиббий хизмат ва қулай шароитлар яратилган. Даволаш жараёнида бериладиган тавсияларни ишлаб чиқишда ҳам Самарқанд давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари фаол иштирок этишди. Беморларни даволаш учун энг муҳим тизимлардан бири – бирламчи даволаш муассасалари ҳисобланган поликлиникалар. Чунки одам касал бўлса, биринчи бўлиб поликлиникага мурожаат қилади. Мана шу тизимга кўмаклашиш мақсадида институтимиз профессор-ўқитувчилари томонидан бепул онлайн-поликлиника ташкил этилди.

Шунингдек, мамлакатмизда биринчилардан бўлиб Самарқанд давлат тиббиёт институтида профессор ўқитувчилар ва ташаббускор ёшлардан иборат Сall-center ташкил этилди. Сall-center ишга тушгандан буён аҳоли томонидан 5000 дан ортиқ тиббиётга оид мурожаатлар келиб тушди. Шунинг баробарида институтнинг 1-клиникаси ҳудудида ташкил этилган “Онлайн поликлиника” ҳам юртдошларимизнинг оғирини енгил қилмоқда. Яъни, пандемия шароитида «Уйда қолинг!» шиори остида аҳолига масофадан туриб керакли маслаҳат ва тавсияларни бериб бормоқда. Мурожаат қилувчиларни керакли мутахассисларга йўналтириш орқали аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда.

Бу ҳақда онлайн поликлиника мудираси, тиббиёт фанлари номзоди, доцент Шоира Ҳусинова батафсил маълумот берди:

— Мазкур поликлиникада тиббий хизматни замон талаблари даражасида ташкил этиш учун фақат умумий амалиёт шифокорлари эмас, балки кардиолог, невропотолог, эндокринолог, лор, акушер-гинеколог каби малакали профессор-ўқитувчилардан иборат мутахассислар гуруҳи ҳам жалб қилинган. «Онлайн поликлиника» аҳолига беминнат тиббий хизмат кўрсатмоқда. Айни вақтда онлайн поликлиника хизматидан хорижда бўлиб турган ёрдамга муҳтож юртдошларимиз ҳам фойдаланмоқда. Аслида марказни ташкил этишдан мақсад аҳолига тиббий масалалар бўйича тавсиялар бериш, мурожаат қилувчиларни тўғри йўналтириш, зарур тиббиёт муассасалари билан тиббий маслаҳатга муҳтож кишилар ўртасида координацияни ташкил қилишдан иборат. Аҳолини кўпроқ коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар қизиқтирмоқда. Айниқса, “Коронавирусга тестни қаерда топширса бўлади, коронавирус белгилари нималарда кўринади, беморни шифохонага олиб боришда қандай йўл тутишимиз керак?”, деган саволлар беҳисоб. Албатта, бу ерда меҳнат қилаётган барча кўнгиллилар ўз ихтиёри билан фаолият олиб боришади, уларга маош тўланмайди. Яна бир фикрни айтиб ўтмоқчиман, “онлайн-поликлиника”ларда ишлаш бўлажак шифокорлар учун бемор билан мулоқот этикасини ўргатадиган ўзига хос мактаб вазифасини ҳам ўтамоқда.Энг муҳими, ёшларимиз ўз устида мустақил ишлашни ҳам ўрганмоқда.

 Шунингдек, вилоят Ёшлар маркази ташаббуси билан 100 нафардан ортиқ ёшлар волонтёрлик ҳаракатларига жалб қилинди. Улар шаҳар ва туманлардаги тез тиббий ёрдам хизматларида, колл-марказларда ва онлайн поликлиникаларда хизмат қиляпти. Самарқанд вилоятида кенг кўламда қўлланган яна бир тажриба ҳақида ҳам албатта тўхталиб ўтиш жоиз. «103» телефон рақами орқали ҳарорати кўтарилганини маълум қилган беморлар ҳар қандай ҳолатда зудлик билан провизор госпиталга жойлаштириляпти. Мазкур госпитал Самарқанд шаҳридаги «Регистон» меҳмонхонасида ташкил қилинган бўлиб, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан унга 11 та мобиль тез ёрдам бригадаси бириктирилди. Госпиталнинг аҳамиятли томони шундаки, ҳарорати бўлган бемор уч кунгача сақлаб турилади. Уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилади, Covid–19га таҳлил олинади. Уч маҳал овқат ва бирламчи дори-дармонлар билан таъминланади. Беморнинг ҳолати тезда ижобий томонга ўзгариб, касаллик аломатлари кузатилмаса, уйига жавоб берилади. Енгил ҳолатдагилар эса доимий назоратда бўлиши учун махсус ташкил қилинган шифохоналарга жойлаштирилиб, кузатувга олинади. Касаллик белгилари аломатсиз кечаётган беморларга ҳам уйига жавоб берилиб, уларнинг изоляцияси таъминланмоқда. Шу билан биргаликда, улар оилавий ёки ҳудудий поликлиникалар томонидан назоратга олиняпти. Касалликни оғир ёки ўртача шаклда ўтказаётган беморлар вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилмоқда. Бу каби провизор госпиталлар Самарқанднинг ўзига хос тажрибаси ҳисобланиб, яхши самара бермоқда.

 Ўз навбатида Миллий гвардия ва ИИБ бошқармалари уй карантинларини ташкил қилишда, карантин чора-тадбирларини амалга оширишда вилоят ҳокимлиги, Миллий гвардия ва ички ишлар ходимлари шифокорлар билан бир қаторда сидқидилдан меҳнат қилишмоқда. ДСЭНМ, фавқулодда вазиятлар ҳамда мудофаа бошқармалари ҳам вилоятда эпидемиологик текширув ва эпидемиологик назорат, кўча ва катта объектларда дезинфекция ишларини самарали олиб боряпти. Коронавирус халқимизнинг бирлиги ва бирдамлигини, билим ва фидойилигини синовдан ўтказмоқда. Ишончимиз комил, аҳиллик, карантин талабларига қатъий амал қилиш билан бу синовдан муваффақиятли ўтамиз.

 

Ҳамза ҲАМРОЕВ,

 Самарқанд давлат тиббиёт институти доценти, тиббиёт фанлари номзоди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: