Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
21.05.2020

«БОРИ ЭЛГА ЯХШИЛИҚ ҚИЛҒИЛКИ...»

Оламни таниш ўзингни танишдан бошланади, дейди донишмандлар. «Ҳақ йўли, албатта, бир ўтилғуси», дейди озодлик йўлларида қурбон бўлган улуғ шоиримиз Чўлпон. Дарҳақиқат, Ҳақ йўлидан ўтиб бораётган заҳматкаш элимиз бошига синовли кунлар тушди. Ота боласидан, фарзанд ота-онаси ҳолидан хабар олиш, қадрдон инсоннингни бағрингга босиб дийдорлашиш, тўй-ҳашамларда дўст корига яраб камарбаста бўлиш ҳам катта хатар туғдирмоқда. Айни пайтда халқимизнинг букилмас иродаси, эртанги кунга бўлган қатъий ишончи ўз аксини топиб турибди. Ҳар бир инсон, ҳар бир оила эътиборда бўлиши учун олиб борилаётган ишларни кўриб, инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун қўйилаётган ана шундай юртда яшаётганингдан ғурурланиб кетасан киши. Масалан, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Хайрияларни мувофиқлаштириш марказида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Ушбу марказ томонидан фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб Тошкент шаҳри бўйича манзилли рўйхат асосида аҳоли учун зарур бўлган бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари юк ташиш учун мўлжалланган автоулов билан муҳтож бўлган хонадонларга етказиб берилмоқда. Бу жараёнда ногиронлар, кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга катта эътибор қаратилаётгани жуда муҳимдир.

Нафақат айни хатарли вазиятда, балки шу кунимизгача ҳам ҳукуматимиз томонидан кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларга, ногиронлиги борларга жуда катта эътибор қаратиб келинди. Сўнгги йиллардаги ислоҳотларнинг барчаси инсон манфаатларига қаратилаётгани, уларнинг шиорларда эмас, амалда ўз натижаларини бераётгани, ҳозирги оғир бир дамларда давлатимиз раҳбарининг мана шундай одилона, инсонпарварлик сиёсати юртимизда коронавирус тарқалишининг олдини олиш, унинг оқибатларини бартараф этишда асосий роль ўйнаётгани жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам эътироф этилмоқда.

 Уйда қолиб, келган дарду балони енгиш, ёруғлик кунларга чиқиш умидида ўтирган элнинг кўнглига яна ғашлик тушди. Кутилмаганда яна бир ташвишли ҳодиса, Сардоба сув омборида сув тошқини юзага келди. Саросимада қолган, кўмакка муҳтож бўлган аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш ишлари тезкорлик билан амалга оширилди.

 Давлатимиз раҳбари Сардобадаги фавқулодда ҳодиса сабабли эвакуация қилинган аҳоли билан мулоқот қилиб, кўнгил сўраб, талафот кўрган жойларда турмуш шароитлари тез кунларда тикланиши, аҳолига ҳар томонлама кўмак берилишини таъкидлади.

— Шундай оғир пайтда ҳаммамиз сизларнинг ёнингиздамиз. Аввало, ҳар бир маҳаллага кириб, ўт ўчириш машиналари ёрдамида сувни қочирамиз. Қурилиш, таъмирлаш ва янги уйлар барпо этиш бўйича халқ билан маслаҳатлашиб иш тутамиз. Ҳаммасини секин-секин жойига қўямиз. Фермерларнинг масаласи ҳам даласига чиққан ҳолда ҳал этилади. Энг муҳими, ўзларингиз соғ-саломат, болаларингиз ёнингизда экан. Кўнгилни тўқ қилинглар. Худога илтижо қиламизки, бизга мададкор бўлсин, охирги кўрганимиз шу бўлсин, – деди Президентимиз.

Илоҳим, охирги кўрганимиз шу бўлсин! Кимнингдир уйи, кимнингдир моли, кимнингдир яшнаган боғи, палак отиб қолган экини пайҳон бўлди. Олисдамиз, аммо қалбимиз жабрдийда одамлар ёнида... Сувга қарасам ҳам, гулга қарасам ҳам кўнглимдаги ғашлик тарқамайди.

Сирдарёликлар эса юраги бутун, қадами дадил, ўз тақдири, ўй-хаёли, орзу-нияти – ҳаммасини ер билан, она тупроқ билан боғлаган меҳнаткаш халқ. Бу тупроқда яхши кунларини шовуллаб, ташвишу ҳасратларини шивирлаб буғдойзорларга айтадиган ор-номусли одамлар яшайди. Кун тиккага келиб, оташи гиёҳни қовжиратадиган паллани ҳам «Кўксимга шамол тегди», дея алқаб гапирадиган сабрли, мардона одамлар сирдарёликлар.

Журнал саҳифаси учун сардобалик бир бободеҳқон билан суҳбат қилганим ёдимдан чиқмайди. Кетмон дастасига таяниб, атрофни кузатаётган отахон ҳали туш пайти бўлмай туриб тут соясида дам олиб ўтирган ишчиларни кўриб, мени ёнига чақирди. Белбоғига юз-кўзини артиб: «Бу иссиқлар ҳам ғанимат, ҳайронман, одамлар нега сояга қочиб яшайди? Бир юртлар борки, тўрт томонини муз қоплаган, бир туп гиёҳ кўкармайди, одамзод яшолмайди. Бир тупроқлар борки, ерга уруғ қадасанг кун иссиқлигидан унмай туриб қовжираб қолади. Бу офтоб Худонинг бизга берган олий неъмати-ку. Турли мевага турлича таъм, турфа ранг бериб пишириб берадиган, қовун-тарвузга бол қуйиб, доннинг мағзини тўлатиб, хирмонини тўлдирадиган мана шу қуёш-ку! Шу ғанимат кунларда сояланмай, ернинг юрагига айланиш керак. Шунда ер тўйдиради, ундириб-ўстиради. Ер жигарбандига емай едирган, киймай кийдирган, ўзи абгор бўлсаям, боласини елкасига опичиб катта қилган онага ўхшайди. Рўзғор юки елкасини букчайтирган, битта тўни икки бўлмаса ҳам топганини миннат қилмаган, кўзидан меҳр қуйилиб турган отага ўхшайди. Қақраб ётган ерга битта уруғ ташлаб, бир ҳовуч сув қуйсанг, беш кунда униб чиқади. Бағрига кетмон солсанг, у сенинг этагингни ризқ-насибага тўлдиради. Авваллари деҳқон — деҳқон эмас, дили қон эди, болам. Пахта экиб, хирмонини тўлдирарди-ю, бироқ кўрпасига пахта ўрнига похол солиб ётарди. Оқ нонни оқ юзлилар еб, буғдойранг миллат сомонига эга бўлган, қийин кунларда зоғора чайнаб кун кўрган. Ўзимиз ҳам ўзимизни танимай ўтдик ўша даврларда... Тупроқ билан тиллашсанг қулоғи бор, сийласанг, синглинг, тингласанг аканг бўлиб жонингга оро киради. Гоҳида шу далалар отанг бўлади, онанг бўлади. Хайру саховатли бўлган одам кам бўлмайди. Қўшни нонга зор бўлиб ўтирсаю сенинг омборингдаги донни сичқон кемириб ётса, Худо хуш кўрмайди...»

Бу суҳбат бир неча йил аввал бўлиб ўтган, аммо хайрли ишни бугуни ва эртаси бўлмаганидек сирдарёлик бободеҳқонлар ернинг юрагига айланиб улгурган.

 Минг шукурки, шундай жиддий талафотдан халқимизнинг боши омон чиқди. Юртимизда коронавирус инфекцияси тарқалиши туфайли халқимиз ўзининг ҳамжиҳатлигини, саховатпешалигини намоён этаётган бўлса, Сардоба сув омборида юз берган ҳодисани бартараф этиш ва талафот кўрганларга ёрдам кўрсатишдаги жонбозликлари бунинг яна бир исботи мисолида намоён бўлмоқда.

Миллатимизга хос бўлган меҳр-мурувват, бағрикенглик ҳеч бир элда учрамайди. Мамлакатимизнинг барча вилоятларидан юборилаётган кўмак карвонларининг кети узилмайди. Албатта, бу беминнат ёрдамлар бошига синов келган инсонлар кўнгилларига мадад бўлади. Молидан, жойидан ажралган бўлса ҳам жони омонлиги, фарзандлари бағрида эканидан шукрона қилиб ўтирган юртдошларимиз кўнгилларини хушнуд этиши, шубҳасиз.

Худо хоҳласа, тез фурсатларда вайрон бўлган қишлоқлар янгидан бунёд бўлади. Одам боласининг тафаккури теранлигидан ўзидек ақлли машиналар ихтиро бўляпти. Инсон оёғи Марсгача етди. Демак, уни ҳайратлантириш, ҳаяжонга солиш, мағлуб қилиши осон эмас. Лекин дунёда яна бир куч борки, ундан келадиган ҳар ҳарорат, ҳар тафт ҳар қандай одамни ҳам ҳайратга солади. Бу – инсонни қадрлаш туйғуси, инсонга оқибат кўрсатиш, уни тоифаларга ажратмай, шунчаки Одам Ато, Момо Ҳавво авлодлари, башариятнинг бир парчаси, дея ҳурмат билан қараш ҳиссиёти.

Мавлоно Жалолиддин Румийда бир ҳикмат бор: «Агар Аллоҳ Каъбани ердан кўтариб қўйганда эди, одамлар сажда қилгани қибла қидириб бир-бирининг қалбларига юзланар эдилар». Бу – инсон азиз, дегани. Гарчи бугун Каъба ўз жойида турган бўлса-да, бизнинг мамлакатимизда фуқаролар учун яратилаётган бири-биридан мақтовли шароитлар туфайли орамизда қалбига қараб сажда қилсанг арзийдиган инсонлар кўпайди. Улар аввал ҳам бор эди, фақат бугунги янги замон тўлқинларида, синовли кунларда бор қадди-басти билан кўринмоқда.

Катта Фарғона каналини ҳашар йўли билан 45 кунда бунёд этган, кунни тунга улаб обиҳаёт келтирган матонатли эл, яна бир унутилмас жасорат тимсолига айланди. Бир тану бир жон бўлиб қудратли тўғон йўлини бир неча кунда жиловлаб, элу юртни хавф-хатардан сақлаб қолди. Эл бошига кетма-кет келаётган синовларда фидойи халқимиз янада ҳамжиҳат бўлди.

Ижтимоий тармоқлар орқали сув остида қолиб қулаётган уйлар, тўғон ўзанини бузиб отилган бўтана сувда оқиб кетаётган қўй-қўзилар, илдизи қўпорилган улкан дарахтларни кўриб бўғзимдаги тўғоним бузилгани рост. Аммо ўйласам юрагим ғурурга тўладиган ҳолатлар ҳам бор. Болажон халқим ҳеч нарсага қарамай боласини бағрига босган, кексаларини елкасига опичиб, болаларини пешига бойлаб кўмак келгунича омонда сақлаб турган. Ҳатто, уйи томидан тушмай, бир неча кундан бери кўкка қараб увуллаб ётган «вафодор»ни кўриб ҳам юрагим тўлқинланди. Лойқа босиб қолган уйини тарк этмаган, сингган ниҳоли бандини рўмоли билан бойлаб қўйган аёлни бориб маҳкам бағримга босгим келди...

Ҳаммаси ўрнига келади. Элим деган Юртбошимиз бор. Оддий одамлар орасида тупроқ кечган, эл боласини ўз боласидек бошини силаган, эл тинчини, фаровонлигини ўйлаб туну кун кўз юммаган меҳрибон, ғамхўр Президентимиз бор. Уйида борини ночорга тутган, яхши кўрган буюмини биродарларига илинган, тинчи йўқолганларни кўриб, хотиржамлигини йўқотган халқимиз бор. Яхши кўрган ўйинчоғини ёрдам карвонига бераётган болажоннинг кўзларидаги меҳр ҳар қандай балонинг йўлини тўсади. Ҳукуматимиз, олийҳиммат халқимиз кўмак учун бел боғлаб турган экан, ҳаммаси яхши бўлади. Ариқлардан зилол сувлар оқиб, яна ниҳоллар бўй чўзади. Хирмонлар донга тўлиб, тўй-тўйларга уланган кунлар келади. Бобом кимдандир кўнгли ранжиса: «Воҳ, шунча меҳр берсак ҳам бу эл бўлмади», дея ёзғирарди.

ЎЗБЕК МИЛЛАТИ БУГУН АСЛ ЭЛ БЎЛДИ. Эл бўлганда ҳам қон-қардош, елкадош бўлди. Яхши-ёмон кунингда камарбаста бўладиган, суянсанг тоғинг, қувонсанг боғинг бўладиган мардона элнинг борига шукур!

 

Мунаввара УСМОНОВА,

«Саодат» журнали бош муҳаррири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: