10.12.2019

ИСЛОҲОТЛАР АМАЛДА НАТИЖА БЕРАЯПТИ

Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг маърузасини телевизорда кўрдим, газетада ўқидим. Жамоатчиликка қарата айтилган ҳар бир гапнинг мағзини чақишга ҳаракат қилдим. Айниқса, “Қонун устуворлиги – бу давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари чиқараётган ҳужжатлар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунларга мувофиқ бўлиши шарт, деганидир. Шу боисдан ҳам барча бўғиндаги кадрлар, у хоҳ вазир, ҳоким ёки оддий фуқаро бўлсин, Конституция ва қонунларни пухта билиши, уларнинг ижросини тўғри ташкил этиши ҳамда биринчи навбатда бу қоидаларга бутун жамият аъзолари қатъий амал қилиши шарт бўлган муҳит яратишимиз зарур”, деган сўзлар юрагимдан чуқур жой олди.

Конституциямизда шахс, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари барча нарсадан устунлиги эътироф этилган, Бу аждодларимизнинг эркин ҳаёт, фаровон жамият ва адолатли давлат барпо этишдек энг эзгу тилаклари ва улуғ орзулари рўёбидир.

Шўро тузуми даврида фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига эътибор давлат манфаатларидан кейинги ўринга қўйилган. Мустақиллик йилларида қабул қилинган Конституциямизнинг 13-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланиши, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Лекин йиллар давомида оддий халқнинг дарди ичида йиғилиб қолди, уни тинглайдиган раҳбарнинг ўзи йўқ эди. Мана энди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, жойларда Халқ қабулхоналари, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилди, уй-жой, тиббий хизмат, меҳнат қилиш, миграция, таълим, аграр соҳа, тадбиркорлик ва бошқа-бошқа муаммолар ҳал бўла бошлади.

 Бу мени, атрофимдаги ҳамфикрларимни янада қувонтиради, айниқса, ёшларимизнинг эртанги кунга ишончини янада орттиради. Чунки одамлар ислоҳотлар самарасини келажакда эмас, балки бугун ўз ҳаётида ҳис этиши зарур.

Сайловлар жараёнида улкан ислоҳотлар бораётгани партиялардан қўйилаётган номзодлар билан учрашувларда ҳам сезилиб турибди. Халқ “Янги Ўзбекистон: янги сайловлар” форматидаги вакиллик органларига бўлажак сайловдан Ўзбекистон профессионал парламент шаклланса, депутатлар мажлисларда аввалгидай қўл кўтариб, аввалдан тайёрланган ҳужжатларни тасдиқлашини эмас, балки бу ҳужжатларнинг халқ фаровонлигига қанчалик дахлдорлигини билишни истаяпти.

Конституциямизда ҳар бир шахснинг ўз фикр ва мулоҳазаларини эркин ва мустақил тарзда ифода этиши учун имконият яратилиб, сўз ва эътиқод эркинлиги кафолатланган. Унинг ҳар бир моддаси биз учун дастурил¬амалга, ҳаётимиз қоидасига айланиши зарур. Бунинг учун уни мактабларда, олий ўқув юртларида, маҳалла ва меҳнат жамоаларида доимий тарзда ёшларга ўргатиб боришимиз лозим, деб ҳисоблайман.

Шу ўринда Халқ таълими тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида бир оғиз тўхталиб ўтмасам бўлмайди. Президентимиз бу борадаги барча ислоҳотлар биринчи навбатда жамиятимиздаги ўқитувчининг мавқеини оширишга қаратилиши лозим, деган талабни қўйди. Ўтган йиллар давомида ўқитувчиларни мажбурий меҳнат ва турли тадбирларда иштирок этишга мажбурлаш амалиётидан воз кечилди. Улар мажбурий обуна, турли хил ташкилотларга аъзолик бадалини тўлаш, чипта сотиб олиш, ойлигининг бир қисмини ноқонуний ҳашар орқали қайсидир ташкилотга ўтказиб бериш каби кўплаб керак-нокерак даҳмазалардан қутилди.

Илгари халқ таълими тизими ходимларининг ўртача ойлик маошлари республикадаги ўртача ойликдан анчагина пасайиб кетган эди. Эндиликда алоҳида қарор билан педагогларнинг ойликлари оширилди. Ушбу жараённи тизимли равишда олиб бориш учун 2030 йилгача халқ таълими тизимини ривожлантириш концепциясида ҳам ўқитувчиларнинг ойликлари босқичма-босқич ошириб бориш режалаштирилган. Биз албатта бундай ислоҳотлардан хурсандмиз.

 

Хуршида РИЗАЕВА,

Самарқанд шаҳридаги 37-ихтисослашган

 давлат умумтаълим мактаби ўқитувчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: