01.07.2020

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИ ЁШЛАР БИЛАН ҚУРАМИЗ

Ёшлар сиёсати

Ёшлар муаммоси ҳар қандай давлат ва жамият учун барча замонларда ҳам бирдек долзарб бўлиб келган. Мазкур муаммонинг ечими ёшлар сиёсатини тўғри юритишга боғлиқлигини бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Ёшлар сиёсати – бу давлатнинг демократик тараққиёт йўлида ривожланишида ёшларни муҳим стратегик куч сифатида тан олиши ҳамда ўзининг ёшларга нисбатан бошқарув ва ижтимоий функцияларини демократик сиёсий тизим, халқаро ёхуд миллий ҳуқуқ нормалари талаби даражасида тўлиқ бажаришидир.

Мамлакатимизда ҳам кейинги уч йилда ёшлар сиёсати ўзининг сифат ва самара босқичига кирди. Хусусан, давлатимиз раҳбари ўз фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ имзолаган қонун ҳам айнан “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги норматив-ҳуқуқий ҳужжат эканлиги масаланинг нақадар муҳимлигини англатади. Хусусан, Президентимиз Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида: «Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган ХХI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда», деб ёшлар муаммосининг нақадар залворли эканлигини таъкидлайди.

Зотан, Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан ортиғи ёшлар эканлигидан келиб чиқиб, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш ва уларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳуқуқий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида Ўзбекистон раҳбари «Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция»ни ишлаб чиқиш ташаббусини билдиргани ҳам ёшларга оид давлат сиёсатининг нафақат мамлакатимиз миқёсида балки бутун дунё учун глобал аҳамиятга эгалигини англатади.

Шу боис, мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишини ўзида мужассам этган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам «мустақил фикрлайдиган, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш» ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

 

Ислоҳотлар: натижа ва самаралар

Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг икки жиҳатига эътибор қаратайлик.

Дастлабки чуқур ўйланмай таваккалчилик ва ёлғонга асосланган тизим яъни, ўрта махсус касб-ҳунар таълим тизимига босқичма-босқич қонуний барҳам берилди. Мазкур таълим тизими ўқувчиларнинг ёш хусусияти, руҳияти, меҳнат бозори талаблари ва таълим тизимида уларнинг ижтимоийлашуви учун тегишли ижтимоий муҳитни яратмасдан ташкил этилганди. Умумтаълим мактабининг 9-синфини битирган ўспирин мажбурий таълим дея бутунлай нотаниш бошқа муҳит, айниқса, уйидан узоқ, бориш-келиш ноқулай, ортиқча харажат талаб қиладиган, шаклланиб улгурмаган тизим ихтиёрига юборилар эди.

Табиийки, ўқувчилар академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари уйидан узоқлиги, ота-оналар уларни (хусусан, қишлоқ жойларда) кунлик сарф-харажатларини қоплай олмаслиги боис дарсга бормай қўйишарди. Натижада давомат масаласи доим муаммо туғдирарди. Демак, аксарият академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари фақат «битирувчилар» чиқариш билан машғул бўлганди, холос. Чунки таълимда сифат бўлмагач, самара ҳам бўлмаслиги табиий.

Ёшлар сиёсати бўйича яна бир муҳим ислоҳот бу мамлакатимизда ўтган давр мобайнида йўқотилиш даражасига келиб қолган мактабгача таълим тизимининг қайта тикланиб, ривожлантирилиши бўлди. Шахснинг камолотида муҳим ўрин тутувчи бу тизим ўз аҳамиятига кўра ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий бўғинига айлантирилди. Халқаро тажриба, ҳуқуқий ва иқтисодий механизмлар асосида мазкур тизимнинг фундаментига асос солинди.

Инсон ўз ҳаётида асосий маълумотларни айнан 5-7 ёшида олиши илмий асосланган. Шу боис мактабгача таълим тизими шахснинг ижтимоийлашувида муҳим ўрин тутиши эътиборга олиниб, янги ва сифатли, алоҳида истиқболли тизим сифатида шаклланмоқда. Тизимга асос солингани, аввало, муносиб баркамол авлод вакилларини тарбиялашга хизмат қилса, таълим тизимида соҳа учун олий ва ўрта маълумотли мутахассислар етиштириш имкониятини ҳам яратди ҳамда ота-оналар учун фарзандларини болалар боғчаларига ишонч билан топшириб, ўзларининг иши билан машғул бўлиш имконияти яратилди. Юртимизда жадал шаклланиб бораётган мактабгача таълим тизими давлат ва жамият учун ҳам манфаатли жиҳатларга эга, энг асосийси, эркин фикр, мустақил фуқаролик позициясига эга фаол фуқароларни тарбиялаш айнан шу тизимдан бошланиши ҳам бу борадаги ислоҳотнинг нақадар зарурлигини англатади.

Мамлакатимизда ёшлар сиёсати билан боғлиқ яна бир муҳим ислоҳотга қўл урилди. Ўзбекистонда 30 июнь санаси “Ёшлар куни” деб эълон қилинди. Ёшлар ташкилотининг номи, фаолият йўналиши, вазифалари аниқлаштирилди. Ёшлар ташкилоти фаолларига яратилган турли қонуний имтиёз, фаол ёшларни рағбатлантириш механизми, нафақат мамлакат ичкарисидаги балки хорижий давлатларга ишлашга ва ўқишга кетган ўзбекистонлик ёшлар ҳолидан хабар олиш ёки уларни ватанимизга қайтариш лойиҳасининг амалга оширилиши кўпчилик ота-оналарнинг кўнглидаги иш бўлди.

 

Ёшларнинг фаоллигини ошириш

Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётга жамоат ва давлат ишларига кенг жалб этиш, борасидаги ислоҳотларга асос солингани ҳам ўз самарасини бермоқда. Хусусан, бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташкил этилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳар ҳокимликларининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси тавсияси асосида белгиланган тартибда тайинланиш механизми жорий этилди.

Мамлакатимизда давлат ҳокимиятини янада демократлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, ­қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмларини яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ёшлар орасидан юқори малакали бошқарув кадрларини танлаб олиш ва тайёрлаш, уларнинг захирасини шакллантириш тизимини такомиллаштиришга имкон бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва “Буюк келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг 3 йилда бир марта истиқболли ёш бошқарув кадрларни танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танловини ўтказишнинг ҳуқуқий тартиби белгиланди. Мазкур танловда камида уч йил иш тажрибасига эга, 30 ёшдан 45 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари қатнашиши мумкин.

 

Ёшлар сиёсатидаги муаммолар

 Бугун республикамизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш жараёни камчилик ва нуқсонлардан холи дейишга ҳали эрта. Чунки айрим раҳбарларнинг ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун ва моҳиятини тўғри тушунмаслиги ёки ўзини тушунмасликка олиши ёхуд масъулиятсизлиги каби ҳолатларнинг мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди. Ёшлар томонидан турли жиноятлар содир этилаётгани, миллий қадриятларимизга номуносиб ишлар қилинаётгани ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда муаммолар мавжудлигини кўрсатади.

Ёшлар муаммосининг энг нозик томони, ёшларда ҳаётни севиш билан бирга ундан тез бегоналашиш, ишчанлик ва серғайратлилик билан бирга бекорчилик ва ҳафсаласизликка мойиллик, ақл ва тафаккур билан бирга шошқалоқлик ва сержаҳллик сингари ўзига хос салбий хусусиятларнинг мавжудлиги ҳамда уларга эътиборсизликнинг натижаси аксарият ҳолларда фожиали оқибатларга олиб келишини назардан қочирмаслик керак.

 

Хорижий тажриба

Ҳеч қайси давлат бошқалар билан ҳамкорлик қилмасдан фақат ўзи ривожлана олмаганидек, мазкур қоидани ёшлар сиёсатини амалга оширишга нисбатан ҳам татбиқ этиш мантиқан тўғри бўлади. Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда ривожланган давлатларнинг тажрибасини ўрганиш фойдадан холи эмас.

АҚШда ёшлар тарбияси таълим тизимининг муҳим таркибий қисмини ташкил қилади. Ёшлар тарбиясида асосий мақсад ёшларни жамоат ишларига жалб этиш (Youth Service) ва мавжуд амалиёт орқали фаолликка ўргатиш (Service Learning)га қаратилган. Ушбу мамлакатда ёшлар сиёсати лойиҳалари ва дастурларини амалга оширишда қатнашувчи бизнес секторлар, жумладан, шахсий хайрия ташкилотларининг фаол иштирокини таъминловчи амалиёт механизми жорий этилган.

АҚШда амалга оширилаётган ёшлар сиёсати концепциясида ёшларнинг ижтимоийлашуви жараёнида давлат тузулмаларининг минимал иштирокига асосланади. Ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш шахсий хайрия ташкилотларининг асосий иши саналади. Давлат кўмагига фақат ёшларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламигина даъвогарлик қилиши мумкин, маблағлар қатъий белгиланган тартиб асосида кам таъминланганларга берилади.

Францияда ёшлар сиёсатини ишлаб чиқиш билан Ёшлар, спорт ва жамоат ташкилотлари вазирлиги шуғулланади. Бу вазирлик жойларда ёшлар сиёсатини амалга оширишга масъул ҳудудий бошқарма ва департаментларига эга. Ёшлар сиёсатини амалга ошириш бўйича давлат ҳокимияти ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим саналади. Мазкур ҳамкорликнинг асосий мақсади – ишсиз ёшларнинг фоизини амалда камайтиришдан иборат.

Швецияда ёшлар сиёсати Маданият вазирлиги томонидан амалга оширилади. Мамлакат Парламентида ёшлар давлат кенгаши ҳамда унинг маҳаллий муниципиал бўлинмалари фаолият юритади. Швецияда ёшларни иш билан таъминлаш ва меҳнатга махсус тайёрлаш масаласи маҳаллий меҳнат бозори ва бизнеснинг кадрларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб ҳал этилади.

Финландияда ёшлар сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш Таълим вазирлигига юклатилган. Ёшлар билан ишлашда асосан мактаб жамоатчилиги билан ҳамкорликка асосланади. Ёшларнинг фуқаролик ва ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида Финландия Парламентида мунтазам тарзда икки йилда бир марта (1998 йилдан буён) “Ёшлар парламенти” йиғилиб келади. “Ёшлар парламенти” Мактаб клублари маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган.

Канада мамлакати ёшлар сиёсатини амалга оширишда энг барқарор давлатлардан бири ҳисобланар экан. Бунинг сабаби ушбу давлатдаги Ватерло университети олимлари томонидан 1978-2012 йилларда ёшлар бўйича турли авлод вакиллари ўртасида илмий эксперемент ва тадқиқотлар мунтазам ўтказилиб, илмий тадқиқотлар ривожлангани билан изоҳланар экан. Илмий тадқиқотлар ўз самрасини бериб, шунинг учун Канадада ёшлар сиёсати ижтимоий, ҳуқуқий ва сиёсий фаоллиги анча юқори даражага кўтарилган.

 

Хулоса

Ёшларга оид давлат сиёсатига фақат давлат органлари масъул, деган нотўғри фикрдан воз кечиш даври аллақачон келди. Давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида ёшлар сиёсатига давлат органлари билан бирга нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари бирдек масъуллигини англашимиз лозим. Ёшлар муаммосининг тўғри, адолатли ва қонун асосида ҳал этилишидан нафақат ёшлар, балки давлат ва жамият ҳам манфаат кўриши табиий.

Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг самарали бўлиши миллий менталитет ва қадриятларимизга суяниб олиб борилишига боғлиқлиги ҳам исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Улардаги ғайрат сўнмаслиги йўқолмаслиги учун давлат идоралари ва фуқаролик жамияти институтларида сўз ва иш бирлиги таъминланиши зарур.

Ёшлар янги куч, янги ғоя ва янги услуб соҳибларидир. Шу боис, улар камолоти ҳақида қайғуриш давлат ва жамият бошқарувида энг асосий вазифалардан ҳисобланади.

 

Эшмуҳаммад ҚОДИРОВ

Тошкент давлат юридик университети Давлат ҳуқуқи ва бошқаруви кафедраси профессори вазифасини бажарувчи, юридик фанлар доктори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: