Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
29.07.2020

ШОДЛИК ВА ШУКРОНАЛИК ИЗҲОР ҚИЛИНАДИГАН КУНЛАР

Ёки пандемия шароитида улуғ айёмни қандай нишонлаймиз?

Бутун Ислом оламида, хусусан, юртимизда энг улуғ байрамлардан ҳисобланган Қурбон ҳайити муносабати билан ушбу айёмнинг фазилати, бу кунларда қилинадиган савобли амаллар ва бугунги синовли кунларда байрам кайфиятини халқимизга сингдириш борасида қандай иш тутиш кераклиги борасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ ҳазратлари билан суҳбатлашдик.

– Муҳтарам муфтий ҳазратлари, аввало, ислом динимиздаги муборак Қурбон ҳайити байрамининг бошқа диний байрамлардан фарқи, ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўзлаб берсангиз?

— Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Аввало, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ўз номимдан бутун халқимизни муборак Қурбон ҳайити билан чин қалбдан самимий муборакбод этаман. Мана шундай улуғ айём кунларига етказгани учун Аллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз. Қодир Аллоҳдан халқимизга осудалик, қут-барака, бахт-саодат, тан-сиҳатлик ва катта ташвиш бўлиб турган коронавирус касаллиги тезроқ инсоният бошидан аришини сўраймиз.

Ҳайит байрамлари қадимдан юртимизда ўзгача, халқимизга хос меҳр-мурувват, бағрикенглик ва саховат ифодаси бўлиб келган. Президентимизнинг ҳайит байрамларини нишонлаш тўғрисида ҳар йили қабул қилаётган қарорларида байрамни жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий ва диний қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширишга қатор мутасадди ташкилотлар жалб қилинади.

Таъкидлаш жоизки, Қурбон ҳайити буюк байрам ва қувончли воқеадир. Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қурбонлик кунини байрам қилишга амр қилиндим. Уни Аллоҳ бу уммат учун хос қилгандир», дедилар. Демак, Қурбонлик кунини байрам қилишни Парвардигори олам Пайғамбар алайҳиcсаломга амр қилган. Аллоҳ таоло фақатгина биз умматларга бу Қурбон ҳайитини ўзига хос байрам қилиб берган.

Қурбон ҳайити ҳижрий-қамарий зулҳижжа ойининг 10-кунида нишонланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг “Фажр” сурасида:

وَالْفَجْرِ * وَلَيَالٍ عَشْرٍ * وَالشَّفْعِ وَالْوَتْرِ

“Тонга қасам. Ўн кечага қасам. Жуфт ва тоққа қасам”, деб марҳамат қилган.

“Ўн кечага қасам”дан мурод зулҳижжа ойининг дастлабки 10 кунидир, “жуфтга қасам”даги “жуфт”дан мурод, зулҳижжа ойининг ўнинчи куни, “тоқ”дан мурод эса тўққизинчи кунидир.

Имом Нисобурий айтадиларки, Аллоҳ таолонинг ушбу ўн кечага қасам ичиши, бу кунларнинг нечоғлик шарафли ва улуғ эканига далолат қилади ва унда дунёвий ва ухровий манфаатлар борлигини билдиради.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ учун ибодат қилишга зулҳижжанинг ўн кунидан севимлироқ кунлар йўқ. Унинг ҳар кунлик рўзаси бир йиллик рўзага, ҳар тундаги ибодат Лайлатул қадрдаги ибодатга тенгдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Уламолар бу кундаги фазилатли ибодатларни баён этишган. Аввало, Аллоҳ таолога таҳлил, такбир ва ҳамд айтиш. Бир ҳадиси шарифда: “Бу кунларда таҳлил, такбир ва ҳамд санони кўпайтиринглар”, деб марҳамат қилинган. Демак, Аллоҳнинг зикрини қилиб, кўп шукроналар келтиришимиз керак.

Одатда, ҳайит кунида ҳамма бир-бирини улуғ кун билан самимий муборакбод этади. Таъкидлаш керакки, бу йил Қурбон ҳайитининг карантин талабларига мувофиқ, уй шароитида, оила даврасида, ҳашаматсиз ва камтарона, тартибли нишонлаймиз. Биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган ота-оналаримизни, улардан кейин қариндош-уруғларимизни, ёру биродарларимизни телефон орқали йўқлаймиз. Уларнинг кўнглини сўраш ва кўтаришга ҳаракат қиламиз. Бу кун барчага қувонч улашиладиган кундир.

Зеро, улуғ алломаларимиз: «Ҳайит кунлари шодликни изҳор қилиш диннинг шиорларидандир», деганлар. ­Исломнинг шиори бўлган Қурбон ҳайити кунларида қувончимизни, саховатимизни ҳар қачонгидан кўра кўпроқ намоён қилишимиз лозим.

– Ушбу айём кунлари қилинадиган энг афзал амаллар тартиби ва савобли ишлар фазилати ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз, фойдадан холи бўлмасди.

— Бу кунларда энг улуғ ибодат, шубҳасиз, Қурбонлик қилишдир. Аллоҳ таоло “Кавсар” сурасида: “Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббингга намоз ўқи ва жонлиқ сўй”, деб марҳамат қилган.

“Кавсар”ни тафсирчиларимиз “кўп яхшилик” деб айтишлари, бу эса Пайғамбар алайҳиссаломга берилган Қуръон, пайғамбарлик, ҳикмат, умматнинг кўплиги, шафоат каби сон-саноқсиз яхшиликлар.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!” (“Ҳаж” сураси, 37-оят).

Ҳақиқатан, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифда марҳамат қилиб: “Қурбонлик қилиш чиройли амаллардандир. У бандани дунёда балолардан ва охиратда офатлардан ҳимоя қилади.”, – деганлар.

Қурбонлик қилувчининг қурбонлик сўйиш вақтида ҳозир бўлиши мустаҳабдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қизлари Фотима (розияллоҳу анҳо)га: “Бориб қурбонлигинга шоҳид бўл. Унинг биринчи томган қони билан баробар сенинг ўтган гуноҳларинг мағфират қилинур”, - дедилар. “Эй Аллоҳнинг расули! Бу бизга – аҳли байтга хосми ёки мусулмонларга умумийми?”, - дедилар Фотима (розияллоҳу анҳо). Шунда Сарвари коинот: “Йўқ, мусулмонларга умумий”, - деб жавоб бердилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, ушбу кунимизда энг аввал бошлайдиган нарсамиз, намоз ўқимоқлигимиздир. Сўнгра, қайтамиз ва сўйиш сўямиз. Бас, ким ўшандоқ қилса, бизнинг суннатимизни топибди” (Имом Муслим ривоятлари).

Ушбу ҳадиси шарифда Қурбон ҳайити куни бажарилиши лозим ишлар баён қилинмоқда. Исломда ҳар бир иш Аллоҳнинг зикри ила бўлади. Бундоқ бўлиши мусулмонларнинг байрами нақадар улуғ эканини изҳор этади. Мусулмонлар байрамдан ҳам савоб олишдек улуғ бахтга муяссар бўлади.

Ҳазрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким қурбонликка жонлиқ олиш учун бозорга борса, ­Аллоҳ таоло ҳар бир қадамига ўнта савоб ато этади ва ўнта гуноҳини кечиради ва мартабасини ўн даража кўтаради. Жонлиқни савдо қилаётганда айтган сўзларини тасбеҳ ўрнида қабул қилади. У учун берган ҳар бир дирҳамига етти юз дирҳамнинг савобини беради. Қурбонликнинг ҳар қатра қонидан ўнта фаришта яратади ва улар қиёматгача унинг учун истиғфор айтадилар. Қурбонлик гўштининг ҳар луқмаси учун Исмоил алайҳиссалом фарзандларидан бир қулни озод қилганлик савобини беради».

Қурбонлик ибодат бўлиши билан бирга унинг ижтимоий аҳамияти ҳам беқиёс. Қурбон ҳайити – хайр-эҳсон, саховат, меҳр-мурувват байрами. Унда қилинадиган қурбонликлар эса жамиятда кишилар ўртасида инсоний фазилатларни ривож топишида хизмат қилувчи восита. Чунки қурбонлик гўштидан ва таомидан эҳсон қилишимиз қалбларимизни юмшатиб, меҳр-муҳаббат ришталарини мустаҳкамлайди.

– Бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам коронавирус пандемияси карантини давом этаётган бугунги шароитда ушбу байрам қандай ўтказилиши тўғрисида тавсияларингизни билдирсангиз, кўпчилик ўзини ўйлантирган саволларга жавоб олган бўларди.

— Хабарингиз бор, муҳтарам Президентимизнинг “Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида”ги қарорлари эълон қилинди. Унда Қурбон ҳайитини карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ўтказишга алоҳида урғу қаратилди. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг Қурбон ҳайитини коронавирус пандемияси даврида карантин талабларига мувофиқ ўтказиш тўғрисидаги баёноти ҳам эълон қилинди.

Бугунги вазиятни инобатга олган ҳолда шаръий кўрсатмалар ва фиқҳий қоидалар асосида мўмин-мусулмонлар Қурбон ҳайитининг карантин талабларига мувофиқ, уй шароитида, оила даврасида, ҳашаматсиз ва камтарона, тартибли ўтказишлари алоҳида таъкидланди.

Ҳазрати Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зарар бериш ва зарар кўриш ҳам йўқ” деганлар. Ҳар бир банда ўзини ўзи таҳликага қўйиши, ён-атрофдаги салбий ҳодисага эътиборсиз бўлиши тўғри эмас.

Мўътабар фиқҳий китобларимизда “Зарарни даф қилиш фойдани жалб қилишдан олдинга қўйилади”, деган қоида бор.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисидаги баёнотида шариат инсонга зарар етиш эҳтимоли кучайган пайтда ибодатларни енгил тарзда бажаришга рухсат беради ёки бутунлай зиммадан соқит қилади. Ҳайит намози вожиб амал бўлгани боис бугунгидай узрли ҳолатларда ҳайит намозини адо этиш соқит бўлади.

Ислом дини манбаларида Қурбон ҳайити намози вожиб амал экани баён этилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳдан жума намози вожиб бўлган кишиларга ҳайит намози вожиб экани нақл қилинган. Жума намози Қуръон, суннат, ижмо каби қатъий далиллар билан собит бўлган фарз амалдир. Модомики муайян узрлар билан фарз бўлган жума намозини вақтинча тўхтатиб туриш тўғрисида уламолар фатвоси қабул қилинган экан, вожиб амал бўлган ҳайит намозини ўқимаслик ҳам ўз-ўзидан маълум бўлади. Баён этилганлардан келиб чиқиб, 2020 йилги Қурбон ҳайити (Ийдул адҳо) намозини пандемия даврида жамоат бўлиб ўқиш имконияти мавжуд эмаслиги мўмин-мусулмонларнинг зиммасидан ушбу ибодатни соқит қилади.

Ҳанафий мазҳабининг мўътабар манбаларида келишича, ҳайит намози Зуҳо (чошгоҳ) намозининг ўрнига қўйилган. Қачонки, ҳайит намози бирор узр сабабли ўқилмай қолса, икки ёки тўрт ракат нафл намоз ўқиш мустаҳаб бўлади. Тўрт ракат ўқиган афзал.

Шундай экан, Қурбон ҳайити кунларида савоб ишларни кўпайтириш, такбири ташриқ айтиш, нафл ибодат қилиш, покланиш, чиройли кийимлар кийиш, хушбўйланиш, қурбонлик қилиш айни савобли ишлардан бўлади.

Бу йилги Қурбон ҳайити карантин шароитида нишонланаётганини инобатга олиб, одамлар жамланишига сабаб бўладиган урф-одатларни ташкил этмаслик, уйма-уй юриб, турли хил азахонликлар, маърака-маросимларни ўтказмаслик ва қабристонлар зиёратидан сақланишни сўраймиз. Хонадонда оила-аъзолари билан бирга Қуръони карим оятларидан тиловат қилиб, ўтганларимиз руҳи покларига бахшида этиш тавсия этилади.

Халқимиз бошига оғир иш тушган бир паллада муҳтарам Президентимиз бошчилигида ҳукумат аъзоларидан тортиб, вилоят раҳбарлари ва мутасадди ташкилот вакилларигача, айниқса, соғлиқни сақлаш ходимлари юксак масъулиятни ҳис этган ҳолда кунни тунга улаб, ўз жонларини хатарга қўйиб, коронавирус хасталигини жиловлаш бўйича жиддий кураш олиб бормоқдалар.

Мазкур ўрнатилган тартиб-қоидалар ва чекловларнинг барчаси аҳолимиз саломатлигини асраб-авайлаш учун қилинмоқда. Буни теран ақл билан тўғри тушунишимиз керак. Халқимиз ҳаётини сақлаш йўлида амалга оширилаётган барча чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашимиз лозим бўлади. Ҳар биримиз ўзимиз, оиламиз, фарзандларимизнинг соғлиғи ва тақдири учун аввало ўзимиз масъул эканимизни чуқур англашимиз лозим.

Ҳар бир иш Аллоҳ талонинг изни ва иродасидадир. Ҳақ таоло ҳеч қачон ўз бандаларини кетма-кет оғир аҳволларга ташлаб қўймайди, синовларга сабр ва шукр қилинг!

Қуръони каримда: “Албатта Аллоҳ тезда тангликдан кейин енгилликни пайдо қилур” (Талоқ, 7), деб хушхабар қилинган.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Хурсанд бўлинглар! Сизларга енгиллик келди. Ҳаргиз бир қийинчилик икки енгилликдан устун келмайди” (Имом Ҳоким).

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади: “Аллоҳдан яқийнни (мустаҳкам имон) ва мустаҳкам соғликни сўранглар. Ҳеч бир кимсага яқийндан кейин офиятчалик яхши нарса берилмаган” (Имом Аҳмад ривояти). Демак, инсонга Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг биринчи ўринда мустаҳкам имон турса, кейинги ўринда соғлик турар экан. Уни асраб-авайлаши кишининг олий бурчи ҳисобланади.

Азиз юртдошлар, Аллоҳнинг раҳмати ва баракоти ёғилиб турган ушбу фазилатли кунларда қалбимиз юмшаб, ихлосимиз ортиб турган лаҳзаларда дуо қилайлик. Халқимизни, жонажон Ватанимизни офату кулфатлардан, балою қазолардан Ўзи сақлаб, ҳаётимизни фаровон қилсин.

Азиз юртдошлар, Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!

 

Сафар ОСТОНОВ

суҳбатлашди.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: