15.07.2020

САМАРҚАНД МАДРАСАЛАРИ

ёхуд Самарқанд давлат университети тарихини биласизми?

Ватанимиз таълим тарихига назар ташлайдиган бўлсак, илк мадрасалар VIII-IX асрлардаёқ яратилганини кўрамиз. Бухорода Фаржак, Фақиҳлар мадрасаси, Самарқандда Иброҳим Тамғочхон мадрасалари фаолияти тўғрисида манбаларда маълумотлар келтирилган. Тадқиқотчи Н.Немцева IX-XII асрларда Самарқандда 17 та мадраса мавжуд бўлганлиги ва мадрасалар шаҳарнинг ўзига хос “олий ўқув юртлар шаҳарчаси” Работи Ғозиёнда жойлашганлигини кўрсатиб ўтади. Таълим-тарбия тизими уч босқич ҳамда унинг уч муассасаси мактаб, ўрта ёки ўрта махсус маълумот берувчи мадраса ва мадрасаи олиялардан иборат бўлган. Ўрта махсус таълим мадрасалари "мадрасатун ҳарбия" (ҳарбий билим юрти), "мадрасатун муаллимин" (педагогика институти) шаклида, юқори босқич илм маскани – университетлар эса "мадрасаи улум" ("илмлар мадрасаси" – дорилфунун) деб аталган.

Таълим тизимида, мактаб-мадрасаларда жаҳон илму фанига буюк ҳисса қўшган Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби кўплаб таниқли олимлар фаолият юритган. Буларнинг ҳаммаси Марказий Осиё халқлари ўтмишидаги таълим тизими мукаммал ва етук бўлганидан дарак беради.

Шарқ ренессансининг иккинчи  даври темурийлар даврига тўғри келади. Бу даврда Самарқанд илм-фан марказига айланди. Амир Темур даврида Бибихоним, Фирузшоҳ, Муҳаммад Султон,  Қутбиддин Садр мадрасалари бунёд этилди. Бу мадрасаларнинг қурилиши бежиз эмасди. Чунки Амир Темур салтанатига асос солинди, уни янада мустаҳкамлаш учун зарур бўлган амалдорлар, зиёлиларни етиштиришга бўлган эҳтиёж ҳам пайдо бўлди. Иккинчидан эса, Амир Темур муҳташам  иморатларни, боғларни барпо этиш билан салтанатнинг улуғворлиги, куч-қудрати ва иқтидорини намойиш этишни ҳам назарда тутган эди. У турли мамлакат ва ўлкалардан машҳур олим, табиб, ҳунарманд ва иқтидори баланд мутахассисларни ўз пойтахти Самарқандга олиб келган. Шунинг учун Самарқандда Мовароуннаҳр, Хуросон, Рум, Эрон, Шом, Ҳиндистоннинг турли шаҳар ва кентларидан бўлган мутахассислар тўпланган. Жумладан, олимлардан Саъдиддин Масъуд Тафтазоний, Саййид Шариф Журжоний, Салоҳиддин Мусо Қозизодаи Румий, Абу Сайид ибн Бурҳониддин Соғаржий, мавлоно Камолиддин Кеший, ҳунармандлардан меъмор ва муҳандислар – Фахри Али, Олим Насафий, Зайниддий Шамси Табриз, Муҳаммад ибн Маҳмуд Исфаҳоний, наққош ва хаттотлар – Юсуф Шерозий, Муҳаммад бин Ҳожи Бандгир ал-Туғрои Табризий ва бошқалар. Бу мутахассислардан унумли фойдаланиш учун эса барча соҳаларда, жумладан, таълим тизимини янада жонлаштириш, янги-янги асарлар ёзиб, Амир Темур ва темурийлар шуҳратини баланд кўтариш мақсадида мадрасаларнинг қурилишига ҳам катта эътибор қаратилган. Биз ўрганаётган Мирзо Улуғбек мадрасаси шаклланиши ва тараққиёти учун бу омиллар ҳам муҳим ўрин  тутган.

 1420 йилда Мирзо Улуғбек мадрасаси қурилган ва ўз фаолиятини бошлаган. Мадраса очилган куни биринчи маърузани Шамсиддин Муҳаммад Хавофий ўқиган ва мадрасанинг биринчи мударриси сифатида фаолиятини бошлаган. Хавофий маърузасида математика шеърий усулда талқин қилинган. Маърузани тинглаган 90 нафар толиби илм вакилларидан фақат икки киши – Мирзо Улуғбек ва Қозизода Румий мавзу моҳиятини англаб етган. Мирзо Улуғбек мадрасасида ижод қилган Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший ва Али Қушчилар ўз даврининг академиклари бўлган. Қозизода Румий Улуғбек мадрасасида дарс бериш билан бирга математика ва астрономия соҳасида илмий изланишлар олиб борган. Унинг биринчи асари  “Шарҳ ашкол ат-таъсис” бўлиб, унда Румий самарқандлик олим Шамсиддин ибн Муҳаммад ас-Самарқандийнинг геометрик рисоласига изоҳлар берган. Бу рисола Мирзо Улуғбек мадрасасида ва кейинги даврдаги мадрасаларда геометрия бўйича дарслик вазифасини бажарган.

Қозизода Румий “Шарҳ ал-мулаххас фи-л-ҳайъа ва-нужум” асарини яратади ва шу асар асосида мадрасада астрономиядан дарс беради. Мирзо Улуғбек мадрасасида Ғиёсиддин Жамшид Коший астрономиядан дарс берган, шунингдек, илмий тадқиқотлар олиб бориб, ўзи зиж ҳам тузган. У асли Ироқи Ажамнинг Кошон шаҳридан бўлиб, Улуғбекнинг зиж илмига қизиқишини эшитиб, Самарқандга унинг ҳузурига келган. Самарқанддаги фаолияти даврида Коший ўз “зиж”ини тугатиб, Улуғбек кутубхонасига совға сифатида тақдим қилади. Бу зиж “Зижи ҳақоний дар такмили зижи Элхоний” дея номланган ва Улуғбек “зиж”игача энг мукаммал асар бўлган. Коший математика соҳасида анча салмоқли ва илмий жиҳатдан қимматли ютуқларга эришди. Унинг “Мифтоҳ ал-ҳисоб” ва “Рисола ал-муҳитиййа” номли математик рисололари Самарқанд мадрасаси ва унинг илмий муҳитининг маҳсулидир.

Самарқанд илмий мактаби ва Улуғбек мадрасаси тўғрисида Кошийнинг отасига ёзган хати қимматли манба ҳисобланади. Унда Самарқанддаги илмий муҳит ҳақида баён этилган бўлиб, Улуғбекнинг илмий заковати юксак баҳоланган. Ушбу хатдан, шунингдек, Самарқанд мадрасаси олимлари Птолeмей геоцентрик тизимининг изчил тарафдорлари эканлигини, уларнинг Птолeмейнинг “Алмажистий” асарини ўқиб, ўрганганлигини билиш мумкин. Кошийнинг хатида Мирзо Улуғбек мадрасасининг ўқитиш тизими, дастурлари, баҳолаш мезони ва вақф мулклари тўғрисида маълумотлар келтирилган.

Мирзо Улуғбек мадрасасида фаолият кўрсатган ва Самарқанд астроном олимларининг энг забардастларидан бири Али Қушчидир. У шарқ ва ғарб фанларини бир-бирига боғлаган ҳолда таҳлил қилди ҳамда асарлар яратди. Мирзо Улуғбек мадрасасининг машҳур вакили ҳисобланган Али Қушчи XV асрнинг 60-йиллари охирларида Истанбулга бориб, Истанбул мадрасасига биринчи мударрис бўлган. Бу даврда Самарқандда яратилган асарлар дунё илм фанига, айниқса, астрономия, аниқ ва табиий фанларнинг тараққиётига улкан ҳисса қўшди.

Мирзо Улуғбек мадрасасида ўқитиладиган илмлар  хусусиятига кўра уч тилда – араб, форс ва туркий (ўзбек) тилларда олиб борилган. Ҳар бир мадрасада унинг вақфномасидан белгиланган даромадларга ҳамда ихтисосига қараб толиби илмлар сони – миқдори белгиланган. Шунга мувофиқ тарзда уларда-садр-мутаввали, мударрис, муъид, ҳофиз, имом, муқри, ноқит, мужовир, фаррош, мусдир ва бошқалар сони ҳам белгиланган. Садр-мутаввалига мударрислар ва бошқа ходимларни ишга қабул қилиш, мадрасани таъмирлаб туриш вазифалари ҳам юклатилган.

Мадраса иш бошлаганда толиби илмларнинг билим савияси – даражаси аниқланиб, улар уч гуруҳга –  аъло (юқори), авсат (ўрта) ва адно (паст) га ажратилган. Бу ўринда шуни ҳам эслатиш жоизки, толиби илмнинг қайси гуруҳга мансублигини билиш мақсадида, улар имтиҳон қилинган. Имтиҳонни мавлоно Қозизода Румий раҳбарлигидаги махсус ҳайъат ўтказган. Толиби илмларни имтиҳондан ўтказиш маросимида баъзан Мирзо Улуғбек ҳам қатнашган.

Мадрасада ўқув жараёни олти ой давом этган. У мезон ойининг биринчи куни (21 сентябрь) бошланиб, ҳамал ойининг биринчи кунигача (21 март) давом этган. Ҳамал ойидан (21 мартдан) мезон ойигача (21 сентябрь) бўлган муддат таътил ҳисобланиб, толиби илмлар турли ишлар (деҳқончилик, ҳунармандчилик, масжид имомлиги ва бошқалар) билан шуғулланганлар.

Мадрасада таълим олиш муддати уч босқични – адно, авсат, аъло назарда тутган ҳолда 8 йил белгиланиб, шу муддат ичида толиби илмга ойлик ва улуфа белгиланган.

Ўзининг қобилияти ва истеъдоди билан алоҳида ажралиб турган толиби илмларга дарс ўтишга ижозатномалар берилиб, мадрасанинг ўзида мударрис сифатида олиб қолганлар (масалан, Али Қушчи, Абдураҳмон Жомийлар).

Мадрасани хатм қилган толиби илмларга дарс ўқиши, яъни мударрислик қилиш мумкинлигини билдирувчи ижозатнома – диплом берилган. Ижозатнома – дипломда толиби илм томонидан ўзлаштирган илм ва ўрганган асарлар номи ёзилган. Ана шундай ижозатнома – дипломлардан бири, яъни Мирзо Улуғбек мадрасасининг бош мударриси Салоҳиддин Мусо Қозизода Румий томонидан 1435 йил тарихи билан берилган ижозатнома ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси ФанларАкадемияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалари фондида сақланяпти.

Мирзо Улуғбек вафотидан (1449) сўнг ҳам мадраса ўз фаолиятини давом эттирди. Мавлоно Давлатшоҳ Самарқандийнинг "Тазкират уш-шуаро" асарида (1487 йил) хабар беришича, бу даврда (1487 йилда) Мирзо Улуғбек мадрасасида 100 дан кўпроқ толиби илм таҳсилни давом эттирган. Бу толиби илмларга эса Хожа Фазлуллоҳ Абу Лайсий, Али Қушчилар билан бирга Мир Алишер Навоийнинг "Мажолис ун-нафоиси"да ёзилишича, мавлоно Хожа Хурд ҳам мударрислик қилган. Жумладан, Мир Алишер Навоий Самарқандда бўлиб, таълим олган вақтда (1465-1469 йиллар) Мирзо Улуғбек мадрасасининг бу мударрисидан ҳам баҳраманд бўлган. Мир Алишер Навоий ёзади: "Хожа Хурд – Самарқанд тахтининг яккалама қозиси ва Улуғбек Мирзо мадрасасининг мударрисидур. Бовужуди фазлу камол ақл ва дониш ҳулласи била орастадур ва бовужуди зуҳду тавқо ҳусни ахлоқ зевари била пийростадур… Фақир (Мир Алишер Навоий)нинг "Вақфия"сининг тасҳеҳин қилурда "мин вақф-и Алишер" тарих топибдур".

 XIV-XV асрларда Темурийлар даври олий таълим тизимидаги мадрасалар ҳақиқатан ҳам ўз даврининг университетлари ҳисобланган. Ўрта асрларда Европа мамлакатларида черковлар қошида вужудга келган мактаблар университетлар деб аталди. Самарқанддаги Улуғбек мадрасасида диний ва дунёвий илмлар ўқитилган. Шайбонийлар даврида ҳам таълим соҳасида ислоҳотлар ўтказилди. Самарқандда Улуғбек мадрасасида аниқ ва табиий фанлар, айниқса, тиббиётнинг турли соҳалари ўрганилди. Аштархонийлар даврида Ялангтушбий Баҳодир томонидан Самарқандда Регистон майдонида яна иккита мадраса – Шердор ваТиллакори мадрасалари қурилди.

Ушбу анъанавий илм даргоҳлари бўлган мадрасалар XIX асрнинг иккинчи ярми XX асрнинг бошларида ҳам олий таълим муассасаси сифатида фаолият юритган. Европадаги университетлар, жумладан, Варшава университети юз йиллаб фаолиятини тўxтатган. Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси фақат XVIII асрнинг 20-30 йилларида жунғорлар  ҳужуми даврида вақтинча тўxтатган. Кейин эса XVIII асрнинг 70-йилларида фаолиятини давом эттириб, XX асрнинг 20 йилларигача мавжуд бўлган. Том маънода айтадиган бўлсак, Регистон майдони XV асрдан  бошлаб XX асрнинг 20-йилларигача  Талабалар шаҳарчаси бўлган. Бу шаҳарча 1927 йилдан бошлаб бульварга, яъни, ҳозирги университет хиёбонига кўчди.

Самарқанд давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси сенати аъзоси Рустам Холмуродовнинг “Халқ сўзи” газетасининг 2020 йил 3 июль сонида чоп этилган “Тамаддун дарёси ҳамон оқмоқда равон” номли мақоласида Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек мадрасасининг давомчиси ва вориси сифатида эътироф этилган ҳамда Университетнинг 600 йиллигини нишонлаш масаласи кўтарилган. Албатта, ватанимиз илму фанини дунёга таратган  таълим масканлари тарихини ўрганиш жуда муҳимдир. Рустам Холмуродов ҳақли ва ўринли таъкидлаганидек, бу таълим даргоҳи Мирзо Улуғбек мадрасасининг бевосита вориси бўлиб, унинг ташкил этилиш тарихи 1420 йилга бориб тақалади.

Кўтарилган бу янги ғоя ўзининг долзарблиги билан муҳим аҳамият касб этади. Чунки, жаҳондаги университетлар билан қиёслайдиган бўлсак, Европадаги Сарбонна, Оксфорд, Болонья, Кембриж университетлари XII-XIII асрларда дастлаб черковлар қошида вужудга келган мактаблар бўлган. Дунёвий илмларнинг ўқитилишига черков йўл бермаган. Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасининг улардан фарқи дунёвий илмлар ўқитилган ва илмий тадқиқот олиб борадиган алоҳида илмий лабораторияларга эга бўлган. Мирзо Улуғбек мадрасасининг XX асрнинг 20-йилларигача фаолият кўрсатганлиги, узлуксиз довомийлиги каби масалалар Р.Холмуродовнинг мақоласида асосли далиллар билан келтирилган.

Хуллас, ушбу ғояни ҳамда ­Самарқанд вилояти халқ депутатлари кенгашининг 2020 йил 26 июндаги VI чақириқ 10 сессиясида Самарқанд давлат университетининг 600 йиллик юбилейини 2020 йил 21 сентябрь куни нишонлаш тўғрисидаги қарорини қўллаб-қуватлаш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

Яна шуни алоҳида қайд этмоқчимизки, Самарқанд Давлат университетининг 600 йиллигини ҳуқуқий жиҳатдан тасдиқлаш мақсадида Самарқанд вилояти халқ депутатлари кенгашининг сессияси қарорини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳамда ЮНЕСКОнинг махсус қарорини чиқариш лозим, деб ҳисоблаймиз.

 

Шокир ҒАФФОРОВ,

Самарқанд давлат тиббиёт институти профессори, тарих фанлари доктори,

Олимжон ИРИСҚУЛОВ,

Самарқанд давлат университети катта ўқитувчиси, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: