08.07.2020

ЭПИДЕМИОЛОГИК ВАЗИЯТ КЕСКИНЛАШДИ

Ўйланг, хулоса чиқаринг

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича 2020 йил 7 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 10459 (+97) нафарни ташкил этмоқда.

Янги касалланиш ҳолатларининг 35 нафари Карантин марказидаги фуқаролар (барчаси хориждан келган) орасида, 59 нафари Тошкент шаҳрида ҳамда 3 нафари Қорақалпоғистон Республикасида аҳоли орасида аниқланган.

Юртимизда 6690 нафар коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар соғайган. Айни пайтда 3732 нафар беморга шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 25 нафари оғир, 11 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Республика Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган ўта оғир аҳволдаги бемор аҳволи тўғрисидаги видеолавҳани намойиш этди. Бундан ҳар биримиз хулоса чиқариб олишимиз зарур, албатта. Вазирлик барчани янада ҳушёр бўлишга, карантин қоидаларига қатъий риоя этишга даъват этмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эса коронавирус инфекциясининг дунё мамлакатлари аҳолиси орасида тарқалиши янада шиддатли тус олаётганини маълум қилмоқда.

Жумладан, бизга қўшни мамлакатларда ҳам сўнгги кунларда аҳоли орасида касаллик қайд этилганлар сони кескин кўпайиши натижасида, тиббиёт тизимида иш ҳар қачонгидан ҳам ошган, жой ва дори-дармон тақчиллиги юзага келган. Республикамизда ҳам сўнгги кунларда аҳоли орасида касаллик қайд этилиши сезиларли даражада кўпайган. Бу ҳолат барчамизни ҳушёр торттириши лозим.

Covid-19га чалинган беморлар қандай аҳволга тушишини ўз кўзингиз билан кўрсангиз биласиз ва карантин қоидаларига қатъий риоя этиш қанчалик муҳим эканлигини чуқурроқ англайсиз.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аҳолини имкон қадар фаол мулоқотдан, турли тадбирлар ўтказишдан тийилишларини ва албатта, ижтимоий масофа сақлаш, қўлларни яхшилаб қайта-қайта ювиш, кўчага чиққанда ниқобни тўғри тақиш каби карантин қоидаларига қатъий риоя этишларини қайта-қайта таъкидламоқда.

Тўрт ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар қайд этилди

6 июль куни Ўзбекистонда 342та янги зарарланиш ҳолати тасдиқланди (жами 10362 ҳолат), 106 нафар бемор соғайди, 3 киши вафот этди. Шу вақтгача 6690 беморга жавоб берилган, 37 киши вафот этган, шифохоналарда 3697 нафар бемор даволанмоқда. Бугун кунлик ўсиш бўйича янги рекорд қайд этилди.

5 ҳудудда Тошкент шаҳри, Наманган, Андижон, Фарғона ва Тошкент вилоятларида янги ҳолатлар қайд этилгани тўғрисида Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

342 ҳолатдан 204 таси карантин муассасаларида, 116 таси аҳоли орасида аниқланган, халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари бўлган 22 кишига ҳам вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган.

4 ҳудудда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланган. Аҳоли орасидаги янги ҳолатларнинг энг кўп қисми Тошкент шаҳрида қайд этилди 101 ҳолат. Пойтахтда 4 июнь кунидан буён узлуксиз равишда аҳоли орасида коронавирус аниқланиб келинмоқда.

Наманган вилоятида аҳоли орасида яна 10 кишида вирус аниқланган. Вилоятда шу вақтгача 321та ҳолат қайд этилган, айни вақтда шифохоналарда 24 бемор даволанмоқда.

Бугун Фарғона вилоятида аҳоли орасида 3та ҳолат қайд этилди - Фарғонада май ойи бошидан буён янги ҳолатлар қайд этилмаётган, вилоят 14 майдан буён коронавирусдан холи ҳудуд ҳисобланиб келинаётганди.

Шунингдек, Андижонда аҳоли орасида 2 кишида вирус чиққан.

Карантин (+204)

Хориждан келгач Тошкент вилоятидаги Ўртасарой карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар орасида 76 бемор борлиги аниқланди.

Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида 46 кишига вирусдан зарарланиш ташхиси қўйилди. Пойтахтда кун давомида жами 147та ҳолат аниқланди.

Андижон вилоятида карантинга олинганлардан 78 нафарида вирус чиққан. Вилоятда бугун жами 80та янги ҳолат қайд этилди.

Шунингдек, Наманган вилоятида беморлар билан алоқаси туфайли карантинга олинган 4 кишида вирус чиқди.

Ҳайдовчилар (+22)

Тошкент вилоятида 20 нафар халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчисига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган, Наманганда ҳам 2та ҳолат қайд этилган.

Тузалганлар (+106)

Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Наманган ва Сурхондарё вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида 106 нафар фуқаро соғайди ва шу вақтгача касалликдан фориғ бўлганлар сони 6690 нафарга етди.

Ўлим (+3)

6 июль куни Ўзбекистонда қаторасига иккинчи кун бир кунда 3 ўлим ҳолати қайд этилди. Улардан икки нафари эркак ва бир нафари аёл.

Олимларнинг кутилмаган хулосаси ёки уйқуда бўлган вирус

COVID-19 пайдо бўлганига ҳам ярим йилдан ошди. Олимлар пандемиянинг олдини олиш ёки уни бартараф қилиш бўйича ҳали узил-кесил натижага эришмади, бироқ изланишлар бир зум тўхтагани йўқ. Қолаверса, ўтган олти ой касалликнинг келиб чиқиши борасида турли фаразлар, эҳтимолларни ҳам таҳлил қилиб кўриш учун етарли муддат бўлди. Шу боис, дунё олимлари пандемиянинг пайдо бўлиши бўйича турли фикрларни илгари сурмоқда.

Масалан, Оксфорддаги исботланган тиббиёт маркази катта илмий ходими (Centre for Evidence-based Medicine, CEBM) Том Жефферсон кутилмаганда шундай хулосага келди. Унинг таъкидлашича, SARS-CoV-2 коронавирус ўтган қишда Уханда пайдо бўлгунга қадар уйқу ҳолатида бўлган, у табиий омиллар бир-бирига тўғри келиши натижасида юзага чиққан.

Бутун дунёдан олинган маълумотларга таянган ҳолда, олим шуни ишонч билан таъкидламоқдаки, вирус турли мамлакатларда турли вақтда уйқуда бўлган. Масалан, COVID-19 Хитойнинг Ухань шаҳрида пайдо бўлишидан 9 ой аввал коронавирус изи Барселонада оқар сувда топилган. Ўтган йили декабрь ойида Турин ва Миланда олинган намуналар худди шундай натижаларни берган.

"Ўйлашимча, вирус аввалдан шу ерда бўлган. "Шу ерда", деганда мен ҳамма ерни назарда тутяпман. Катта эҳтимол билан айтиш мумкинки, биз уйқудаги вирусга дуч келган бўлишимиз мумкин. У атроф-муҳит шароитига қараб фаоллашган", деб ёзади The Daily Telegraph газетаси олимнинг гапини келтириб.

У ушбу фикрларига Жанубий Георгиядан Буэнос-Айресга қараб сузган саёҳат кемасини мисол қилиб келтиради.

"Кема Уэдделла денгизидан ўтаётганда, яъни саёҳатнинг саккизинчи куни коронавирус билан боғлиқ биринчи ҳодиса қайд этилди. Вирус тайёр озиқ-овқатда бўлганми ёки у музлаткичдан чиқарилгач, овқат эригандан кейин фаоллашганми?", деб савол беради олим.

Жефферсон худди шунга ўхшаш воқеа сифатида ўтган асрнинг бошида тарқалган испанка пандемиясини келтиради. 1918 йилдан 1920 йилгача мазкур грипп билан сайёрамиз аҳолисининг учдан бири оғриган. У тахминан 100 миллион кишининг ёстиғини қуритган. Олим ушбу воқеаларни таҳлил қилар экан, Ғарбий Самоа аҳолисининг қарийб 30 фоизи испанкадан нобуд бўлганига эътибор қаратади. Чунки орол аҳолиси ўшанда ташқи дунё билан умуман алоқада бўлмаган.

Вирус ҳеч қаердан келмайди ва ҳеч қаерга кетмайди ҳам. Улар ҳар доим шу ерда бўлган ва баъзан нимадир уларни фаоллаштириб юборади. Эҳтимол, дунё аҳолисининг зичлашиб бораётгани ёки экологик вазият, яъни иқлим ўзгариши бунга сабаб бўлаётгандир. Биз айнан шуни ўрганишимиз лозим, дейди Жефферсон. Қолаверса, вирус нафақат одамдан одамга ҳаво томчилари орқали, балки оқар сувлардан ҳам юқиши мумкин.

Яқинда дунёнинг 32 мамлакатидан қарийб 240 нафар олим Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига (ЖССТ) мактуб йўллаган. Унда инфекция тарқалиш омили сифатида коронавируснинг жуда майда заррачалари ҳаво орқали юқиши мумкинлигини тан олиш сўралган, деб ёзади The New York Times.

ЖССТ шу вақтгача вирус аксарият ҳолларда касал одам йўталганда, аксирганда ёки гаплашганда нафас олиш йўлларидан ажралиб чиқувчи йирик томчилар орқали юқишини таъкидлаб келарди.

Олимларнинг таъкидлашича, фактлар шуни тасдиқламоқдаки, вирус хона ҳавосида туриб қолган майда зарралар орқали ҳам юқиши мумкин экан.

239 нафар олимнинг ЖССТга тавсия сифатида ёзган ушбу мактуби яқин кунларда илмий журналларда эълон қилинади, дейилмоқда хабарда.

ЖССТ мутахассислари эса ҳозирча коронавируснинг ҳаво орқали юқиши бўйича далиллар унчалик ишончли эмас, деган фикрда.

Сўнгги икки ой ичида биз коронавируснинг ҳаво-томчилар орқали юқиши эҳтимоли борлигини, лекин ишончли далиллар билан исботланмаганини айтиб келмоқдамиз. Ушбу масала бўйича кескин баҳс-мунозаралар ҳамон давом этмоқда, дейди ЖССТнинг инфекциялар назорати бўйича техник раҳбари Бенедетта Аллегранци. Шунингдек, агар инфекциянинг ҳаво-томчи орқали юқиши пандемиянинг тарқалишида муҳим омиллардан бири экани ҳақиқат бўлса, у ҳолда коронавирусга чалинмаслик учун қатор янги чоралар қўллаш лозим бўлади. Жумладан, шифокорлар хоналарда ҳатто ижтимоий масофа сақланган шароитда ҳам майда зарраларни фильтрлайдиган ниқоб тақиб юришига тўғри келади. Бундан ташқари, жамоат жойларида ҳавони тозалайдиган тизим бўлиши лозим, шунингдек, вирус зарраларини ўлдирадиган ультрафиолет чироқлар ўрнатилиши керак.

Вакцина қачон ишлаб чиқарилади?

The Washington Post газетаси ЖССТ раҳбари Тедрос Адҳаном Гебрейесуснинг сўзларига асосланиб ёзишича, ҳозир дунё бўйича 141 та вакцина устида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Ҳатто, айрим олимлар саноқли ойлардан кейин ўз муваффақиятларини эълон қилиши мумкин.

«Ҳозир 141 та вакцина ишлаб чиқилмоқда. Бу борадаги илғорларга муваффақиятини эълон қилиши учун атиги бир неча ой қолди. Албатта, тўлиқ ҳимояга кафолат йўқ, лекин биз умид қиламиз», деган ЖССТ раҳбари.

Бир сўз билан айтганда, дунё бўйича коронавирусга чалинганлар сони 11 миллион кишидан ошиб кетди. Ҳисоб-китобларга қараганда, барча касалланганларнинг қарийб 60 фоизи июнь ойига тўғри келган. Лекин бу июнь ойи инфекция тарқалишининг энг юқори чўққиси бўлди, энди пандемия чекинади, дегани эмас. Сўнгги ҳафтада ҳар куни 160 мингдан зиёд киши коронавирусга чалинаётгани одамларни янада кўпроқ хавотирга солмоқда. Бу ҳар бир инсонни яна бир бор ҳушёрликка чақириши шубҳасиз.

Шу боис ЖССТ раҳбари пандемияга қарши курашда комплекс ёндашув зарурлигини бот-бот таъкидлаётганида жон бор. Кўп мамлакатларда коронавирусни жиловлашга муваффақ бўлингани билан (бу ерда Италия ва Испания назарда тутилмоқда), чеклов чоралари юмшатилса, вазият яна қайтадан ёмонлашиши мумкин, дейди ташкилот раҳбари.

Комплекс ёндашув деганда, у шубҳали ҳолатларни аниқлаш, тест ўтказиш, инфекцияга чалинганларни бошқалардан ажратиб қўйиш, улар мулоқот қилган одамларни назоратга олиш ва ижтимоий масофага қатъий амал қилишни назарда тутган. Бундан ташқари, шифокорларни беморлар билан ишлашга ўргатиш ва аҳолининг СOVID-19 бўйича билимини ошириш ҳам ўта муҳим масала эканини алоҳида таъкидлаган.

Бу мисоллардан кўриниб турибдики, коронавирус пандемиясининг келиб чиқиши, унинг олдини олиш ёки беморларни самарали даволаш бўйича дунё олимлари тадқиқотларни асло сусайтиргани йўқ. Бу изланишлар яқин ойларда ўз натижасини беришига умид қиламиз. Аммо бу бало-қазодан, аввало, ҳар биримиз ўзимизни асраш ҳақида ўйлашимиз керак бўлади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ тайёрлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: