15.10.2019

«... ҚАМОҚДАН ОЗОД ЭТИЛСИН!»

Бу қудратли, бебаҳо сўзларни маҳкума аёллар ўн йил, ўн икки йил орзиқиб кутишган эди...

Энг гўзал аёл ким, деган саволга бир донишманд «Боласини бағрига босиб, эмизаётган аёл», деб жавоб берган экан.

Бу таърифда аёлнинг оналиги, мўъжизалиги, меҳридарёлиги, ибоси, чиройи, мунислиги, муқаддаслиги... барча-барча фазилатлари ўз ифодасини топган.

Энг хуник аёл ким, деган саволга, «аёлнинг хуниги бўлмайди», деган қадим жавоб бор.

Агар энг бахтли аёл ким деб сўралса, яратган фарзанд ато этган аёл, фарзандининг бешигини тебратиб, алла айтаётган аёл, фарзандининг қўлидан етаклаб болалар боғчасига олиб бораётган аёл, боласининг туғулган кунига ширин овқат тайёрлаётган аёл, боласининг камолини кўрган аёл, боласининг тўйига бош бўлиш насиб этган аёл, боласининг «Онажон, сизни яхши кўраман» деган сўзларини эшитган аёл, одамлардан «Шундай фарзандни тарбиялаганингиз учун раҳмат сизга!» деган сўзларини эшитган аёл, деб жавоб бериш мумкин.

Аммо қўлига кишан солинган, банди этилган, темир панжара ортида турган аёлчи?..

Болаларини чирқиратиб қолдириб, қамоқда ўтирган аёлчи?.. Озодликнинг қадрига етмаган,  иссиқ уй-жойининг, гулдай фарзандларининг шукронасини қилмаган аёл-чи?.. Оилани пароканда қилган, ота-она юзини ерга қаратган аёлчи? Аёллик шаънини ­оёқости қилган, оналик бурчини унутган аёлчи?..

Бундай аёлларда гўзалликни, зебони, ҳаёни, латофатни, муқаддасликни... кўриш мумкинми? Улар масъулиятсизликданми ёки калтафаҳмликданми,  ҳуқуқий саводсизлик сабабми, ночорликми, енгил йўллар билан пул топиш истагими, нафс балосига йўлиқишми, шайтоннинг васвасасига учишми?.. Ҳар ҳолда, улар жиноятга, оғир жиноятларга қўл уришган... Бир марта судланиб, хулоса чиқармаган, иккинчи марта жиноят содир этган, яна тавба қилмай, учинчи марта жиноят кўчасига кирган. Охир-оқибат «ўта хавфли жиноятчи»га айланиб, узоқ йилларга озодликдан маҳрум этилган. Кўплари 8-10 ёки 12 йилдан буён қамоқда ўтирибди. Улар орасида қилган жинояти тўғрисида чуқур ўйлаб кўриб, чин дилдан пушаймон бўлганлари, минг пушаймон бўлганлари, соғлигига путур етганлари оз эмас. Улар ўз ишларини назорат тартибида кўриб чиқилишини сўраб, Олий судга ариза ёзишмоқда, ўз оилалари бағрига, фарзандлари ёнига қайтаришларини ўтиниб-ўтиниб сўрашмоқда.

Яқин-яқингача бу хавфли жиноятчилар, яъни рецидевистлар озодликка чиқишларини сўраб деярли ариза ёзишмасди. Ёзган тақдирда ҳам уларнинг аризаси инобатга олинмасди. Чунки: «ўта хавфли жиноятчилар» берилган жазонинг охири кунигача ўтирарди. Талаб ҳам, тартиб ҳам шундай эди.

Кейинги икки-уч йилда бу тартиб ўзгарди. Бугун мамлакатимизда инсон тақдирига муносабат ўзгарди, инсонни инсон ўрнида кўришга, уни қадрлашга ўргана бошладик. Конституциямизда, қонунларимизда кафолатланган инсон эркинлиги ва ҳуқуқи ҳимоясини таъминлашга қатъий киришилди.

Биргина жорий йилнинг бугунги кунигача инсон ҳуқуқи ҳимояси, инсонни чинакамига қадрлаш бўйича амалга оширилган ишларга эътибор қаратайлик, ўзимизга хулосалар чиқариб олайлик.

Биргина мисол. Зангиота туманидаги аёллар қамоқхонасида жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати учинчи марта очиқ сайёр суд мажлисини ўтказди. Ҳар гал ўнлаб аёллар жазони ўташ жойидан озод этилади, ёки жазоси камайтирилиб, манзил калониясига ўтказилади.

Яқинда Олий суд раисининг ўринбосари, очиқ сайёр суд мажлиси раиси Холмўмин Ёдгоров, ҳайьат судьялари ­А.Ўтаев ва З.Файзиевдан иборат таркибда, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори К.Ганиев,­ ­Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси раиси ­Э.Боситхонова ҳамда ҳимоячилар иштирокида маҳкума аёллардан бир гуруҳининг назорат тартибида берган аризасини кўриб чиқди.

Аввало жазони ўташ муассасасининг мажлислар залида тўпланган маҳкума аёллар билан мулоқот ўтказилди. Бугун Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, инсон эркинлиги, ҳуқуқи ҳимояси борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида ахборот берилди. Сўнгра аризаларни бирма-бир кўриб чиқишга ўтилди. Маҳкума аёллар юз-кўзларида қаттиқ ҳаяжон, илтижо, кўплари сукут сақлаганча юм-юм йиғламоқда. Ариза берганлар ҳам, бошқалар ҳам суд мажлиси раиси сўзларини диққат билан тинглашмоқда.

Раислик қилувчи назорат тартибида ариза берган маҳкума Истамбиби Хурсандовага оид жиноят ишини кўриб чиқишга киришди.

Маълум бўлишича, у дастлаб 2004 йил 6 апрелда Туркманистон Республикаси Тошовуз вилоят суди ҳукмига кўра, Туркманистон жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбланиб, 20 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Туркманистон Республикаси Президентининг 2004 йил 23 октябрдаги Амниция тўғрисидаги қарорига асосан 2004 йил 17 ноябрда жазодан озод қилинган. Албатта, бу инсонпарварлик қарорини қўллашда бу аёлнинг биринчи марта судлангани, оилалик экани, беш нафар фарзанди борлиги инобатга олинган. Афсуски, 2008 йил 22 июлда у яна қамоққа тушган. Ўзбекистон жиноят кодексининг 25, 273-моддаси 5-қисми ва 25, 246-моддаси 2-қисми билан ЖКнинг 59-моддаси тартибида 13 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 34-моддасига асосан ўта хавфли рецидивист, деб топилган.

У содир этган жиноят тафсилоти қуйидагича: Хурсандова Истамбиби 2008 йил 10 июль куни Туркманистон Республикасида яшовчи икки шахс билан ўзаро тил бириктириб, «героин» гиёҳвандлик воситасини контирабанда йўли орқали Туркманистон Республикаси ҳудудига ўтказиш режасини тузади. 17 июль куни Ургут тумани Чеп қишлоғидаги бозорда «Жаҳонгир» исмли номаълум шахсдан 421,1 грамм героин гиёҳвандлик воситасини 3.789.900 сўмга олиб, 22 июль куни Туркманистонга жўнайди. «Мерседес -Бенс» русумли автобусда кетаётганида Бухоро вилоятининг Ғиждувон тумани «Сармижон»йўл патрулъ хизмати масканида қўлга тушади...

Ўшандан буён, яъни 11 йил 2 ойдан буён бу аёл қамоқда ўтирибди. Сайёр суд унинг жиноят ишини назорат тартибида кўриб, қатор ҳолатларни ҳисобга олиб, жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг 2008 йил 13 октябрдаги ҳукми ва мазкур суд кассация инстанциянинг 2010 йил 12 ноябрдаги ажримини ўзгартирди. И. Хурсандовага муқаддам тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазоси муддати 11 йилга келтирилди ва суд ажрими ўқиб эшиттирилди: «Истамбиби Хурсандованинг жазони тўлиқ ўтаб бўлганлиги инобатга олинсин ва жазони ижро этиш муассасасидан қамоқдан озод қилинсин!..»

Бу қарор ўқилгач, ўн бир йилдан бери оиласи, беш нафар фарзанди, қариндошларидан ажралиб, руҳан азоб тортиб, кун санаб, озодликни зориқиб кутиб яшаган аёлнинг ҳолатини тассаввур қилиб кўринг.

У меҳр-шафқат кўрсатгани учун Президентимизга, Олий судга, Хотин-қизлар қўмитасига миннатдорлик билдираркан, шундай ҳўнграб йиғладики, бу йиғини ҳеч бир бошқа йиғига ўхшатиб бўлмайди...бу аччиқ йиғи, пушаймонлик йиғиси, ўн бир йиллик алам-изтироблар йиғиси, қилинган хатолар йиғиси, миннатдорлик йиғиси, озодлик йиғиси...

Суд залидан ташқарига чиқиши билан унинг фикрларини сўрадик.

— Минг бор тавба қилдим, энди ҳеч қачон бунақа иш билан шуғулланмайман. Кечиринглар...

Ҳўнграб йиғлаб юборди, нафасини ростлаб олгач, шундай деди: — Калта ўйлаган эканман, ваъда қилинган беш юз минг сўм учун ўн бир йил умрим кетди. Болаларим кўчада қолди. Бир пиёла сув билан бир бурда қотган нон еб яшаганим минг марта афзал эди. Агар ҳозир айрим аёллар бунақа ишлар билан шуғулланишни ўйлаётган бўлса, ўтиниб сўрайман, ақлларини йиғиб олишсин. Энг катта бойлик оила, фарзандлар...

Унинг изтироб ва пушаймонлик билан айтаётган сўзлари кишини чуқур ўйга толдиради: наҳотки қонунсиз ишларни тушуниш учун ўн бир йил қамоқда ўтириш керак бўлса?.. Гиёҳванд  моддаларни ўстириш, сотиш оғир жиноят экани ҳақида қанча гаплар айтилаяпти, мақолалар ёзилаяпти, телекўрсатувлар бўлаяпти...Наҳотки бу аёл огоҳлантиришлардан бехабар бўлса? Йўқ, эшитган албатта, аммо ўз вақтида хулоса чиқариб олмаган...

— Энди кўзим очилди, — дейди у.

Кўз очилиши учун шунча йил қамоқда ўтириш, болаларини тирик етим қилиш керакмиди?

Шу ўринда бир савол хаёлга келади: Қамоқда ётган она кўпроқ руҳий азоб тортадими ёки унинг ортида қолган болаларими?

Отаси бор болаларнинг дарди, азоблари бироз енгилроқ ўтиши мумкин. Лекин болалар отасиз бўлса, қариндошлар қўлида қолса, очман дея олмайди, тортинади. Туфлиси йиртиқ бўлса, янгисини олиб беринг деяолмайди. Жеркиб ташлашларидан қўрқади. Биргина умид худодан бўлади. Болалар туни билан йиғлаб, оналари тезроқ уйга қайтишини Яратгандан ёлвориб сўрашади. Оналари тушларига кириб, уйғониб кетишади, йиғлаб тонг оттиришади...

Тенгдошлари олдида бошлари эгик бўлади... Болалик завқи, бахти уларга бегона бўлади, онанинг иссиқ бағридан, меҳридан жудо бўлиб вояга етишади...Бунга ким айбдор, болаларни ким шу кўйга солди?.. Оналар нега болаларини ўйламади?...

«Онаси қамалган» ёки «онаси жиноятчи» экан, деган сўзлар ҳар қандай боланинг юрагини эзиб юборади.

Инсон кўп ҳақоратларга чидаши мумкин, лекин онаси  ҳақида ёмон гап эшитса, чидай олмайди.

Инсон хўрликларга чидаши мумкин, лекин онасиз қолиб, хўрланган ёмон, дакки эшитган ёмон. Инсон оёқяланг қолса, юпун кийинса, чидайди, очликка ҳам чидайди, аммо онасиз қолиш азобларнинг азоби.

Ҳаёт давомида кўп нарса топасан, кўп нарса йўқотасан, аммо онани йўқотишдан оғир мусибат йўқ. Онасиз болалик болаликми, онасиз ҳаёт ҳаётми? Онанинг сўзидан ширин сўз, онанинг нонидан ширин нон борми дунёда? Онанинг меҳридан баланд меҳр қайда бор? Онанинг бағридан иссиқ бағир борми дунёда?..

Суд бўлаётган залдаги маҳкума аёлларга тикилиб шулар ҳақида ўйламан...

Тўғри, ҳаётда қийинчилик оз эмас, моддий муаммолар етарли. Аммо ўрганиб кўрилса, қамалган аёлларнинг аксарияти уй-жойли, эрли, томорқаси, мол-ҳоли бор. Улар учун бепул касб ўргатадиган курслар очилган, кредит олинг, оилавий тадбиркор бўлинг, товуқ боқинг, чорва қилинг, тикувчилик цехи очинг, иссиқхона қуринг, оилангизни боқинг, деб банк ходимлари уйма-уй юрди. Жонини койитиб, меҳнат қилишни хоҳламаганлар бунга ҳам қизиқишмади. Айримлари олган кредитидан мақсадли фойдаланмади, уй қурди, машина олди ёки бошқа нарсага ишлатиб юборди. Имкониятдан тўғри фойдаланганлар эса тадбиркорликни йўлга қўйиб, оиласини тиклади, иш ўринлари яратди.

Меҳнат қилиб, ақлни ишлатиб пул топишни хуш кўрмаганлар  гиёҳвандлик моддаси савдоси билан шуғулланиб, бирданига бойиб кетишни ўйлади. Бу қора мақсад йўлида аёллардан фойдаланишди. Уларни ўзларига «почтальон» қилиб олишди. «Шу пакетни фалон жойга элтиб, фалончига берсангиз, 500 минг сўм оласиз», дейишади. Ёки 100-200 АҚШ долларини ваъда қилишади. Аёл қўлга тушиб, қамалиб кетади. Уни ёллаган шахснинг ҳақиқий исмини ҳам, турар жойини ҳам билмайди.

Ўн уч йилдан бери қамоқда ўтириб, озодликка чиққан бир аёлнинг ёлғиз фарзанди 16 ёшда бўлган экан, ҳозир 29 ёшга тўлибди. Ўн олти ёш, айни нозик ёш, онасининг тарбияси жуда зарур пайт. Боласи синглисининг  қўлида қолган экан.  Бу аёл ҳам учинчи марта судланиб, 13 йил 6 ойга озодликдан маҳрум этилган... Боланинг онасиз ўтган йиллари, онасининг қамоқда ётганини ўйлаб тортган руҳий азоблари асорати хотирасида бир умр қолиши мумкин.

Сурхондарёлик Абдумўминова Орзигул 1962 йилда туғилган. Ота-онаси катта ниятлар билан унга шундай гўзал исмни қўйган. Уни тарбиялаб, орзу-ҳавас билан тўйини ўтказишган. Аммо бу қиз турмушга чиқиб, 4 нафар фарзандли бўлгач, қайта-қайта жиноятга қўл уриб, охири 15 йилга озодликдан маҳрум этилиб, 11 йил 6 ой қамоқда ўтиришини ота-онаси хаёлига ҳам келтирмаган албатта. Гиёҳванд модда савдосига ўралашиб қолган бу аёл ҳам чин дилдан пушаймон бўлиб, соғлиги оғирлашгани сабабли жазо енгиллаштирилишини сўраган.

— Қаттиқ  пушаймонман, — дейди у. – Болаларим менсиз ўсди, невараларим туғилди. Мен она бўлиб болаларим тўйида қатнаша олмадим, невараларим саккизта бўлибди. Бирортасини кўрмаганман. Уларнинг бешик тўйларида бош бўлолмадим. Она бўлиб болаларим учун нима қилдим...

У аччиқ-аччиқ йиғилади, алам билан йиғлади... сўнгра бошини қуйи эгганича «Биз нонкўрларни кечиргани учун Президентимизга раҳмат. Болаларимни, невараларимни кўрмай ўлиб кетаманми, деб ўйлардим. Ҳозир юрагимдаги миннатдорчилигимни сўз билан ифодалай олмайман», деди.

— Мен қамалганда ўғлим 17 ёшда эди. Ҳозир 29 ёшда, — дейди яна бир она. Келиб хабар олиб турди. Йигирма ёшга тўлганида, «Ўғлим мени кутма, тенгинг топилса, уйлан» дедим. «Онажон, сиз тўйимни кўрмасангиз қандай уйланаман», деди у. Биз бу жиноятларни савиямиз пастлиги, аҳмоқлигимиз учун қилдик. Ёлғизлик азобини, виждон азобини қанчалик тортганимизни ўзимиз биламиз. Бу ерда бир кунни ўтказишнинг ўзи бўлмайди.

— Қамалганимда катта қизим 10 ёшда, кичиги 8 ёшда эди, — дейди бекободлик аёл. — Иккинчи марта судланиб, 11 йил 6 ойга қамалганидан сўнг онам инсульт бўлиб қолди. Бир ярим йилдан сўнг оёққа тургач, мени кўришга келди. «Майли, мени ўйлама, икки етим болангни ўйламадингми? Ҳамма болалар каби улар ҳам ота-она бағрида яшашга ҳақли эдику» деган сўзлари юрагимни тилка-пора қилганди...

Болаларимни мактабга етаклаб боролмадим, туғилган кунларида бағримга босолмадим,  табриклай олмадим, дастурхон тузаб беролмадим. Ўзимни ҳеч қачон кечира олмайман... Гуноҳкорман... Болаларимни ўйлаб кўп азоб тортдим...

Хоразм вилояти Боғот туманилик яна бир маҳкуманинг сўзларини эшитиш ҳам жуда оғир бўлди.

— Қизим олти ойлик эди, болалар уйига топширишибди, катта қизим 9 ёшда эди. Кейин акам уларни ўз тарбиясига олибди. Дадам вафот этди, кўролмадим, тобути тепасида йиғлаш насиб этмади. Армондаман, ўзимни ҳеч қачон кечира олмайман... Шайтон йўлдан урдими, нафс балосими, бу йўлга кириб қолдим...

Биз учун энг катта жазо виждон азоби бўлди...

Уларнинг қай бири билан гаплашманг, қилган жиноятидан қаттиқ пушаймон, тавба-тазарруси чексиз. Уларнинг қисмати кишини қаттиқ ўйга толдиради, ўз ҳаётига, ўз бахтига, ўз ёшлигига, гўзаллигига, латофатига, нафосатига ўзи хиёнат қилган бу аёлларга юрак-юракдан ачинасан киши. Ўзининг аёллик шаънини, оналик бурчини ўйламай, умрининг энг гуллаган фаслини беҳуда ўтказган, хазон қилган бу аёллар қисмати эҳтимол кимларгадир сабоқ бўлар.

Уларга яна бир бор инсонпарварлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат кўрсатилди. Аёлнинг оналиги —  муқаддаслиги яна бир бор эъзозланди. Улар барибир она, улар барибир аёл, улар барибир муқаддас, деган тамойилга амал қилинди. Республика Хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги асосида, Давлатимиз раҳбари томонидан бугун олиб борилаётган юқори даражадаги инсонпарварлик сиёсатидан келиб чиқиб, 14 нафар аёл қамоқдан озод этилди. Шунингдек, шу куни жиноят ишлари бўйича Зангиота туман судининг сайёр суд мажлисида 3 нафар маҳкума аёл жазо муддатидан олдин озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди. 13 нафар маҳкуманинг жиноят ишлари кўриб чиқилиб, улар жазони ижро этиш учун манзил колонияларига ўтказилди.

Йил бошидан бўён хотин-қизлар қўмитаси кафиллиги билан 150 нафар аёл суд залидан озод этилди, 307 нафар аёл жазони ўташ жойидан озод қилиниб, уларга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди, 1680 нафар маҳкума жазони ўташдан шартли равишда озод қилинди.

Энди бу аёллар озодлик қадрини яхши билишади, кўрсатилган меҳр-мурувватни ҳам қадрлашади, деб ўйлаймиз.

 

Сафар ОСТОНОВ


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: