23.12.2019

ОЛИЙ СУД ВА ОАВ ХОДИМЛАРИ ҲАМКОРЛИГИ

инсон ҳақ-ҳуқуқи ва қонуний манфаатлари ҳимояcига хизмат қилади

Мамлакатимиз Олий суди маъмурияти ибратли ташаббус билан чиқди: ОАВ вакилларининг вилоят судлари фаолияти билан яқиндан танишишлари  учун пресс-тур ташкил этилди.

Олий суд, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва АҚШнинг халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” лойиҳаси асосида ташкил этилган ушбу тадбирдан кўзланган бош мақсад – судлар фаолиятида очиқ-ошкораликни таъминлашда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан иборат эди.

Биринчи манзил бундан уч ой олдин фойдаланишга топширилган. Сирдарё вилояти Оқолтин тумани маъмурий ҳамда туманлар­аро иқтисодий суди жойлашган бино бўлди.

Замонавий талаблар даражасида барча коммунал шарт-шароитларга эга мазкур иншоот энг сўнгги русумдаги ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган.

        Суд тизимига жорий этилаётган ахборот коммуникациялар тармоғи фуқаролар вақтини тежайди ҳамда харажатини камайтиради, – дейди Сирдарё вилояти маъмурий суди раиси Абдухалил Аҳмедов. – Е-SUD миллий электрон судлов ахборот тизими ўзини оқлади. Фуқаролар Ўзбекистоннинг исталган жойидан бизга мурожаат қилишлари мумкин. Ўн ойда 360 дан зиёд иш кўрилди. Шулардан 200 нафардан ортиқ фуқаронинг бузилган ҳуқуқи тикланди. Ер-мулк, кадастр хизмати, ФҲДЁ, нотариал идоралари фаолиятидан норози бўлиб, шикоят қилувчилар нисбатан кўп. Маъмурий ҳуқуқбузарликка оид 21 мингдан зиёд иш кўрилган. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, лицензиясиз фаолият юритаётганларга бир ой муҳлат берилади. Агар фуқаро шу муддатда тегишли ҳужжатни тўғрилаб, қонуний фаолиятга киришса, мол-мулки қайтариб берилади.

      Жиззах вилояти Ғаллаорол туманлар­аро фуқаролик суди биносига келганимизда бизга Олий суд раиси ўринбосари Холмўмин Ёдгоров пешвоз чиқди.

– Журналистлар билан ҳуқуқшунослар ўртасида   алоқа қанчалик яқин бўлса, халққа шунчалик фойда, – дейди Холмўмин Ёдгоров. – Тўққиз ойда иқтисодий судларда 22 мингдан зиёд иш кўрилиб, тадбиркорларга 975 миллиард сўм ундириб берилди. Маъмурий судларда давлат ва назорат идоралари фаолиятидан шикоятлар бўйича 3600 дан ортиқ иш кўрилди. 1600 нафардан зиёд фуқаро судлар томонидан оқланди.

Жамоатчилик фикри бизга оммавий ахборот воситалари орқали етиб келади. Биз жуда кўп маълумотларни аҳолига тўлиқ етказиб бера олмаяпмиз.

Тўғри, судлар ва ОАВ ходимлари ўртасида ҳамкорлик бор. Биз бу алоқани янада кенгайтиришимиз керак. Фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтиришга катта эътибор қаратяпмиз. Иқтисодий ва фуқаролик ишлари бўйича жараёнларда судгача, суд муҳокамаси даврида томонларни  яраштириш чораларини кўряпмиз. Суд эшиклари журналистлар учун очиқ. Фақат битта шарт: аҳолига холис ахборотни етказиш керак.

Ўзаро мулоқотдан сўнг суд мажлиси залларини, судьялар, прокурор ва адвокат хоналарини кўздан кечирдик. Фуқаролик ишлари бўйича судларга интернет орқали суд биносига келмасдан мурожаат этиш ва суд қарорларини олиш имконини берувчи ахборот тизими афзалликлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Автобусимиз Самарқанд шаҳрига етиб келганида вақт алламаҳал бўлиб қолганди. Эрталаб пештоқига “Тайлоқ туман суди” деб ёзилган бино олдида  Холмўмин Ёдгоров билан яна учрашдик.

Суд биносига кирамиз. Кутиш залида фуқаролар учун барча шароитлар яратилган. Шу залда судьянинг қабул хонаси ҳам бор. Тўртта суд кетма-кет жойлашган. Биноси чиройли, замонавий жиҳозланган.

Жиноят ишлари бўйича Тайлоқ туман судининг иккинчи қаватида суҳбатимиз давом этди.

— Ҳуқуқий ислоҳотлар барча соҳада ўзининг ижобий самарасини бераётир, - дея гапида давом этди Холмўмин Ёдгоров. – 6078 нафар фуқаро яраштирилди, 2497 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод этилди. Шу кунларда Самарқанд вилоятида юзлаб маҳкумларни жазодан озод этиш бўйича ҳужжатлар ўрганилмоқда.

Дарвоқе, ЖИБ Тайлоқ туман судида қувончли воқеанинг гувоҳи бўлдик. Муқаддам содир этган жинояти учун ахлоқ тузатиш ва озодликни чеклаш жазоларини ўтаётган 5 нафар шахсга нисбатан кўрилаётган ишда иштирок этдик.

Жиноят ишлари бўйича Тайлоқ туман суди раиси Марат Эргашев маҳкумларнинг ишини кўриб чиқиб, улар ўз жиноий ҳаракатларининг салбий оқибатини тушуниб етганлиги ва пушаймонлиги учун  ЖКнинг 73-моддаси талаби асосида жазонинг қолган қисмини ўташдан шартли равишда озод этди.

Соҳадаги долзарб мавзулар, гувоҳ бўлганимиз – воқеа-ҳодисалар юзасидан қизғин суҳбатга берилиб, Бухорога етиб келганимизни сезмай қолдик.

ФИБ Ромитан туманлараро судининг маъмурий биносида туманлараро иқтисодий суди ҳам жойлашган экан. Бу ерда фуқаролар Е-SUD миллий электрон тизими орқали ўзлари томонидан киритилган даъво аризалари юзасидан чиқарилган ҳал қилув қарорларни тўғридан-тўғри интернет орқали кўришлари мумкин. Бу ерда шу йилнинг ўн бир ойида 1846 та иш кўрилган. Айтиш керакки, 43,2 фоиз ишлар сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган “Судларнинг очиқлиги ва шаффофлиги – инсон ҳуқуқини ҳимоя қилишнинг муҳим омили” мавзудаги халқаро конференцияда Олий суд раиси ва судьялар. маҳаллий ҳамда хорижлик журналистлар, чет эллик юристлар иштирок этди.

– Судларнинг чинакам мустақилигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар бўйича аҳолига холис маълумот етказиш муҳим, – деди Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов. – Судлар фаолиятида очиқ-ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш бўйича кейинги уч йилда кўп иш қилинди. Журналистлар фуқаро билан давлат ўртасидаги воситачи ҳисобланади. Судлар ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги бу каби ҳамкорлик жуда зарур.

Очиғи, ОАВда баъзида малака етишмайди. Журналист оилавий, иқтисодий, маъмурий, жиноий соҳалар бўйича ихтисослашиши керак. Судларда очиқлик қандай, қайси даражада бўлиши лозим? Очиқлик қайси шаклда бўлиши зарур, қайси масалани қай шаклда ёзиш ўз самарасини беради? Оилавий низоларни ёритишда нималарга эътибор қаратиш керак? Бугун пресс-тур биринчи марта ўтказилаётир. Кейинги пресс-турни соҳалар бўйича олиб борсак мақсадга мувофиқ бўларди. Биз ҳар доим мулоқотга тайёрмиз.

– Ўзбекистонда судлар фаолиятида катта ўзгаришлар бўляпти, – деди америкалик тадбир иштирокчиси Шэрон Рейес. – Биз уч кун туман судлари фаолияти билан яқиндан танишдик ва лавҳа тайёрладик. Лойиҳа доирасида Олий суд билан яқин ҳамкорлик қиламиз. Бу суд тизимига ишончни оширади. Лойиҳамиз аҳолининг ҳуқуқий билимини юксалтиришга ҳам хизмат қилади.

Хорижлик эксперт Жеймс Бриндлейнинг фикрлари ҳам эътиборга молик бўлди.

– Мен тўрт йилдан кейин яна Ўзбекистонга келдим, – деди у. – Кўп ўзгаришларни кўрдим. Сўнгги йилларда ўзбек журналистлари ошкораликни таъминлашга катта эътибор қаратяпти. Судлар фаолиятида янада ошкораликни таъминлаш йўлида қатор ишлар қилиниши керак, деб ўйлайман. Судлар журналистларга сўралган маълумотларни тез ва қисқа вақтда  бериши керак.

Олий суд томонидан биринчи марта ташкил қилинган пресс-тур иштирокчиларга  маъқул ва манзур бўлди. Очиқ-ошкораликни таъминлаш йўлида биз журналистлар ҳали кўп изланишимиз, ўқиб-ўрганиб, ҳуқуқий билимларимизни ошириб боришимиз зарурлигини яна бир бор англадик.

Бир сўз билан айтганда, судлар фаолиятидаги очиқлик ва ошкоралик одил судлов орқали фуқаролар ҳақ-ҳуқуқи ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясига хизмат қилади.

 

Равшан ШОДИЕВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: