25.02.2020

ПАХТА ТЕРИШ МАШИНАСИ МАВСУМДА ПАХТА ТЕРСА

қолган вақтларда даладаги бошқа юмушларни бажаради

«Ўзагротехсаноатхолдинг» акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналарга «Асака» банки тамонидан журналистлар учун медиатур ташкил этилди.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари банк кўмагида «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» акциядорлик жамияти ва «Uz CLAAS Agro» масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган турли қишлоқ хўжалиги техникалари, трактор, комбайнларнинг ишлаб чиқариш жараёни билан яқиндан танишди. Дастлаб мутахассислар иштирокчиларга акциядорлик жамияти тизимидаги корхоналар ҳақида маълумот берди.

 

Шундан сўнг иштирокчилар «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» АЖда амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди. Айни пайтда бу ерда ишлаб чиқарилаётган техникалар Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон, Афғонистон, Покистон, Озарбайжон ва Ҳиндистон давлатларига доимий экспорт қилинмоқда. Англия, Германия, Америка, Россия, Хитой сингари дунёнинг етакчи давлатлари билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилган. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 3 минг 500 дона трактор, 2 минг 500 та тиркама ва 1 минг 500 та пахта терадиган машина бўлиб, мингга яқин иш ўрни яратилган.

«Асака» банки томонидан 2019 йил мобайнида «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» АЖга пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш учун 10 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари ажратилган. Шунингдек, 746 дона тракторни (ТД 5.110, Т6070, U 62) ишлаб чиқариш учун 30,5 миллион доллар ва 2020 йил январь ойида яна 100 дона пахта териш машинасини ишлаб чиқариш учун 8,3 миллион доллар миқдорида маблағ молиялаштирилди.

– Ўтган йили корхонамиз томонидан 11 турдаги 2 минг 659 дона техника ишлаб чиқарилди, – дейди жамият бош директори Муҳриддин Бойқуватов. – Бунда мазкур банк билан ўзаро ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шунингдек, тизим фаолияти янада ривожлантирилиб, ишлаб чиқариш имконияти кенгайди. Корхонада тракторлар, тиркама ва пахта териш машиналари тайёрлаш янги сифат даражасига кўтарилган. Хусусан, ишлаб чиқариш линиялари замон талаби асосида технологик жиҳатдан зарур жиҳозлар билан таъминланган. Қора ва рангли металларни пайвандлаш, қайта ишлаш, штамплаш, трактор кабиналари ясаш ва бошқа турдаги эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш, бўяш линияларида жадал иш олиб борилмоқда.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувдан фойдаланиб яна шуни айтмоқчи эдимки, тракторларнинг моторидан ташқари деярли барча қисми ўзимизда маҳаллийлаштирилган дастур асосида ишлаб чиқарилмоқда. Эътиборли жиҳати, авваллари трактор кабиналарида унинг ҳайдовчисига ҳеч қандай қулайлик яратилмаган. Яъни, куннинг жазирама иссиғида ва қишнинг қаҳратон совуғида унинг кабинасида ўтириб бошқаришнинг ўзи кишидан матонат талаб қиларди. Мана, бугунги трактор кабиналарини кўринг, енгил автомашиналарнинг салонидан ҳеч қолишадиган жойи йўқ. Барча қулайлик мавжуд.

 Бундан ташқари, яна бир янгилик ҳақида ҳам тўхталиб ўтмоқчи эдим. Кўриб турганингиз «NEW HOLLAND» TD5.110 пахта териш машинаси аслида оддий трактор. Республикамизда пахта терим мавсуми 1,5 ёки 2 ой ҳисобланади. Шу мавсумда бу трактор пахта териш машинасига айланади. Қолган вақтда, дала юмушларини бажаради. Буни харид қилган фермер хўжаликларига жуда катта ёрдами тегади.

Медиатур давомида журналистлар Ўзбекистон – Жанубий Корея ҳамкорлигида ташкил этилган «Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги конструкторлик-технологик маркази» масъулияти чекланган жамият фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

Ушбу марказда бугунги кунда қишлоқ хўжалиги учун муҳим техникалар ишлаб чиқаришда илмий-тадқиқотлар олиб бориш, тажриба-конс­трукторлик ишларини юритиш ва технологик лойиҳалаштириш каби ишлар амалга оширилмоқда. Марказ мутахассисларининг олиб борган илмий-тадқиқот ишлари ва саъй-ҳаракатлари туфайли ўтган вақт давомида 20 дан зиёд миллий кашфиётлар қилинди. Масалан, янги яратилган, 110 от кучига эга замонавий, миллий бренди «ZAMIN» русумли трактор турли кўргазмаларда иштирок этди. Ҳозир ушбу трактор синов тажрибаларида қатнашмоқда. Бундан ташқари, ёш мутахассислар томонидан барча қулайликларга эга трактор тиркамаси яратилиб, ишлаб чиқаришга жорий этилди.

Журналистларга ушбу марказ фаолияти, бу ерда амалга оширилаётган янги лойиҳалар, яратилаётган шароит ҳақида атрофлича маълумот берилди. Келгусидаги лойиҳалар, ҳамкорликда олиб борилаётган илмий-техник изланишлар самараси акс эттирилган қишлоқ хўжалиги техникалари кўргазмаси ҳам намойиш этилди.

Шундан сўнг «Uz CLAAS Agro» Ўзбекистон – Германия қўшма корхонасидаги ишлаб чиқариш жараёни кўздан кечирилди.

Мазкур қўшма корхона 4 та ишлаб чиқариш қувватига эга. Улар Германиянинг «Clааs Central Asia Investment» компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилган. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган «Dominator 130» комбайни, «Arion 630С» ҳамда 102 от кучига эга универсал «Axos 340C» ҳайдов трактори ва тиркамалар, шунингдек, ғўза қатор орасига ишлов бериш учун мўлжалланган «Axos 340 3W HC» русумли уч ғилдиракли тракторлар ишлаб чиқарилмоқда. Барча турдаги техника воситалари зарур сертификатларга эга, халқаро стандартларга мос. Бундан ташқари корхона мутахассислари ҳар йили тажриба алмашиш учун Германия, Франция ва Венгрия давлатларидаги CLAAS концернининг заводларига малака ошириш учун юборилади.

Жорий йилнинг март ойида ушбу корхона ташкил топганига 10 йил тўлади. Ўтган вақт мобайнида бу ерда 1 минг 900 донадан ортиқ ғалла ўриш комбайнлари, 2 минг 300 дан ортиқ турли хилдаги тракторлар ва 700 га яқин чорвачилик учун озуқа тайёрлашда ишлатиладиган қишлоқ хўжалик техникалари ишлаб чиқарилган. Жорий йилда эса 700 дона турли хилдаги қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Бугунги кунда ишлаб чиқарилган техникаларга сервис хизмати кўрсатиш мақсадида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида «Uz CLAAS Agro» МЧЖнинг марказлари ташкил қилинган. Сервис марказлари негизида корхонада ишлаб чиқарилган техникаларни сотиш мақсадида мижозларни топиш учун диллерлик марказлари ташкил қилинган. Диллерлар ҳар бир ҳудуднинг ўзида янги ташкил қилинаётган қишлоқ хўжалиги кластерлари ва деҳқон хўжаликлари талабларини ўрганмоқда. Керакли қишлоқ хўжалиги техникаларига шартномалар тузади. Бу эса уларга янада қулайлик яратилганидан далолатдир.

Ушбу саъй-ҳаракатларни эътиборга олган ҳолда 2019 йил январь ойида «Асака» банки томонидан «Uz CLAAS Agro» МЧЖ ҚКга қишлоқ хўжалик техникаларни ишлаб чиқариш учун 40 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари йўналтирилди.

Медиатур давомида мутахассислар қўшма корхона томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, маҳсулот турлари ва корхонани ривожлантириш истиқболлари ҳақида атрофлича маълумот берди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: