25.11.2020

ОДАМЛАР, ҚОЙ ОДАМЛАР, ЭШИТМАДИМ ДЕМАНГЛАР...

Ўзбекнинг тўйи бир томони кўп файзли, завқли, бир томони кўп харжли, ғалвали. Айниқса, бизнинг Қашқадарё томонларда. Ана шу шов-шувли ордона тўйни деб хотинлар бўхчасини титиб, кўйлак-лозимлик мато излаб тополмагач, эрининг елкасини силаб, янги либос харжини олгани қанча. Жувонлар-ку майли, жувонлигига боради, лекин жигитман деб, кўксини шамолга бериб, от устида елиб юрган шунқорлар-чи? Катта тўй қиламан, деб тинкаси қуриб, от минишга ҳам мадори қолмай, ойлаб ўзига келолмай, қарзини тўлолмай, юрагини чангаллаб қолганлари қанча?

Бўрибой тўй базмига Қашқадарёнинг артистларига ҳам қаноат қилмай, Тошканнинг фалон долларга журадиган қўшиқчисини олиб келармиш, деган гап ёш-у кексанинг оромини бузди. Қишлоқнинг бекорчихўжа йигитлари Бўрибойнинг эшигига турнақатор тизилиб, тўйолди ҳашарини бошлаб юборишди. Қўлтиғига тарвузи сиғмай турган бу йигитлар у ёқ, бу ёқларни тозалагандай бўлиб, кечгача беш-олти шишани ағанатиб, ҳазил-ҳузул қилиб уйга қайтишади. Айримлари бойга суюмли кўриниш учун тўйболалар дўпписининг остига пул қистириб ҳам қўяди. Қишлоқнинг чевар кампирларидан бири Ойсулув момо Бўрибойга атаб чопон тика бошлайди. Бу ёғи невараси Тиркашжоннинг кўнгли бойнинг қизида – шундай кунда бўлажак қудаларнинг кўнглини овламаса, қачон овлайди? Анови Эргаш тегирмончининг ўтган йили тирамада тоғ бағрида ўтказилган кўпкарисида оёғи синиб, оқсоқ бўлиб қолган арзандаси Жамолтўранинг ҳам эс-хаёли бойнинг қизида.

 Мана сизга, ҳали бошланмаган тўйнинг машмашаси, ваҳимаси. Бир тўйни деб қанча оварагарчилик, қанча кўнгилсизлик, яна қанча харажат...

Ана, ниҳоят, орзиқиб кутилган тўй куни келди. Тўйдан бир кун олдин қўша-қўша ҳўкизлар, бўрдоқи қўчқорлар сўйилди. Қаршидан келган олифта видео-тасвирчи йигит камерасини қўлга олиб, қассобларни тасвирга ола бошлади. Эрталабгача бойнинг уйида қозонлар қайнаб, кўнгиллар яйради.

 Азондан кўпкари, пешиндан сўнг кураш мусобақаси бошланди. Соврин учун беш туя, беш тойчоқ, ўнта қўчқор, йигирмата серка, даста-даста пул ва бошқа қимматбаҳо совғалар ғолибларга тортиқ этилди.

 Мен шу пайтгача биз томонда ўтган тўйлар ҳақида Қашқадарё шевасида озроқ ҳикоя қилдим. Биласиз, қишлоқ аҳли азалдан тўкин тўйга ташна. Аслида бундай тўйлардаги дабдабани тўкинлик деб эмас, исрофгарчилик десак, янглишмаймиз. Келинг, узоқ кутилган тўйнинг тунги базм қисми нима билан тугаганлигини айтай. Бўрибойнинг пастки қишлоқдаги жиянлари арзанда қизи билан қилпанглаб ўйинга туша бошлади. Шу пайт ҳозиргина бойнинг елкасига чопон ташлаган момонинг невараси ҳам даврага сакраб чиқди. У ёқдан Жамолтўра ҳам жўралари кўмагида даврага отилди. Қизлар эса уларни баттар сархуш қилишга шайлангандай “тумпа лалай, лалай”га тушиб кетди. Уларнинг атрофида жилпанглаётган йигитлардан иккитаси давранинг қоқ ўртасида муштлашиб кетса денг. Бўрибой улфатлари билан навбатдаги шишани йиқитган – сархуш, дунё билан иши йўқ. Қора тун қўйнида даврада тўй гулхани эмас, шайтонлар рақсига монанд тарбиясизлик, жазава олови ўрлайди. Зумда атрофлардан бўрилардай безори ўсмирлар чиқиб кела солиб, оммавий муштлашув бошланиб кетади. Ота болани танимайди – зулмат бағрида ҳамма кўр. Хотинларни қўйинг, қайси бири гўдагини бағрига босиб қочган, қайси бири янги кўйлагининг этагини пирпиратиб қочган. Тошга йиқилиб, тиззасини сидириб, вой-войлаганча қолган чолу кампир билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Қатор дошқозонларда қайнаётган таомлар дастурхонга тортилмасдан увол бўлди. Жанжал авжига чиққанда, ҳар доимгидек воқеанинг охирида бўлари бўлиб, бўёғи синганда, барака топкур маҳалла нозирлари етиб келишди.

Жанжал-ку босди-босди қилинди. Кўнгиллар ва вужудларнинг яралангани қолди. Тўй ҳар бир инсон орзусидаги дўстлар, яқинлар дийдори, эл-улусга белги билдиришдан иборат бир маросим. Шу ўринда битта савол туғилади: ана шу тўйлар кундуз куни ўтказилса, меҳмонларни ўйлаб таклиф этсак, сарф-харажатлар камайтирилса, нур устига нур бўлмайдими? Бу борада кенг жамоатчилик томонидан фикрлар билдирилмоқда, тўйларни ихчамлаштириш ва тартибга келтириш бўйича топшириқлар берилишига, керакли кўрсатмалар амалга татбиқ этилишига қарамай, чекка қишлоқларда коронавирус пандемияси карантини кунларида ҳам бундай тўйларга гувоҳ бўляпмиз.

Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси қўшма мажлисида айнан шу масала муҳокама қилинган эди. Кўпчилик инсонлар дабдабали тўй маросимлари ва уларни ўтказишга сарфланадиган катта харажатлар оқибатида қарзга ботмоқда, қарзини узолмай соғлиғини йўқотмоқда. Қарз балосидан қутулиш мақсадида ўзини турли йўлларга урмоқда, деган фикрлар билдирилган эди.

Бундай ҳолатларга чек қўйиш мақсадида “Тўй-ҳашамлар, тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низом ишлаб чиқилди. Унга кўра, оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солишда ижтимоий адолат ва қонунийлик, миллий урф-одат ва қадриятларга содиқлик, бошқа дин ва миллат вакилларининг урф-одатларини ҳурмат қилиш ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олиш тамойилларига риоя этилади. Бу масала Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама этилди. Хуллас, оилавий тадбирларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимига 250 нафаргача киши қатнашиши, қўшалоқ тўй-ҳашамларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкинлиги келишиб олинди. Тўй-ҳашамларни ўтказувчи шахслар тадбирларни ўтказишдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши, шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик, миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган оилавий тадбирлардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни (“Келин навкар”, “чарлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш” ва ҳоказолар) ўтказишга йўл қўйилмайди.

 Бу чора-тадбирлар айнан одамлар манфаатини кўзлаб қабул қилинмоқда. Кимдир ном чиқариш, ўзини кўз-кўз қилиш учун, кимдир бошқалардан қолишмаслик учун қилаётган дабдабали тўйлар фақат ортиқча ташвиш, харажат, кўнгилсизликлардан бошқа нарса эмаслигини одамларга тушунтириш қийин кечаётган эди. Коронавирус пандемияси шароитида тўй ва оилавий тадбирларни янада ихчам ўтказиш талаби қўйилди. Бундан тўғриси, оддий одамлар хурсанд бўлди. Чунки илгари иқтисодий имконияти чекланган ёки умуман катта тўй қилишни хоҳламаганлар гап-сўзга қолишдан хижолат тортиб, таниш-билишлар нотўғри тушунишмасин, деб “эл қатори” тўйга одам айтарди.

Мана, энди ҳамма билади, кўп одам тўплаш мумкин эмас, тўғрисини айтганда, хавфли. Кейинги уч-тўрт ойда тўйга бориб, вирусга чалиниб, ҳаётдан кетганлар қанча бўлди... Ақли-ҳуши жойида одамлар бундан тўғри хулоса чиқариб олмоқда. Афсуски, ҳамон хавф-хатарга лоқайд қарайдиганлар учраб турибди. Тўйга пешингача 30 та, пешиндан кейин 30 та одам айтганларни ёки икки кунга бўлиб тўй қилганларни кўрдик.

Ҳой инсон, озгина инсофинг бўлса, ўйлаб кўр, бу ишинг қандай оқибатларга олиб келиши мумкин? Кимнингдир ўлимига ёки бошига ташвиш тушишига сабабчи бўлиб қоласан-ку?! Тўй ёки юбилейни оила аъзолари, яқин қариндошлар даврасида ихчам, тартибли ўтказиш мумкинлигини бугун оддий одамлар исботлашяпти. Улар бундан хурсанд. Чунки ҳеч ким: “Нега тўй қилмадинг ёки нега тўйга мени айтмадинг”, деб хафа бўлаётгани йўқ. Бундан кейин ҳам тўйларимиз шундай тартибда ўтавериши керак. Иқтисод қилинган пулни оила равнақига ишлатиш керак.

Бир замонлар от ёки эшак миниб, қишлоқма-қишлоқ юриб “Одамлар, ҳой одамлар, эшитмадим деманглар, фалон куни фалончиникига тўйга”, деб ёппасига одам айтиш удум бўлган. Энди замон, ҳаёт, тўйга муносабат ўзгарди. Тўйнинг маъно-мазмуни ҳам ўзгариши керак. Энди “Одамлар, ҳой одамлар...” деб жар солишни замон кўтармайди. Энди тўйларимизни ўйлаб, ҳисоб-китоб қилиб, яқин қадрдонлар даврасида ихчам, маданиятли, мазмунли қилиб ўтказишимиз лозим. Кимки бу тартибни бузса, “Одамлар, ҳой одамлар, эшитмадим деманглар”, деб жар солиб, ўша тартиббузарни ошкор қилишимиз керак. Бошқаларни ҳурматламай, манманлик қилаётганлар жиловини тортиб қўйиш керак.

Энди, деҳқонободчасига тилак билдирай: илоҳим, коронавирус деган бало-қазо журтимизға, дунёға қандай кеп қоған бўлса, шундай жўқ бўп кетсин, қайтиб келмас бўп кетсин. Тўйларимизни ҳозиргидай ихчам, тартибли ўтиши анъана бўлиб қолсин, илоҳим, Ўзинг ҳаммага ақл бер, инсоф бер, омин...

 

Турдиқул МАМАНОВ,

 ЎзХДП аъзоси, халқ депутатлари Деҳқонобод туман Кенгаши депутати, фермер.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: