Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Sentabr 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
31 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 1 2 3 4
29.07.2020

ҚАДИМ ДЕНОВНИНГ ҚИЁФАСИ ЎЗГАРМОҚДА

одамлар кўнглида ҳам ўзгариш бўлмоқда

Сурхондарё вилоят маркази Термиздан 150 километр олисда жойлашган Денов тумани ҳудудида сўнгги уч йилда амалга оширилган ислоҳотларни одамлар тарихий ишлар, деб таърифлашмоқда. Айниқса, савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, деҳқончилик, чорвачилик билан бир қаторда саноат, ишлаб чиқариш, кичик бизнес, қурилиш ва бунёдкорлик ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Ободлик кўнгилдан бошланади. Кўнгли обод инсон ўз юртини гулу гулзорга, боғу бўстонга айлантиради. Бугун Деновда бўлган киши бунга ишонч ҳосил қилиши табиий. Қадим юртда кўнгли обод, бунёдкор одамлар яшамоқда, меҳнат қилмоқда, келажак пойдеворини қўймоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йилнинг 17 октябрида Сурхондарёга ташрифи чоғида Денов туманида бўлиб, ҳудудни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берган эди. Шунга асосан, жорий йилнинг 9 апрелида давлатимиз раҳбарининг «2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Хўш, қарор ижросини таъминлаш борасида ҳудудда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Шу мақсадда мутасаддилар, фаоллар ва юртдошларимиз билан суҳбатлашдик.

Бахтиёр Ибатов, Денов тумани ҳокими:

– Ҳозирги кунда туманда 386 минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шўрчи, Олтинсой, Сариосиё ва Узун туманлари аҳолиси ҳам савдо юмушлари билан туманимизга келади. Бир сўз билан айтганда, ҳудуд азалдан ўзига хос марказ ҳисобланган. Бу эса ижтимоий, маданий, иқтисодий ва бошқа муаммоларни келтириб чиқаргани ҳақиқат. Масалан, турли иншоотларнинг пала-партиш қурилгани транспорт ва йўловчилар ҳаракатида қийинчиликни юзага келтирарди. Айни чоғда шаҳар қиёфасини ҳам бузиб турарди.

Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисидаги ҳужжат 7 банд ва 16 йўналишдан иборат бўлиб, уч йилда 505 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Жумладан, саноат соҳасида 51, хизмат кўрсатишда 46, қишлоқ хўжалигида 50, йўл-транспорти бўйича 67, ичимлик суви ва канализация тармоғига доир 11, электр энергия тизимида 105, газ таъминоти бўйича 22 лойиҳа амалга оширилади. Бундан ташқари, ахборот-коммуникация, мактабгача таълим, умумтаълим мактаблари, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият, ободонлаштириш, кўп қаватли уй-жойлар қуриш, иситиш тизими каби йўналишларда 140 га яқин лойиҳа ҳаётга татбиқ қилинади. Шу билан бир қаторда, деҳқон бозори ва унинг атрофидаги хизмат кўрсатиш объектлари, йирик саноат корхоналари, марказий жомеъ масжиди туман марказидан кўчирилиб, замонавий кўп қаватли уй-жойлар, кўркам савдо ва ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда “ақлли бекат”лар қуриш кўзда тутилган. Бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларига 3 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилиши режалаштирилган.

Бу эзгу мақсадлар ўз вақтида беками-кўст амалга оширилиши учун ишга қатъий киришганмиз.

Юсуп Зиёев, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ХДП фаоли:

– Туманимиздаги меъморий ёдгорликлар, бетакрор осори-атиқалар, ноёб мадрасаю хонақоҳлар нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижлик сайёҳларни ҳам мафтун этиб келмоқда. Асрлардан сўзлагувчи ана шундай мажмуалардан бири Саид Оталиқ мадрасасидир.

Сангардак ва Сурхон дарёси оралиғида жойлашган бу мадраса ХVI асрда бунёд этилган. Икки қаватли мажмуада 114 та ҳужра бўлиб, меъморий қурилиши, шакли ҳамда бетакрор кўриниши билан вилоятда ягона ҳисобланади. Бухородаги Кўкалдош ва Мир Араб мадрасаларига ўхшаб кетадиган обиданинг пойдевори 5,5 метр бўлиб, пишиқ ғиштлар ўзига хос усулда терилган. Ўз даврида мадрасада 400 га яқин илму толиб таҳсил олган.

Нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёда ҳам машҳур бўлган илм маскани тоталитар тузум даврида ёпиб ташланганди. Мустақиллик шарофати билан атрофи ободонлаштирилган бўлсада, қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш зарурати юзага келганди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Саид Оталиқ мадраса мажмуаси ҳамда Ҳожа Алоуддин Аттор меъморий обидаси таъмирланадиган бўлди.

Бахтиёр Аҳроров, Денов туманидаги 4-касб-ҳунар коллежи директори, халқ депутатлари Сурхондарё вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

– Денов тумани 1926 йил 29 сентябрда ташкил топган бўлиб, ўшанда 15 минг нафарга яқин аҳоли яшаган. Ҳозирги кунда бу кўрсаткич қарийб 390 мингни ташкил қилмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда айтадиган бўлсам, ўтган асрнинг бошларида қурилган Денов деҳқон (озиқ-овқат) бозори бугунги кун талабига жавоб беролмай қолганди. Йўллар атрофида ноқонуний автотураргоҳлар ташкил қилингани тирбандликни келтириб чиқарган. Халқимиз ёғин-сочинли кунларда кўлмак сув кечган бўлса, ёзнинг чилласидаги чанг ва ғуборлар дилни хуфтон қиларди.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида яқинда “Номозгоҳ” маҳалласи ҳудудида замонавий бозор фойдаланишга топширилди. Янги мажмуада 1300 ўринли савдо растаси ва 43 савдо дўкони қурилган бўлиб, харидор ва сотувчилар учун барча зарур шароитлар яратилган. Автотураргоҳлар ишлаб турибди. Бундай хайрли ва эзгу ишлар халқимизнинг турмуш шароитини янада яхшилашига ишонаман.

Абдураҳмон Мардонов, Денов туманидаги 5-мактаб директори, Ўзбекистон ХДП фаоли:

– Тор жойда томоша, деганларидек аввалги бозорни кенгайтириш имкони йўқ эди. Шунинг учун айрим тадбиркор ва деҳқонлар “Қизилсув” дарёси кўпригининг устида, йўлакларда, шахобчалар рўпарасида савдо қилишга мажбур бўлган. Натижада, кўчалар, ариқлар, бино ва иншоотлар рўпарасида чиқинди уюмлари тўпланиб қоларди.

 “Қизилсув” дарёси устидан ўтувчи “Гулистон” ва “Лолазор” маҳаллаларини боғлайдиган янги кўприк қурилиши бошланди. Бу нафақат деновликлар, балки, Олтинсой, Сариосиё ва Узун туманлари аҳолиси учун айни муддао бўлди, деб биламан. Яқин келажакда фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган “4р-108” Денов айланма йўли ва “М-41” “Бишкек-Термиз-Душанбе” автомобиль йўли ҳам тараққиёт ва ривожланишга хизмат қилади.

Ҳасан Мирзаев, Ўзбекистон ХДП Денов туман Кенгаши раиси:

– Туманимизда олиб борилаётган бу ишлардан аввало партиямиз электорати кўпроқ манфаат кўради. Ҳозирги бунёдкорликлар ва яратилаётган савдо, маиший хизмат тармоқлари бандлик муаммоси ечимига хизмат қилади. Уй-жойлар кўп қурилса, арзонлашади, уйли бўлиш имкониятини кенгайтиради. Деновнинг қиёфаси ўзгарса, одамларнинг кўнглида ҳам ўзгариш бўлади, албатта. Бу ўзгаришнинг аҳамияти катта, қадри баланд.

 

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: