15.10.2019

Муаммо, таҳлил ва ечим

Пойтахтимизда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг навбатдаги қурултойи олдидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда мутахассислар томонидан тизимда амалга оширилган ишлар, келгуси режалар таҳлил этилди.

Дастлаб, Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти Марказий бошқаруви раиси Эргаш Норпўлатов жамиятнинг сўнгги беш йиллик фаолияти хусусида тўхталиб ўтди.

— Бугунги кунда жамиятимиз тизимида 14 ҳудудий, 178 та маҳалий бўлинмалар ҳамда 46 та ўқув-ишлаб чиқариш корхонаси фаолият олиб бормоқда, — деди у. — Инсон ҳаётида меҳнат ва бандлик масаласи муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, ногиронлиги бўлган инсонлар бандлигини таъминлаш долзарб масалалардан бири ҳисобланади.

Айни вақтда жамиятимиз аъзолари сони 46 минг нафардан ошди. Шундан 2848 нафари иш билан таъминланган, холос. Албатта, мазкур рақам билан мақтаниб бўлмайди, бу соҳада ҳали кўп ишлар қилиниши лозимлигини англатади. Шунингдек, кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олишида ҳам ечимини кутаётган муаммолар бор. Мактаб-интернатларда таҳсил олаётган болалар учун махсус ўқув қуроллари, дарсликлар етишмайди. Натижада ногиронлиги бўлган болаларнинг тўлақонли билим ва кўникмаларни эгаллашига салбий таъсир кўрсатмоқда. Жамиятимиз юқоридаги муаммоларни ҳисобга олиб, Жанубий Кореянинг «FREINDAZIA» ташкилоти ўртасида 39 минг АҚШ доллари миқдорида шартнома имзолади. 3000 дона ўқув қуроллари харид қилиниб, 2300 донаси ўқувчиларга етказиб берилди. Қолгани эҳтиёжманд кўзи ожиз болаларга тарқатиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Республика кўзи ожизлар босмахонаси томонидан таълим муассасалари учун 75 номда ўқув дарсликлар нашр қилинди. Қарши шаҳридаги «Мавҳумот оламига маълумот» тифлоахборот мажмуаси томонидан кўзи ожизлар кутубхоналарига 106 номдаги брайль адабиётлар етказиб берилди. Келгусида бундай хайрли ишларни янада кўпайтиришни мақсад қилганмиз.

Яна бир гап. Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга оид комплекс чора-тадбирлар Дастурида белгиланган вазифаларнинг айримлари ижроси суст кетмоқда. Масалан, мазкур ҳужжатда катта ёшли кўзи ожиз инсонларнинг саводхонлигини ошириш мақсадида умумтаълим мактаблари негизида брайль ёзувини ўргатиш бўйича махсус курслар ташкил этиш вазифаси белгиланганди. Халқ таълими, Молия, Адлия вазирликлари билан ҳамкорликда Низом лойиҳаси тайёрлаб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди. Аммо унинг амалиётга киритилиш кечикмоқда. Жамият ҳисобида рўйҳатга турган аъзоларнинг 21,9 фоизи барйль ёзувида саводхон эканлиги мазкур низомни тасдиқлашни кечиктириб бўлмаслигини курсатади.

Анжуман доирасида сўзга чиққанлар сўнги йилларда жамият миқёсида грантлар билан ишлаш ҳолати яхшиланганини таъкидлашди. Улар 5 йил мобайнида 35та грант лойиҳаси асосида долзарб масалалар ечимига қаратилган ижтимоий лойиҳалар амалга оширилганини билдиришди.

Тадбирда Кўзи ожизлар жамиятининг навбатдаги XVIII қурултойида кўриладиган масалаларга ҳам  тўхталиб ўтилди. 2019-2024 йилларда Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури лойиҳаси ва унда белгиланган вазифалар муҳокама этилди.

 

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: