Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
08.10.2019

МЕҲР ҚЎЛЛАРИНИ УЗАТАЙЛИК

Токиодаги нашрларнинг бирида шундай эълон пайдо бўлди: «Ота-она сотилади. Ота – 68, она – 66 ёшда. Нархи: 900 йен». Буни кўрганлар ҳайратга тушди. Айримлар: «Эҳ, қандай замонларга қолдик-а, энди ота-оналар ҳам сотилаётган эмиш! Ҳукумат қаерга қараяпти ўзи?» дея норозилик билдиришди.

Эълон берилган газета автоҳалокат туфайли яқиндагина вафот этган ота-онасини тупроққа қўйган ёш оиланинг қўлига тушди. Эр-хотин қарияларни сотиб олиб, меҳр-муҳаббат кўрсатишга, ғамхўрлик қилишга аҳд қилишди. Улар айтилган манзилга келиб ажабландилар. Қаршиларида ҳашаматли уй турарди. Адашдик чоғи, деб иккиланиб турганларида, эшик очилиб, бир кекса киши уларни табассум билан қаршилади.

Тушунмовчилик бўлибди, дея узр сўраб қайтмоқчи бўлишибди. Уй эгаси эса: «Ҳаммаси тўғри, ичкарига марҳамат», деди ҳаяжонланиб. Сўнг рафиқасини чақириб таништирди-да, ёш оилага қараб: «Кўриб турганингиздек, биз моддий жиҳатдан муҳтож эмасмиз. Бизнинг меросхўримиз, фарзандларимиз йўқ. Шунинг учун эълон орқали ўзимизга муносиб меросхўр топишга қарор қилдик. Бу эълонга фақат меҳр-оқибати, одамийлик ҳисси юқори кишиларгина жавоб қилишини билардик! Аммо бироз шубҳамиз ҳам бор эди. Сизларни учратганимиздан жуда мамнунмиз», деди.

Ҳа, қарияларнинг режасига тан бермай илож йўқ. Уларнинг бефарзандлиги шунга ундаган. Аммо Японияда (аслида бундай муносабат дунёнинг ҳар бир четида топилади) ҳам кексаларнинг ёшлар эътибори, ғамхўрлигига мужтожлиги бор гап. Яқинда бу мамлакатда давлат томонидан расман кексалар учун шаҳарча барпо этилди. Маълумотларга қараганда, мазкур қариялар уйида уларнинг бекаму кўст умр кечириши учун ҳамма шароит бор: энг сифатли озиқ-овқат, кунига икки маҳал тиббий кўрик, саёҳатлар... Хўш, нега бундай масканга эҳтиёж туғилди?

Кунчиқар мамлакат ёшлари ўз ота-оналари билан бирга яшашни исташмайдими?

Очиғи, ушбу саволга жавобни фақат четдан эмас, ўз юртимиздан ҳам излаш керак. Бизда ҳам шунга ўхшаш масканлар бор. Республика бўйича 33 та «Саховат» ва «Мурувват» уйлари мавжуд. Тошкент шаҳар Қорақамиш даҳасидаги Республика уруш ва меҳнат фахрийлари пансионати ҳам шулар жумласидан. Айни пайтда мазкур даргоҳлар давлатимиз, ҳукуматимиз эътиборида.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 3 июлдаги «Мурувват» ва «Саховат» интернат уйларида яшайдиган ногиронлар ва кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан Республика ва ҳудудий васийлик кенгашлари ташкил этилган. «Мурувват» ва «Саховат» интернат уйлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш Республика васийлик кенгаши сўрови билан айни кунда мазкур маскан Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан замонавий типда қуриб, жиҳозлаб берилган. Бу ерда турли миллат вакиллари бир оиладек яшайди.  

Сирасини айтганда, бундай манзилларга шунчаки кириб бориш мушкул. Остонасига яқинлашганинг сайин юрагингни тош босади. Қандай нигоҳларга тўқнаш келиб, нима дейишингни ўйлай бошлайсан. Ноўрин савол бериб, кексаларнинг дилини хуфтон қилишдан оғири борми? Бири ўта беозор бўлгани боис нодон фарзанднинг бетийиқ қилмишларини юраги кўтаролмай шу манзилга йўл олган бўлса, бировининг кексаликдаги инжиқликларига сабри етмай, фарзандларининг ўзи ота-онасига шундай ҳаётни раво кўрган...

– Ўқитувчи эдим. Қирқ йилдан зиёд ёшларга сабоқ бердим, аммо қарангки, биргина ўғилни йўлга солишга кучим етмади, – дейди самарқандлик 72 ёшли  отахон Раҳматилла ота ­Холиқов. – Ўзимиз фарзанд кўролмадик. Яратган ато этган ҳаётга сабр қилишдан ўзга илож йўқ. Болалар уйидан бир чақалоқни асраб олдик. Кўп йиллар тирноққа зорлигимиз боис уни анча эркалатиб қўйганимизни кейинроқ англадик. Ҳар қанча уринмайлик, энди кеч эди. Ичкиликка берилиб кетди. Неча кунлаб уйга келмайдиган одат чиқарди. Уйлантирсак, бироз ўзини тутиб олармикан дедик. Буниям фойдаси бўлмади. Суриштириб кўрсак, отаси ҳам шундай одам бўлган экан. Инсон ҳаётдан таълим олмас экан, унга на ота-она, на муаллим сабоқ беролади. Бу – ҳаёт ҳақиқати. Аёлим набиралари билан овуниб, уйда қолди. Мен ўн бир йилдан буён шу ердаман. Аввалига кампирим келиб-кетиб турди. Ҳозир қаричилик, йўл узоқ, бунгаям кўникдик, – дея синиққина жилмайиб қўяди отахон. – Ўқитувчилик фаолиятимнинг асосий қисми имконияти чекланган болаларга сабоқ бериш билан ўтган. Ўша даврдан англаганим яна бир ҳақиқат шуки, инсон хоҳ ёш бўлсин, хоҳ кекса – атрофдагилардан меҳр-эътибор кутади. Ҳамма нарсага тўйишинг мумкин, фақат меҳрга тўймайсан...

Тўғри, меҳрнинг қудрати, коинотдаги ягона чекланмаган қудратдир. Негаки, Тангри инсонни меҳр-муҳаббат, мусулмон динини эса раҳм-шафқат устига яратган. Парвардигор ҳам, унинг расуллари ҳам меҳрибондир ва меҳрлиларни хуш кўради. Қуръони каримнинг йигирмадан зиёд оятида ота-она ҳурмати, уларга яхшилик қилиш ва розиликларини топиш муҳим амаллардан экани баён қилинган. Анкабут сураси, 8-оятида: «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик…» дейилади. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам ўз ҳадисларида: «Парвардигорнинг розилиги ота-онанинг розиликларига боғлиқ. Унинг ғазаби ҳам ота-онанинг но¬розилигига қараб бўлади», дея таъкидлаганлар (Табароний ри¬вояти)...

– Бола-чақаси, оиласи йўқ, ёлғиз кексалар учун бу маскан айни муддао. Лекин ўз оиласи, фарзандлари билан бирга яшаганга нима етсин, – дейди Тўхтамурод бобо Жўраев. – Кўриб турганингиздек, шарт-шароитларимиз яхши, бинони таъмирлаб, янги жиҳозлар қўйиб беришди. Ҳар бир кишига алоҳида хона –телевизор, музлатгич ва бошқа керакли жиҳозлар бор. Кечаю кундуз тиббиёт ходимлари назоратидамиз. Ҳар бир хонада мана бундай «тугмача» бор, бирор нарсага эҳтиёжимиз бўлса ё тобимиз қочиб, безовта бўлсак, шу тугмани босамиз. Келиб ҳолимиздан хабар олишади. Уйимизда бундай шароит қайда... «Тез ёрдам» чақирсак, камида ярим соат кутамиз. Бу ерда ҳаммаси ўз вақтида. Қари киши нимани истайди – овқати, дам олиши ўз вақтида бўлишини. Бу маскан айнан шу ҳиҳатдан маъқул. Ҳеч нарсани кутишга ҳожат йўқ. Ҳафтада бир кун раҳбариятдан келиб, шарт-шароитимизни, аҳволимизни сўраб-суриштиришади. Бу томонларидан мамнунмиз...

Бобо пансионатдаги давлат бюджети ҳисобига ва ўз ҳисобига яшовчилар учун тиббий имконият бир хил эмаслиги ҳақида бироз оғриниб гапирди. Бунинг сабабини сўраганимизда:

– Давлат бюджети ҳисобида яшашнинг маълум шартлари бор, – деди пансионат директорининг      даволаш ишлари бўйича ўринбосари Шарофиддин Бобоқулов. – Бюджет ҳисобидагилар пенсиясининг ўн фоизини қўлларига олишади, қолгани бюджет ҳисобига ўтади. Мана шу сабабдан уларга бепул дори-дармонлар берилади, ойлик тўловни тўлашмайди. Буни уларга тушунтирганмиз. Кекса киши ёш боладек бўлиб қолади. Уларга ғамхўрлик қилиш бурчимиз, албатта. Бу даргоҳга келиб, ҳомийлик қиладиганлар кўп. Фақат ўз қондошларини соғинганда, кўзлари тўрт бўлиб кутганда, бироз диллари хуфтон бўлади...

Бундан бир неча йил аввал худди шундай даргоҳлардан бирида бўлганимизда, зиёли бир онахонни учратгандик. «Ёшлигимда уззу-кун ишда бўлиб, ёлғиз ўғлимга етарлича меҳр-эътибор беролмабман, шекилли, акс ҳолда бугун бу ерда бўлмасдим, – деган эди шўрлик она ўғлини айблашни истамай. – Ўғлимнинг икки қаватли катта ҳовлиси бор. Лекин у ерда менга ажратилган хона ўта совуқ, қуёш нури тушмайди. Бу ўғлимнинг эмас, келинимнинг иши... Кексайгач, офтоб тафтига кўпроқ эҳтиёж сезаркансан киши...».

Меҳр тафти қалбни илитса, офтоб тафтига ҳожат қолмасди, балки... Яхшики, «Саховат», «Мурувват» уйларига ҳомийлик қилиб, ўзининг бу ишини намоён этишни истамаётган бағрикенг инсонлар ҳам бор. Қўшнининг оши қорин тўйдирмас, аммо меҳру оқибатни оширар, дейди доно халқимиз. Ҳақ гап. Бегона бўлса-да, мана шу «қўшнининг оши» туфайли икки ўртада меҳр-оқибат риштаси боғланади. Бошқа томондан қараганда, ушбу даргоҳда ҳомийлик тадбирларини уюштирганларни кўриб, кексаларнинг қалбидан нималар ўтаркин?! Улар ўрнида ўз фарзандини тасаввур қилиб кўрармикин: қанийди, менинг фарзандим ҳам мана шу саховатпеша инсонга ўхшаб, кўпнинг дуосини олса... Мадорим кетганда ҳассага эмас, унинг алпдек қоматига суянсам, тенгдошларим олдида «Мана, менинг фарзандим ота-онасини ана шундай ардоқлайди», дея ғурур билан бошимни баланд кўтариб юрсам...        

Бу каби эзгулик тадбирлари ота-онаси, яқинларини қариялар уйида қолдириб кетаётган бемеҳрларга ибрат бўлганда эди, бундай масканларга эҳтиёж қолмасди... Ушбу даргоҳ пештоқига ёзилганидек, ҳамма бир-бирига ғанимат бу дунёда яқинларимизга меҳр қўлларини узатайлик!

 

Холида ФАЙЗИЕВА,

журналист.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: