Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
21.05.2020

БЕРДАҚ БОБОМНИНГ МУНГЛИ ОҲАНГИ

ёки Сардоба, коронавирус, карантин деган офатларнинг барҳам топиши, фараҳбахш тонглар умиди

«Денгизга ёққан ёмғир саховат эмас»

Алишер Навоий, «Маҳбуб ул-қулуб»

Аввало, карантин сабаб чиқмай қолган «Ўзбекистон овози»нинг қайта чоп этилиши билан табриклайман. Аслида, ҳар қандай фалокат яхши нарса эмас. Айниқса, инсон фалокатнинг ичида бўлса...

Якдил Ўрта Осиё табиатини техноген офатларга мубтало этган тузум асоратларидан жабр чеккан саҳро фарзанди сифатида эл бошига келган кулфатлар тўғрисида баъзи мулоҳазаларимни айтмоқчиман.

Сардобалар одатда саҳроларнинг карвон йўлларида қадим замонлардан буён қуриб келинган сув омборларидир. Корақум, Қизилқум, Устюрт кенгликларида сардобаларнинг қудуқлар қазилиб, устига гумбазлар тикланган шаклларини кўриш мумкин. Сардоба атрофида қудуқ кузатувчилари бўлган чорва ўтовлари ва карвон саройлари жойлашган. Қадимшунослар уларнинг атрофларини ўрганганларида, майда ёдгорликлар орасида турли халқ ва элатларнинг тангаларини ҳам топишган.

Ҳозирги пластик идишлар даврида балки сувларни сардобаларда сақлаш эҳтиёжи ҳам қолмаган бўлса керак. Ахир, туяларга ортилган карвонлар ўрнини темир карвонлар босаяпти, эшигининг олдидан нафақат дарё, жилға-сойлар оқмайдиган қанча халқлар ва элат бор бу дунёда. Инсоният ичимлик суви муаммосини замон имконияти даражасида ҳал қилаяпти.

Лекин Ўрта Осиёнинг икки буюк дарёсини пахта учун жиловлаш мақсадида табиатнинг сув оқимларига тўсиқлар, тўғонлар босавериб, ҳудудий қишлоқ хўжалигини колониал сиёсатга бўйсундирган император Пётр I нинг «Ҳинд океанига интилган армонларини» бизнинг ҳудудларимизда амалга оширган кечаги СССР «Минводхоз»и нотўғри сув тақсимлаши оқибатида ягона денгизимиз – Оролдан айрилиб қолганимизни эслатмоқчиман. Аслида мен ҳам қўриқ ерларни ўзлаштириб, чўлистонни гулистонга айлантириш тарафдориман. Фақат... «Сувнинг кўплиги ҳам, худди камлиги каби зарарлидур…» деган инсониятнинг илк китоби «Авесто» сўзларини эсдан чиқармасак яхши бўлар эди.

Сирдарёдаги Сардоба ана шу эзгу ниятларда қурилган, албатта. Энди қурилиш сифатига келсак, тошқинлар билан ўпирилишларнинг тирик гувоҳиман. Мен туғилган йили Амударё соҳилидаги овулимизни сув босиб, қутқарувчилар оиламизни, бутун овул аҳлини дарёнинг нариги соҳилига обориб ташлаганини чоллар ҳали эслайди. 1969 йили дарёдан оққан муз (буни қорақалпоқлар сенг дейишади) бир ерга тиқилиб, Беруний шаҳрини сув босганида, Қорақалпоғистон, Хоразмнинг барча машиналари тош-тупроқ ташиб, дамба босганларини кўрганман. Жорий асримиз бошларида Мўйноқ аҳолисини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш ва балиқчиликни урчитиш мақсадида қурилган Порлитов гидротарнови фойдаланишга топширилган куннинг эртасигаёқ қум ўпирилишидан пойдевори-сойдевори билан уни сув оқизиб кетганини кўрганман. Бу тарнов ҳам эзгу ниятларда қурилган эди.

Ўша пайтда ҳалокатнинг айбдорлари лойиҳачилар ичидан эмас, қурилишда қатнашганлар ичидан изланди. Қурилишда ишлаганлар жазоланди. Ваҳоланки, Амударёнинг қуйи оқимида ўрнатиладиган тарнов бундай бир кунлик енгил-елпи лойиҳа билан эмас, пойдевори бақувват, авария-пропуск қурилмаси билан билан бунёд этилиши лозимлигини мутахассис эмаслар ҳам билар эди. Сабаби, бу тарновдан Чимбой йўли орқали Нукусга тўғридан-тўғри автоқатновлар ҳаракати ҳам режалаштирилган эди.

Тўғри, орадан анча йиллар ўтди. Энди бу фалокат табиий ёки техноген (инсон аралашуви билан) оқибатида бўлган, деб тортишиш ноқулай, албатта. Яхшиямки, Порлитов фалокати қурбонларсиз ўтди ва мол-мулкка зарари тегмади.

Бизнинг эскидан қолган бир ёмон одатимиз бор: бирон нарса қураётган бўлсак, ўшани қайсидир санага мўлжаллаб битиришни режалаштирамиз. Қандай бўлмасин, ўша санада ишимизни якунлашга ҳаракат қиламиз. Ҳов, эсингизда бўлса, ўтган аждодларимиз ҳам «етти йилликни» беш йилда, «беш йилликни» уч йилда бажарамиз, дея ваъдалар беравериб, кўпчилик ишларимизда сифатлар оқсаб қолган эди. Сардоба қурилишида ҳам шундай бўлган бўлса, ажаб эмас.

Мени ҳаяжонлантиргани – Миллий гвардияда хизмат қилиб келаётган икки ҳарбий йигитнинг фожеаси. Эл бошига иш тушганда ўзларини қурбон қилган бу гвардиячи йигитларнинг оиласи ва яқинларига чин кўнглимдан таъзиямни изҳор этаман. Умуман, рўй берган фалокат учун сирдарёлик ижодкор дўстларим – адабиётчи олим Қозоқбой Йўлдош билан шоир Ҳаёт Шодмонга ҳамдардлик билдираман. Сизларнинг бошингизга тушган кулфатни бирга бўлишишга тайёрман. Дард манзилли экан, ҳамдардлик аниқ манзилга эга.

Икки гвардиячи қаҳрамон фожеаси менга 17 ёшида урушга кетган, танасига қадалган ўқни қарийб қирқ йил кўтариб юрган тўрткўллик оғам Хўжабек Сержоновни эслатди. Ўша ўқ-қўрғошин юракка интила-интила охири 1981 йили оғамнинг умрига зомин бўлди. Мен шу топда ана шу воқеани эсладим. Гвардиячи сержант Ҳусниддин Суяров ҳам фалокатга кўксини қалқон қилибди. Кўриниб турган хатарга ўзини уриш, юртдошининг ҳаётини қутқариш учун ўзини қурбон қилиш – бу ҳақиқий қаҳрамонликдир. Ўлим ҳақ, лекин ажал қаердан келади, ўқ-қўрғошинданми, ёки қандайдир табиий офатданми, автоҳалокатданми, биз билмаймиз, Оллоҳнинг олдида ожизмиз.

Дунёда қанчадан-қанча ўқимишли инсонлар, етук халқлар, қудратли давлатлар бор. Биз уларга ҳавас билан қараб, ўтмиш мерос дардимиз – Орол офатидан энди-энди ўтиб келаётганимизда, барча офатларнинг офати бўлмиш қандайдир коронавирус деган ёв ёпирилиб кирди. Мана икки ойдирки, уйдамиз, карантиндамиз. Бундай дунёвий жимжитлик, ҳаракатлар ва вақт тўхташи олдин бўлмаган.

Лекин бизнинг давлатимизнинг айни вақтида қўллаган тадбирлари туфайли вақтида карантин қилиб, кам талафотлар билан коронавирусдан аста-секин қутулаяпмиз.

Табиатда тасодиф ва қонуният деган нарсалар бор. Офат ҳам тасодиф деймиз-у, лекин унинг тагида қандайдир қонуниятлар борлиги аниқ. Менимча, Сардоба қурилишидаги камчиликлар фақат шошқалоқлик оқибатидан иборат эмаслиги кўриниб турибди. Майли, буни ҳукумат комиссияси, мутахассислар ҳал қилади.

Бу йилги баҳорда табиий офатлар кўп бўлди. Жамиятнинг очиқланиши, хушхабар билан шумхабарларнинг ижтимоий тармоқларда бир зумда тарқалиб кетиши унча-мунча одамни ваҳимага ғарқ қилиб қўяди. Ваҳима ва ёлғонга аслида ким ишонади? Билими саёз, турмуш тажрибаси кам ёки ғирт оми одам. Билимли одам тасодиф ва қонуниятлар маъносини яхши тушунади. Яхши билан ёмонни, ҳақиқат билан тўқима сафсатани ажрата олади. Ижтимоий тармоқларда ёзилган ҳар хил гапларни ўкигани билан хавотирга тушмайди.

Олов ва сув балосидан баттар, кўзга кўринмас хавф бўлган коронавирус пандемияси бутун дунёда қанча ваҳималарга сабаб бўлди?! Мана-ман, деган давлатларнинг обрўли мулозимлари «бизга бунинг алоқаси йўқ», дея хотиржамликка берилган бўлса, охир-оқибат бошларига иш тушгандан кейин ҳаракатга киришди, лекин кечикди. Хитой, Италия, Испания, Англия, АҚШ каби давлатларнинг хотиржамлиги ўша давлатларда кўплаб инсонларнинг касаллик юқтиришига сабаб бўлди, жуда кўп инсонларнинг ўлимига замин тайёрлади. Қатьий интизом асосида карантин эълон қилиб, вақтида зарурий тиббий муолажалар қилган давлат аста-секин карантинни юмшатиш ва иқтисодиётини тиклашга киришаётган пайтда хотиржам давлатлар ташвишга тушиб қолди.

Коронавирус пандемияси табиийми ёки техногенми, деган савол катта давлатлар ўртасида катта баҳслар келтириб чиқармоқда. Лекин инсоннинг табиати ҳар бир офатни ўзича қабул қилади. Офат ичидагилар, яъни бошидан кечирганлар унга офат сифатида, офат ташқарисидагилар томоша сифатида қараши мумкин.

Биз табиатан раҳмдил, меҳр-шафқатли ва очиқкўнгилли халқмиз, бизнинг зеҳниятимиз одамгарчилик асосига қурилган. Балки, глобалчиликка даъвогар давлатлар коронавирус пандемиясидан сўнг тақсимланадиган нарсаси қолмаган дунёни яна тақсимлашга тушар? Балки, умуминсоний зеҳниятларда қадриятлар ўзгарар? Лекин инсон азизлигича ва ожизлигича қолаверади.

Одам офатдан кўра унинг хавф-хатаридан қўрқиб, ваҳимага тушаркан. Офатдан қўрқмасдан, ўзингни ўзинг қўрқитмасдан, атрофингга ваҳима солмасдан озгина мардлик қилсанг, тушкунлик кайфиятини улоқтириб, умидлар оламига кирсанг, офатни енгиш осон кечади. Мен буни ҳар хил офатлар марказида яшаган одам сифатида ўз бошимдан кечирганман.

Яқинда «Узрепорт» телеканалидан Абу Али ибн Сино ҳақида берилган ретрофильмни кўриб қолдим. Буюк бобомиз ўша замонда кенг ва тез тарқалган вабо касаллигининг энг яхши давоси чилла сақлаш эканини қайд этган экан. Коронавирус тарқала бошлаб, Хитойнинг Ухан шаҳрида авжига чиққан кундан Ўзбекистон чиллага ёпилди. Чақалоқ туғилганидан бошлаб қирқи, яъни чилласи чиққунча ёт кўзлардан холи сақланишини энди тушунгандай бўлаяпман. Одам олам сирларини энди тушуна бошлаган пайти қариётганини ҳис этиши эса ўкинчли бўларкан...

Қуённи қўрқинч, қўрқоқни ваҳима ўлдиради, дейишади қорақалпоқда. Коронавирус бошланган пайтлари унинг асосан кексаларга юқиши, оғир кечиши тўғрисида докторлар билан телевидение кўп гапирди ва бизга уйдан умуман чиқмасликни тавсия этди. Қариганлик сабаб ҳаракатланиши пасайиб, тўрт девор қуршовида қолган кексаларга бу осон кечмади. Қарасак, ўша телевидениедан 80-90 дан ошиб, коронавирусдан соғайган бир-иккита чол-кампирни кўрсатаяпти, бирга даволаниб чиққанларнинг кўпчилиги ёшлар… Демак, ажал келса, Азроил ёшингга қараб ўтирмас экан-да!

Айтмоқчи, қарийб икки ой давом этган чиллада қанчадан-қанча байрамларни нишонламасдан ўтказиб юбордик. Наврўз, ўалаба байрамлари ҳам чиллага кирди. Айниқса, мен бахт тўйларини мўлжаллаган ўғил-қизларимни аядим. Бахт жуфт бўлади, муҳаббат ёшида якка қолиш, яккаланиш – гўр азоби. Коронавирус бутун инсониятнинг бахт онларини тўхтатиб, қувонч базмларини кейинга қолдирди. Буни ёшларимиз яхши тушунади, деб ўйлайман.

Қўлимга қалам олсам, доимо уни улуғ Навоий, Бердақ боболаримизнинг теран ўйларига ўлчаб олардим. Лекин улар етган теранлик тубига биз бир умр ета олмасак керак. Ўзим иқтибос келтирган «Денгизга ёққан ёмғир саховат эмас»нинг етти ухлаб ҳали маъносига ета олмаяпман. Буюклар буюк-да, ҳазрати Навоийнинг қўққисидан келгандай ҳар бир сўзи, ҳар бир ибораси алвон маънолар англатиб, ҳар кимнинг онгида ҳар хил тасаввур уйғотади. Бугун эл бошига тушиб, этигимиз билан сув кечдирган кулфатлару ташвишларимиз буюк бобомизнинг мангу фалсафага айланган донолигига амалий исбот бўлди.

Замон кулфатидан сарғайдим, оздим,

Бўларми, деб яхши кунлар халқ учун

деган Бердақ бобомнинг мунгли оҳанглари билан Сардоба, коронавирус, карантин деган офатлар барҳам топиб, муқаддас рўзаи рамазон ойларида халқимизнинг, аҳли уламоларимизнинг рўшнолик дуолари мустажоб бўлишидан, янгидан отган фараҳбахш тонгдан умидлар кутиб қоламан.

 

Ўрозбой АБДУРАҲМОНОВ,

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси.

Дўрмон ижод уйи, 7 май 2020 йил


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: