08.07.2020

ОНА ТИЛИМИЗ УЧУН ҚАЙҒУРМОҚ БУРЧДИР, ШАРАФДИР

Шоҳу тожу хилъатиким мен томошо қилғали,

Ўзбаким бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас.

Алишер Навоий

Ўзбекистон овози газетасининг 2020 йил 17 июнь сонида: Баҳс: тилшунослар, таржимонлар, ижодкорлар диққатига! рукни остида филология фанлари номзоди Зуҳриддин Исомиддиновнинг Принцип тамойилми?... деган мақоласини ўқиб: Бор экан-ку, З.Исомиддиновдай, мақолани чоп этган таҳририят ходимларидай лак-лак Фарҳодларни ташкил этадиган, дилида ҳиммат ва шижоат, шуурида билим  ва заковат қайнаб турган одамлар, деб айтгим келди.

Мақолани ёзган жонкуяр олим ­Зуҳриддин Исомиддинов телевидениеда тез-тез чуқур мазмунли суҳбатлар олиб боради, уларни мириқиб эшитамиз, томоша қиламиз. Шунинг учун мақолани қизиқиш билан ўқиб чиқдим.

  Лекин, у кишининг ...биз ўзбеклар олисдаги бир туркий халқ вакиллари араб тилини арабларнинг ўзига ўргатамизми, бу тилнинг араблардан ҳам қизғинроқ фидойиси бўлиб қоламизми?, деган фикрига қўшила олмадим. Чунки бир вақтлар бир бобомиз Арабистонга бориб, Нил дарёси сувини ўлчайдиган асбоб яратиб берган, бошқа бобомиз Ҳомернинг шоҳ асари Илиадани араб тилига таржима қилишни бошлаб берган, яна бир бобомиз араб тилшунослиги бўйича дарслик яратган ва ҳоказо. Бутун ислом олами, шу жумладан, араблар ҳам, Ҳадис илмини бобомиз Имом Бухорий китобларидан ўрганадилар. Мақтанаяпману, ўзимга-ўзим: Камтарлик ҳам эви билан-да, дегим келди. Албатта, бу ҳазил! Лекин нафақат араблар, балки дунё тан олган аждодларимиз оз эмас.

Зуҳриддин Исомиддиновнинг ушбу мақоласи ҳам ниҳоятда долзарб масалага бағишланган бўлиб, ўз она тилига муносабатнинг бир намунасидир. Унинг фикрларидан қувватланиб, мен ҳам баъзи бир таклифларни ўртага қўймоқчиман:

1.Ўзбек халқининг дипломатияси узоқ тарихга эга. Ўз даврида Амир ­Темур Франция, Испания қиролларига хат ёзган, улардан мактублар олган. Мирзо Бобур Москва князига мактуб билан мурожаат қилган. Қизил Ўзбекистон (ҳозирги Ўзбекистон овози) газетасининг 1960 йилда чиққан 247-сонида ўрта аср ўзбек дипломатиясининг йирик намояндаларидан бири Абдураззоқ Самарқандий ҳақида мақола берилган. Гап хорижлик давлатлар билан алоқаларимиз ҳақида кетяпти.

Мен тегишли мутасаддилар эътибориниТашқи ишлар вазирлиги номига қаратмоқчиман. Мамлакатимиз мустақиллигига 30 йил бўлмоқда. Ўтган давр ичида Министрлар Совети йўқ бўлди, Вазирлар Маҳкамаси ташкил этилди. Министерстволар вазирликларга айланди. Ижроқўмлар йўқ бўлди, ҳокимликлар ташкил этилди. Лекин советлар вақтида республикамизда Ташқи ишлар вазирлиги бор эди, ҳозир ҳам  бор. Бу вазирлик ҳозир ҳам шундай аталади.

Собиқ союзда Министерство иностранных дел бор эди. Ҳамма иттифоқдош республикаларда ҳам худди шундай вазирликлар бор эди. Лекин бу вазирликлар хўжакўрсин учун тузилган эди. Бу билан, гўёки айтилар эди: Бу республикалар ҳаммаси суверен. Ҳамма нарса қатори,  ўзларининг чет эллар иши билан шуғулланадиган вазирликлари ҳам бор.

Аслидачи?

Ўзбекистонда ҳам шундай вазирлик бор эди. Вазир вазифаси Министрлар Совети Раиси ўринбосарларидан бирига қўшимча иш сифатида юкланиб қўйиларди. Бу вазирликнинг ҳатто ўз биноси ҳам йўқ эди. Кейинчалик, вазирликка ҳозирги Ўзбекистон Фанлар академияси биноси рўпарасида мўъжазгина бир бино қуриб берилди. Вақти-вақти билан шу бинога кирганимда, унда 20 тача ходим фаолият кўрсатар эди. Бу вазирлик амалда союз вазирлигининг бир бўлинмаси сифатида фаолият кўрсатиб, унинг у-бу топшириқларини бажариб турар эди. Бошқа мамлакатлар билан барча муносабатларни союз вазирлиги ўзи олиб борар эди. Вазирлик номи Министерство иностранных дел Узбекской ССР эди. Бу номни ўзбекчалаштирилмай қолиб кетди.

Луғатларга асосан: Иностранец чет эллик, чет эл кишиси, ажнабий; Иностранный чет элларга ва чет элликларга оид; Иностранная валюта чет эл валютаси; Иностранные фирмы чет эл фирмалари; Иностранные товары чет эллардан келтирилган моллар бўлади. Ҳамма юқорида келтирилган сўзларда русча страна мамлакат, эл сўзининг, турли кўринишлари мавжуд. Табиийки, Министерство иностранных дел ўзбекчасигаЧет эл  ишлари вазирлиги ёкиХорижий ишлар вазирлиги бўлиши керак эди. Лекин бунга, тушунишимизча, ўша замонда рухсат берилмаган, чунки республикаларда чет эллар билан муносабат қилиш учун тегишли ваколат берилмайди  ва Ташқи ишлар вазирлиги пайдо бўлади, яъни Министерство внешних дел. Масалан Министерство внешних дел СССР. Луғат тузувчиларга ҳам ташқи (русчасига внешний, наружный) сўзини иностранный деб таржима қилиш бўйича, топшириқ берилган бўлса керак. Дипломатияда ишлатиладиган сўзлар аниқ маънога эга бўлиши шарт. Министерство иностранных дел (Чет эл  ишлари вазирлиги ёкиХорижий ишлар вазирлиги) дейилса, бу вазирлик вазифалари барчага аён бўлади. Вазирлик номида иностранный(чет эллар)ни ўрнига внешний (ташқи) сўзи ишлатилса, ноаниқлик вужудга келади.

Мамлакатимиз мустақил бўлди. Ўзбекистон БМТ аъзоси бўлди. Кўплаб мамлакатлар билан борди-келди қилмоқдамиз. Тегишли вазирликда энди 20 нафар эмас, вазирлик тизими, хориждаги элчихоналар, турли ваколатхоналарда юзлаб одамлар ишлаб, мамлакатимиз халқаро обрўсини оширишга астойидил ҳаракат қилишмоқда. Шуларни ҳисобга олиб тегишли вазирлик номини ўзгартириб, уни Ўзбекистон Республикаси хорижий ишлар вазирлиги ёки Ўзбекистон Республикаси чет эл ишлари вазирлиги деб аташ, мақсадга мувофиқ бўлар эди,  деб ўйлайман.

2. 1991 йилда Таржимонлар Халқаро Федерацияси 30 сентябрни Халқаро таржимонлар куни деб эълон қилди.

Қисқа муддат ичида Халқаро таржимонлар кунини байрам қилиш мазкур касб эгалари орасида муҳим воқеага айланди. Йил сайин таржимонлар уюшмалари фаолият кўрсатаётган мамлакатлар сони ошиб бормоқда.

Ҳозирги вақтга келиб, ОАВ хабарларига кўра, Таржимонлар Халқаро Федерацияси 80 мингдан ортиқ таржимонларни қамраб олган, турли мамлакатлардаги  100 дан ортиқ ушбу касб эгалари уюшмаларини бирлаштирган. Ўзбекистон таржимонлар ва чет тили ўқитувчилари Ассоциацияси эса, Таржимонлар Халқаро Федерацияси фаолиятида кузатувчи сифатида самарали иштирок этиб келмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таржимонлар меҳнатига, ўзбек адабиёти энг яхши асарларини чет тилларга ва жаҳон адабиёти шоҳ-дурдона асарларини ўзбек тилига таржима қилишга катта эътибор бермоқда. Яқинда Ўзбекистон ХДП фахрийси Собир Қурбонов ва академик Оқил Салимов билан учрашганимизда, Оқил Умрзоқович ҳам баъзи бир ўзбек адиблари сара асарларини инглиз тилига таржима қилишни ташкил этиш  билан шуғулланаётганини ниҳоятда кўтаринки руҳ билан гапириб берди.

Ер юзидаги кўплаб мамлакатларда таржимонлар ҳар йили  30 сентябрь куни ўз  касб байрамларини нишонлашмоқда. Лекин биз бу кунни байрам сифатида нишонламаймиз. Зеро, бу кун машҳур таржимон христианлар авлиё деб ҳисоблайдиган Иероним Стридонскийнинг вафот этган кун шарафига эълон этилган. Бизнинг халққа эса бировнинг вафот этган кунини байрам қилиш ётдир. Эслаш мумкин, хотира кунини ўтказиш мумкин, лекин байрам қилинмайди.

Шунинг учун, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмасининг раҳбарияти бир неча йил аввал, мамлакатимизда Таржимонлар кунини таъсис этилса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган таржимон унвони таъсис этилса, қандай бўлар экан, деган маънода жамоатчилик билан бир муҳокама, баҳс ташкил этишни режалаштирган эди. Лекин, негадир бу масала эътиборсиз қолдирилди, шекилли... Шундай кун таъсис этилса ва ҳар йил машҳур таржимонларимизнинг (Беруний, Навоий, Бобур, Абдулла Қодирий, Ойбек, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов) бирининг туғилган кунида нишонланадиган бўлса, айни муддао бўлар эди... Бундай кун ва фахрий унвон таъсис этилиши таржимонлар масъулиятини ниҳоятда оширган бўлар эди, деб ўйлайман.

3.Ҳар бир таҳририятда, ташкилотда, муассада ўзбекча-русча, русча-ўзбекча луғат, байналминал сўзлар луғати, иш йўналишига қараб бошқа тил луғатлари, фан турли йўналишлари бўйича ихтисослаштирилган луғатлар бўлишини мажбурий қилиб қўйилса.

4.Кўча-кўйда кўплаб оддий одамлар тушуна олмайдиган пешлавҳалар пайдо бўлмоқда. Барча идора, муассасалар раҳбарлари, турли хизмат кўрсатувчи ташкилотлар бошлиқларига мажбурий қилиб қўйиш керак: пешлавҳада бошқа тилдаги сўз борми, ёнида албатта таржимаси берилсин. Буларни матни шаҳар ва туман ҳокимликлари қошида тузиладиган тил бўйича тегишли комиссия ёзма рухсати билан ишлатилиши лозим.

5. Бугунги кунда шиддат билан кириб келаётган молия, банк иши, умуман бозор иқтисоди ва бошқа соҳаларга тегишли янги сўзларга луғат чиқарувчи нашриётларга зудлик билан муносабат билдириб, байналмилал сўзлар луғатларини тўлдириб, чоп этиб борилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Носир ТОИРОВ,

сиёсатшунос, меҳнат фахрийси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: