21.10.2020

ЎЗБЕКИСТОНДА ГОРИЗОНТАЛ ВА ВЕРТИКАЛ БОШҚАРУВ НИСБАТИ

Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришга қаратилган Ҳаракатлар стратегияси модели асосида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, жадал тараққиёт йўли мамлакатимизни миллат тарихида тарихий бурилиш, миллий маънавий-маданий тикланиш, ижтимоий ва иқтисодий юксалиш жараёнига бошлади.

Горизонтал ва вертикал муносабатлар кўп асрлар мобайнида тадқиқотлар предмети бўлиб келган. Вертикал бошқарув шарқ давлатчилик тарихида, хусусан, Ўзбекистондаги 3000 йиллик давлатчилигимизда бошқарувнинг асосий усули бўлиб келган. Бундай бошқарув ғарб мамлакатларида ҳам демократия тамойиллари ижтимоий маконда мустаҳкам ўрнашмагунга қадар давлат ва жамият бошқарувининг негизи бўлган. Демократик тартиботларнинг жамият томонидан қабул қилиниши вертикал бошқарув кўламларининг қисқариши ва горизонтал бошқарувнинг кучайиб боришига замин яратди. Хусусан, бугунги ривожланган давлатларда горизонтал бошқарув нечоғли кучли бўлса, фаолият самарадорлиги шунча юқори бўлади, деган нуқтаи назар устувордир.

Жамият тарихи моҳият эътиборига кўра, кишилар ўртасидаги муносабатлар тарихидан иборатдир. Тарихий тараққиётнинг ҳар бир даврида таркиб топган иқтисодий-сиёсий тузум жамиятни ташкил қилган шахслар ўртасидаги ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, маънавий муносабатларни шакллантирган ва идора қилиб келган. Шу сабабли, ҳар бир шахс жамиятда тутган ўрнининг мустаҳкамланиши, мақсад ва манфаатларининг рўёбга чиқарилиши, тузум томонидан унга берилган эркинликка эришишга интилишнинг кучайиши турли шакл ва мазмундаги ижтимоий муаммоларни юзага чиқаради.

Вертикал бошқарув тепадан пастга ёки пастдан юқорига қараб таъсир кўрсатилиши, жамиятда қабул қилинган қатъий ижтимоий, табақаланишга асосланган иерархияга таянган ҳолда иш тутилиши, фикр ва мулоҳазалар кучининг баравар эмаслигини ифода этади. Горизонтал бошқарув эса, одамларнинг бир-бирларига ёнлама таъсир кўрсатиши, жамиятда фуқаролараро тенглик муҳитининг амал қилиши, турли муҳокамалар асносида фикрларнинг тенг кучга эгалиги, қарор қабул қилиш жараёнида "бир одам бир овоз" тамойилининг амал қилиши, иш тақсимотида адолатлиликка риоя этилиши, вазифаларни бажариш ва иш натижаларига баравар масъулликни англатади ҳамда ўзида намоён этади. Бугунги ривожланган мамлакатлар юксак тараққиёт суръатларига анъанавий вертикал бошқарув тизимидан горизонтал бошқарувга трансформация бўлиши натижасида эришган.

Кўп минг йиллик вертикал бошқарув натижасида халқларнинг миллий этник жиҳатдан шаклланиши, маданий ўзлигини англашига реал ва аниқ ижтимоий муҳит яратилган, миллий давлатчилик тузилмаларини шакллантириш учун қулай имкониятлар юзага келган. Миллий тил бошқа тилларга ассимиляция бўлмасдан сақлаб қолинган. Турли ижтимоий, касбий, диний, интеллектуал табақаланишув асосида страталар таркиб топган, миллий-маънавий мерос обидалари, халқ урф-одатлари, расм-русумлари ҳамда миллий характер, менталь ўзига хосликлар сақланишига бевосита ёки билвосита шарт-шароитлар яратилган.

Ўзбек халқи менталь ўзига хослигига кўра, икки муҳим характерли этномаданий жиҳатни яққол ифода этади. Биринчидан, ўзбеклар давлатчилик тузилмалари ва давлат идоралари ходимларига юксак эҳтиром билан қарайди ва сўзсиз итоат қилади. Иккинчидан, жамият қоидаларига ва ҳудуддаги маҳаллий ўзига хослик тамойилларига катта ҳурмат билан қарайди ва уларни бажаришни ижтимоий бурч деб билади. Халқимиз вертикал ва горизонтал бошқарув усулларига амал қилишни баравар зарур деб билади.

Горизонтал бошқарувда жамиятнинг обрў-эътиборли шахслари, лидерларига таянилган. Шу сабабли, ҳар бир шахснинг жамиятда тутган ўрнининг мустаҳкамланиши, мақсадли ривожланиш ва турли жамоалар манфаатларининг рўёбга чиқарилишига имкон яратган. Айни вақтда, тузум томонидан шахсга берилган имкониятлар эркинликка эришишга интилишнинг кучайишига ва бошқарув самарадорлигини таъминлаган бўлса, иккинчи томондан лидерлар мавқеининг ҳаддан зиёд ошиши натижасида турли шакл ва мазмундаги ижтимоий муаммоларни ҳам юзага чиқарган.

Мамлакатимиздаги ана шундай даврда ўзбек халқи Президент Шавкат Мирзиёев қандай йўл танлашини кутди. Президент салкам 150 йил давом этган мустамлакачилик давридаги вертикал регуляция қилинувчи авторитар йўлни эмас, 25 йил мустақиллик даврида давом этган ярим изоляция ҳолатидаги фақат этатик мустаҳкамланишга асосий эътиборни қаратган ва шу сиёсий йўлдаги натижаларга эришиш билан чекланувчи йўлни эмас, балки жуда қийин, аммо ягона тўғри йўлни, яъни тараққиётга эришиш учун тенглик, адолат ва демократия йўлини танлади. Бу йўл одамларни рози қилувчи, ҳамманинг қонун ҳамда виждон олдида тенг мақомга эга қилувчи, давлат тазйиқидан халқ иродасини, жамоатчилик таъсирини кучлироқ қилувчи горизонтал бошқарув йўлидир. Президент горизонтал бошқарув асосларини яратишда уч омил кучига таянди. Уларнинг биринчиси ўзбек халқининг катта давлатчилик тарихи, тажрибаси ва анъаналари; иккинчиси миллатнинг бой маънавий тарихи, миллий ўзлиги, интеллектуал, ижтимоий капитали; учинчиси глобал дунёда муваффақиятли интеграциялашув зарурати, тўғриликка асосланган демократия кучи ва жаҳонда Ўзбекистоннинг муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш мақсадидан иборат эди.

Шарқнинг машҳур файласуфи Абу Наср Форобий шундай ёзади: Баъзилар, одамлар ўртасида табиий ёки ихтиёрий боғланишлар йўқ, ҳар бир одам ўз манфаати учун бошқаларнинг манфаатига зарар етказиши, бири бошқасига бегона бўлиши зарур, мабодо улар бирлашсалар ҳам зарурат, мажбурият туфайли бирлашадилар, ўзаро муросага келишсалар ҳам фақат бири ғолиб чиқиб, бошқалари мағлуб бўлганда муросага келадилар, деб ўйлайдилар. Бунда улар ташқаридан таъсир этувчи бир куч тазийқида ўзаро келишувга мажбур бўладилар, агар ана шу куч йўқолса, келишув ҳам йўқолади, яна бегоналашув пайдо бўлади ва улар тарқалиб кетадилар. Инсониятга хос бўлган ҳайвоний ақидалардан бири ҳам мана шу нотўғри тасаввур ва алдамчи ақидададир.

Абу Наср Форобий инсонларнинг  мажбуран эмас, балки ихтиёрий равишда биргалашиб, ҳамкорликда яшашлари зарурлигини, ана шунда ўзаро низолар тугашини уқтиради. Ёки яна: Баъзилар ўйлашича, одамлар орасидаги боғланиш робиталари шу одамларнинг хулқ-атвори, табиати, феъли ва тилининг умумийлигига асосланади. Ҳар бир халқ ўзига хос бўлган мана шундай хусусиятларга эга.

Абу Наср Форобий ташқи таъсир, тазйиқ эмас, балки ўзаро англанган алоқалар, яъни горизонтал муносабатлар одамлараро тотувлик ва яхшиликнинг асоси деб билади. Унинг фикрига кўра:

кишилар ўртасидаги ўзаро, яъни горизонтал муносабатлар қариндошлик ёки қон яқинлиги туфайли намоён бўлади ва бундай муносабатлар ўзига хос турмуш ҳамоҳанглиги ва анъаналар ҳаётчанлигини юзага келтиради;

кишиларнинг ўзаро боғлиқлиги замирида муайян қабила-уруғларга тегишлилик ётади, бу эса катта миқдордаги кишилар гуруҳи ўртасида ижтимоий, маданий, сиёсий ёндашув якдиллигини ташкил этади;

горизонтал муносабатларнинг барқарор амал қилишида диний эътиқод умумийлиги ҳам муҳим роль ўйнайди. Горизонтал муносабатларни мустаҳкамловчи одамлараро алоқаларда, ўзаро сабр-тоқат, бағрикенглик, урф-одат, анъаналар, феъл-атвор бирлиги, савиялар тенглиги, дидлар ўхшашлиги, характер яқинлиги ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

Айни вақтда горизонтал муносабатларни мустаҳкамлашга одамларнинг ҳаммаси ҳам онгли равишда амал қилмайди, балки, уларнинг бир қисми хаотик тарзда, яъни, мавжуд жамият қоидалари, урф-одат ва анъаналарга амал қилиш тарзида яшаш орқали ўзаро муносабатларни сақласа, бир қисми кўпчиликка тақлид қилиб иш тутади ҳамда ўзаро онгли бирдамликка эришишдан иборат масалага моҳиятини етарли ҳис этмасдан туриб ёндашади. Чунки, бундай ёндашув одамлар характерида асрлар мобайнида ўзига хос инерцион табиат касб этиб келган.

Горизонтал муносабатларда онгли ёндашувнинг етишмаслиги одамлараро яқинлик ва тотувликка тақлид субъектлари ва урф-одатларни турмуш тарзидан сиқиб чиқариш орқали осонгина зарба беришдан иборат ижтимоий хавфни юзага келтириб чиқаради. Тарихда бундай ҳолатлар кўп бўлган. Масалан, шўролар тузуми қатағон йилларида юз минглаб одамлар ўзига ибрат деб билган олимлар, ёзувчилар, маърифатпарварларни жисмонан йўқ қилиб, халқнинг маънавий бирдамлигига зарба берган. Натижада одамларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигига рахна солинган. Горизонтал ёндашувнинг муҳим ўзига хослиги бу инсоннинг ўз атрофидаги шериклари, ҳамкасблари, қариндошлари ва дўстларига нисбатан онгли тарзда доимий равишда меҳр кўрсатиш ёки яқинларига холис яхшиликни фақат ундан фойда олиш илинжини кўзламасдан қилиш зарурлигини ҳам ифода этади. Горизонтал ёндашув одамлараро муносабатларда онгли ёндашув, ҳушёрлик, огоҳлик зарурлигини намоён этиб, шунингдек, миллий ҳамжиҳатлик инсондан ҳар бир ишда яхшиликни кўриш, жамиятда юз бераётган ижобий ўзгаришларни ҳис этиш ва шукур этишни ҳам тақозо этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг  мамлакатнинг барқарор тараққиёти ва миллий юксалиши учун одамлараро мақсадлар муштараклиги ва ҳаракатлар бирлиги зарурлигини таъкидлаб, Улуғ мақсадлар йўлида барчамиз бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб, биргаликда ҳаракат қилишимиз зарурдир, деб айтган фикрида чуқур маъно-мазмун мужассам.

Тарбия самарадорлигига эришишда вертикал ҳамда горизонтал ёндашув хиллари амалиётда кенг қўлланилади. Тарбияда вертикал ёндашув деганда, бу мақом, мавқе, лавозим, мулкка эгалик фарқига кўра муносабатларни, раҳбарнинг ходимга таъсири, улар ўртасидаги масофа даражалари, шунингдек, катталарнинг ёшларга нисбатан маънавий таъсири тушунилади. Катталарнинг ёшларга вертикал тарзда таъсир ўтказиши миллий маънавиятни ёш авлод онгига сингдириш, ворисийлик анъаналарини сақлашда муҳим аҳамиятга эга. Катталарнинг ибрат омили орқали тарбиялаш тажрибаси халқимизнинг асрий анъаналарининг авлодлардан-авлодларга ўтказиб, уларнинг ҳаётчанлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этиб келмоқда.

Горизонтал муносабатлар муштарак манфаатлар бирлигини ҳам тақозо этади. Манфаатлар муштараклиги эса корпоротив яқинликни шакллантириш заруратини кун тартибига чиқаради. Президентимиз Шавкат Мирзиёев алоҳида таъкидлаган корпоратив манфаатлар уйғунлигини шакллантириш муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро, жамият ичидаги алоҳида шахсларнинг уюшқоқлик билан жипслашиши уларнинг қайси ҳудудга ёки этник гуруҳга мансублиги эмас, балки уларнинг англанган ижтимоий мақсадлар доирасидаги корпоратив манфаатларга эгалиги ҳам муҳимдир.

Шу боисдан ҳам мамлакатимизда турли этник ва ижтимоий гуруҳларнинг манфаатлари ўртасида оқилона мувозанат бўлишига алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Горизонтал бошқарув феномени ҳар қандай жамоада  барқарор тарбиявий ва касбий муҳим тизим мавжудлигини тақозо этади. Тарбиявий, касбий ёки интеллектуал жиҳатдан муҳим тизимли бўлмаса, жамоада горизонтал таъсир самарадорлиги барқарор бўлмайди. Горизонтал тарбия самарадорлиги жамоада фаолият юритувчиларнинг мақсадига кўп жиҳатларга кўра боғлиқдир. Антик давр файласуфи Аристотель ўзининг Поэтика асарида: Мақсади йўқ кишининг характери ҳам бўлмайди. Характерсиз одамнинг бирор нарсага қизиқиши, рағбати ҳам бўлмайди, деб ёзади. Шу боисдан ҳам горизонтал бошқарув натижадорлигини мақсад омилисиз тасаввур этиш қийин.

Алишер Навоий шаҳзода Бадиуззамонга ёзган мактубларидан бирида мақсад хусусида шундай ибратли фикрларни баён қилади: Одамнинг мурод-мақсади бўлмаса, балолардан омон қолмайди. Аммо ҳар кишининг муроди кўпроқ бўлса, ҳақ-таоло амрига итоати ҳам кўпроқ бўлади. Горизонтал бошқарув мақсад доирасида онгли бирлашув, якдил ёндашувга эришиш заруратини ҳам доимий эътиборда тутиш зарур.

Ёшларда муайян соҳа, касб ёки машғулотларга қизиқиш уйғотиш ва уни кучайтириб бориш катта аҳамиятга эга. Бунинг учун эса, аҳоли онгида қизиқиш ҳамда эҳтиёжларнинг реал ҳолати, у ёки бу соҳага қизиқиш даражаларининг ўсиб, ўзгариш жараёнларини жиддий ўрганиб, таҳлил этиб бориш долзарб масала. Қизиқиш умумдан хусусга, жамоавий кўламлардан индивид, шахс даражасига кўчирилгандагина, яъни инсон ўзи қизиқаётган нарсага қалбан ва ақлан англаган туйғулар билан ёндаша олган ҳолдагина у бунёдкор кучга айланади.

Fарбда моддий, реал манфаатлар устуворлик қилса, шарқ халқлари учун бош қадрият маънавий омиллар, айниқса инсон шаъни, обрў-эътибори, нафсонияти, орияти, виждони ҳисобланиб келинган. Маънавий талаблар ўз-ўзидан қадриятлар қаторини мутаносиблаштиришни, бирининг кетидан мантиқий равишда иккинчисини қўйишни тақозо этган. Хусусан, отага эҳтиром, она эъзози, ака ва ука ҳурмати, қавму қариндошлар тотувлиги, қўни-қўшнилар аҳиллиги кадриятлар сифатида муайян кетма-кетликда, қадрланиш даражасига кўра, иерархик шаклда ҳаётдан ўрин олиб келган. Қадриятлар каторидаги тартибларнинг бузилиши жамиятнинг, сўнгроқ эса давлатнинг нурашига олиб келган. Иерархия шарқ турмуш тарзининг маромини белгилаб турувчи мувозанат меъёри, энг асосий тамал тошларидан ҳисобланган. Иерархик жараёнларнинг ўз оқимида кечиши пўртаналар юз бермаслигига кафолат вазифасини ўтаб келган.

Шу боисдан Ўзбекистонда халқимиз маънавий яхлитлигини сақлаб қолиш, ўзликдан чекинмаслик, соф инсоний фазилатларга таяниб иш тутиш aсосида истиқболга интилиш сиёсати изчил юргизилмоқда. Шарқ халқлари учун ғарбга хос бўлган ҳаммани бир хил қаричда ўлчовчи тотал, яъни, ялпи тенглик формуласи эмас, балки инсонийлик талаблари тўлароқ бажарилувчи иерархик тенглик, яъни, пастдан юқорига, босқичма-босқичликни ифодаловчи муносабатлар тизими кўпроқ мос келади.

 Таълим-тарбия жараёнида горизонтал ёндашувнинг муҳим ўзига хослиги педагог ва талаба ўртасида юз берувчи ижтимоий шериклик acосидаги фаолият ва мулоқотлар асносида намоён бўлади. Педагог ва ўқувчи ўртасидаги мулоқотда устоз ва ўқувчи тенг ҳуқуқли ҳамкор сифатида ёндашади. Педагог гуруҳдаги ҳар бир ўқувчига шахс сифатида ёндашади. Педагог ўқувчиларга тенг ва дифференциал ёндашиб, уларни кучли ва кучсизларга ажратмайди.

Энг муҳими, педагог таълим ва тарбия муаммоларини ечишда ўзини ўқувчи ўрнига, ўқувчи эса ўзини педагог ўрнига қўйиб иш тутади. Ўқувчининг мустақил фикри, фаолияти, ташаббуси ривожлантирилади ва pағбатлантирилади. Ўқувчининг фанларни ўзлаштириши жараёнида унинг шахси, руҳий ҳолати, индивидуал сифатлари ҳам уйғун тарзда нечоғли такомиллашиб боришига асосий эътибор қаратилади. Горизонтал ёндашув ўқувчиларнинг ҳар бир билим довонларини эгаллаганидан кейинги ички фахрни, қониқишни таркиб топтириб, янги марраларни забт этишга доимий рағбат бериб туради. Бундай ёндашув ёшларда нурли истиқбол мотивациясини, юқори чўққиларга ижтимоий мўлжал олиш,  ўз-ўзига бўлган ишонч даражасини оширади. Горизонтал ёндашув моҳият эътиборига кўра, мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳиятини тўлароқ англашга  имкон яратиб, шахс, инсон, омили устуворлигини таъминлашга, ҳар бир таълим субъектини ҳеч кимдан кам бўлмаган ва ҳеч кимдан кам бўлмайдиган шахслар сифатида  тарбиялашга тўла-тўкис хизмат қилади.

Собиқ шўро давридаги таълим-тарбия тизими тўлалигича вертикал ёндашув асосига қурилган эди. Таълимдаги вертикал ёндашувда педагог шахсининг устуворлиги, унинг фикри, таълимий услублари ва ҳатто феъл-атвори бирламчи аҳамиятга эга бўлиб, ўқувчи таълимнинг шунчаки истеъмолчиси сифатида намоён бўлиб келган. Вертикал ёндашувда ўқувчининг таълимий ресурсларни фақат ўзлаштириш жараёнларига асосий эътибор қаратилади. Бунда ўқувчи ўрганилиши зарур бўлган ўқув материалининг яратувчисига айлана олмайди. Бундай ёндашувда педагог гуруҳни муайян мақсад йўлида бирлаштиролмайди, натижада педагог ва ўқувчи ўртасида масофа шаклланиб қолади. Гуруҳдаги ички низоларга аралаша олмайди, уларнинг ижтимоий мақбул ечимида иштирок этмайди. Бундай ҳолат эса гуруҳ аъзолари ўртасида тартибсизлик, дангасалик, фаолиятсизлик ва масъулиятсизликнинг шаклланишига олиб келиши мумкин.

Вертикал ёндашувда педагог ўзини ўқувчи ўрнига қўйиш орқали ҳолатга реал баҳо беришга ҳаракат қилмайди, у ҳар қандай муаммоли вазиятларда ўзини ҳақ деб билади. Эркин фикрлашга йўл қўймайди. Айни чоғда вертикал ёндашув ўқувчида қўрқув, иродасизлик, қатъиятсизлик, ҳимоясизлик ҳиссини кучайтиради. Таълимда вертикал ёндашувнинг энг хавотирли жиҳати, бу ўқувчининг ўзини юқори мақомдаги имкониятлар, идеал типларга идентификация қилишдан тийиб қўйиши ва унинг идентификация доираси фақат ўз гуруҳи, ҳамқишлоқлари, ҳамкасблари даражаси билан чекланиб қолишидир.

Истиқлолимизгача бўлган даврдаги таълим тўлалигича вертикал ёндашув асосига қурилган бўлиб, ўқувчи таълимнинг пассив иштирокчиси сифатида қабул қилинар эди. Собиқ шўролар даврининг таниқли педагоги А.Макаренконинг "Ҳамма нарса коллективда", "ҳамма нарса коллектив учун" ва "ҳамма нарса коллектив орқали" деган шиори вертикал ёндашувнинг ўқ томири бўлиб, коммунистик мафкура билан озиқлантирилган коллектив омили мутлақ даражага кўтарилган, инсон, шахс эса коллективнинг қурбонига айлантирилган эди.

Горизонтал тарбияда "мен", "биз" ва "сиз" олмошлари, айниқса, кенг кўламда қўлланилиши ўзбек халқининг юмшоқ табиатли, кенгфеъл эканлигини ўзаро муносабатларда ёрқин намоён этади. Агарда америкаликларда "мен" омили ҳамма нарсадан устун мавқе касб этса, русларда "биз" (мы) омили турли ижтимоий масалалар ечимида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб келган. Худди шу масаланинг нечоғли аҳамиятли эканлигини ўрганиш учун турли ёшдаги аҳоли қатламлари вакиллари орасида суҳбат-интервью ўтказдик. Суҳбат пайтида "Ўз иш фаолиятингизда ёки бажарилган ишлар хусусида ахборот бераётганингизда ўзингиз айтаётган "мен", "биз", "сиз" сўзларининг қайси бири эшитувчиларда кўпроқ ижобий таассурот қолдиради деб ўйлайсиз?" деган саволга турли хил жавоблар олинди. Хусусан, 50 ёшдан ошган кишиларнинг аксарияти, яъни, сўралганларнинг ҳар тўрттадан учтаси "сиз" олмошини таькидлаш орқали ахборот бериш кўпроқ ижобий самара беришини, 30-35 ёш орасидагиларнинг ҳар иккитасидан бири масалани "биз" олмоши орқали ва тенг ярми "сиз"ни таькидлаш билан яхши таассурот олишларини қайд этдилар. Аммо, 25-35 ёшли респондентларнинг фақат 40 фоизи "сиз" олмошларини ишлатиш орқали ижобий таассурот олиш имкони яратилганини қайд этдилар. Суҳбат натижалари ёшлар орасида онг, тафаккур тарзининг ўрта ва катта ёшли аҳоли вакиллари тафаккур тарзидан бирмунча фарқ қилишини кўрсатди. Аммо, умумий ёндашув кўпроқ "сиз" атрофида айланишини, халқимиз кўпроқ ўзиникидан кўра олмоши бошқаларнинг хизматини таъкидлаш, иш бажаришда бошқаларнинг хизматини таъкидлаш, иш бажаришда бошқаларнинг ҳиссасини юксакроқ баҳолашни маъқул кўришларини, "сиз"га урғу бериш ўзаро яқинликни самаралироқ таъминлашини теран ҳис этадилар. "Мен" олмошини ортиқча таъкидлаш эса, инсонни ўзи эришган ютуқларига қарамай, унинг жамоадаги обрўси ошишига эмас, балки, эл-юрт, умум назаридан узоқлашиб қолишига олмошини хизмат қилиши мумкин. Сўралганлар "сиз" олмошини қўллаш эса билвосита тарзда шахс мавқеининг ошишига, горизонтал муносабатларни мустаҳкамлаш ва жамоани бирлаштиришга хизмат қилишини қайд этдилар.

Таълим-тарбияда горизонтал тарбияни мустаҳкамлашнинг маънавий негизи меҳр омилидир. Кўпчилик меҳр қалбдан, кўнгилдан туғилади, деб ҳисоблайди. Шуни унутмаслик керакки, меҳр ақлнинг ҳам мевасидир. Шу боисдан кўнгил мевалари ичида энг инсоний туйғу меҳр ҳисобланади. Меҳр гарчи кўнгил меваси бўлса ҳам, англанган хатти-ҳаракат, оқилона ёндашувлар ифодаси бўлганлиги боис, у кўпроқ ақл орқали йўналтирилади. Масалан, ота-онанинг ўз фарзандига, устознинг шогирдига, фарзанднинг ўз ота-онасига, аканинг укага кўрсатган эътиборини англатган хатти-ҳаракати меҳp ҳисобланади. Муҳаббатда эса бошқани ёқтириш, севиш туйғулари устувор бўлади. Шунингдек, муҳаббатни англанмаган туйғу, меҳрни эса англанган туйғу деб аташ ҳам кўпрок маъқул. Агар муҳаббат меҳр билан йўғрилган бўлса, бундай туйғулар жуда мустаҳкам ва барқарор бўлади. Горизонтал муносабатларда ака-ука, устоз-шогирд, эр-хотин, ҳамкасблар ўртасидаги ҳиссий муносабатларни меҳр ришталари орқали мустаҳкамлаш катта аҳамиятга эгадир. Аммо шуни унутмаслик керакки, меҳр туйғуси жуда нозик бўлиб, унинг ришталари тез узилиб кетиши мумкин. Масалан, эрнинг хотинига ўтказган зўравонлиги, аканинг укага мушт кўтариши, устознинг шогирдига ёқтирмасдан иш буюриши меҳрнинг заволига олиб келади. Бир марта узилган меҳр риштасини улаш жуда мушкулдир. Эҳтирослар тикланиши мумкин, аммо инсонийлик асосидаги меҳр туйғулари асли борича тўла тикланмайди. Шуниси эътиборлики, тазйиқ ўтказган, мушт урган томондан меҳр кетмаслиги мумкин, аммо, таёқ еган, ҳақорат, дўқ-пўписа олган томондан меҳр тез йўқолади. Меҳрсизланиб қолган томонда фақат мажбуриятни бажариш юкламаси қолади, холос.  Баъзилар мен уни болаликдан бокдим, ундирдим, ўстирдим, ўқитдим, одам қилдим, аммо, негадир жуда меҳрсиз бўлди деб ҳайрон бўлиб юришади. Меҳрсизлик илдизини берилган тарбия тарихидан изламоқ керак.

Социологияда одамларнинг ўзаро ёқтириш туйғулари асосидаги бирлашувларини референт гуруҳлар атамаси орқали ўрганилади. Ҳаётда инсонлар икки, уч, узоғи билан тўрт кишилик кўнгилга яқин одамлардан иборат ўзаро аҳил кичик гуруҳларга бирлашадилар ҳамда мазкур гуруҳлар доирасида касбий, маиший ва ижтимоий масалаларни ўзаро ҳамкорликда ҳал этиб яшайдилар. Одамларнинг ўзларига мос одамларни топиб бирлашишлари мактабгача тарбия муассасаларидан бошланиб, кекса ёшга етганларида ҳам узлуксиз давом этади. Одамларнинг бундай ёқтириб бирлашиш холатлари охир-оқибатда, ўзаро дўстлик даражасига ўсиб чиқиши кўп марталаб кузатилган. Агар адабий манбаларга мурожаат қилсак, "Ўтган кунлар" романидаги Отабек ва Ҳасанали образлари, Александр Дюманинг "Тўрт мушкетёр" романидаги Атос, Партос, Арамис, Дартаньян образлари ва бошқа кўплаб бадиий ва ҳаётий мисоллар одамларнинг референт гуруҳ сифатидаги бирлашишлари нечоғли муҳимлигини тасдиқлайди. Референт гуруҳлар одамлараро горизонтал боғланишларнинг энг оммавий ҳамда дунёдаги барча ҳолатлар учун хос бўлган ижтимоий шакл ҳисобланади.

Япон менежментида икки, уч ёки тўрт киши бажариши лозим бўлган топшириқларни тақсимлашда албатта ходимларнинг қайси референт гуруҳларга мансублиги омилига эътибор қаратилади. Одатда кичик хусусий масалаларда ўзаро бирлаша олмаган одамлар умумий масалалар ечими йўлида асло бирлаша олмайдилар.

Инсон тарққиётини барқарор таъминлашда ҳам горизонтал ёндашувнинг аҳамияти катта. Алишер Навоий ўзининг машҳур "Мажолисун нафоис" асарида битта ижод тури ёки бирор-бир ҳунар, касб доирасида фаолият юритган замондошларига қараганда уч-тўрт касбни пухта ўзлаштириб, муваффақиятли фаолият олиб борган олимлар, шоирлар, ҳунармандлар тўғрисида илиқ фикрлар баён этган. Хусусан, улуғ мутафаккир ўша даврда яшаб ўтган машҳур алломалар Сайид Ҳасан Ардашер, Паҳлавон Муҳаммад, Қулмуҳаммад Удий, Мавлоно Муҳаммад Жомий, Хўжа Фазлуллоҳ Абулайсий ва бошқалар бирор-бир манфаатни кўзламасдан, фақат умумий такомиллашув рағбати билан мусиқа назарияси, каллиграфия, астрономия асосларини, Қуръони каримни ифодали тиловат этиш санъатларини мукаммал даражада ўзлаштириб олганликларини қайд этади.

 

Оқил САЛИМОВ,

академик,

Мансур БЕКМУРОДОВ,

социология фанлари доктори, профессор.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: