19.11.2019

Одамлар ишончини қозониш,

дардига малҳам бўлишдан улуғ саодат йўқ

Давлатимиз раҳбарининг халқпарвар ва бағрикенгликка асосланган сиёсати ҳақида гап кетганда, жорий йил 8 январдаги "Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорини тилга олиш кифоя.

Сўзимизни Паркент туманидаги иккинчи сектор фаолияти мисолида давом эттирадиган бўлсак, одамларни рози қилишга қаратилган ислоҳотнинг аҳамиятини чуқурроқ англаймиз.

Туман прокурорига бириктирилган 9 та, жумладан, "Обжувоз", "Сурхи", "Гулбоғ", "Бойқозон", "Истиқбол", "Яшнобод", "Мозорхожи", "Қайилма", "Боғбон" маҳаллаларидаги жами 4 минг 108 та хонадонда 24 минг 82 нафар фуқаро истиқомат қилади. Шунча одам билан мунтазам ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш осон эмас. Лекин вақт кутиб турмайди-да. Аҳолини сарсон қилмаслик учун сектор штаби "Қайилма" маҳалласидаги шинам бинога жойлаштирилди.

Тартиб-интизом, тезкор ва аниқликни ошириш мақсадида замонавий штаб техник воситалар билан тўлиқ таъминланди.

Сектор ҳудуди аҳолисининг аксарияти ўз муаммосини штабга кўтариб келишга уялади. Аммо, ким қайси муаммо билан келар экан, деб кутиб ўтиришга фурсат йўқ. Одамлар дардини уйма-уй юриб, маҳаллаларда учрашувлар ўтказиш орқали эшитиш ва уларни қисқа вақтда ҳал қилишга тўғри келаяпти. Ана шундай юзма-юз мулоқотларда ўтган давр мобайнида 219 та муаммо аниқланди. Улар, асосан, ишга жойлашиш, газ ва электр таъминоти, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, саломатликни тиклаш, уй-жой таъмири, моддий кўмакка муҳтожлик билан боғлиқ бўлиб чиқди. Муаммоларнинг 197 таси ҳал этилди. Бироқ, 22 таси қўшимча вақт ва маблағ талаб қилиши маълум бўлди. Шу масала юзасидан ишлаб чиқилган "Йўл харитаси"га қолган муаммолар ҳам киритилди. Айни вақтда улар ўз ечимини топиш арафасида.

Давлатимиз раҳбарининг халққа яқинлашиш зарурлиги тўғрисидаги талаби аҳамиятини шундай лаҳзаларда англаб етаркансан, киши. Масалан, "Обжувоз" маҳалласида истиқомат қилувчи 5 та оила уй-жойга муҳтож эканини билдирган эди. Бир қарашда, муаммонинг ечими йўқдек кўринади. Лекин, дилдан айтилган гапларни ҳис қилганингда, муҳтожлик машаққатларини тинглаганингда, кўзлардаги умид учқунларини кўрганингда ўз-ўзидан изланиш, бор имкониятни ишга солишга ғайратинг ошиб кетар экан.

Обжувозлик беш оилага уй-жой олишлари учун узоқ муддатга имтиёзли, қулай шартлардаги ипотека кредитларининг бошланғич бадаллари маблағи ҳам осонгина топилди. Янги уй орзуларга қанот, ишончга пойдевор бўлса, ажабмас.

Орамизда яна шундай одамлар борки, "Қани энди, маблағим бўлса-ю, тайинли бир ишни бошидан тутиб, дастурхонимни тўкин қилсам", деб юраверади. Шундай кайфиятда юрган 18 та кам таъминланган оилага кам фоизли кредит, айримларига эса, фаол тадбиркорларимиздан ҳомий бириктирилди. Бугун уларнинг турмуши яхши, муҳими, эртанги кунга ишончи баланд.

Иккинчи секторда 314 нафар фуқаронинг ногиронлиги бор. Уларга зарур бўлган протез-ортопедия анжомлари, аравачалар ҳам босқичма-босқич етказиб берилмоқда. Шунингдек, эҳтиёжманд ва ногиронлиги бўлган шахслар яшаётган оилаларга ташаббускор ҳомийларни жалб қилган ҳолда бепул қорамол ва бошқа турдаги чорва моллари ҳамда 4 та хонадонга 50 бошдан парранда тарқатилди. Шу билан бирга, эҳтиёжманд оилаларнинг 52 тасига тижорат банклари томонидан 936 млн. сўм кредит ажратилди.

Ҳудуддаги "Истиқбол" ва "Сурхи" маҳаллаларини сув билан таъминлаш елкада тоғни кўтариб туришдек машаққатли бўлгани рост. Бир нечта идоралардан ёрдам сўраш, маслаҳатлашувлар билан охир-оқибат ўша икки кўчага янги сув қудуғи қазилиб, жами 17 км. 200 метр узунликда ичимлик суви қувурлари тортилди. "Боғбон" маҳалласида 1 минг 357 метр узунликда ичимлик суви қувурлари тортилиб, айрим хонадонлардаги  муаммо тўлиқ бартараф этилди. Шу маҳалланинг барча кўчасига асфальт ҳам ётқизилди.

Туманда тадбиркор қанча кўпайса, иш билан банд бўлган одамлар сони шунчалик ортади. Оилаларга барака, фаровонлик киради. Давлат иқтисодининг қуввати ортишида ҳам тадбиркорларимизнинг ҳиссаси катта, албатта. Шу боис, ҳудудда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида барча куч ва воситалар сафарбар этилаётир. Солиқ, энергия ресурслари тўловидаги имтиёзлар бўладими, маҳсулотни сотишдаги эркинликми, хуллас, ҳамма шароит муҳайё қилинди. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, туманда тадбиркорлар сонини кескин оширишга бу эътиборларнинг ўзи етарли эмас экан.

Аҳолининг табиатидан келиб чиқиб, ҳудудда томорқалардан самарали фойдаланиш ва тадбиркорликни кенг йўлга қўйиш истагини билдирганларга маслаҳат, йўл-йўриқ, яқиндан кўмак кўрсатиш учун 100 кишидан иборат 10 та ишчи гуруҳ ташкил этилди. Жами 88 гектар ерга помидор, пиёз, бодринг, сабзи, картошка каби сабзавотлар экилди. Бундан ташқари, 3 минг 946 та хонадонда чорва, парранда боқишга шароитлар мавжуд бўлиб, уларда 3 минг 917 бош йирик шохли, 6 минг 634 бош қўй ва эчки, 11 мингга яқин парранда боқилаётгани аҳолининг турмуш даражаси яхшиланаётганидан дарак беради.

Шу билан бирга, сектор ҳудудида истиқомат қилаётган оилаларни "Ҳар бир оила – тадбиркор" концепцияси асосида тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида ишлаб чиқилган режа графигига асосан, шу кунга қадар 86 нафар фуқарога банк кредитлари берилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида олиб борилган ишлар натижасида 282 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди ва 200 га яқин янги иш ўринлари яратиш масаласи ҳал этиладиган бўлди.

Сектор ҳудудида жорий йил учун 3 млн. 500 минг долларлик инвестиция жалб этиш белгиланган эди. Ўтган олти ой мобайнида 1 млн. 500 минг долларга яқин инвестиция ўзлаштирилди. Сектор ҳудудида экспорт режаси 3 млн. 11 минг доллар бўлиб, биринчи август ҳолатига кўра, экспортёрлар ҳисобига 1 млн. 624,6 минг доллар маблағ келиб тушди.

Яширишга ҳожат йўқ, сектор ҳудудининг айрим кўчалари мультфильмдаги "порлоқ йўл совхози"ни эслатиб юборарди. Кеч кириши билан йўлни кесиб ўтаётган одамлар кўпаяди. Турган гапки, бу айрим турдаги жиноятларнинг содир бўлишига шарт-шароит яратиши кўпчиликнинг хаёлига ҳам келмасди. Қонунчилигимизда эса жиноят содир этилишига қулай шароит яратиб берганларни ҳам жиноятга шерик, деб ҳисобланишини инобатга олсак, зимистон кўчаларни кўра-била туриб, ўз ҳолига ташлаб қўйиш мумкин эмаслигини теранроқ тушуниб оламиз. Бундан ташқари, айрим кўчаларимизда пиёдалар йўлакчасининг йўқлигига ҳам кўз юмиб бўлмайди. Ушбу масала кимларгадир бир қарашда унчалик муҳим эмасдек кўринар. Бироқ, кўчалар четида пиёдалар йўлакчасининг йўқлиги туфайли одамлар ноиложликдан автомобиль йўлига чиқиб кетиши оқибатида юз берадиган кўнгилсизликлар ҳақида ортиқча тўхталиб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.

Бу икки масала жиноятчиликка қарши курашишга дахлдор экан, демак, унинг ечимини кечиктириб бўлмаслиги ўз-ўзидан аён. Бажараяпмиз, амалга ошираяпмиз, деб зимистон кўчаларга бепарво юраверилиши ортидан кимдир бехосдан жиноятчига, яна кимдир қурбонга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Шу боис, ҳудуддаги кўчаларда Ободонлаштириш бошқармаси томонидан 1,2 км. узунликда пиёдалар йўлаклари қурилди. Ўрганишлардан келиб чиқиб, умумий 3,2 км. узунликдаги баъзи кўчаларга тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Натижада, тегишли ҳудудлардаги аҳолининг хотиржамлиги таъминланди.

Жиноятчиликнинг олдини олиш мақсадидаги профилактика тадбирлари натижасида жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида сектор ҳудудида содир этилган жиноятлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 тага, яъни 65 фоиз камайишига эришилди.

Ўтган давр мобайнида сектор ҳудудида одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш мақсадида 30 дан ортиқ сайёр қабул ўтказилганда, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга ҳам катта эътибор берилди. Аҳоли билан очиқ мулоқотларга тумандаги қатор ташкилотлар мутасаддилари, маҳалла вакиллари, жамоатчилик фаоллари имкон қадар кўпроқ жалб этилди.

Учрашувларда ҳудудда профилактик ишларнинг савияси, жиноятчиликни жиловлаш борасида жамоат ташкилотларининг фаоллиги ҳам таҳлил қилинди. Содир этилган жиноятларнинг туб сабаблари ўрганилиб, қизғин муҳокамаларга, савол-жавобларга кенг ўрин берилди. Аҳоли билан ҳар қандай масалада ўтказилган учрашувларда ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликка муросасизлик кайфиятини шакл¬лантириш зарурати ҳақида доимий сўз очилиб турди.

Аҳолини ўйлантириб, ташвишга солиб келаётган муаммоларга ечим топиш, ҳар бир оиланинг фаровон турмуш кечиришини таъминлаш мақсадида одамларимизнинг ўзидан ҳам кўп яхши таклифлар чиқаяпти. Қувонарлиси, бунёдкорлик, ободлик ишларига одамларда ҳавас уйғониб, хайрихоҳлик кайфияти кучаймоқда.

 

Дилшод ИСМОИЛОВ,

Паркент тумани прокурори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: