Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
21.10.2020

ДУНЁ УЗРА ЖАРАНГЛАЙДИ ОНА ТИЛИМ

Она тилимизнинг бугунги халқаро мавқеига қарайдиган бўлсак, расмий тил мақомига эга 200 га яқин давлат ёки дунё тиллари қаторида жаҳон аҳолисининг йирик қисми сўзлашадиган 40 та тиллардан биридир. Ўзбек тилшунос олими А.Абдуазизовнинг тадқиқотлари натижасига кўра, тилимиз мазкур рўйхатда 34-ўринни эгаллаган. 50 миллиондан ортиқ одам ўзбек тилида сўзлашади,  ўзбек ва туркий тилларда сўзлашадиган 200 миллиондан ортиқ ватандош ва қардошларимиз бор.

Дунёда ЮНЕСКО томонидан тиллар жозибадорлигини сақлаб қолишга долзарб муаммо сифатида қаралади. Шунинг учун 21 февраль – Халқаро она тили байрами сифатида нишонланади. 2018 йил БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Халқаро тиллар йили” деб эълон қилинган эди.

Ҳеч кимга сир эмаски, бугун мана шу муқаддас тилни, замин ва тупроқни бизга Ватан, қадрият, бебаҳо бойлик сифатида қолдирган аждодларимизнинг, миллий қаҳрамонларимизнинг руҳлари шод бўлмоқда. Жаннатмакон юртимизда унутилиб кетган айрим қадриятларимиз яна қадр топмоқда, барча эзгу ва хайрли ишлар юртдошларимизни, қўшниларимизни ҳамда дунё халқларининг бахтли яшашига, дунёда азизу мукаррам бўлишига қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 10 апрелда имзоланган Қонунга кўра, 21 октябрь – Ўзбек тили байрами деб эълон қилинди. Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан 2019 йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони давлат тили сиёсатининг жадаллашувига сабаб бўлди.

Фармон асосида ҳукумат қарори билан вазирлик, идоралар ва ҳокимликларда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимини жорий этилиши, қолаверса, Вазирлар Маҳкамаси таркибида Давлат тилини ривожлантириш Департаменти фаолият бошлаши Она тилимизнинг давлат тили ва сиёсий тил даражасини юксалтирди.

Шу ўринда Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Ўзбек тилим” шеъридан иқтибос келтиришни лозим топдим:

Сен туганмас чашмадирсан, оҳ, она тилим,

Етмиш икки томиримга мавжларинг борди.

Бир кун тиниб қолган эди боғда булбулим,

– Сандувочим! – деган эдим сайраб юборди.

Ўз она тилини эъзозлаш, севиш ватанпарварлик ва миллатпарварликнинг ажралмас бир бўлаги бўлиб, унинг замирида ўзликни англаш, яъни ота-она, халқ, устозу пирлар берган ном, илм-тарбия ва она тилига ҳурмат ётади. Ватанпарварлик, миллатпарварликни баландпарвоз гаплар, ғурур ёки ютуқларни олқишлаш билан исботлаш керак эмас. Балки, она тилини бошқа тиллар таъсиридан муҳофаза қилиш, истилоҳларни ўзбекчалаштириш, мулоқотларни она тилида олиб бориш, нутқда тилнинг жозибадорлигини кўрсатадиган, нуфузини оширадиган сўзларни ишлатиш орқали ҳисса қўшиш керак. Ҳар бир фуқаро қандай даврада бўлмасин, имкон даражасида ўз давлат тилида мулоқот қилишни, иш юритишни, ҳаттоки, дипломатик алоқаларни амалга оширишни миллатга ҳурмат, аждодларимизга эҳтиром, келажакка умид, керак бўлса, муқаддас ибодат ўрнида қабул қилиши билан исботлаши муҳим.

Алишер Навоий бу масалада барчага ўрнак бўлиб, ўзбек тилининг имкониятларини ниҳоятда усталик билан самарали қўллаган бўлса, Амир Темур салтанатида иш юритиш, дипломатик ва сиёсат тили ҳам она тили – эски ўзбек тилида олиб борилганлигига тарихнинг ўзи гувоҳ. Бундай оқилона тил сиёсати амалга оширилиши натижасида илм-фан, адабиёт ва санъат, ташқи савдо алоқалари, сайёҳлик ривожланиши орқали тилимиз ҳам гуллаб-яшнади.

Жарангинг боқий бўлсин, азиз она тилим!

 

Ҳабибулла АЗИЗОВ,

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: