Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
29.07.2020

АҚЛЛИ ҲИСОБЛАГИЧЛАР

истеъмолчининг ёқилғи сарфини юқори аниқлик билан ўлчайди, реал вақт режимида маълумотларни узатади

Сир эмаски, коммунал тўловларни амалга оширишда истеъмолчи билан таъминотчи ўртасидаги келишмовчиликлар, ҳисоблагичлар билан компьютердаги ҳисоб-китобларнинг ҳамма вақт ҳам тўғри келавермаслиги жуда кўп асаббузарликларни келтириб чиқарарди. Ҳозирга келиб, бу тизим бир қадар тартибга солингандай бўлди, лекин барибир барча муаммолар бартараф этилмаган, ўз ечимини кутиб турибди.

Муаммо эса, аввало, мамлакатда газ истеъмоли ва ҳисобга олишни назорат қилувчи замонавий маълумотларни йиғиш учун ягона бошқарув тизими йўқлигида намоён бўлмоқда. Бугунги кунда республика газ истеъмолчиларининг ўртача 70 фоизида газ ҳисоблагичлари ўрнатилган бўлиб, уларнинг аксарияти 10 йилдан ортиқ вақт давомида ишлатилиб келинади. Ҳозир фойдаланишдаги ҳисоблагичларнинг маънан ва жисмонан эскиргани сабабли уларнинг аниқлик даражаси, яъни рухсат этилган хатолик кўрсаткичлари белгиланган меъёрлардан анча юқори бўлмоқда.

Мазкур ҳолатдан келиб чиқиб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ҳамда ҳисоб-китобларни тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги “Иқтисодиёт ва аҳолини энергия манбалари билан барқарор таъминлаш, нефть ва газ саноатини бошқариш тизимини молиявий соғломлаштириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Ҳудудгазтаъминот” АЖ зиммасига 2021 йил якунига қадар барча тоифадаги истеъмолчилар учун табиий газни бошқариш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш вазифаси юклатилди.

Ҳозирги кунда “Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали томонидан аҳоли хонадонларига мазкур ҳисоблагичларни босқичма-босқич ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида: жамият тасарруфидаги 11 та туман газ филиаллари томонидан жорий йилнинг май ойи давомида жами 8000 тадан ортиқ автоматлаштирилган ҳисоблагичлар ўрнатилди. Июнь ойида эса бу кўрсаткич ундан ҳам ошди.

Соҳа ходимлари хонадонга кириб борар экан, табиийки, истеъмолчиларнинг “ақлли” ҳиcоблагичлар билан боғлиқ (афзаллик, қулайлик ва ҳисоб кўрсаткичи қанчалик тўғрилиги) саволлари бўлади. Мисол учун, автоматлаштирилган ҳисоблагичдаги қарзлар ва олдиндан тўлов қандай амалга оширилиши ҳаммамизга ҳам бирдек қизиқ.

Амалдаги тартибга мувофиқ, истеъмол қилинган "зангори ёқилғи" учун тўлов ҳар ойнинг 10-санасигача амалга оширилиши лозимлиги барча истеъмолчилар учун сир эмас. Аммо амалда эса, истеъмол қилинган ёқилғи учун ҳаддан зиёд катта қарзлар вужудга келган.

Ҳозирги кунда бу муаммони ҳал қилишнинг чораси мавжуд. Айтайлик, истеъмолчи интернет ёки мобиль алоқадан фойдаланмоқчи бўлса, олдиндан тўловни амалга оширади. Акс ҳолда, у барча хизматлардан маҳрум бўлади ёки бошқача қилиб айтсак, чироқни шунчаки "ўчириб" қўйишади. Ўз фаолиятини ташкил қилган пайтдан бошлаб хизмат кўрсатувчи ёки етказиб берувчи "тўлов йўқ, хизмат ҳам йўқ", деган ягона қоидага қатъий амал қиладиган бўлса, муддати ўтган дебитор қарздорлик билан боғлиқ муаммо юзага келмайди.

Табиий газни ҳисобга олишни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини соҳага татбиқ этиш орқали тизимда қарздорлик билан боғлиқ муаммо ва узилишлар вужудга келишининг олди олинади. Йўқотишларни камайтириш ҳамда "зангори ёқилғи"дан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари тўғрисида таъминотчини вақтида огоҳлантирилишига эришилади.

“Ақлли” ҳисоблагичлар истеъмолчининг ёқилғи сарфини юқори аниқлик билан ўлчаб, реал вақт режимида маълумотларни узатади, натижада дебитор қарздорлар сони сезиларли даражада камайиб, газни ҳисобга олишнинг биллинг тизимидаги кўрсатгичлар ўзгаришига инсон омили таъсири бартараф этилишига олиб келади.

Мазкур газ ҳисоблагичнинг қисқача кафолат мажбуриятлари ҳақида ҳам тўхталадиган бўлсак, бепул сервис хизматининг кафолат муддати 5 йилни ташкил қилади ва ҳисоблагич ишлаб чиқарувчининг сервис маркази томонидан текширилиб, ташқи пломба ўрнатилган санадан бошланади.

Ҳисоблагичнинг хизмат муддати ишлаб чиқарилган санадан бошлаб 15 йилни ташкил этади.

Ҳисоблагичнинг даврий қиёсловдан ўтказиш муддати 10 йилни ташкил этади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, табиий газ ҳисоблагичлари ўрнатилиши билан мижоз фақат ҳақиқатда истеъмол қилинган "зангори ёқилғи" учун ҳақ тўлайди. Барча харажатлар, шу жумладан, таъмирлаш ва ўлчаш мосламаларини давлат қиёслов текширувларидан ўтказиш ишлари ҳам газ таъминоти ташкилотининг маблағлари ҳисобидан қопланади.

 

Альбина ЖУМАНОВА,

“Ҳудудгаз Пойтахт” газ таъминоти филиали матбуот котиби.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: