09.09.2020

ТИРИКЛИК ҚАЛҚОНИ

Озон қатлами Ер атмосферасида миллиард йил олдин, фотосинтез туфайли унда етарли миқдорда кислород тўпланганда ҳосил бўлган. Бу қатлам Ер юзидаги ҳаёт гаровидир.

Озон қатлами 1912 йилда француз олимлари Чарлз Фабри ва Анри Буиссон томонидан аниқланган. Улар ультрабинафша нурланишининг спектроскопик ўлчовларидан фойдаланиб, атмосфера қатламларида озон борлигини исботлаб берган.

Ер юзида ҳаво ҳароратининг ошиши озон қатлами зарарланганини кўрсатувчи муҳим белгилардан биридир. Глобал исиш, атмосферада карбонат ангидрид, олтингугурт оксиди, азот, углерод ва бошқа зарарли моддалар миқдорининг кўпайиши нафақат ҳарорат ошишига, балки бошқа кўплаб экологик фожиаларни келтириб чиқаради.

Кейинги 150 йил ичида сайёрамиздаги ҳарорат ўртача 1,5 даражага кўтарилиши қатор глобал экологик муаммоларни юзага келтирди. Абадий музликларнинг эриши, сув сатҳининг кўтарилиши, чўлланиш жараёнининг кучайиши шулар жумласидандир. Бунга асосий сабаб қилиб, саноат корхоналари ҳамда автотранспорт воситаларидан атмосферага чиқаётган турли газлар ва бошқа чиқиндилар миқдорининг ошиши натижасида озон қатламининг емирилиши кўрсатилмоқда.

Шу каби глобал экологик муаммоларни бартараф этиш мақсадида қатор халқаро келишувлар имзоланган. Озон қатламини ҳимоя қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлар 1987 йил 16 сентябрда Монреаль баённомаси имзоланиши билан бошланган бўлиб, ушбу санаОзон қатламини ҳимоя қилиш халқаро куни сифатида кенг нишонланади.

Озон қатлами асосан атмосферанинг ердан тахминан 20-40 километргача масофада бўлган қуйи қисмида жойлашган. Кимёвий таркибига кўра озонбу молекуласи учта кислород атомидан ташкил топган модда (О3) бўлиб, кислородга қуёшнинг ультрабинафша нурлари таъсир этиши натижасида юзага келади. Инсон фаолияти билан боғлиқ омилларни ҳисобга олмасак, одатдаги табиий ҳодисалар натижасида озон қатлами деярли ўзгармайди. У ўзида қуёшнинг қаттиқ ультрабинафша нурларини ютиб қолади. Агар улар тўсиқсиз ергача етиб келса, ҳаёт тугаши мумкин.

Озон қатлами азот оксиди, гидроксид, атомли хлор ва бром каби эркин радикал катализаторлар билан парчаланади. Табиатда ҳам вулқон аерозоли сингари озонни емирувчи манбалар мавжуд бўлса-да, сунъий органик хлор бирикмалари, айниқса, хлорфторуглеродлар ва бромхлоруглеродларнинг катта миқдорда ҳавога чиқарилиши, хусусан, совуткич қурилмалар, ҳаво совуткичларидан фойдаланиш, ўт ўчириш қуроллари, пеноматериаллар ишлаб чиқариш, аерозолларда, тиббиёт ускуналарини стериллаш ва қишлоқ хўжалигида дезинфекция тадбирларида, нефтни қайта ишлаш заводларида катализатор сифатида, эритгичларда, яна бошқа кўплаб соҳаларда қўлланиши оқибатида хлор ва бром консентратсияси ортди. Бу жуда турғун бирикма бўлиб, ультрабинафша нурлари таъсирида хлор ва бром радикаллари ажралиб чиқадиган стратосферада яшай олади. Бу эса озон қатламининг парчаланишига олиб келади.

Озонни емирувчи моддалар таъсири биринчи марта 1980-йиллар ўртасида Антарктидадаги стратосфера қатламида аниқланган. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, ҳудуддаги озон қатлами 1975 йилдаги ҳолатига нисбатан 60-70 фоизга камайган. Ўрта кенгликларда озон қатлами тахминан 3-6 фоизга камайган.

Озон қатламининг емирилиши натижасида ерга етиб келадиган ультрабинафша нурлари кўпайиб, инсон соғлиғи учун хавфли тери саратони, имуннотизим кучсизланиши ва пардали катаракта каби саломатликка доир ҳамда фотосинтез кучсизланиши оқибатида ўсимликлар ҳосилдорлиги пасайиши, денгиз майда организмлари турларининг қисқариши каби экологик муаммолар ортишига олиб келди. Фитопланктонлар океанда углерод захирасининг таркиб топишида муҳим омил бўлгани учун уларнинг камайиши глобал об-ҳаво илишига сабаб бўлди. Озон қатламининг емирилиши ердаги ҳаётга асосий хавф-хатарлардан бири бўлиб қолди.

Халқаро чора-тадбирлар

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти собиқ бош котиби Пан Ги Мун Озон қатламини муҳофаза қилишга бағишланган маросимда шундай деган эди: «Одамлар хлорофлюорокарбон каби озон қатламининг емирилишига сабаб бўладиган кимёвий моддалардан фойдаланарди. Аммо эндиликда унга қарши муносиб чораларни кўриб чиқдик. Натижада хлорофлюорокарбон ва шуларга ўхшаш озон қатламини емирадиган моддалардан кам миқдорда фойдаланишга келишилди. Биргаликда стратосфера қатламидаги озон газини янги аср ўрталаригача муҳофаза этиб, 2 миллион тери саратонига чалиниш ҳодисалари олдини олишга эришамиз. Озон қатламини муҳофаза қилиниши ва сақланиши ҳамма давлатларнинг биргаликдаги ва ҳар бир давлатнинг алоҳида фаолиятини тақозо этади. Кўпдан-кўп халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш мумкин, бироқ ҳар бир давлат алоҳида озон қатламини ҳимоя қилишни ўз муаммоси сифатида кўрмас экан, иш ўрнидан жилмайди».

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, агар атмосферадаги озон яна қирқ фоизга камайса, сайёрадаги бутун тирик мавжудот ультрабинафша нурларнинг ҳалокатли таъсири олдида ҳимоясиз бўлиб қолади. Шу боис, озон қатламини сақлаш умумбашарий муаммолар сирасига киритилган ва уни ҳал қилиш биринчи галдаги вазифадир.

Озон қатлами емирилишининг инсон саломатлиги ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишига таъсирини камайтириш мақсадида қатор ҳукуматлараро чора-тадбирлар кўрилди. 1985 йилда Озон қатламини муҳофаза қилиш Вена конвенцияси, 1987 йил 16 сентябрда озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреаль баённомаси ишлаб чиқилди. Ҳар иккала ҳужжат озонни емирувчи моддалар ишлаб чиқаришни ва истеъмол қилишни кескин чеклашга қаратилган. Халқаро битимларда кўрсатилган чоралар, шунингдек, озонни емирувчи моддалар ва таркибида шундай моддалар бўлган маҳсулотларни экспорт-импорт қилишни назоратга олишни ҳам қамраб олади. Вена конвенцияси ва Протоколини 200 га яқин давлат ратификация қилган.

2009 йил сўнггига келиб, Монреаль баённомаси доирасида амалга оширилган муҳим ишлардан бири озонни емирувчи моддаларнинг 98 фоизи истеъмолдан қайтариб олиниши бўлди. 2010 йилда БМТга аъзо барча давлатлар ёппасига Монреаль протоколини тасдиқлади.

Юртимизда нима ишлар қилинмоқда?

Ўзбекистон Республикаси 1993 йилда Монреаль протоколига қўшилган. Мамлакатимизда озон қатламини муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш бўйича «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунлар ва бир қатор қарорлар қабул қилинган.

Бундан ташқари, озонни емирувчи моддаларни ишлатишни тўхтатишга қаратилган ЮНЕП, БМТ Тараққиёт Дастури каби халқаро ташкилотлар ёрдамида қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Бугунги кунда юртимизда озонни емирувчи моддалардан фойдаланиш кескин камайтирилган.

Бир сўз билан айтганда, икки умумбашарий муаммо озон қатламининг емирилиши ва глобал иқлим ўзгаришининг бир-бирига боғлиқлигини эътиборга олиб, келажакда бу масалаларнинг комплекс ҳал этилишини тартибга солишда, албатта, амалдаги мавжуд қонунларни такомиллаштириш мақсадга мувофиқ. Ўз навбатида, қонунларнинг такомиллаштирилиши дунё аҳамиятига молик энг йирик экологик масала иқлим ўзгариши муаммосининг ҳал қилинишида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиздир.

 

Манбалар асосида

Шуҳрат ИСЛОМОВ

тайёрлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: