23.09.2020

Виждон эркинлиги ҳуқуқи

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан кейин маънавий ҳаётдаги янгиланиш жараёни, туб ислоҳотлар самараси ўлароқдинга бўлган муносабат ҳам аслига қайтди. Собиқ совет тизимининг атеистик сиёсатига барҳам берилди, виждон эркинлиги қонун орқали кафолатланди. Давлатчилигимиз демократик ривожланиш йўлини танлади.

Дин ва дунёвий давлат орасидаги муносабат ҳақида гап кетар экан, энг аввало, диннинг давлатдан ажратилиш тамойили унинг асосини ташкил этишига аниқлик киритилди. Бу ҳақда Конституциямизнинг 61-моддасида шундай дейилади: “Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар. Давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмайди”.

Мазкур моддада муҳим қоидалар мустаҳкамланган. Аввало, диний ташкилотлар қайси конфессияга тааллуқлилигидан қатъи назар, бир хил ҳуқуқий майдонда фаолият олиб боради. Қолаверса, диний бирлашмалар фаолиятини ташкил этиш уларнинг ички иши ҳисобланади ва давлат назоратидан холидир.

Шу билан бирга, диний ташкилотларнинг давлатдан ажратилгани диннинг жамиятдан холи эканини англатмаслигини ҳам таъкидлаш зарур. Бу фуқаролик жамиятида дин ўз мавқеига эга бўлишини билдиради. Айтиш жоизки, маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва халқимизнинг ҳақиқий маънавий сурати ҳамда сийратини белгиловчи фазилатларни ўзида мужассамлаштирган меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, ўзаро ёрдам, кексаларга ҳурмат, шарқона одоб-ахлоқ, шарму ҳаё каби энг олий инсоний туйғуларнинг туб моҳиятини англаш ва кўз қорачиғидек эъзозлашда айнан диний ташкилотларнинг ўрни катта.

Дин ва дунёвий давлат муносабатини белгилаб берувчи бошқа бир тамойилнинг мазмуни дин соҳасида кечаётган ўзгаришларни холис ва илмий ўрганишда намоён бўлади. Давлатнинг динга бўлган муносабатини ифодаловчи яна бир муҳим тамойил шуки, давлат динни халқ маънавиятининг узвий қисми сифатида тан олади. Шундан келиб чиқиб, унинг ривожи учун тегишли шарт-шароит яратишга ҳаракат қилади.

Шу нуқтаи назардан, бугун мамлакатимизда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси қабул қилинишининг аҳамияти қуйидагиларда намоён бўлади.

Биринчидан, виждон эркинлиги масаласи инсоннинг ҳаётий ҳуқуқи эканидан келиб чиқиб, демократик тараққиёт йўлини танлаган ҳар бир мамлакат ўз ҳаётининг бош мезони сифатида виждон эркинлиги тамойили устуворлигини кафолатлайди. Мамлакатимизда барпо этилаётган демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятининг тамал тоши “виждон эркинлиги” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқдир. Фуқаровий эркинликлар ичида инсоннинг ички маънавий дунёсига ва унинг руҳиятига бевосита алоқадор бўлган виждон эркинлиги — умумэътироф этилган инсон ҳуқуқларининг энг асосийларидан бири ҳисобланади.

Иккинчидан, фуқаролик жамиятида кишилар ўртасидаги муносабатлар юксак маданий савия ва теран маънавий заминга асосланган бўлади. Муайян инсоннинг қадр-қиммати, одамлар орасидаги меҳр-оқибат, самимийлик, ахлоқий поклик, инсофу адолат ва инсонпарварлик каби энг эзгу умуминсоний қадриятлар фуқаролик жамиятининг муҳим шартидир. Шунинг учун ҳам, Ўзбекистонда кечаётган давлат ва жамият қурилиши жараёнида том маънодаги виждон эркинлигини таъминлашга алоҳида урғу берилмоқда.

Давлатимизнинг виждон эркинлигига муносабати Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга...”, деган қоида билан мустаҳкамлаб қўйилган. Демак, “Виждон эркинлиги” деган тушунчанинг мазмун-моҳияти хоҳлаган динга эътиқод қилиш ҳуқуқидан ташқари, ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ихтиёрини ҳам беради. Ҳар бир фуқаро ҳақли бўлган бундай ҳуқуқнинг бузилмаслиги учун мазкур модда “диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди” деган муҳим қоида билан ҳам тўлдирилган. Шу нуқтаи назардан, ушбу меъёрларни пухта таҳлил этиш ҳам муҳимдир.

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида аниқ белгилаб қўйилган давлат ва жамият қурилишининг бош мақсадларидан бири — инсон фаровонлиги таъминланган, ижтимоий адолат ва қонунийлик устуворлик қиладиган, барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлган, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглигига асосланган жамиятни барпо этишдир. Бу, энг аввало, юксак маънавият ва ҳурфикрлиликка асосланган, виждон эркинлиги амалда барқарор бўлган жамиятни барпо этиш демакдир. Бундай жамиятни қуриш эса, биринчи навбатда, кенг маънодаги виждон эркинлиги, жумладан, диний эътиқод эркинлигини таъминлашни тақозо этади. Конституциямизда ушбу ҳаётий масалага умумэътироф этилган демократик тамойиллардан келиб чиқиб ёндашилган.

Тўртинчидан, том маънода виждон эркинлиги ҳуқуқини кафолатлаш ва амалда таъминлаш учун Ўзбекистонда тўлақонли ҳуқуқий тизим яратилиши ўта муҳим масала ҳисобланади. Негаки, юқорида ҳам таъкидланганидек, “Виждон эркинлиги” фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки эътиқод қилмаслиги кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир. Шу маънода, ҳуқуқий категория сифатида виждон эркинлиги, бир томондан, эътиқод эркинлигини, иккинчи томондан эса, ҳеч бир динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини ифода этади.

Ахлоқий нуқтаи назардан, виждон эркинлиги бу муайян инсоннинг фикрлаш тарзи ва шахсий, маънавий эътиқодига мос хатти-ҳаракат қилиш ҳуқуқидир.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳар қандай демократик ривожланиш йўлини танлаган давлат виждон эркинлигини ҳуқуқий кафолатлаш ва амалда таъминлаш тадбирларини рўёбга чиқариш билан бир қаторда, қонун устуворлиги масалаларини ҳам олий даражада руёбга чиқаришга интилади. Қонун устуворлиги энг олий мезон бўлган фуқаролик жамиятининг ҳар бир аъзоси ушбу қонуний талабга тўғри муносабатда бўлиб, уни ҳаётга татбиқ этишга ҳисса қўшиши лозим. Чунки энг муҳим конституциявий ҳуқуқлардан бири бўлган виждон эркинлиги ҳуқуқининг амалда рўёбга чиқиши фуқаролик жамиятининг маънавий-маданий ривожланганлик даражаси кўрсаткичи сифатида муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса сифатида айтиш лозимки, бугунги кунда янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, унда кўзда тутилган асосий янгилик ва ўзгаришлар моҳиятини юқоридаги омиллар нуқтаи назаридан тушуниш, таҳлил қилиш мақсадга мувофиқдир.

 

Нигора ЮСУПОВА,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси доценти, юридик фанлар доктори.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: