01.07.2020

МАСЪУЛИЯТЛИ ВА ШАРАФЛИ КАСБ

27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни олдидан «Ўзбекистон овози» ва Голос Узбекистана» газеталари таҳририятида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ва таҳририятимиз ҳамкорлигида «Журналистиканинг долзарб муаммолари: танқид, таҳлил ва таклифлар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мақсуда ВОРИСОВА давра суҳбатини олиб борди. У журналистларни байрам билан табриклади ва мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилаётган бугунги тарихий даврда ОАВ зиммасида турган вазифалар ва журналистлар масъулият ҳақида фикр юритди. Хусусан, бугунги сўз эркинлиги туфайли матбуот ва журналистика соҳасида туб ислоҳотлар бўлаётганини таъкидлади.

— Тан олиш керак, ОАВ ходимларидан камдан-кам ҳолларда уларни қийнаётган масалалар ҳақида сўраймиз. Бизнинг назаримизда журналистлар “темир” одам. Улар доимо соғ бўлиши, воқеа жойига тезкорлик билан етиб келиши, хатога йўл қўймаслиги, холис ва жасоратли бўлиши зарур, деб ҳисоблаймиз. Мазкур касб эгаларининг кайфияти, соғлиғи, оилавий аҳволи қандай экани кўп ҳолларда бизни қизиқтирмайди. Аслида журналист ҳам сизу биз каби ҳаёт ташвишларига эга инсондир.

Тарих сонияларини газета саҳифаларига, видеотасвирларга муҳрлашда журналистларнинг меҳнати беқиёс. Биз вақт ўтиб, ўтмишда бўлган воқеа-ҳодисалардан айнан журналистларнинг меҳнати маҳсули билангина бохабар бўла оламиз. Менинг отам ҳам журналист бўлган. Шу боисдан бу касбнинг оғир-енгилини яхши биламан. Дадамнинг бир мавзуни ёритиш учун ўнлаб китобларни варақлагани, мутахассисларнинг фикрларини ўрганганига гувоҳ бўлганман. Мақола сарлавҳаси борасида бир тўхтамга келиши учун, икки-уч қоғозни тўлдирарди. Газетада нашр қилингач,боласини эркалагандай, муҳим кашфиёт қилган инсондек қайта-қайта ўқир ва ўз камчилик-ютуқларидан хулоса чиқарарди.

Дадамнинг касбдошлари бўлган қадрли журналистларни касб байрами билан самимий муборакбод этаман. Уларнинг машаққатли ва шарафли фаолиятида куч-қувват ҳамда омад тилайман.

Давра суҳбати иштирокчилари мавзу бўйича ўз мулоҳазаларини билдиришди.

Ҳусан КАРВОНЛИ,

«Маърифат» газетаси Бош муҳаррири:

— Мамлакатимизда маънавият масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Лекин маънавият масаласини ҳеч қачон бозор муносабатларига аралаштирмаслик керак. Журналистика ҳам маънавиятнинг муҳим бир кўринишидир. Газетани фақатгина “катта”лар ўқийди, деганлар қаттиқ адашади.

Шу ўринда, бугунги кун нашрларини уч тоифага ажратиш мумкин, деб ўйлайман. Биринчиси, ҳукумат тасарруфида бўлган газеталар. Уларнинг адади анча юқори. Иккинчиси, замонавий фикрлайдиган, маънавиятни ҳурмат қиладиган муассисга эга нашрлар. Учунчиси эса бозор муносабатларига мослашишга интилаётган газеталар. Партия нашрлари, «Оила даврасида», «Жамият», «Маърифат» ва шунга ўхшаган матбуотни бу гуруҳга қўшиш мумкин, менимча.

Айни вақтда газеталарнинг ҳамда таҳририятларда ишлайдиган журналистларнинг аҳволи кўпчиликка маълум. Бунинг сабабалари ҳам ҳеч биримизга сир эмас. Тан оламан, ўтган обуна мавсумидан икки-уч ой ўтиб, вазиятга мослашиш қийин бўлди. Аксарият бош муҳаррирлар сингари маркетинг, менежмент соҳасига оид билимларни эгаллашимга тўғри келди. Газетамизнинг мобиль иловасини яратдик. Бироқ шунинг ўзи билан ҳаммаси жойига тушиб кетади, деб бўлмайди. Жамиятимизда газета мутолааси маданиятини оширишимиз зарур.

Биласизми, телеграм ҳамда facеbook орқали ўқитувчилардан кунига турли масалаларда юзлаб мурожаатлар бўлади. Кўпчилиги мақоласини чоп этишда ёрдам сўрайди. Мақола чиққач эса газетани қаердан олишни билмайди, тополмаганини айтишади. Шу зайлда 20 га яқин ўқитувчини «Маърифат»га обуна қилдим. Бундан кўринадики, бизда обуна маданияти йўқолиб боряпти. Газета тарқатиш масаласида ҳам янгиликлар жорий этиш лозим.

Газетамиз Бош муҳаррири Сафар Остонов унинг фикрларини қўллади:

— Яқинда масъул лавозимдаги бир кишининг ижтимоий тармоқлардаги фикри баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. У охирги марта қачон газета ўқиганимни эслай олмайман, дебди. Бу гап оҳангидан худдики, газета ўқимаслигидан мақтанаётганга ўхшайди. Қачон газета ўқиганини эслолмаса, газеталар ҳақида фикр билдиришга ҳаққи борми унинг?

Обуна, деган сўзга қўрқув билан қарайдиган раҳбарлар ҳам пайдо бўлди. Обуна мажбурий бўлмаслиги керак, аммо обунани тарғибот қилиш, тавсия этишнинг нимаси ёмон? Китоб ўқиётганларга машина совға қилаяпмиз-ку. Бу — тарғибот, китобхонларга эътибор. Газетхонликни қадрлашни ҳам ўйлаб кўрайлик. Ўқитувчи «Маърифат»га, шоир ва ёзувчи «Адабиёт ва санъат»га, депутат, сенатор «Халқ сўзи»га, партия аъзолари, фаоллари, партиядан сайланган депутатлар партия нашрларига обуни бўлишининг нимаси ёмон?

Иккинчи масала бу — газеталаримиз савиясини бугунги кун талаби даражасига кўтариш, таҳлилий-танқидий мақолаларни кўпайтириш, муаммолар тўғрисида дадил гапириш. Бу ёғи журналистнинг билими, маҳоратига боғлиқ.

Ҳусниддин БЕРДИЕВ,

«Оила даврасида» газетаси Бош муҳаррири:

— Муассис ва ОАВ ўртасидаги муносабатларга аниқлик киритилиши лозим, деб ўйлайман. Газета ишининг ташкил этилишидан тортиб, ўқувчилар қўлига етгунча бўлган жараёнда муассис кўмаклашиши лозим. Негаки, нашрнинг чоп этилишидан муассис ғоявий манфаатдор бўлади.

Яна бир гап. Нашрларни қанчалик кучайтирмайлик, тарғиботини амалга оширмайлик, газеталарнинг обуначига етказиш, сотувини йўлга қўйишда соҳада тизимлилик бўлмаса, фойда бермайди. Телевидение ва сайтлар орқали газеталар шарҳи бериб бориляпти. Энг сара мақолалар реклама қилиняпти. Аммо аҳоли газетанинг шу сонини қаердан олиб ўқиши мумкин? Вилоятларнинг чекка ҳудудларида матбуот дўконлари ишламайди ёки улардан бошқа мақсадларда фойдаланиляпти. Хўш, бу вазиятда нима қилиш лозим?..

Шунингдек, журналистларнинг қонунга итоат этиши ҳақида гапириб ўтсам. Босма нашрларда хато ёки ёлғон маълумот чоп этилиб кетса, кейинги сонда узр сўралади, изоҳ ёки тузатиш берилади. Интернет сайтларида эса ҳозир ўқиган хабарингизни ярим соат ўтиб, топа олмай қолишингиз мумкин. Ҳолатга бирор изоҳ ҳам берилмайди. ОАВ тўғрисидаги қонун битта. Бу барча ОАВлар фаолиятига тегишлидир. Мана шу масалаларда ҳам қонунчиликка қўшимча ва ўзгартишлар киритилиши лозим, деб ўйлайман.

Айрим нашрларда реклама материаллари қонунчиликда белгиланган меъёрдан ошиб кетади. Буни ҳам назорат қилиш, маълум бир тартиб-қоида киритиш керак. Таҳририятнинг муаллифлик мақолалари фоизигача қонунчиликда акс эттирилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Зиёда АШУРОВА,

 «Халқ сўзи» газетаси мухбири:

— Аввало, касб байрамимиз билан барча ҳамкасбларимни табриклайман. Журналистлар учун ҳеч бир давр осон кечмаган. Пандемия даврида ҳам бошқа соҳалар сингари ОАВ ходимлари четда турмай, меҳнат қилди, аҳолини зарурий ахборот билан таъминлаб турди. Хусусан, «Халқ сўзи», «Янги Ўзбекистон» газеталари узлуксиз чиқиб турди. Телевидения ва радио мунтазам равишда аҳолини ахборот билан таъминлаб турди.

Анчадан буён Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ишлаб келаман. Уларнинг фаолияти ҳамда қонунчиликдаги ўзгаришларга муносабатларини ёритиб бор­япмиз. Айтиш керакки, ҳар бир депутат сайловолди ваъдаларини қай даражада бажараётгани, фаолиятидан сайловчиларни хабардор қилиб бориши шарт. Қонунларга киритилаётган ўзгартиришлар ҳамда қўшимча моҳиятини аҳолига етказиш, тушунтириш муҳим аҳамиятга эга. Буларнинг барчаси депутатдан озми, кўпми ўз фикрини ифодалай олишни талаб этади. Бироқ айрим депутатларимиз мақола ёздим, деб пресс релизни айнан кўчириб берган ҳолатлари ҳам кузатилган. Илгари умрида мақола ёзмаган депутатдан мақола талаб қилиш оғир масала, албатта. Аммо у мавзу бўйича фикр айта олиши керак, қолгани журналистнинг иши. Қабул қилинаётган қонуннинг аҳамияти ҳақида ўз сўзига эга бўлиши зарур. Баъзи депутатлар нима мавзуда ёзсам бўлади, деб сўрашади. Газета ўқимаган одамдан шундай фикр чиқади-да. Ўтган чақириқда сенаторларда ёзиш кўникмасини шакллантириш учун ҳудудларда конфренциялар ўтказилган. Халқнинг дардини қандай олиб чиқиш мумкинлиги борасида тавсиялар берилганди. Ушбу амалиёт депутатлар ўртасида жорий этилса, фойдадан ҳоли бўлмасди.

Депутат мақола ёзиши учун аввало ҳаётни зийраклик билан кузатиб бориши, таҳлил этиб, хулосаларга эга бўлиши лозим. Ва албатта газета ўқиб бориши керак бўлади.

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

“Ўзбекистон овози” газетаси бўлим мудири:

— Ҳамкасбим Зиёда Ашурованинг гапларига қўшиламан. Депутат журналист эмас. Уларни мақола ёзолмасликда айблаш ҳам нотўғри. Лекин ҳар бир депутат ҳам мутахассис сифатида, ҳам индивидуал шахс сифатида ўз фикри, қараши ва позициясига эга бўлиши зарур. Баъзида бирор масала юзасидан тез муносабат билдириш, шарҳ ёзиш керак бўлиб қолади. Ана шунда журналистлар депутатларга мурожаат қилади. Кутилгандек жавоб ололмагач, ҳамма иш яна ўзимизга қолади. Уларнинг номидан мақола, муносабат, интервью ёзиб, депутатларни ўргатиб қўйганмиз. Яхшиси, савол берайлик, жавобини борича чоп этайлик. Ана шунда депутатлар гапиришни, фикр айтишни ўрганади.

Яқиндан бошлаб газетамизда “Депутат билан суҳбат” рукнини ташкил қилдик. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига Халқ демократик партиясидан сайланган депутатлар билан суҳбатлар бериб бориляпти. Бу биз учун яхши тажриба бўлди. Чунки мулоқот асносида парламент вакилларининг дунёқараши, билими, фикрларини ўрганиш имконига эга бўляпмиз.

Мисол учун, Зулайхо Акромова билан кечган суҳбатда кутилмаган таклифлар, фикр-мулоҳазалар олдик. Демак, қарс икки қўлдан чиққанидек, журналист ва парламент аъзолари ўртасида доимий алоқани таъминлаш зарур. Уларнинг кўнглига йўл топиш бизнинг вазифамиз бўлса, очиқ ва ошкоралик билан ҳақиқатни сўзлаш депутатларнинг бурчи, деб биламан.

Шунингдек, давра суҳбати давомида «Ўзбекистон 24» радиоканали мухбири Зарбиби Чориева, ­«Ёшлар» радиоканали муҳаррири Шоҳида Зуфарова, «Янги Ўзбекистон» газетаси мухбири Гулсум ­Шодиева ҳам бугунги вазифалар, соҳа ривожи борасида ўз таклифларини билдиришди.

Тадбир якунида бир гуруҳ журналистларга Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: