Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Oktabr 2019   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 1 2 3 4 5 6
7 8 9 10 11 12 13
14 15 16 17 18 19 20
21 22 23 24 25 26 27
28 29 30 31 1 2 3
08.10.2019

БУГУНГИ КУНДА 90 ФОИЗ КОНВЕРТАЦИЯЛАР

бевосита мобиль иловалар орқали амалга оширилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Админис­трацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Асака» банки томонидан «Банк тизимида пластик карталарга хизмат кўрсатиш, уларнинг турлари ва афзалликлари» мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимизда пластик карталар орқали нақд пулсиз тўловларни амалга оширишни ривожлантириш йўлида «Асака» банки салмоқли ҳисса қўшиб келаётгани таъкидланди. Шунингдек, бугунги кунда банкнинг барча филиалларида туну кун – 24/7 режимида ишлайдиган 20 шохобча ва меҳмонхонада 189 банкомат ҳамда инфокиоскалар мижозларга хизмат кўрсатиб келаётгани ҳамда жорий йилнинг 31 декабрига қадар бу каби шохобчаларнинг сонини 40 тага, банкомат ва инфокиоскаларнинг сонини 266 тага етказиш режалаштирилаётгани ҳақида ҳам маълумот берилди.

— Банкимиз капитал ва активлар ҳажми бўйича Республика тижорат банклари ўртасида етакчилардан бири ҳисобланади, — дейди «Асака» банки бошқарув раиси ўринбосари Бобохон Абдуллаев. — Президентимизнинг 2018 йил 18 сентябрдаги «Миллий тўлов тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида банк томонидан жами 2,5 минг дона «Ҳумо» миллий тўлов тизимига мансуб тўлов терминаллари ўрнатилди. Ҳозирги кунда 51 минг дона «Ҳумо» тўлов карталари муомалага чиқарилди. Шу билан бирга, жорий йилнинг сентябридан ушбу карталарга «Овердрафт» кредитларини ажратиш жорий қилинди. Ушбу кредит тури банк мижозларига 25 фоиздан тақдим этилмоқда. Бундан ташқари, банкнинг мижозлари бўлмаган фуқароларга ҳам 35 фоиздан микрокредитлар ажратилиб келинмоқда. Эътиборли жиҳати — бу иккала кредит турига ҳам ортиқча ҳужжатлар талаб қилинмайди ва кредит олувчилар хоҳласа, нақд пулда, хоҳласа пластик карталарига тушириб олишлари мумкин.

Шунингдек, молия муассасаси томонидан мижозларга қулайлик яратиш ва масофавий хизматлар кўламини кенгайтириш мақсадида «Asaka mobile» мобиль иловаси жорий қилинди. Ушбу илова орқали картадан картага пул ўтказиш, онлайн омонат очиш, онлайн конверсия амалиётини ўтказиш, кредитларни сўндириш, коммунал, бюджет, солиқ, интернет ва бошқа хизматлар бўйича тўловларни ўтказиш имконияти мавжуд. Шу билан бирга, «Asaka mobile» мобиль илова орқали «оилавий карталар»ни бошқариш янги хизмат тури жорий этилди. Бу хизмат тури орқали мижозлар оила аъзоларига қўшимча карталар олиши ва ўз ҳисобрақамидан ўзи белгилаган лимит доирасида амалиётлар бажариши мумкин.

Ўтган йилнинг 8 ойи давомида жисмоний шахслар томонидан масофавий хизматлар орқали жами 250 миллиард сўмлик 2 минг 69 мингта транзакция амалга оширилган бўлса, жорий йилнинг 1 сентябригача жами 407 миллиард сўмлик 1 минг 894 мингта транзакция амалга оширилган.

Республикамизда туризмни ривожлантириш ва туристларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида банк тижорат банклари ўртасида биринчи бўлиб «MasterCard», «UnionPay» ва «UzCard» тўлов тизимларига мансуб тўлов карталарини бир банкомат ёки терминалда хизмат кўрсатиш амалиётини жорий қилган ва бугунги кунда банкоматлар «HUMO» ҳамда «VISA» карталарига ҳам хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу эса маҳаллий аҳоли ва хорижий меҳмонларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга асос бўлади.

— Олдинлари валюта конвертацияларининг атиги 10 фоизи мобиль илова орқали, 90 фоизи эса бевосита банкнинг ўзида анъанавий тарзда амалга оширилган, — дейди «Асака» банки чакана бизнес департаменти бошлиғи Бекзод Абдураҳмонов. — Бугунги кунга келиб, 90 фоиз конвертациялар бевосита мобиль иловалар орқали бажарилмоқда. Бу аҳоли ўртасида мобиль илованинг ҳар жиҳатдан қулайлиги тан олинаётганининг исботидир.

Анжуман давомида: «Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси 16 фоиз қилиб белгиланган бўлса-да, маърузада банк мижозларига «Овердрафт» кредитлари 25 фоиздан, банкнинг мижозлари бўлмаганларга эса 35 фоиздан микрокредитлар ажратилиб келинаётгани айтиб ўтилди. Бу ажратилаётган кредитларнинг фоизи бироз баландроқ эмасми?» деган саволга банк бошқарув раиси ўринбосари ­Бобохон Абдуллаев қуйидагича жавоб қайтарди.

— Тўғри, марказий банкнинг қайта молиялаш ставкаси 16 фоиз қилиб белгиланган бўлса-да, биз аҳолининг бўш турган маблағларини 24 фоиздан омонатларга жалб қилмоқдамиз. Шундан келиб чиққан ҳолда банкимиз мижозларига 25 фоиздан «Овердрафт» кредитларини ажратаяпмиз. Боиси, уларнинг ҳисоб рақамлари банкимизда бўлганлиги боис кредитларни ўз вақтида сўндиришда муаммолар бўлмайди. Аҳолига таклиф этаётган микрокредитларнинг фоизини 35 қилиб белгиланишининг сабаби банк таваккалчиликлари ҳисобга олинган. Чунки улар бошқа банкнинг мижозлари бўлганлиги учун ҳисоб рақамларидаги маблағларини кўриб туриш имконияти йўқ. Яъни, ажратилаётган микрокредитларнинг ўз вақтида қайтмаслик эҳтимоли юқоридир. Шундай бўлса-да, банкимиз катта таваккалчиликни ўз зиммасига олган ҳолда аҳолига микрокредитлар ажратиб келмоқда. Бир сўз билан айтганда, банкимиз жамоаси билан биргаликда ажратилаётган кредитларнинг фоизини камайтиришга, яъни аҳолига маъқул бўладиган фоизга туширишга ҳаракат қилмоқдамиз.

Тадбир сўнггида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: