15.07.2020

«ОДАМИ ЭРСАНГ ДЕМАГИЛ ОДАМИ...»

Ҳамза ҲАМРОЕВ, тиббиёт фанлари номзоди.

Хитойнинг Ухань шаҳрида бошланган коронавирус инфекцияси аста-секин бутун ер юзини эгаллаб олди. Бугунги глобаллашув ва интеграция авж олган шиддатли даврда бу офат бизнинг мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Касалликни юқтирганларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохоналар, карантин ҳудудлари тайёрланди. Зарур дори-дармон, тиббиёт ускуналари, қулай шароитлар ҳозирланди. Бу офатни бартараф этиш учун тўғри йўл танланди. Шунинг натижасида баҳорги карантин нисбатан енгил ўтди. Шифокорлар жанговар ҳолатда, тунни тонгга улаб беморларга ёрдам беришди. Коронавирус янги инфекция бўлганлиги учун унга аниқ диагноз қўйиш ҳам бирмунча мураккаб кечди. Шунга қарамасдан, зудлик билан инфекцияга қарши умумхалқ кураши бошланди.

Мир Алишер Навоий ҳазратларининг “Одами эрсанг демагил одами, Ониким йўқ халқ ғамидин ғами”, деган ҳикматлари бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва долзарб бўлиб турибди. Шундай экан, халқимизни коронавирус деган балодан ҳимоя қилиш учун ҳар биримиз ўйлашимиз керак бўлади. Мен шифокор сифатида айрим таклифларимни билдирмоқчиман.

Коронавирус – (COVID-19)нинг олдини олишда энг аввало бирламчи бўғин тиббиётида, яъни қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ оилавий поликлиникалари ҳамда кўп тармоқли поликлиникаларда малакали тиббий ёрдам кўрсатиш тўғри ташкил қилиниши зарур. Бирламчи тиббиёт бўғинида қуйидаги вазифалар амалга оширилиши шарт:

1. Шошилинч биринчи тиббий хизмат бепул бўлиши;

2. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш;

3. Санитар-эпидемиологик осойишталикка эришишни, бирламчи профилактикани ўз ичига қамраб олиши керак. Шу ўринда, бирламчи профилактика аслида нимадан иборат, деган савол туғилиши мумкин. Бирламчи профилактика — соғлом одамнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, унинг касалликка чалинишининг олдини олиш. Тиббий саводхонлик ва маданият унинг кун тартибига айланишига эришишдан иборат.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимизда коронавирус касаллигининг олдини олиш бўйича олиб борилган ишлар хориж давлатларининг мутахассислари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан юқори баҳоланган эди. Минг афсуслар бўлсинки, бизнинг бефарқлигимиз сабабли, яъни карантин талабларини тўлиқ бажармаганимиз, тўй-маърака, оилавий тадбирларни ўтказишда ўзбошимчалик қилганлигимиз эвазига касалланганлар сони бир кунда 500 тагача етиб борди, журналистлар ибораси билан айтганда, антирекорд натижага ҳам эришдик. Касаллик белгилари турли кўринишда — ҳарорат кўтарилиши, ҳид, таъм билмаслик, қуруқ йўтал ҳолатларида намоён бўлмоқда.

 Аммо, биз ҳеч қачон унутмаслигимиз керакки, касаллик 70-80% симптомсиз, яъни бирор-бир белгисиз ўтади. Дунёда коронавирус юқтирганлар сони 13 миллиондан ошиб кетди, шундан 543,5 мингдан ортиқ инсон касаллик қурбонига айланди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрое Гебрейесуснинг таъкидлашича, “Суръат тезлашмокда ва биз пандемия чўққисига етиб келганимиз йўқ” . Ўтган дам олиш кунида COVID-19ни юқтирганлар сони 400 000 ортиқ эканлиги қайд этилди, яна бир бор карантин қоидаларига амал қилиш шарт эканлиги таъкидланди.

Дунёда коронавирус юқтирганларнинг умумий сони 11 миллион 844 мингдан ошиб кетганлиги бизни ҳушёр торттириши керак эмасми?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Covid-19 пандемияси бўйича техник директори Мария Ван Керховнинг тавсияларида вирус асосан ҳаводан юқиши; фақат юқори нафас ва нафас олиш йўлларининг яллиғланиши касаллигини келтириб чиқариши; уни юқтирган одамларнинг бурни ва оғзидан чиқадиган майда томчилар орқали тарқалиши; томчилар оғиз ва бурундан чиққандан кейин тезда ерга тушиши айтилган эди.

Пандемия авж олган паллада 32 мамлакатнинг 239 олими томонидан жиддий тадқиқотлар олиб борилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Женева агентлигига юборган очиқ хатида янги натижалар эълон қилинди. Олимларнинг хатида, коронавирус билан зарарланган беморнинг оғзи ва бурнидан чиққан микроб томчиларининг ҳаммаси ҳам ерга тушмаслиги, бир қисми ҳавода сузувчи бўлиб қолиши ҳамда ўша кўзга кўринмас унсур ҳаводан нафас олувчи инсонларга юқиши мумкин, деган далиллар келтирилган. Уларнинг илмий асосланган хулосасига биноан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотида коронавирус юқиши мумкин бўлган ҳолатларга ўзгартиришлар киритиш ва уни ҳаводан ҳам юқтириш хавфи борлигидан дунё аҳлини хабардор қилиш талаб этилди.

 “Одамлар гавжум бўладиган жамоат жойларида, ёпиқ ва шамоллатилмайдиган хоналарда коронавируснинг ҳаво орқали юқишини истисно қилиб бўлмайди”, деди Соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов. Ҳамда аниқ мисоллар асосида жуда кўп нохуш ҳолатлар аҳоли томонидан карантин қоидаларининг бузилганлиги эвазига содир бўлаётгани, касалликнинг кўпайиб бораётгани эса, масалан, 48 фоиз ҳолатда ички тартиб қоидага риоя этмаслик, интизомнинг йўқлигидан эканлигини таъкидлади.

Карантин қоидаларига амал қилиш қайта-қайта уқтирилиб, 30 кишилик ихчам тўйлар ўтказишга рухсат берилди. Лекин, айрим “тадбирли” кишилар бунинг ҳам йўлини топди. Тўйларни бўлиб-бўлиб уч кун ўтказиш, ҳар куни 30 тадан меҳмон таклиф қилиш янги анъанага айланди. Лоқайдлигимиз оқибатида бу вирус кириб бормаган жой қолмади, Тошкентдаги 4 та тўйда 110 кишининг касалликка чалингани биз учун аччиқ сабоқ бўлиши керак эмасми?

Ҳамма вилоятларда юқумли касалликлар шифохоналари ишлаб турибди, айрим шифохоналар юқумли касалликларни даволашга мослаштирилди. Замонавий жиҳозланган, касаллик юқиш хавфининг олдини оладиган “Тез ёрдам” машиналари келтирилди. Улардаги тиббий ускуналар машинанинг ўзидаёқ беморга биринчи – шошилинч малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради.

Европа давлатларида аҳолининг карантин қоидаларига риоя қилмаслиги сабабли ўлим кўрсаткичлари юқори бўлди. Уларнинг мисолида коронавируснинг асоратлари ўта фожиали бўлишини кўриб турибмиз. Лекин тегишли хулоса чиқариб олаяпмизми?

 “Касаллик белгисини сезсангиз, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг”, дея қайта-қайта таъкидлади мамлакатимиз раҳбари. Давлатимиз биз учун шунчалар қайғураётган, ҳатто катта ташкилий ишлар, харажатлар эвазига хориждаги фуқароларимизни ватанга олиб келиш учун жон куйдираётганида биз нима қилаяпмиз? Ўзимизнинг, оиламизнинг саломатлиги учун оддийгина гигиена қоидаларига амал қилаяпмизми? Афсуски, орамизда ҳалигача коронавирус борлигига шубҳа билан қараётганлар, ниқобни номигагина бўйнига осиб юрганлар учраб турибди. Буни қандай баҳолаш мумкин? Масъулиятсизликми ё нодонлик? Бугун асосий вазифамиз карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда, касаллик тарқалишининг олдини олишдир. Бу фақат ўзимизга, виждонимизга, ақл-заковатимизга боғлиқ. Дунё аҳлини таҳликага солаётган вирус асосан уч бўғиндан иборат:

 1) касаллик манбаи;

 2) юқтириш йўли;

 3) юқувчи манба;

Бу бўғинлар узилиши шарт. Бунинг учун қаттиқ курашиш керак бўлади. Қарс икки қўлдан чиқади, халқ билан тиббиёт бир-бирини қўллаб-қувватласа, оммавий ахборот воситалари улар ўртасида кўприк бўлса, натижага эришамиз. Демак, тинимсиз тарғиботдан, қайта-қайта тушунтиришдан эринмаслигимиз керак.

Европа давлатларида, хусусан, Италияда ўлим кўрсаткичи инсониятни ваҳимага соладиган даражада юқори бўлди. 10 мингдан зиёд аҳоли вафот этди, юз минглаб одамларнинг касалланиши кузатилди. Баъзилар бу ҳолатни Италияда кексаларнинг кўплиги билан боғлашди. Аслида бу қараш мутлақо нотўғри. Зеро, Японияда 130 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади, уларнинг 36 миллиондан кўпроғи 65 ёшдан катталар, 70 ёшдан ошганлар эса 27 миллионни ташкил этади. Италияда аҳоли сони 61 миллион, 65 ёшдан катталар 22 фоиздан иборат. Энди рақамларни ўзингиз солиштириб кўринг, хулоса чиқаринг. Шу ўринда, кунчиқар мамлакат аҳолисининг турмуш тарзи билан қизиқувчилар учун баъзи бир маълумотларни келтириб ўтмоқчимиз:

Тозаликка амал қилиш япон халқининг қон-қонига сингиб кетган. Коронавирусдан ўзини асраш, ниқоб тақиш, қўлни тез-тез совунлаб ювиш, ижтимоий масофа сақлаш бўйича дунё аҳлига тинимсиз тавсиялар берилмокда. Японияда йилига 5,5 миллиард дона ниқоб ишлатилган. Бу – ҳар бир фуқарога 43 донадан тўғри келади, дегани. Соғлом турмуш тарзига, яъни оммавий ва шахсий интизом чораларига тўлиқ риоя қилинади. Япон халқи қишин-ёзин ҳар куни чўмилади, нам сочиқ билан қўлни мунтазам артиш, тез-тез совунлаб ювиш кундалик одатга айланган. Улар саломлашганда ҳам қўл бериб, қучоқлашиб кўришмайди, балки шунчаки таъзим қилиб, ҳурматини билдиради. Бу каби маданиятли саломлашиш эса вирус юқиш эҳтимолини камайтиради. Оралиқ масофа доимий равишда сақланади, ҳаётнинг барча жабҳаларида оралиқ масофани унутмасликка одатланганлар.

Биз, шифокорлар “соғлом турмуш тарзи” деган иборани кўп такрорлаймиз. Аслида соғлом турмуш – соғлом фикр, ҳаётга, одамларга, оила аъзоларингга соғлом тафаккур билан муносабатда бўлиш, келажак ҳақида соғлом фикр юритиш дегани.

Карантин энг асосий чора-тадбир эканлиги аниқ. Коронавируснинг яширин даври 7 кунгача, дейиляпти жаҳон тажрибасида. Дунё олимлари вакцина яратиш учун изланяпти. Вакцина шу микробнинг негизидан тайёрланади. Коронавирус ҳаво-томчи йўли билан юқадиган касаллик бўлганлиги учун ҳам, карантиндан кўзланган мақсад – инфекция манбаини камайтиришдир.

Уй шароитида даволаш учун беморни аввало яккалаб, алоҳида хонага жойлаштириш, эпидемиологик вазият тўғри келса, дезинфекция чораларини кўриш шарт. Аҳвол бироз оғирлашса ҳам, шифохонага ётқизилади. Ҳар бир инсон учун ўз саломатлиги қадрли бўлиши шарт. Бу вирусдан сақланишнинг бирдан-бир чораси – ниқобда юриш, ижтимоий масофани сақлаш, шахсий гигиенага қатъий амал қилиш, иммунитетни кўтариш. Аслида чора-тадбирлар жуда содда, уларга амал қилиш қийин эмас.

Телевизорда бозорларда ниқобсиз, қўлқопсиз савдо қилинаётган ҳолатлар кўрсатиляпти. Нима учун бозорлар маъмурияти карантин қоидаларини бузган сотувчиларга чора кўрмаяпти? Энг ачинарлиси, бирники мингга, мингники туманга деганларидек, бу ёмон иллат бошқаларга ҳам юқмоқда.

Мамлакатимизнинг нуфузли олий даргоҳларидан бири – Самарқанд давлат тиббиёт институти жамоаси ҳам коронавирусга қарши курашга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Тажрибали шифокор – олимлардан махсус гуруҳлар тузилиб, тиббиёт ходимлари учун семинарлар ўтказилди, бепул онлайн-поликлиникалар ташкил этилди. Хорижлик ҳамкасблар билан мунтазам онлайн алоқалар ўрнатилиб, ўзаро тажриба алмашилди. Июнь ойида халқаро илмий-амалий онлайн конференция бўлиб ўтди. Унда институт ректори, профессор Ж. Ризаев, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лианна Куппенс, Астрахань давлат тиббиёт университетидан, Рязань давлат тиббиёт университетидан (Россия) олимлар иштирок этишди. Анжуманда “Самарқанд давлат тиббиёт институтининг К-19 вирусига қарши курашдаги ҳиссаси”, “Корановирус ва ҳомиладорлик – бўлажак оналар нималарга амал қилишлари керак?”, “Коронавирус инфекциясининг болаларда кечиши, унинг олдини олиш ва даволашнинг ўзига хос хусусиятлари”, “Коронавирус инфекциясининг оғир кечишида интенсив даволаш” каби долзарб мавзуларда маърузалар қилинди.

Вируснинг аломатсиз шакли билан касалланган фуқароларнинг уй шароитида даволанишларига оид ҳар қандай саволларга аниқ ва тўғри жавоб бериш мақсадида доимий равишда фаолият юритувчи малакали шифокорлардан иборат Саll – марказ ҳамда махсус штаблар ташкил этилди. Шифокорларимиз бутун кучлари ва салоҳиятларини, билиму тажрибаларини ишга солиб фидойилик кўрсатмоқда.

Дунё ҳамжамияти инфекцияни бутунлай енгиши учун вақт керак. Биринчи навбатда тушкунликка тушмасдан, халққа тўғри тарғибот қилишимиз зарур. Давлатимиз раҳбарининг мурожаати фақат соҳа ходимлари ёки шифокорларга эмас, балки ҳаммамизга тегишли. Биз ўқияпмиз, эшитяпмиз, ачиняпмиз, лекин минг афсуски, ўқиганларимиз ва эшитганларимизга амал қилмаяпмиз. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Э. Воҳидовнинг “Вируслар” шеъри машҳур вирусолог олим Ш.Хўжаевга бағишланган бўлиб, унда шундай сатрлар бор: “Сохталикнинг илиқ муҳити аро, яйраб кўпаяди манфур вируслар”. Бизнинг бепарволигимиз, лоқайдлигимиз оқибатида вируслар кўпаймоқда. Биз амал қилишимиз шарт бўлган гигиена қоидалари нафақат коронавирусдан асрайди, балки саломатлигимизни мустаҳкамлайди, турли юқумли касалликларнинг олдини олади. Демак, биз бу масалага жиддий эътибор беришимиз керак. Яъни, мактабгача таълим муассасалари ва мактаблар, ҳатто олий ўқув юртлари учун ҳам босқичма-босқич бирламчи тиббий саводхонлик машғулотлари – “Гигиена қоидалари” дастури жорий қилиниши зарур. Фарзандларимизга гўдаклигидан шахсий гигиена қоидаларини ўргатиб боришимиз уларнинг ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб улғайишида муҳим аҳамият касб этади. Яна бир муаммо: марказий шаҳарлардаги мактабгача таълим муассасаларида ҳалигача гуруҳлар 40-43 боладан иборат. Ўз-ўзидан тарбиячи кичкинтойлар билан алоҳида машғулотлар ўтказа олмайди. Ёки бошланғич синфларда ҳам худди шундай ҳолга дуч келамиз. Бизнинг назаримизда, булар ечимини кутаётган муҳим масалалар ҳисобланади. Зеро, оддийгина карантин қоидаларига амал қилинмаётгани юртдошларимизнинг тиббий саводхонлиги етарли эмаслигини кўрсатиб турибди.

“Уйда қолинг!”. – деган тўғри тавсиядан  оғринмаслигимиз, карантин қоидаларига амал қилишимиз керак. Сабр-тоқат ва ирода билан ўз саломатлигимизни ўзимиз муҳофаза қилиш масъулиятини унутмайлик.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: