Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
03.06.2020

БЕФАРҚ ОДАМ

нафақат ўзига, балки бошқаларга ҳам зиён-заҳмат етказиши мумкин

2019 йилдан 2020 йилга ўтиш арафасида бутун дунё коронавирус даҳшати билан юзма-юз келди. Қўрқув, хавотир, иқтисодий муаммолар барчаси бош кўтариб, инсониятни синовлар гирдобига ташлади. Пандемия сўзи тез-тез такрорлана бошлади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг дастлаб хотиржамликка чақириғи ўрнини огоҳликка даъват эгаллади.

Дунё халқларининг бефарқлиги, баъзи бир давлат раҳбарларининг эътиборсизлиги оқибатида қисқа вақтда ўз масштабини кенгайтирган коронавирус жиддий хавф эканлигини инсоният тўлиқ англаб етгунча у бутун дунёни эгаллаб олишга улгурди. Қудратли давлатларни ҳам шошириб қўйган вирусдан ўлим даражаси кун сайин, соат сайин ортиб борди. Инсоният бу гал жуда маккор, жуда мураккаб душманга дуч келганини англаб етди...

Худо хоҳласа, бу оғир кунлар ҳам орқада қолади. Бир кун келиб, мутахассислар бу ёвуз вирус қандай пайдо бўлгани, тарқалгани, келтирган зарари, нобуд бўлганлар сони, вирусга қарши курашишда мамлакатлар тўплаган тажриба, йўл қўйилган камчиликлар ҳақида тўлиқ исбот-далиллар билан ўз фикрини айтади. Таҳлиллар, тадқиқотлар олиб борилади. Врач сифатида иймоним комилки, ўшанда коронавирусга қарши курашда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат ­Мирзиёевнинг тутган йўли нақадар тўғрилигини жаҳон ҳамжамияти эътироф этади. Бу хавфли ва ёвуз вирусга қарши курашда иштирок этган мамлакатимиз соғлиқни сақлаш ходимларининг матонати, машаққати ва жасорати юксак баҳоланади.

Бугун ҳали хавф-хатар тўлиқ чекингани йўқ. Мамлакатимизда ҳам карантин давом этмоқда. Хўш, бу ўринда халқимиз аввало нималарга кўпроқ эътибор бериши керак? Шифокорларнинг қайси талабларини тўлиқ бажаришлари зарур? Қачон карантин чекловларидан қутиламиз? Бунинг учун ­аввало, аҳолидан нималарга кўпроқ эътибор қаратиш сўралади?

Тўғриси, пандемия даврида жуда кўп саволлар пайдо бўлди. Гарчи аччиқ бўлса ҳам, одамларимизда тиббий маданият даражаси пастлигини тан олишимиз керак. Аҳоли соғлом турмуш тарзининг жуда оддий талабларига беписанд қарайди. Бунинг оқибатида катта муаммолар келиб чиқиши мумкин.

Мен врач сифатида карантин вақтида эътибор қаратишимиз шарт бўлган баъзи бир масалаларга тўхталиб ўтмоқчиман:

Биринчидан, пандемия ҳақида, коронавирус тўғрисидаги маълумотларни мунтазам ўқиб, кузатиб бориш лозим. ОАВда эълон қилинаётган мақолалардан, кўрсатув ва эшиттиришлардан нафақат ўзингиз, балки оила аъзоларингиз ҳам хабардор бўлишига эътибор қаратинг. Етарли кўникма ҳосил қилмасдан вирусдан ўзимизни ва яқинларимизни ҳимоя қила олмаймиз.

Иккинчидан, уйда қолиш, яъни, ўзини-ўзи ҳимоялаш талабига сўзсиз бўйсунишимиз керак. Одамлардан узоқроқ бўлиш, яъни ижтимоий масофа сақлаш талаби қанчалар муҳимлигини унутманг. Қўл билан кўришиш, тўпланиш, мулоқот қилишдан эҳтиёт бўлинг. Сиз ўзингиз билмаган ҳолда вирус ташувчига дуч келиб қолишингиз ва хавфли вирусни юқтириб олишингиз мумкин. Жамоат жойларига борманг, тиббий ниқобсиз юрманг. Сизнинг нафақат ўзингизни, балки оилангиз, яқинларингиз, касбдошларингиз, қўни-қўшниларингиз ҳаётини хавф остига қўйишга ҳаққингиз йўқ.

Учинчидан, саломатлигингиз ҳар қандай ҳойи-ҳавасдан устун туради. Вақтинча чекловларнинг моҳиятини тушуниб етинг. Жанозага боришим керак, туғилган кун билан табриклаб келаман, беморнинг ҳолидан хабар оламан, уйда ўтиришдан зерикдим, бозорга айланиб келаман… Бундай хом хаёлларни миянгиздан чиқариб ташланг. Уйингизга, оилангизга вирус олиб келишдан тийилинг. Сиз лоқайдлик билан босган ҳар бир қадамингиз коронавирус томон олиб боришини унутманг!

Тўртинчидан, ҳар биримизнинг соғлигимиз биринчи навбатда ўзимиз учун муҳим. Бугун ­Президентимиз, қолаверса, жасур шифокорларимиз халқимизни коронавирус балосидан қутқазиш, зиён-заҳматни камайтириш учун жон-жаҳди билан ҳаракат қилмоқда. Энг олий даражадаги шароитлар яратилмоқда. Давлат раҳбари беморлар орасида ўлим бўлмаслиги учун ҳамма масъул эканини алоҳида таъкидламоқда. Энг юқори даражадаги дори-дармон ва тиббий асбоб-ускуналар келтирилди. Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда коронавирус зиёнини камайтириш борасида улкан ишлар қилинмоқда… Шундай экан, нега биз ўз соғлиғимизга бефарқ бўлишимиз керак? Ҳаммамиз курашсак, қарши турсак, душман чекинади. Фақат давлатга қараб туриш тўғри эмас. Бу жараёнда иштирокчи бўлишимиз, карантин талабларига сўзсиз амал қилишимиз шарт.

Бешинчидан, пандемия яна бир бор бизга тиббий саводхонлигимизни оширишимиз кераклигини кўрсатди. Чунки менинг назаримда, “қизил ҳудуд”ларнинг пайдо бўлишига одамларнинг бефарқлиги, лоқайдлиги сабаб бўлмоқда. Мана, масалан, ўзим туғилиб ўсган Каттақўрғон тумани “яшил ҳудуд”га киритилган. Бунинг сабабини алоҳида ўрганиб кўрдим. Аввало туман ҳокими Аъзамхон Баҳромовнинг шахсан ўзи вазиятни назорат қилиб бормоқда. Маҳалла масъуллари, оқсоқоллар, диний уламолар ҳам бу жараёндан четда тургани йўқ. Ҳатто жаноза маросимларини ўтказишда ҳам қатъий карантин талабларига амал қилинмоқда. Одамларнинг тўпланишига йўл қўйилгани йўқ. Балки шу ўринда Каттақўрғон тумани мутасаддиларининг карантин талабларини бажариш билан боғлиқ тажрибасини ўрганиш керакдир? Тадбиқ этиш керакдир. Чунки Каттақўрғонга туташ баъзи бир туманлар “қизил ҳудудга” киритилган бўлиб, уларда эпидемик вазият мураккаблигича қолмоқда.

Олтинчидан, ҳеч қачон соғлиғингиз билан боғлиқ муаммоларни ўзингиз ҳал қилишга уринманг. Бу ҳаётингиз учун хавфли эканини, умрингизга сўнги нуқта қўйиши мумкинлигини англанг, билинг. Ҳар қандай вазиятда шифокорга, тиббиёт муассасига мурожаат қилинг, тез ёрдам чақиринг. Бу олтин қоидага амал қилсангиз, аввало ўзингизни, қолаверса яқинларингизни бало-қазолардан ҳимоя қилган бўласиз.

Соғлиғимиз ўз қўлимизда. Унутманг, бефарқ одам нафақат ўзига, балки бошқаларга ҳам зиён-заҳмат етказади.

Ҳамза ҲАМРОЕВ,

Самарқанд давлат тиббиёт

институти доценти, тиббиёт фанлари номзоди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: