Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
25 26 27 28 29 30 1
2 3 4 5 6 7 8
9 10 11 12 13 14 15
16 17 18 19 20 21 22
23 24 25 26 27 28 29
30 31 1 2 3 4 5
15.10.2019

ЯНГИ КОРХОНА РАМЗИ: ОЛТИН ЙЎЛ

Бу орзу ва мақсадимиз ифодаси ҳамдир

МАЪЛУМОТ. Лойиҳа таъсисчиси — «Ўзбекнефтгаз» АЖ. Танланган ҳудуд-Қашқадарё вилоятининг Ғузор ва Нишон туманларидаги Шўртан дашти. Лойиҳа қиймати — 3,6 миллиард АҚШ доллари. Молиялаштириш манбалари — Хитой, Корея Республикаси ва Россия давлатининг молия институтлари. Бош пудратчи — ­Корея Республикасининг «Hyndai Engineering Co. Ltd», ­«Hyndai Engineering and Construсtion Сo.Ltd» ва Сингапур давлатининг «Enter Engineering Pte.Ltd» компаниялари . Яратиладиган иш ўринлари —1328 та, шундан бевосита ишлаб чиқариш ходимлари 808 киши жами Шўртан газ-кимё мажмусидан олинадиган 3,6 миллиард кубометр тозаланган метанни қайта ишлаб, 1,5 миллион тонна сифатли ва экологик тоза, ЕВРО-5 стандарти талабига жавоб берадиган синтетик суюқ ёқилғи маҳсулотларга айлантиради. Жумладан, 724,6 минг тонна дизел ёқилғиси, 307,3 минг тонна авиакеросин, 437,3 минг тонна нафта, 53,4 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилади. Нафта яна Шуртан газ-кимё мажмуига етказилиб, ундан бир қанча янги маҳсулотлар ажратиб олинади. Корхона ишга тушгач, четдан келтирилаётган 1,5 миллион тонна нефть маҳсулотлари импортини камайтириш имконияти яратилади. Янги заводнинг қурилиш майдони 170 гектар.

 

ЙИЛЛАР ВА ЙЎЛЛАР

Шаҳрисабздан тонгда йўлга чиқдим. Машинада Яккабоғ – Қарши эски йўлидан юрганимдан пушаймон эдим.

 Шўро замонида қурилган бу йулнинг аҳволи ҳамон ўша-ўша. Қаралмаган. Машина ғилдираги ҳар чуқурга тушганда асабинг ўйнайди. Бу ишга масъуллар шаънига аччиқ гаплар айтасан. Хайрият, Ғузор тумани ҳудудига киргач, йўлнинг анча қисми таъмирланган экан. Машина ҳам ортиқча силкинмай қўйди. Тонг ёришиб, қатнов кўпайди. 

Анча юрдик, бирор манзил кўринмайди, бу кенгликлар уфққа туташиб кетган.  Бу дашту далалар гўё кимсасиздек, ҳеч вақо йўқдек. Илгари ҳам шундай туюларди. Лекин вақт ўтган сайин Қашқадарё чўллари бағрида бебаҳо хазиналар борлиги ойдинлаша бошлади. Мустақиллик йилларида  бу бойликлардан  фойдаланишга киришдик.  Агар нефть, газ конларимизни ишга туширмасак , ёқилғи учун бошқа давлатларга қарам бўлиб қолаверишимиз  турган  гап эди.

Тобеликдан қутилиш учун бу соҳада ҳам кураш бошланганди. Оллоҳнинг инояти билан нефть ва газнинг улкан захиралари Қашқадарё заминида эди. Бахтни қарангки, мамлакатдаги энг йирик Муборак газни қайта ишлаш заводи фаолияти билан бир неча бор танишгандим. Мустақилликнинг йирик иншоотларидан бири-Кўкдумалоқ компрессор станцияси ишга тушганини ўз кўзим билан кўргандим. Шўртан даштидаги газни қайта ишлаш корхонасига ҳар борганимда фахрланардим, қуввати  баланд бу корхона  мамлакатимиз иқтисодий  қуввати ошишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. 1996 йилда шу даштда «Шўртан газ-кимё» мажмуи қурилиши бошлагани ҳақида мақолалар тайёрлаганман, янги корхона 2001 йилда ишга тушганди.

Бу газ-кимё мажмуи бош муҳандиси Шокир Эшмуродовнинг  айтишича, ҳозир корхонада 4100 ишчи, инженер-техник ходим меҳнат қилмоқда. Йилига 3 миллиард 450 миллион кубометр метан, 110 минг тонна суюлтирилган газ, 90 минг тонна конденсат, 125 минг тонна полиэтилин ва катта миқдорда олтингугурт ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу корхона билан вилоят аҳли ҳақли равишда фахрланади.

Шўртан даштининг биз етиб келган ҳудуддаги ҳар хил рангдаги  техникаларни кўриб, нақ кўргазмалар майдони дейсиз. Юзлаб машиналар тизилган. Узоқдан қад кутараётган завод биноси кўзга ташланади.

Мустақиллик йилларида газ-кимё мажмуи ишга тушгач, тозаланган метандан суюлтирилган синтетик ёқилғи ишлаб чиқарадиган бутунлай янги завод қуриш режаси ҳам  тузилганди . Бир неча хорижий давлатлар иштирокида қўшма корхона ташкил этилганди. Янги корхонанинг ўрнини белгилаш учун Англиядаги бренд-рамзлар яратувчи «Malwell Corporate Projects» компаниясига буюртма берилганди. Натижада «Ўзбекистон олтин йўл» деган рамз тайёрланди . Кейинчалик «Ўзбекистон ЖТЛ» МЧЖ тузилди. Аммо «Олтин йўл ЖТЛ» деган ном кенг оммалашди. Бизга ана шу атама маъқул бўлди. ЖТЛ- инглизча «газдан-суюқликка», деган маънони бераркан.

Хуллас, 2012 йил 22 июль  куни ярим тунда Шўртан даштидаги 75 гектар майдонга 1 миллион 12 минг 840 дона электор лампочкаси ўрнатилиб , тунда «Олтин йул» рамзи, бўлажак заводнинг нурли тасвири порлаганди. 

Мамлакат тараққиётининг янги даври, ўзгача шижоат билан бошланган ислоҳотлар беқиёс янгиликлар, тарихий воқеаларга бой бўлмоқда. Масалан, газ қазиб чиқаришни 2021 йилда 73 миллиард кубометрга етказиш белгиланаяпти. Бу газнинг анчаси чет элга экспорт қилинади. Яна шуниси борки, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 90 фоизи газ ҳисобидан ҳосил қилинмоқда. Шунинг учун атом электр станцияси қуришга киришаяпмизки, бу 3,7 миллиард кубометр тоза газни тежаш имконини беради.

Юртимизда ислоҳотлар туфайли экспортга маҳсулот жўнатиш, маҳаллий хомашёни қайта ишлаш, импортни камайтириш ҳаракати бошланиб кетган ва бу саъй-ҳаркатлар ўз самараларини бермоқда. Масалан, ўтган туққиз ойда 10 милиард АҚШ долларига тенг маҳсулот экспорт қилдик. Янги корхона ишга тушгач, белимиз яна бақувват бўлади, очиқ гап шу.

Бироқ бу ишлар осон амалга ошмаяпти. Тўхтаб қолган қурилишни қайтадан бошлаш, хорижий ҳамкорлар билан келишиш, минглаб қурувчиларга шароит яратиб бериш талаб қилинарди. Бунинг учун давлат миқёсида улкан ирода ва технологияларни ўрнатиш учун юксак тафаккур талаб қилинарди. Воқеалар ривожига аҳамият берайлик . Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 29 декабрида «Шўртан газ-кимё» комплексининг тозаланган метани негизида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисида» алоҳида қарор қабул қилди. 2017 йилнинг февраль ойида Юртбошимиз Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида заводга келди ва долзарб масалалар таҳлил қилинди, натижада қурилиш янги босқичга кўтарилди. Президентимиз 2018 йилнинг 13 декабрида яна GTL заводи қурилишига келди. Энди аҳвол тубдан ўзгарган, қурилиш ишлари жадал олиб борилаётган эди. Улкан юк кўтаргичлар, мураккаб технологик ускуналарни йиғишга киришилганди. Раҳбаримиз барча ишлар билан яқиндан танишди, хорижлик ҳамкорлар билан суҳбатлашди. Шу тарзда Шўртан газ-кимё мажмуи яқинида яна бир лойиҳани амалга ошириш, янги завод ишлаб чиқарадиган нафтани обдон қайта ишлайдиган иккинчи янги корхонани яратиш, полиэтилин ва полипропилин каби маҳсулотларни кўпайтириш, натижада ягона технологик кластер тузиш истиқболларини белгилаб, тегишли мутасаддиларга кўрсатмалар берди. Қувончлиси шуки, бу иккинчи лойиҳани амалга оширишга ҳам киришилган.

 

ЛОЙИҲА ВА ТЕХНОЛОГИК ТАФАККУР

Мамлакатимиз раҳбари 2016 йил 16 ноябрда ­Президент сайловлари арафасида қашқадарёлик вакиллар билан учрашганда, жумладан, шундай деганди: «Қашқадарё улкан саноат минтақаси ҳисобланади. Айниқса, ёқилғи – энергетика индустрияси буйича унинг имкониятлари беқиёс... Бугунги кунда замонавий тараққиётни энг илғор техник ва технологик тафаккурсиз тасаввур қилиб бўлмайди».

Рухсат тегиб, қурилиш майдонига кирганимда, ана шундай фазилат соҳиблари бўлган ўнлаб иқтидорли муҳандислар билан танишдим. Улардан бири асли шаҳрисабзлик, корхона техник директорининг ўринбосари Бекзоджон Исмоилов бўлди. У анча йил Шўртан газ-кимё мажмуида меҳнат қилибди. Газ ва нефтни қайта ишлаш бўйича қобилиятли бу муҳандиснинг ҳозир икки ўғли ҳам шу соҳа бўйича олий ўқув юртларида таълим олишаркан. Иш юзасидан бир қанча хорижий давлатларда бўлган Бекзоджон инглиз тилини яхши билар экан. У катта ташкилотчилигини кўрсатди, вақтинча қурилган маъмурий бинога лойиҳачи ва ижрочиларни таклиф қилди, бутун жараён билан таништирди.

Бошда бўлажак корхонада ишлайдиганларнинг 800 нафардан зиёди соҳа мутахассислари бўлишини айтгандик. Ҳозир улардан 480 киши ишга қабул қилинибди. Жумладан, танлаб олинган 300 муҳандис Шўртан газ-кимё мажмуида ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида амалиётни чуқур ўрганаяпти. Шу йилнинг июнь-июль ойларида 25 нафар мутахассис Қатар давлатидаги йирик корхонада малака ошириб қайтди. Улардан айримлари — ғузорлик Бойбўри Қораев ва Жиззах вилоятидан келган Жамол ­Ғуломов билан танишдим. Улар истеъдодли муҳандислар экан. Айниқса, Қорақалпоғистондаги йирик газ-кимё мажмуида ишлаган, ҳозирги янги корхона техник директорининг ўринбосарларидан бири Қидирбай Қайпназаровнинг илми, фикрлаш тарзи эътиборимни тортди. У лойиҳани тушунтирди ва хорижий мутахассисларнинг сўзларини инглиз тилидан ўзбекчага ўгириб турди.

Юртимизни дунё танимоқда, биз ҳам хорижий меҳмонлар, ҳамкорлармизни меҳр билан қабул қилаяпмиз, ютуқларимиз билан таништираяпмиз, билмаганимизни улардан ўрганаяпмиз. Қурилаётган заводда ҳозир 8 мингга яқин киши меҳнат қилаётган бўлса, уларнинг 800 нафардан ортиғи хорижлик мутахассислардир. Қурилиш майдонида мен япон, корейс, рус, инглиз, италян ва бошқа миллат вакиллари билан учрашдим. Улар билан суҳбатлашганда, таржимон ўрнига «Олтин йўл»нинг муҳандислари инглиз тилига савол-жавобларни ўгириб туришди. Ҳозир шу жойда инглиз тилини чуқур ўрганадиган курслар ҳам ташкил этилган экан.

— Ўтган йили Президентимиз корхонамизга ташриф буюрганда, мен Корея Руспубликасидан келган ҳамкорларимизга таржимонлик қилдим, — дейди. Қидирбай Қайпназаров. – Суҳбат давомида дунёда шундай 5 та корхона борлиги тилга олинди. Шунда Юртбошимиз «Бундай корхона 6 та», дедилар ва қўшни Туркманистонда ҳам қурилаётганини айтдилар. Бу суҳбат чоғида раҳбаримизнинг ёшларга меҳрибонликларидан таъсирландим ва фахрландим.     

Қидирбай таҳлил қилиб берганидек, «Олтин йўл»нинг лойиҳаси Жанубий Африка давлатининг «Sasol», «Дания» давлатининг «Haldor Topsoe» ва АҚШнинг «Chevron» каби компанияларининг технологиялари асосида тайёрланган. Лойиҳа ишларини Жанубий Корея Республикасидаги ҳамкорларимиз «Hyndai Engineering Co. Ltd», « Hyndai Engineering and Construсtion co.Ltd» компаниялари бажаришган.

Джонг ик Сон — кореялик лойиҳа менеджери (Technip FMC компанияси):

— Лойиҳа энг мураккаб технологияларни қамраб олган. Демак, тозаланган метан гази обдон қайта ишланиб, дизел ёқилғи, керосин, нафта, суюлтирилган газ олинади. Биз ҳар бир ускуна ўз жойига ва лойиҳа асосида ўрнатилишини кузатиб бораяпмиз. Юртингизга биринчи келишим. Самарқанд, Тошкент ёқди. Самарқанднинг Регистонида ҳайратландим. Таомларингиздан ош, манти, кабобни хўш кўраман. Аҳил ишлаяпмиз, ёш мутахассисларингизнинг фикри теран эканлигига ишонч ҳосил қилдим.

Маврицио ФАЛАЗЕТТИ — италиялик мутахассис, шартномаларнинг назоратчи менеджери: 

— Айта оламанки, ўзаро тузилган битимларга тўла амал қилинмоқда. Назорат кучли, иш боришидан тўла қониқаяпман. Чунки бу соҳада 38 йиллик тажрибага эгаман. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман. Ўзбекистон менга ёқди. Масалан, менинг икки ўғлим ва қизим бор. Ҳаммаси яхши касбларни эгаллашган. Катта ўғлим менинг соҳамда. Фарзандларимиз меҳрибон ва аҳил. Бу жиҳатдан ўзбекларга ўхшаймиз. Дўстлик, ҳамкорлик халқларимизни бир-бирига яқинлаштиради.

— Мана, лойиҳачи ва назоратчи менеджерларнинг фикрини эшитдингиз,— деди муҳандис Бойбўри ­Қараев. — Мен ҳамкасбим Жамол Ғуломов ва бошқалар билан шу йил Қатар давлатидаги йирик корхона ишини ўрганиб, тажрибамизни оширдик. Биз, мана, Бекзод ака ҳам, 2017 йилда Корея Республикасида бўлиб, лойиҳачилар билан бирга ишладик. Жуда мураккаб технологияларнинг ечими изланди. Лойиҳада энг охирги жараён – чиқиндилар чиқаётганда эскирган ускуналар ўрнатиш кўзда тутилган экан. Бу табиатни ифлос қиладиган чиқинди чиқишига олиб келарди. Фикримизни исботладик. Натижада кореялик ҳамкорларимиз лойиҳага янги, энг замонавий ускуналар ўрнатишни киритишди.

Бекзоджон ва бошқа муҳандислар ўзига хос технология ва янгиликларни тушунтириб беришди. Масалан, завод сувни шу жойда илгари қурилган сув омбори ва Карши каналидан тортилган қувурлар орқали оларкан. Қизиғи шундаки, ишлаб чиқариш давомида ҳам сув ҳосил бўларкан ва улар тозаланиб, яна қайта ишлаш ускуналарини совутишга узатиларкан. Яна бир янгилик шуки, ҳосил бўлган юқори босимли иссиқ буғ 2 та трубинали генераторга узатилиб, 98 МВт электр энергия ҳосил қиларкан. Бу электр энергиянинг 68 МВт заводни ишлатиш учун етаркан ва қолгани Шўртан газ-кимё мажмуасига узатиларкан. Яна ҳаводан соатига 240 тонна кислород оладиган ускуналар хам ўрнатилаяпти. Бундай янгиликлар анчагина.

 

ҚУРИЛИШ МАЙДОНИДА

Бекзод Исмоилов йўл бошлади – улкан қурилиш майдонига чиқдик. Кўз олдингизга келтиринг: дунёнинг 21 давлатидаги 126 заводда ясалаётган 11 мингдан зиёд технологик ускуналар юртимизга, мана шу улкан даштдаги қурилиш майдонига ташиб келтирилмоқда. Мен алоҳида майдонда турган, Россиянинг «Волгоград нефтьмаш» корхонаси тамғаси туширилган 3 та сеператор, унинг ёнида Германиянинг «Сименс» корхонасида тайёрланган 2 та компрессорни кўрдим. Улар улкан ва ўта оғир замонавий мосламалар.

Биз денгиз йўлига эга эмасмиз. Шунинг учун ускуналар не-не машаққатлар билан олиб келинмоқда. Хитой давлатида ясалган, ҳар бири 550 тонна оғирликдаги ва узунлиги 50 метр бўлган 2 та технологик қурилмани денгиз ва логистик маршрутлар орқали Ўзбекистонга олиб келишиб, ўрнатишгани ҳақида гапириб беришганда, бажарилаётган ишлар кўлами ва машаққатини янада равшанроқ  англадим.

  Корхонадаги энг оғир ва масъулиятли ишлардан бири «Фишер-Тропш» реакторларини олиб келиш ва ўрнатиш бўлди, — дейди Бекзоджон баланд ва улкан қурилма қаршисига бошларкан. — Бу 2 та реакторнинг оғирлиги 4 минг тоннадан зиёд бўлиб, қисмлари Япония, Жанубий Африка Республикаси, Корея, Ҳиндистон каби давлатлардаги йирик корхоналарда ясалган. Биз уч мутахассис 2017 йилнинг ёзида Япониянинг Нагасаки шаҳри яқинидаги «Хитачи Зосен» корхонасига бориб, реакторнинг тегишли қисмлари қандай ясалаётганини кузатиб турдик. Барча мамлакатларда ясалган реактор бўлаклари келтирилгач, мана шу майдонда йиғилди ва пешма-пеш ўрнатиб борилди. Барча ишлар 2019 йилнинг сентябрь ойида якунига етди. Бунинг учун 1350 тонна юк кўтарадиган крандан фойдаланилди. Метанни қайта ишлашда реакцияга киришиш ҳолати худди шу ускунада амалга оширилади. Бу ишларнинг бошида япониялик мутахассислар туришди. Ана, яна бир муҳандис келаяпти, саволингизни беринг, мен таржима қиламан.

Ивасаки ЯШИТО — Япониянинг «Хитачи Зосен» компанияси мутахассиси:

— Биз Жанубий Африкадаги «Sаsol» компанияси учун ҳам реакторлар ясаб берганмиз. Бу янги заводда иш анча қийин бўлди. Реактор қисмларини очиқ майдонда йиғиб, бирин-кетин ўрната бошладик. Барча иш сифатли бажарилди. Ўзимдан сўрасангиз, Тамана шаҳрида яшайман, оилада икки қиз ва ўғил фарзандни ўстираяпмиз. Кексаларни иззат қилиш, фарзанд тарбиясида ўхшашлигимиз кўп экан. Ўзбекистон яхши ривожланаётганига амин бўлдик.

Крис ПРИНЦ — Жанубий Африка Республикасидаги «Sаsol» компанияси муҳандиси:

— Заводнинг лойиҳасига биз ишлатаётган технологиялар асос қилиб олинган. Шунинг учун юртингизга мутахассис сифатида келиб, заводда ускуналарни ўрнатиш жараёнларини назорат қилиб бораяпман. Ишлар лойиҳа асосида кетаяпти. Демак, завод ишга тушгач, қурилмалар бенуқсон ишлашига кафолат бор. Ана шу асосда сертификат берилади. Мен Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Шаҳрисабз шаҳарларида бўлиб, унутилмас таассурот олдим. Юртимга қайтганимда фарзандларим, ҳамкасбларимга ҳикоя килиб бераман.

Равшан ФОЗИЛОВ — «Хитачи» компаниясининг хавфсизлик бўйича муҳандиси:

— Мен Қарши шаҳрида туғилиб ўсганман. Ҳозир хорижий компанияда меҳнат хавфсизлиги буйича ишлаяпман. Бу жуда масъулиятли иш. Барча ходимларимизга иш кийимлари берилган, каска кийишлари, қоидаларга амал қилишларини назорат қилиб бораяпмиз.

 Фахриддин АБДУРАСУЛОВ — «Олтин йўл» корхонаси бош директори:

— Мана, кўрдингиз, лойиҳада кўзда тутилган жараёнлар қатъий назорат билан давом этаяпти. Ҳозиргача белгиланган ишларнинг 70-80 фоизи бажарилди. Муҳтарам Президентимиз ўзимизда тайёрланаётган ашёлардан кенг фойдаланиш вазифасини ҳам қўйганлар. Ана, ғиштни Китоб, Қарши, Самарқанддан олиб келаяпмиз. Металл Бекободдаги корхонадан жўнатилмокда. Айниқса, темир-бетон буюмлари ясашга катта эътибор берилди. Ҳув қаранг, 22,5 метрлик тикка темир-бетон «устун», «балка»лар Қаршидаги «Порлоқ» МЧЖ га қарашли корхонада ясалган. Бемалол, танишинг, қурувчилар билан суҳбатлашинг...

Айланиб юрганимизда, тушликка чиқаётган бир гуруҳ қурувчиларга дуч келдик. Нормурод Назаров Қарши туманининг Қовчин қишлоғида яшаркан. Ориф Аҳмедов бир неча йил Кореяда ишлаган, бу халқнинг тили ва одатларини яхши биларкан. Ёши улуғ Бешбой Маматқулов кўплаб қурилишларда иштирок этган экан. «Барчамиз қурилиш-монтаж ишларида қатнашаяпмиз. Шароит, маош ва ишимиздан розимиз», дейди деҳқонободлик Баҳром Эшназаров.

Халқимизда «Бўш қоп тик турмайди», деган доно нақл бор. Хўш, бунча кишига яшаш ва иш шароити қандай яратиб берилмоқда? Бу саволларни берганимда, Бекзод Исмоилов аввал Бош пудратчи томонидан вақтинча қурилган қўрғонга бошлади. Юзлаб биноларда барча қурувчи бемалол жойлашар экан. Яна 1600 ўринли ётоқхоналар қурилмокда. Демак, агар қурилиш иштирокчилари 10 минг кишига етса ҳам турар-жой муаммо бўлмайди. Қизиқиб, «А-14» аталган ётоқхонага кирдик. Маъмур Элбек Саидов шароит билан тариштирди. Хоналар икки кишилик, бир кишига мўлжаллангани ҳам бор экан. Ичадиган, ювинадиган сув бор, душ ишлаб турибди. Замонавий нимкатлар қўйилган. Кичкина совуткич, биоконденсионер, телевизор бор. Вақтинчалик эмас, 20-25 йил фойдаланса бўладиган бинолар қурилибди.

Бекзоджон «Олтин йўл» корхонаси ходимлари учун қурилган кичкина шаҳарчага бошлади. Уч қаватли замонавий бинолар тикланибди. Шу жойда соғломлаштириш маркази, сузиш ҳавзаси, кутубхона, очиқ теннис корти, мини футбол майдони бор экан. Жами 304 хона икки кишилик ва 66 хона бир кишилик экан. Хоналар замонавий мебеллар, нимкатлар билан жиҳозланган, алоҳида ювиниш хоналари ҳам бор. Биноларнинг олдига дарахт кўчатлари ўтқазилибди.

Завод майдонида тиббиёт учун алоҳида бино ажратилган. Мен овқатлантириш билан қизиқдим. Бекзоджон сингапурлик ҳамкорларимиз бошида туриб қурдирган ошхоналардан бирига бошлади. Ошхонага самарқандлик Шокиржон Салиев бош - қош. Хушнуд кутиб олди, стол атрофига ўтқазиб, олдимизга янги ёпилган иссиқ оби нон, ширинлик ва чойнакда чой қўйди. Унинг айтишича, барча масаллиқлар Самарқанддаги «Миронкўл» ташкилотига қарашли омборлардан келтириларкан, сифати яхши. Ошхонада 15 киши ишлайди ва барча замонавий пишириш ускуналари ўрнатилган. Электр ва газ билан ишлайди. Ҳар куни нонушта, тушлик ва кечки овқат махсус тузилган таомномалар асосида тайёрланади.

Вақтини аямай, улкан корхона қурилиши билан таништирган Бекзоджон Исмоиловга раҳмат айтиб, хайрлашдим. Машинада кутган ҳамроҳим – Юнус Бобоевга кўрганларимни қисқача айтиб, йўлга тушдим. Газ-кимё мажмуига қарашли ерлар ўрмон бўлиб кетибди. Янги заводда ҳам ободончиликка катта эътибор берилаётган экан. Бирдан бу ерга келаётганимизда йул четида қўй боқиб юрган, эрталаб кўрган чўпон болага кўзим тушди. Беихтиёр машинани тўхтатдим. Анча ўйладим ва бу сафар чўпон бола ҳузурига ўзим бордим. Қўй ҳайдаб анча жойга бориб қолган экан, чарчасам-да, ўжарлик билан юравердим. Бордим, танишдим, исми Баҳодир экан.

— Ўқишга боргандим, тўплаган балим етмади, — деди у ўспиринларга хос жарангдор овоз билан. — Мана, «Кимё» дарслигини қайта-қайта ўқияпман. Биласизми, ўқиб, инженер бўлмоқчиман, сиз борган «Олтин йўл» корхонасида ишлайман. Ҳозир отамга ёрдамлашаяпман. Тағин ўйламанг...

— Йўқ, ўғлим, сенга ишонаман,ўқишга ҳам кирасан. Албатта, шу корхонада ишлайсан. Тилагим шуки, ҳаёт йўлинг олтиндан бўлсин...

Изимга қайтиб, машинага ўтирганимда, қалбим ажиб ҳисларга тўлганди.

                                               

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: