21.01.2020

БОЛАЛАР ОЛАМИДАН КЕЛГАН ФАРИШТА

...Кундалигимни варақлаб кўрсам, Турсунбой Адашбоев билан 2017 йилнинг 28 февралида суҳбатлашган эканман. Ундан олдин жуда кўп қўнғироқ қилиб, тушолмадим, кейин қишлоққа кетган бўлсалар керак, деган хаёлда бўлдим. 28 февраль куни ниҳоят, қўнғироғим Турсунбой акага етиб борди – гўшакни кўтардилар.

– Қанча вақтдан буён  қўнғироқ қилиб, сизга тушолмаётган эдим, қишлоққа кетганмидингиз? Уйингизга борай десам, таклифсиз қабул қилмайсиз, деб қўрқаман, – дедим.

– Тўғри қилибсиз, анчадан буён касал эдим, қишлоққа кетганим йўқ, – деди Турсунбой ака. – Келмаганингиз дуруст бўлди, одам кўп келаверса, мен касал ётганимдан бесаранжом бўламан, меҳмон келганидан хижолат тортади, шунинг учун ҳеч кимга айтганим йўқ...

– Ҳозир аҳволингиз яхшими, кўришга борсам бўладими?

– Ҳа, тузалиб қолдим, ҳозир яна озгина муолажа қолган, қачон келишингизни ўзим айтаман...

Арзимаган, ўзбекларда тумов дейди, бошқа бирида грипп дейди. Тумовнинг неча хил тури борлигини биласизми?

– Тумовнинг уч хил тури бор: енгил тумов, ўртоқ тумов, чатоқ тумов. Мен ана шу учинчисига йўлиққанман, олиб кетадими, девдим, йўқ, тузалдим чоғи, ҳозир яхшиман.

– Яхши бўлсангиз, телефонда бўлса ҳам икки оғиз гаплашсам бўладими?

– Нима масалада?

– Мана, 8-март келаяпти, хотин-қизларга қандай тилакларингиз бор, шуни ёзиб олмоқчи эдим...

– Янгангизнинг исми Саломатхон эди, ўтганига 12 йил бўлаяпти. Лекин шу янгангиз бўлмаганида, мен бунчалик катта ютуқларга эришмасдим...

Турсунбой ака ўша йилларни хотирлаб, айтиб турди, мен ёзиб олдим. Кейин бу гаплар «Ўзбекистон овози» газетасининг 8 март – Хотин-қизлар байрамига бағишланган сонида чоп этилди. Мана ўша интервью:

Турсунбой АДАШБОЕВ,

болалар шоири:

— Мен баҳорни аёлга ўхшатаман. Унинг таровати, саховати, беминнат неъматлари, юракка ҳарорат бахш этиши менга онамни эслатади. Наврўз гўзаллигини умр йўлдошимнинг меҳрига, сабр-бардошига ўхшатаман.

Талабалик йилларида, икки фарзанд, икки қоп китоб билан ижарама-ижара юрган пайтларимда аёлим Саломатхон босмахонада, мен таҳририятлардан бирида ишлардик. Менинг ойлик маошим юз сўм, Саломатхоннинг маоши 700 сўм эди. Мен кечалари билан мақолалар ёзардим, таржимонлик билан шуғулланардим. Ўшанда аёлимнинг қистови билан ишдан бўшаб, фақат ижод билан шуғулланганман.

 Ана шунинг натижаси ўлароқ, ўтган йиллар мобайнида 30 га яқин китобим, яна шунчага яқин таржималарим чоп этилди. Рус, қозоқ, қирғиз, тожик ва латиш тилларига ўгирилганларини қўшсак, умумий адади икки миллиондан ошади. 1990 йилдан 2013 йилгача 10 та китобим, 5 та таржима асарим ярим миллион нусхада босилди. Корней Чуковский, Самуил Маршак ва Жованни Рабонининг сайланмалари таржимаси икки-уч мартадан чоп этилди. Буларнинг ҳаммасида раҳматли умр йўлдошим Саломатхоннинг беқиёс ҳиссаси бор. Шунинг учун мен 8-мартни кутиб ўтирмасдим – иложи бўлса, ҳар куни кўнглини олишга ҳаракат қилардим. Барча ютуқларим учун ҳаётимнинг чароғбони бўлган аёлимдан миннатдорман...

...Ўша куни Турсунбой ака билан анча суҳбатлашдик. У киши оталарининг ҳеч кими бўлмаганини, ўзи ҳам оилада якка-ю ёлғиз фарзанд эканини, Саломат янга билан икки қиз, бир ўғил кўрганини, саккизта чевараси борлигини, ўғли Муроджон кўп савобли ишлар қилаётганини гапириб берди. Турсунбой ака ижарама-ижара кўчиб юрган йиллари бир оила учун керак бўладиган совутгич, газ плита сингари рўзғор буюмларининг деярли ҳаммасини кредитга олган экан. Ҳозир ўғли Муроджон уларни йиғиб, музей қилиб қўйибди.

– Ошиқ ўйнашда отамнинг олдига тушадигани бўлмаган экан, – деб эслаган эди Турсунбой ака ўшанда. – Унинг довруғи шунчалик бўлган эканки, таклиф этилган катта-катта давраларда ҳам ютмасдан қўймас экан. Лекин вақти келиб, бир кунда ўйинни бас қилибди, ошиқларини бир хумчага солиб, уйнинг пахса девори ичига кўмибди. Бундан менинг хабарим йўқ, таржима китобларимдан тушган, йиғиб қўйган пулларни жамлаб, уйни қайтадан қурмоқчи бўлдим. Ишга киришган эдим, йўлдан ўтиб кетаётган отамнинг оғайниларидан бири мени кўриб: «Деворни эҳтиёт қилиб буз, унинг орасига хумча кўмилган, қайтаётганимда ўзим топиб бераман», – деди. Мен ҳайрон бўлдим. Отам ошиқ ўйинидан ютган ҳамма бойликларини хумчага босиб, девор орасига яширган экан-да, деган хаёлга бордим. Отамнинг дўсти бир шериги билан қайтиб келганидан кейин менга уйнинг икки меҳроби орасини буздирди. Қай кўз билан кўрайки, пахса ичидан сопол кўза чиқди! Менинг хаёлим бошқа ёққа кетиб қолди, отамнинг дўсти эса бамайлихотир хумчани олди-да, ичидагисини ерга ағдарди. Хумчадан турли хил рангларга бўялган, ичига қўрғошин қуйилган 12 та ошиқ чиқди!

– Мана, отангнинг ҳамма бойлиги, – деди у фахр билан. – Отанг марди майдон одам эди, қимордан ютган пулларини уйга олиб келмасди, бева-бечораларга тарқатарди. Сен туғилганингдан кейин ўйинни йиғиштирди, ошиқларни хумчага солиб, шу жойга бирга кўмганмиз. – Кейин отамнинг дўсти ­шериги билан ошиқларни тўрттадан бўлиб олди, менга ҳам тўрттаси тегди. Ҳалигача шуни асраб олиб юраман...

Турсунбой ака бирпас жим қолди. Кейин қўшиб қўйди. – Уйни қайтадан қуриб битказдим, кам-кўстларини тузатдим. Лекин ҳалигача ўйлаб қоламан: отам шу ошиқлар ўрнига ўйиндан топган бойлигини йиғиб-тугиб, қолдириб кетиши мумкинмиди? Мени ҳалол луқма билан боққан, тўғрисўз, ростгўйликка ўргатган отам бошқача йўл тутиши мумкин эмаслигини ана шунда тушуниб етганман. Шунинг учун бу ошиқлар менга барча хазиналардан ҳам қимматлироқ...

Турсунбой аканинг болалар учун ёзган шеърларини, шоирларнинг шеърларига ёзилган бешафқат пародияларини яхши кўрардим, баъзан яхшигина тақлид ҳам қилардим. Лекин ўзи билан кўришмаган, яқинига йўламаган эдим. Болалар учун ёзган шеърларимни бирорта устоз шоирга кўрсатмаганман, тўғрироғи, бирорта катта ёшдаги болалар шоирининг этагидан тутмаганман. Лекин редакцияма-редакция қатнаб, ҳаммасига шеър олиб борардим, қачон «Ғунча» журналига борсам, шоир Рауф ­Толиб бирдай ўтирарди, шеърларимни олиб қоларди, ундан «Гулхан»га ўтардим, кейин «Ленин учқуни» ва ҳоказо... 1982 йилда «Ёш гвардия» нашриётига қўлёзма топширдим, 1987 йилда Ўзбекистон халқ шоири ­Нормурод Нарзуллаев муҳаррирлигида иккита ҳамқишлоғининг 15 та шеъри билан қўшилиб, «Юлдузлар чақнаган тун» номли китобим босилиб чиқди. 1991 йилда «Юлдузча» нашриётида Ҳамза Имонбердиев муҳаррирлигида Ўроқ Саидов шеърлари билан қўшилиб «Баҳор рақси» номли китобим чоп этилди.

2003 йилда Самарқандда ишлаб юрган пайтимда Турсунбой Адашбоевнинг «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида менга каттагина «Очиқ хат»и эълон қилинди. Хат «Нуруллоҳ, газетачиликка  кўп меҳр берма, нимага ижод қилмаяпсан?» деган мазмунда эди. Кейин ­Турсунбой ака менинг телефон рақамимни кимлардандир топиб, уйга қўнғироқ қилди. Бир дарсликка ўқувчилар учун Мирзо Улуғбек ҳақида шеър керак бўлганини, шуни ёзишга мени тавсия қилганини айтиб, қанча вақтда ёзиб беришим мумкинлигини сўради. Мен бир соат вақт сўрадим, лекин шаҳарлараро сўзлашув имкони йўқлигини билдирдим. Турсунбой аканинг ўзи менга телефон қилиб турди, бир соат деганда, телефон орқали шеърни ёзиб олди... Мен ҳеч ким билмайдиган, танимайдиган, лекин шоирчиликка даъвогарлик қилаётган бир ғўр ва ношуд шогирд сифатида улуғ бир шоирнинг бунчалик ғамхўрлиги ва эътиборидан, тўғриси, жуда уялдим...

Бу ҳали ҳаммаси эмас. ­Турсунбой ака 2007-2008 йилларда «Шарқ» нашриётидан менинг «Тонгга пешвоз чиқайлик» номли шеърий тўпламимни беш минг нусхада, «Қўрқмас улоқча» номли иккинчи шеърий тўпламимни ўн минг нусхада чоп эттирди... Демоқчиманки, устоздан ҳамиша меҳр кўрганман ва ҳамиша унинг руҳи олдида таъзимдаман.

Турсунбой ака болалик оламидан келиб қолган фариштага ўхшарди. Содда, самимий, кўнгилчан, таъсирчан, чеҳрасидан поклик, мусаффолик уфуриб турарди. Лекин шу билан бирга, ижод бобида ўзига ҳам, бошқаларга ҳам жуда бешафқат эди. Вилоятлардан истеъдодли ижодкорни илғаб қолса бас, уларнинг шеърларини кўтариб, ўзи редакцияларга борарди, китобларини чиқартирарди. Айниқса, болалар шеърияти атрофида гоҳ ўзини у ёққа, гоҳ бу ёққа уриб юрганларни ёқтирмасди, уларга юзинг-бетинг демасдан, кўнглидаги гапни шартта айтиб қўяқоларди.

Абдураҳмон Акбар, Ҳамза Имонбердиев, Худойберди Комилов, Кавсар Турдиева, Маъмур Қаҳҳор, Дилшод Ражаб, Қўзи Исмоил, Эрпўлат Бахт каби жуда кўплаб пишиқ-пухта ёзадиган ижодкорлар ­Турсунбой аканинг назм устахонасида тобланиб, сайқалланиб етишиб чиққан болалар шоирлари ва устоз улар билан чинакамига фахрланарди.

«Болалар ёзувчиси болалар асари устида ишлаётганда, ўша асар тугагунича бола бўлиб туриши керак. Бўлмаса, бу асарни ҳеч ким ўқимайди», деган экан Саид Аҳмад. ­Худойберди Тўхтабоев: «Болалар дунёсига кириш учун бола каби осмонга сакраб қувонишу ҳовлиқиб йиғлаш ва ҳатто аразлашни ҳам билишингиз керак. Шу хусусиятларни ўзингизда сақлаб қолсангиз, ёзганингизни бола ўқийди, бўлмаса йўқ», деб ёзади. Анвар Обиджон: «Руҳиятимда бола табиати сақланган бўлса керакки, улар учун ижод қиляпман», дейди. Буларнинг ҳаммаси тўғри.

– Болалар дунёсига кириш – болага айланиш бозор айланиш, дегани гап эмас. Болалар шоири бўлиш синов ҳам эмас, балки ўша беғуборлик оламида қолган, ёлғон гапиришни эплолмайдиган ва айтилган гапга алданиб қолаверадиган ижодкорга берилган захмат. Уни кўтарган-кўтаради, кўтаролмагани ҳар усулга йўрғалаб, аросатда юраверади, – дер эди Турсунбой ака.

Турсунбой Адашбоев инсонни ҳайратлантирадиган даражадаги та­саввурларини табиат ва наботот олами уйғунлигида тасвирлайдиган, жанр ва мавзу жиҳатидан ранг-баранг, ўзига хос шеърлари билан болаларни фикрлашга, таққослашга, хулоса чиқаришга, гўзалликни англаш даражасигача юксалтирадиган буюк мутафаккир, камтарин донишманд эди. Унинг ўлмас асарлари болаларни шодлантириб, тўлқинлантириб, тарбиялаб шоирнинг иккинчи умрини боқийликкача юксалтиради.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: