17.09.2020

ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАЛАРИ

одамлар муаммоларини ечиш учун ташкил этилган

Бундан тўрт йил муқаддам, 28 декабрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида", яъни, ҳар бир туман ва шаҳарда Президентнинг Халқ қабулхонасини очиш тўғрисида фармон қабул қилинган эди.

Ўтган давр шуни кўрсатмоқдаки, халқ қабулхоналари аҳолининг шу пайтгача эътиборга олинмай келинаётган энг долзарб муаммоларини ҳал этиш имконини берувчи, давлат ҳокимияти ва бошқаруви, хўжалик бошқаруви органлари, барча даражадаги ҳокимиятлар билан фуқаролар ўртасидаги ҳамкорликнинг самарали механизмига айланди.

Тадбиркорлик субъектларининг ривожланишига халақит бераётган тўсиқ ва ғовлар, қонунчиликка зид бўлган идоравий қарорлар йиллар давомида жамият ривожига салбий таъсир кўрсатиб келди. Меҳнатга лаёқатли инсонларни, айниқса, ёшларни ишга жойлаштиришда кўзбўямачилик қилиб келинди, соғлиқни сақлаш, банк кредитларидан эркин фойдаланиш, уй-жой-коммунал ва йўл-транспорт хизматлари сифатини яхшилаш масалаларига панжа орасидан қараб келинди. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг фаолияти юзасидан шикоятлар кўпайди. Давлат органларининг мурожаатлар билан боғлиқ ишни ташкил этишда уларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатларига, расмиятчилик, бюрократизм ва сансалорлик ҳолатлари авж олди.

Ана шундай салбий ҳолатларга барҳам бериш мақсадида барча даражадаги давлат органлари фаолиятида "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак", деган тамойилни амалда қарор топтиришга киришилди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Президенти девони ишлар бошқармасининг Фуқаролар қабулхонаси негизида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси ва виртуал қабулхонаси ташкил этилди. Ҳозирги пайтда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарда (туманга бўйсунувчи шаҳарлардан ташқари) эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари фаолият кўрсатмоқда.

Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонанинг асосий йўналиши аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган. Улар томонидан фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига, Олий Мажлисга, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига, Ҳукуматга, давлат бошқаруви органларига, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, барча давлат ташкилотларига ва хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун шароит яратилади. Мурожаатларни тўлиқ, холис ва ўз вақтида кўриб чиқилиши таъминланади. Давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органларига юборилган мурожаатлар кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга оширади.

Фармонда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхоналар фаолияти шаффофлигини таъминлаш мақсадида мурожаатлар билан ишлаш натижалари оммавий ахборот воситаларида тизимли ёритиб борилиши лозимлиги таъкидланган.

Айни пайтда мамлакатимизда 200 дан зиёд Халқ қабулхоналари самарали фаолият юритмоқда. Улар бугунги кунда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда энг халқчил демократик институтга айланди. Ҳар бир инсон мурожаати Халқ қабулхоналари томонидан ҳар томонлама чуқур таҳлил этилган ҳолда ўрганилиб, керак бўлса, бошқа тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда ҳал этилмоқда.

Бироқ, ўтган тўрт йиллик тажриба ва таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, муаммолар ўз вақтида, жойида ҳал қилинмаслиги, мурожаатлар қаноатлантирилмаслиги, пайсалга солиб келиниши аҳолининг давлат ташкилоти вакилларига ишончсизлигига олиб келмоқда. Шунинг учун Халқ қабулхоналари томонидан энг аввало фуқаро ёки тадбиркор муаммоси билан боғлиқ сабаблар ва шарт-шароитлар тўлиқ ўрганиб чиқилиши ва керак бўлган пайтда бу муаммолар ҳукумат даражасида ҳал қилиши лозим.

Ҳозирги пайтда Президентнинг Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси томонидан пойтахт туманлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари ўртасида ўрнатилган доимий онлайн мулоқот ҳудудлардаги мавжуд реал ҳолатни мунтазам мониторинг қилиб бориш, мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ва ҳал қилиш учун масъулларни белгилаш ҳамда ижросини назорат қилиш имконини бермоқда.

Аҳоли уйдан чиқмаган ҳолда телефон орқали ҳам Халқ қабулхоналарига мурожаат қилиши мумкин. Фуқароларга янада қулайлик яратиш учун қабулхонага келган мурожаатчилар билан видеоконференцалоқа тизими воситасида мулоқот қилиш, Халқ қабулхоналари олдида ўрнатилган махсус қутиларга мурожаатни қолдириш имкониятлари яратилган. Қабулхонага келган ҳар бир мурожаатчи тиббиёт ходимлари томонидан зарур текширувлардан ўтказилиб, санитария талабларига риоя қилинмоқда.

Электр энергияси, газ, суюлтирилган газ, сув, иссиқлик таъминоти, алоқа хизматлари юзасидан йўлланаётган мурожаатлар зудлик билан кўриб чиқилмоқда ва аниқланган муаммо ҳамда камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Давлат раҳбари топшириғига биноан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузурида ташкил этилган ёшлар мурожаатларини қабул қилиш маркази 1250 қисқа рақами орқали Президент виртуал қабулхонасига интеграция қилинган. Шу рақамга келиб тушган мурожаатлар юзасидан масъул ижрочилар белгиланиб, уларнинг ижроси назорат қилиб борилмоқда. Бунда келиб тушаётган мурожаатлар асосан бандлик, ўқишга кириш, ўқишни кўчириш, қайта тиклаш, ер майдони ажратиш, кредит олиш каби масалалардан иборат бўлмоқда. Айни пайтгача 1250 қисқа рақами орқали қилинаётган мурожаатлар ёшлар ўртасида кенг оммалашиб бормоқда.

Халқ қабулхонасининг асосий вазифаси аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш ҳамда фуқароларнинг давлат органларига мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқларининг сўзсиз амалга оширилиши учун зарур шароитлар яратиш билан белгиланади. Лекин яна шундай масалалар борки, улар тегишлилиги бўйича судлар ва бошқа масъул идоралар орқали ҳал этилади. Халқ қабулхоналари бу масала бўйича ҳам мурожаат қилаётган фуқароларга йўл-йўриқ кўрсатиб келмоқда.

Лекин афсус билан айтиш керакки, барча Халқ қабулхоналари ҳам аҳоли ишончини оқлаяпти, унинг дардига малҳам бўлаяпти, деб бўлмайди. Масалан, Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси таркибидаги туман халқ қабулхоналарининг ҳаммасини ҳам қониқарли ишлаяпти, деб бўлмайди. Чунки фуқароларнинг мурожаатлари асосида тегишли ташкилотлар билан ишлаш ва муаммоларни бартараф этиш натижадорлиги йўқлиги сабабли улар томонидан яна қайта-қайта Тошкент шаҳар Халқ қабулхонасига мурожаат қилиш ҳолатлари мавжуд. Туман халқ қабулхоналарининг мурожаатлар билан ишлаш ҳолати, сайёр шахсий ва оммавий қабуллар ўтказиш юзасидан ҳисоботи шуни кўрсатмоқдаки, бу ишда доимий назорат бўлмаса, амалий фаолият сифати пасаяди ва бу қабулхоналар худди илгаригидай фақат хўжакўрсинчилик учун ишлашда давом этади.

2018 йилнинг 14 январида Тошкент шаҳар Халқ қабулхонаси мудири Тоҳир Муллажонов ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг имзоси билан “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхонаси фаолиятида аҳоли билан мулоқотни ташкил этиш, мурожаатлар билан ишлаш жараёнларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, фаолиятни оммавий ахборот воситаларида ёритиш бўйича 2019-2021 йиллар учун мўлжалланган 77 пунктдан иборат маҳобатли дастур тасдиқланган эди. Мазкур йўналишда ўзаро ҳамкорликда фаолият кўрсатиш мақсадида дастурга ҳамкорлар – Тошкент шаҳар Матбуот ва ахборот бошқармаси, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, “Тошкент” телерадиоканали ДУК, Тошкент шаҳар давлат хизматлари бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси, “Sevimli TV” телеканали, “Uzreport TV” АЖ раҳбарлари имзо чекишган эди.

Бироқ бугунги кунгача дастурда белгиланган чора-тадбирлар кўнгилдагидек бажарилмади. Бу ҳамкорлик аввало одамларга фойда келтириши билан қимматли эди.

Ҳозир ҳам ҳудудларда аҳолини қийнаётган муаммолар, камчиликлар тўлиб-тошиб ётибди. Жойлардаги халқ қабулхоналари уларни ҳал этишга етарли эътибор қаратмаяпти. Бу ҳол давлат тизими раҳбарларигагина эмас, халқ қабулхоналарига бўлган ишончга ҳам путур етаказади. Шунинг учун ҳар битта мурожаат ёки аниқланган муаммони пайсалга солмай бартараф этишда ҳудудий давлат органлари, шунингдек, фаолият йўналишлари бўйича жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланиш лозим бўлади.

Энг аввало, Халқ қабулхоналари фаолиятини ҳар томонлама таҳлил қилган ҳолда бу борада фундаментал илмий-амалий тадқиқотларни олиб бориш тақозо этилади. Гап шундаки, бу тизим ҳали янги ва уни илмий ва амалий жиҳатдан тадқиқ этиш мазкур йўналишни ривожлантириш имконини беради. Халқ қабулхоналари томонидан доимий равишда аҳоли билан учрашувлар, мулоқотлар, давра суҳбатлари ўтказилиб, уларнинг муаммолари амалда ҳал этилиб борилиши лозим. Бундан ташқари, рақамлаштирилган технологиялардан фойдаланган ҳолда сўровномалар ўтказиш амалиётини қўллаш ҳар бир ҳудуддаги ижтимоий муҳитни очиқлик, шаффофлик ва холислик асосида ҳар томонлама тўлиқ ўрганиш имконини беради.

Шу билан бирга, у ёки бу масала бўйича аҳолининг таклиф ва тавсиялари асосида ишлашни ҳам йўлга қўйиш лозим, деб ўйлаймиз. Чунки бу таклиф ва тавсиялар ҳамда мурожаатларда кўтарилган масалалар таҳлили Халқ қабулхоналари фаолиятини шунга қараб такомиллаштириш имконини беради.

Давлат хизмати ходими ўзига юклатилган вазифани чин дилдан, виждонан ва холис бажармас экан, жамиятда муаммолар кўпайиб бораверади. Баъзи бир ўрта бўғин раҳбар кадрларнинг ҳали-ҳануз эскича бошқарув усулларидан воз кеча олмаётгани уларнинг ишига баҳо беришда Халқ қабулхоналари ва тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг ўрни ва ролини янада оширишни тақозо этади. Айни дамда Халқ қабулхонаси зиммасига секторлар штаби таркибига киритилган давлат органлари ҳудудий бўлинмаларининг мансабдор шахслари ва ходимларини рағбатлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун уларни лавозимидан озод этишгача бўлган интизомий жавобгарликка тортиш бўйича юқори турувчи давлат органларига таклифлар киритиш юкланган. Бундай ҳолатларни очиқ ва кенг муҳокама этиш эса Халқ қабулхоналарининг халқчиллигини янада оширади.

 Шу билан бирга, давлат органларига Халқ қабулхоналари томонидан у ёки бу масала бўйича берилган тақдимномаларни кўриб чиқиш муддатлари, тақдимномага асосли жавоб йўллаш, барча даражадаги раҳбар кадрлар масъулияти ва жавобгарлигини ошириш масалалари бўйича ҳукумат қарори бўлишига қарамасдан, ҳанузгача уларни бажариш юзасидан ишлар пайсалга солиниб келинмоқда.

Халқ қабулхоналари фаолиятини илмий ва амалий асосда такомиллаштириш фуқароларнинг давлат органларига бўлган ишончини оширади, ҳаётдан рози бўлиб яшашига имкон яратади. Давлатимиз сиёсатининг бош мақсади ҳам шу: одамларни рози қилиш, бахтли-саодатли яшашини таъминлаш.

 

Зиуатдин БОБОНАЗАРОВ,

Ўзбекистон Президентининг

Тошкент шаҳар халқ қабулхонаси

масъул ходими.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: