08.10.2019

КИТОБ – БЕБАҲО ХАЗИНА, МАЪНАВИЙ БОЙЛИК

Пойтахтимизда 2-4 октябрь кунлари “Tаshkent Book Fest” халқаро китоблар кўргазмаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги манфаатдор вазирлик  ва идоралар ҳамкорлигида “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуасида “Tаshkent Book Fest” номли халқаро китоблар кўргазмаси ўтказилди.

Кўргазма иширокчилари, айниқса, ёшлар мазкур ярмаркада хорижий ва маҳаллий нашриётлар томонидан тақдим этилган мингга яқин янги ва нодир китоблар билан яқиндан танишиш, чет эл ва ўзбек адабиёти намояндалари, сўзи ва қалами ўткир муаллифлар билан учрашиш имконига эга бўлдилар.

— Мен бу каби кўламли кўргазмада биринчи марта  иштирок этишим. Китоб ўқиш жону дилим. Айниқса, бадиий китоблар менга жуда ёқади. Севимли ёзувчиларимиз Абдулла Қодирий, Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимовларнинг асарларини яхши кўриб ўқийман. Уларнинг ҳар бир асаридан  қаҳрамон танлаб, воқеалар жараёнида ўзимга хулоса чиқараман. Умуман олганда, китоб менинг энг яқин дўстим ҳисобланади, — дейди биз билан суҳбатда Тошкент Давлат педагогика университети биринчи курс талабаси Динара Тўлқинова.

Халқаро китоб кўргазмасида ёзувчи, шоир, китоб графикаси усталари — моҳир рассомлар билан фикр алмашиш, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиш кўпчилик ёшлар учун аввало тажриба, қолаверса, ўзига хос маҳорат сабоқлари ҳам бўлди. 

— Менинг севимли ёзувчим Саид ­Аҳмад ҳисобланади. Унинг биттагина “Уфқ” романи қаҳрамонлари — Икромжон ва Жаннат холанинг ёлғиз фарзанди Турсунбойнинг тақдири шунчалик маҳорат билан ифодаланганки, ўқувчини ўз оламига олиб кетмай қолмайди, — дейди яна бир иштирокчи, Тошкент Давлат юридик университети иккинчи курс талабаси Шоҳжахон Йўлдошбоев. — Буни қарангки, шунчалик ардоқда ўсган Турсунбой катта бўлганида ота-онасига раҳмат олиб келиш ўрнига қўрқоқлиги сабабли урушдан қочиб, бир неча йиллар яшириниб юради. Онаизор эса турмуш ўртоғидан яширинча боласи учун жангалзор, қамишзорлар ичида бекиниб юрган ўғлига нонушта олиб келади...   

Бир сўз билан айтганда, китоблар учун сарфланган ҳар қанча вақт ёки маблағ албатта  бир кун чуқур билим, мустаҳкам ирода ва собит характер бўлиб ўзимизга қайтади.

Тадбир сўнггида бир қатор  акциялар ҳамда китоб танловлари ўтказилди.

 

Умида НИШОНОВА,

ЎзЖОКУ 2-курс талабаси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: