21.01.2020

ТИЛ – МИЛЛИЙ ЎЗЛИК НАМУНАСИДИР

Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида таниқли тилшунос олима, филология фанлари доктори, ЎзМУ профессори Раънохон Сайфуллаеванинг “Азыркы oзбек тилиндеги жoнoкой жай суйлемдердун синонимиясы” (Ҳозирги ўзбек тилида содда гаплар синонимияси) номли монографияси қирғиз тилида чоп этилди.

Дунё ҳамжамиятида ўзининг мустаҳкам ўрни ва нуфузига эга мустақил мамлакатимиз келажаги буюклигининг кафолати аввало замонавий фан-техниканинг илғор ютуқларини ўзлаштириш, янги таълимот ва ғояларни дадиллик билан фанга татбиқ эта олиш иқтидори билан белгиланади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида: “Ўзбек тили сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий жабҳаларда фаол қўлланиб, халқаро минбарларда баралла янграмоқда. Хорижий мамлакатларда тилимизга эътибор ва уни ўрганишга қизиқиш кучаймоқда”, дейилган.

Дарҳақиқат, тил – миллий ўзликни намоён қилишнинг юксак намунасидир. Миллий тил яшасагина, миллий давлатчилик, маданият ривожланади. Маънавият юксалади. Халқ миллий ўзлигини англайди ва қадрлайди. Ҳар бир миллатнинг тили ўзига хос хусусиятларга эга, бири иккинчисига ўхшамайди. Миллий тилнинг бу ўзига хослиги халқнинг ўтмиши, турмуш тарзи, маънавий ва маданий илдизлари, қадриятлари ва урф-одатларига асосланган ҳолда шаклланади.

Маълумки, битта фикр ёки мулоҳаза инсонлар томонидан турли қолипларга солиниб, ўзига хос тарзда баён этилади. Зеро, бир маъно ҳар хил шаклларда берилганидек, бир мазмун ҳам турли гаплар орқали ифодаланиши мумкин. Мана шу қолиплар – гаплардир. Европа Табиий Фанлар Академиясининг ҳақиқий аъзоси Раънохон Сайфуллаева – ўзбек тили лисоний қурилиш бирликларининг ички ва ташқи имкониятларини очиш ва тавсифлашга алоҳида эътибор қаратадиган субстанциал таҳлил ва талқиннинг қанот ёзишига ва таълимнинг барча бўғинларига кириб, таълим олувчида – ўрта таълим бўғинида она тили имкониятлари асосида мустақил ва ижодий фикрлаш кўникмаларини шакллантириш ва ривожлантиришга, олий таълим тизимида эса она тилининг бўлажак ўқитувчиларини ўзбек тилининг ички лисоний имкониятлари хазиналари билан таништириб, бу бойликдан ўқувчиларда илмий-бадиий тадбиркорлик хислатларини шакллантириш мақсадларида самарали фойдаланиш малакаларини ҳосил қилишга оид қатор дастур, дарслик ва ўқув қўлланмаларининг муаллифидир.

Жаҳон тилшунослигида синоним сўзлар ҳақида қатор илмий тадқиқотлар яратилган. Аммо мазмундош гапларнинг ўрганилишига умуман аҳамият берилмаган. Фанда ҳали ўрганилмаган мавзунинг ўзига хос, янгича кўринишда ёритилиши қирғиз олимларининг эътиборини тортди. Ўзбек олимасининг қирғиз тилидаги рисоласи атоқли тилшунослар, филология илмлари докторлари, профессорлар К.Зулпукаров ва М.Мирзоҳидовалар масъул муҳаррирлигида нашр қилинган.

Раънохон Сайфуллаеванинг қирғиз тилида чоп этилган мазкур монографияси кириш ва тўрт бобдан иборат бўлиб, унда ўзбек тилида синоним гапларнинг шаклланишида қандай воситаларнинг қўлланиши, синонимия ҳодисасининг бошқа синтактик ҳодисалардан фарқлари, синоним содда гаплар турлари, қўлланиши каби қатор масалалар мисоллар ёрдамида таҳлил этилган.

 

Ҳулкар ҲАМРОЕВА,

филология фанлари номзоди.



Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: