01.07.2020

«ТЕМУРБЕКЛАР МАКТАБИ» —

бўлажак Ватан ҳимоячилари камол топадиган маскан

Мамлакатимиз Қуролли Кучлари жанговар қудратини ошириш жараёнида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашни кучайтириш, ҳарбийларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугун армия ва ҳарбий таълим муассасалари ўзликни англаш, миллий ғурур, мустаҳкам ирода мактабига айланди. Ёш аскар ва курсантлар учун ҳарбий қасамёд қабул қилишдан аввал Ўзбекистон тарихи фани ва “Темур тузуклари” китоби бўйича синов ўтказиш йўлга қўйилди.

Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Фармони бу борада яна бир муҳим қадам бўлди. Буюк саркарда Амир Темур бобомизнинг мардлиги ва ватанпарварлиги, жасорати ва адолатпарварлигини ёшларимизга ўрнак қилиш мақсадида мамлакатимиздаги барча ҳарбий лицейларга “Темурбеклар мактаби” деб ном берилди.

Чунки ҳар бир йигит-қиз, айниқса, ҳарбийлик касбини танлаган ёшлар жонажон Ватанимиз тарихини, халқ қаҳрамонлари, буюк саркарда ва қўмондонлар ҳаёти ва жасоратини чуқур билиши, улар билан фахрланиши керак. Бу ҳар бир инсонда миллий ғурурни, ватанпарварлик, фидойилик туйғусини тарбиялайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва аввал берилган топшириқлар ижроси билан танишиш мақсадида 2019 йил 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Фарғонадаги “Темурбеклар мактаби”да бўлди.

Мактаб ёшларни Республика Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги олий ҳарбий билим юртлари ва бошқа ўқув муассасаларига аниқ фанларга чуқурлаштирилган ҳолда тайёрлашга ихтисослаштирилган.

Академик лицейда ўқувчилар атрофлича чуқур билим олиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. 40 ўринли Ахборот ресурс маркази, спорт зали, стадион, чўмилиш ҳавзалари, югуриш йўлаги, волейбол, баскетбол майдончалари мавжуд бўлиб, 30 дан ортиқ фан ва спорт тўгараклари йил давомида мунтазам фаолият юритади. 450 ўринга мўлжалланган ётоқхона, ошхона, Ахборот кутубхона маркази ҳам ўқувчилар ихтиёрида. Ўқувчиларга давлат томонидан тўрт маҳал бепул овқат берилади.

Дарслар давлат таълим стандартлари асосида ўтказилади. Дарсдан ташқари вақтларда ўқувчиларга мутлақо бепул чуқурлаштирилган қўшимча машғулотлар (репетиторлик) ўтилади. Шунингдек, ҳар ойда белгиланган жадвал асосида ўқувчилардан мониторинг назорат тест олиб борилмоқда. Бундан ташқари, ўқувчилар билан мунтазам равишда юқори тажрибага эга малакали психологлар иштирокида амалий машғулотлар олиб борилади. Бу ўқувчиларнинг руҳиятида юз бериши мумкин бўлган ўзгаришларни ўз вақтида аниқлашга ёрдам беради.

Ҳар бир гуруҳда 25-26 нафар ўқувчига таълим-тарбия берилади. Академик лицейнинг ҳар бир хонаси замонавий ўқув қурол-яроғлари, электрон доскалар билан жиҳозланган. Wi-Fi орқали интернет тармоғи мунтазам ишлаб турибди. Устоз-педагоглар ҳар бир ўқув машғулотининг янги, замонавий педагогик технологияларидан фойдаланган ҳолда машғулотлар ўтказадилар.

Давлатимиз раҳбарининг академик лицейга ташрифи мактаб ҳаётида энг муҳим, унутилмас воқеа бўлди. Бу улкан воқеа ҳар бир ўқувчи, муаллим ҳаётида ўчмас из қолдирди. Давлатимиз раҳбари учрашувда ҳарбий лицейларнинг номи ўзгарганлиги, унинг мазмун-моҳияти, таълим сифатига ҳам таъсир кўрсатиб, ўқувчилар Темур бобомизга муносиб бўлиши зарурлигини таъкидлади.

“Темурбеклар мактаби” ёшлар ҳам, ота-оналар ҳам ҳавас қиладиган маскан бўлиши керак. Бунинг учун уларнинг мавқеи, савияси, билим бериш даражаси юқори бўлиши зарур, дея таъкидлаган эди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз Темурбеклар мактабларини ривожлантириш бўйича янги тизимни белгилаб берди. Унга кўра, бу мактабдаги ёшлар чекланган миқдорда танлаб олинади, ўқувчилар замонавий ахборот технологиялари ҳамда иккита хорижий тилни пухта ўрганади, жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланиб, ҳар томонлама баркамол, ёшлар орасида етакчи бўлиб шаклланади. Ушбу мактаб битирувчиларига Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим, олий таълим муассасаларига ўқишга киришда Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдоридаги, республиканинг бошқа олий таълим муассасаларига ўқишга киришда эса ўзлари тўплаган балларнинг 15 фоизи миқдоридаги қўшимча баллар қўшилишида имтиёз берилади.

Давлатимиз раҳбари “Темурбеклар мактаби”да яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди, ўқувчилар билан суҳбатлашди. “Темурбеклар мактаби”га автобус совға қилинди.

Академик лицей даргоҳига кириб боришингиз билан Мустақил давлатимизнинг бугунги сиёсати, халқимиз тарихига оид лавҳаларга кўзингиз тушади. Рўпарадаги бир-биридан кўркам, ихчам, ёп-ёруғ ётоқхоналар, ошхоналар, замонавий ўқув корпуслари ҳар қандай одамни тўлқинлантириб юборади. Бу ишларда “Темурбеклар мактаби” директори Зиёдулло Камоловнинг кўп йиллик иш тажрибаси, ташкилотчилик қобилияти ниҳоятда қўл келди.

Лицейда кадрларни танлаш, жой-жойига қўйишга ҳам алоҳида эътибор берилган. Ўқитувчилар таркиби кўп йиллик педагогик тажрибага эга юқори малакали устоз-мураббийлар билан мустаҳкамланди. Анваржон Йўлдошев ана шундай тажрибалари педагоглардан. У 2005 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта таълим вазирлиги томонидан “Ўрта махсус касб-ҳунар таълими аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланган. 25 йиллик педагогик фаолияти давомида кўплаб шогирдлар етиштирган. Абдухалил Мирзараҳимов 1998 йилда Фарғона Давлат университетини тамомлаган. У 2011 йилдан буён ушбу даргоҳда ўқувчиларга физика фанидан сабоқ бериб келади. Хусусан, устознинг ўқувчилари ҳар йили вилоят ва республика фан олимпиадаларида қатнашиб, совринли ўринларни эгаллаб қайтишади.

2018-2019 ўқув йилида Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган халқаро олимпиадада устоз тарбиялаган ўқувчи Ҳикматилла Қурбонов фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Бугунги кунда Абдуҳалил Мирзараҳимовнинг ўқувчилари республикамизнинг етакчи олий ҳарбий билим юртларида таҳсил олишмоқда.

Тарих фани ўқитувчиси Аҳроржон Юнусов “Темур тузуклари” китоби асосида ўқув қўлланма яратди. Бу қўлланма “Темур тузуклари” китобини ҳар томонлама чуқур ўрганишда ўқувчиларга жуда қўл келмоқда.

Ҳарбий лицейда фаолият юритаётган Неъматжон Раҳматов, Абдуҳошим Қосимов, Нодира Турғунова, Шаҳноза Убайдуллаева каби бошқа устоз-педагоглар хусусида ҳам шундай илиқ гапларни айтишимиз мумкин. Ўрни келганда, шуни ҳам таъкидлаш лозимки, академик лицейда ота-оналар иштирокида “Очиқ эшиклар куни” ўтказиш одат тусига кириб бораяпти. Бундан ташқари, ҳар йили бу ерда Наврўз байрами арафасида Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болалар таклиф этилади. Бундан кўзланган асосий мақсад — болаларга шодлик улашиб, лицей билан таништириб, улар онгига ватанпарварлик руҳини сингдиришдир. Академик лицей бўйлаб уюштирилган сафар, спортчи-ўқувчилар иштирокидаги кўргазмали чиқишлар болаларда бир олам таассурот қолдиради. Бир пиёла чой устидаги қизғин суҳбатдан сўнг Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига қимматбаҳо совғалар топширилади.

Бундай хайрли ишларнинг бошида катта ҳаётий ва амалий тажрибага эга инсон — Фарғона вилояти Кенгаши депутати Зиёдулло Камолов турибди. Республикамизда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси, Ватанимизнинг мудофаа қудратини юксалтиришдаги хизматлари учун Зиёдулло Камолов “Ўзбекистон Мустақиллигига 20 йил” кўкрак нишони, “Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига 100 йил” эсдалик кўкрак нишони ҳамда ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги фаол иштироки учун Мудофаа вазирлиги фахрийси кўкрак нишони билан тақдирланган. Шунингдек, у вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари билан мукофотланган.

– Академик лицейимиз тез фурсат ичида ҳамма ҳавас қиладиган илм даргоҳига айланишида Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат ­Ғаниевнинг хизматлари катта, – дейди биз билан суҳбатда ўқув даргоҳи директори Зиёдулло Камолов. – Унинг билим даргоҳимизга, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратаётгани, беминнат йўл-йўруқлари бизни ғоят қувонтиради.

Шарқий ҳарбий округ қўмондони, полковник Лутфулло Бузруков эса ўқув масканимизга тез-тез ташриф буюриб туради. Ҳар гал келганида ўқувчиларга ҳарбий ватанпарварлик мавзуида дарс ўтиб, лицей ўқувчиларига қимматбаҳо совғалар, китоблар тортиқ қиладилар.

– Лицейдаги ўқув тарбия жараёни хусусида директор шундай дейди:

– “Темурбеклар мактаби”да ўқув жараёни Ўзбекистон Республикасининг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда Мудофаа вазирлиги томонидан тасдиқланган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ ҳамда давлат таълим стандартлари асосида ташкиллаштирилади. Лицейда ўқиш давлат ва рус тилларида олиб борилади. Ўқув даргоҳимизда тарбиявий ишлар миллий анъаналаримиз ва умуминсоний қадриятлардан келиб чиқиб ташкил этилади.

Мактабимизда 259 нафар ўқувчи таҳсил олади. Бу йил 148 нафар ўқувчи илм даргоҳини битириб, турли ўқув даргоҳларида ўқишни давом эттириш учун йўл олдилар. Шундан 5 нафари имтиёзли дипломни қўлга киритди.

Халқимиз орасидан етишиб чиққан Амур Темур, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек, Бобур каби буюк саркардалар бўлишни орзу қилган, ҳаётларини офицерлик касби билан, Ватан ҳимояси билан мустаҳкам боғлашни дилларига жо қилган ёшлар кўплаб топилади. Бу йўлда изланиб, ҳаракат қилаётган йигитларимиз ушбу академик лицей остоналаридан ўтиб, эзгу орзуларини рўёбга чиқармоқдалар.

 

Мурод ТИЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: