26.08.2020

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ ТОМОНИДАН ОҚЛАНГАН,

Яқин ўтмишда спорт-соғломлаштириш, болалар спорти, ёшлар футболини ривожлантириш соҳасида шундай кулгили ва чорасиз ҳолатлар мавжуд эдики, бугун айтсанг, ишониш қийин. Мамлакат бўйича бўлиб ўтадиган спорт мусобақалари, хусусан, вилоятларда футбол учрашувларини ташкил этиш учун каттагина пул маблағи талаб этиларди. Лекин бу маблағни топиш ва тарқатиш шунчалик мураккаблаштириб юборилган эдики, натижада ўша соҳанинг мутасаддилари меҳмон жамоалар олдида уялиб қолмаслик учун ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам пул топиш мақсадида ўзини ўтга-чўққа уришга мажбур бўларди.

Биринчидан, Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат жамғармаси Васийлик кенгаши мажлисининг баённомаси (26) га кўра, вилоят ҳокими футболни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қарор қабул қилади. Маблағ эса ҳомийлар ҳисобидан ташкил этилади. Тўғриси, режалаштирилади, режа эса тўлиқ бажарилмасдан, маблағ масаласи муаммо бўлиб қолаверарди.

Эргаш Ўринов 2010 йилда Жиззах вилоят футбол федерацияси президенти, Жиззах вилояти ҳокими томонидан Ўзбекистон футбол федерацияси (ҳозирги Ўзбекистон футбол ассоциацияси) таркибидаги Жиззах вилоят футбол федерацияси биринчи вице-президенти вазифасига тайинланади. Ўша пайтда вилоятСўғдиёнаПФК ҳамда Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Жиззах вилоят филиали ҳисоб рақамидаги маблағларни талон-торож қилгани учун унинг собиқ президенти ва ижрочи директори ҳамда ҳисобчиси устидан жиноий иш қўзғатилиб, уларга тегишли жазо берилган эди. Ташкилотчи ва серғайрат Бахтиёр Ғафуров эсаСўғдиёнаПФК президенти ҳамда Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Жиззах вилоят филиали ижрочи директори сифатида фаолият юритарди.

Ўша пайтдаСўғдиёнаПФК жамоаси ҳисоб рақамида маблағ йўқлигидан футболчилар кўпдан буён хизмат сафари харажатлари, мукофот пули ва ҳатто ойлик маошларини ололмай келишаётган эди. Эргаш Ўринов ҳамда Бахтиёр Ғафуров Жиззах вилоят ҳокимигаСўғдиёнаПФК ҳамда Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Жиззах вилоят филиали фаолиятини яхшилаш бўйича ўз таклифларини беришади. Вилоят ҳокими, айни чоғда футбол федерацияси президенти федерацияга ҳомийлар томонидан тушириладиган пул маблағларини Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Жиззах вилоят филиалининг ҳисоб рақамига кўчиртиришга топшириқ беради. Федерациянинг биринчи вице-президенти Эргаш Ўринов бу топшириқни бажаради.

Шундай қилиб, 2014 йил мобайнида 35 та ҳолатда май-декабрь ойлари давомида турли ҳомий ташкилотлардан Жиззах вилоят футбол федерацияси ҳисоб рақамига 766.889.500 сўм пул маблағлари туширилган. Бу маблағ Жиззах вилоят ҳокими рухсати ва Бахтиёр Ғафуров томонидан тайёрланган қонуний ҳужжат асосида Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди Жиззах вилоят филиалининг ҳисоб рақамига кўчиртирилган.

Бахтиёр Ғафуров бу пул маблағларни АТАсакабанкЖиззах вилоят филиалидан нақдлаштириб олади. Шундан 631.262.957 сўминиСўғдиёнаПФК мураббийлари ва футболчиларига ойлик маош сифатида тарқатади.

Мазкур ҳолат бўйича жиноий иш очилиб, Бахтиёр Ғафуровга нисбатан 2015 йилнинг 4 февралидан, Эргаш Ўриновга нисбатан 2015 йилнинг 1 июлидан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. 2015 йилнинг 8 октябрида Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг очиқ суд мажлисида Бахтиёр Ғафуров ва Эргаш Ўриновларга нисбатан юритилган жиноят иши кўриб чиқилади.

Унда келтирилишича, Жиззах вилоят футбол федерациясининг биринчи вице-президенти Эргаш Ўринов Жиззах вилоятСўғдиёнаПФК президенти ва Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Жиззах вилоят филиали ижрочи директори бўлиб ишлаган Бахтиёр Ғафуров билан олдиндан тил бириктирган ҳолда, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиб, унга пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиниши учун шароит яратиб берган.

Бу айблов қанчалик асосли? Чунки вилоят ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти топшириғига, футболни қуллаб-қувватлаш жамоат фонди директори Бахтиёр Ғафуровнинг талабнома хатига асосан жамоат фондига маблағ ўтказиб берилган.

Бироқ бу маблағдан футболни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди қандай фойдаланишини назорат қилиш, текшириш Эргаш Ўринов ваколатига кирмайди. Чунки жамоат фонди юридик шахс. Аммо Эргаш Ўринов вилоят футбол федерациясининг жуда кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликда айбланади ва унга қамоқ жазоси тайинланади.

Орадан тўрт йил ўтиб, яъни, 2019 йил 14 февраль куни Эргаш Ўринов ЖИБ Жиззах вилоят суди кассация инстанцияси томонидан оқланган ҳамда 2015 йилнинг 8 октябрида Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди томонидан келтирилган зарар суммалари ўз исботини топмагани учун ушбу айблов ҳам унинг зиммасидан олиб ташланган.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 14 февраль кунги ажрими билан менинг хатти-ҳаракатларимда ЖКнинг 167-моддаси 3-қисминингабандида қайд этилган, яъни, "ўзганинг мулкини ўзлаштириш" бўйича жиноят аломатлари йўқлиги сабабли оқланганман, – дейди Эргаш Ўринов. – 2015 йилнинг 8 октябрида Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди томонидан чиқарилган ҳукмга биноан, гўёки мен Жиззах вилоят футбол федерацияси ҳисоб рақамидаги жуда катта миқдордаги пул маблағларини ўзлаштирганман ҳамда талон-торож қилганман. Шунинг учун Жиззах вилоят футбол федерацияси фойдасига мендан 39.230.458 сўм ундириш юклатилган.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, федерация ҳисоб рақамига ҳомийлар томонидан туширилган маблағ унинг президенти, яъни, вилоят ҳокимининг қатъий назоратида бўлса, мен уни қандай қилиб талон-торож қилишим ёки ўзлаштиришим мумкин? Қолаверса, Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг Жиззах вилоят филиалига ўтказилган пул маблағларининг ҳар бирига унинг раҳбари томонидан ҳужжат тайёрланган бўлса...

Вилоят футбол федерацияси раҳбари топшириғи билан футболни қўллаб-қувватлаш жамғармаси вилоят бўлими ҳисоб рақамига ўтказиб берилган пул маблағларидан қандай фойдаланилганини федерация вице-президенти томонидан назорат қилиб бориш кераклиги бирор бир ҳужжатда қайд этилмаган.

Ўша пайтда Эргаш Ўриновга нисбатан Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) Жиззах вилоят бошқармаси тергов бўлими бошлиғи томонидан жиноят иши қўзғатилган ва бундан вилоят прокуратураси раҳбарияти ҳам хабардор эди, – дейди Эргаш Ўриновнинг ҳимоячиси, адвокат Мирзамаҳмуд Искандаров. – Сабаби, Эргаш Ўринов вилоят прокурорига шахсан учрашиб, Миллий хавфсизлик хизмати Жиззах вилоят бошқармаси тергов бўлими бошлиғи томонидан ўзига тазйиқ ўтказилаётгани ва бўйнига ноҳақ айб қўйилаётгани ҳақида ёзма равишда уни хабардор қилган эди. Лекин МХХ ходимининг ноқонуний ҳаракатига улар ҳам қаршилик қилишга ботинолмади.

Энг қизиғи, МХХ ходими Эргаш Ўриновга, гўёки Жиззах вилоят футбол федерациясидан "ўзлаштирган" 39.230.458 сўм пулни МХХ Жиззах вилоят бошқармаси ҳисоб рақамига ўтказса, қамалмай қолиши мумкинлигини "тушунтиради". Шундан кейин Эргаш Ўринов қарз-қавола қилиб, ушбу суммани айтилган ҳисоб рақамига ўтказади.

Лекин, унинг бўйнига яна катта миқдорда пул тўлаш мажбуриятини юкламоқчи бўлишади. Эргаш Ўринов навбатдаги асоссиз пулни тўлашдан бўйин товлагач, унга нисбатан 2015 йилнинг 1 июлидан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилади. Энди қаранг, Эргаш Ўринов қамоқдалиги пайтида, то суд бўлгунга қадар, яъни, 2015 йилнинг 8 октябрига қадар унинг қариндошлари айтилган суммани МХХ Жиззах вилоят бошқармаси ҳисоб рақамига ўтказиб беришади. Яъни, гўё етказилган моддий зиён қопланади. Шунга қарамай, уни қамашади...

Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 14 февраль кунги ажрими билан Эргаш Ўриновнинг хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги эътироф этилган. Зарарларни ундириш қисми ҳам унга нисбатан қўйилган айбловдан чиқарилган. Чунки ЖПКнинг 325-моддасида, ЖКнинг 167, 170, 172, 173-моддаларида назарда тутилган ва устав фондида давлат улуши бўлмаган юридик шахсга нисбатан унинг ходими томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги жиноят ишлари фақат мазкур юридик шахс раҳбарининг, мулкдорининг ёки ваколатли бошқарув органининг аризасига кўра қўзғатилиши белгиланганлиги сабабли юқорида қайд қилинган айбловлар Эргаш Ўриновнинг зиммасидан соқит қилинган.

Хўш, Эргаш Ўриновни суд оқлади, келтирилган зарар учун тўловларни зиммасидан соқит қилди. Лекин афсуски, МХХ ходимининг босими билан тергов ва судгача бўлган даврда Эргаш Ўринов ҳамда унинг қариндош-уруғлари томонидан Жиззах вилоят футбол федерацияси фойдасига тергов ва суд даврида тўланган 85.883.000 сўм пул маблағлари унга қайтариб берилмади ва суд ажримида ҳам бу ҳақда лом-мим дейилмади.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг 2015 йилнинг 8 октябрида Эргаш Ўриновга нисбатан чиқарган ҳукми Жиззах вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 14 февраль кунги ажрими билан ЖКнинг 167-моддаси, 3-қисминингабандидан 192-11-моддаси 2-қисминингабандига қайта квалификация қилинган. Унга кўра, Эргаш Ўринов гўёкиНодавлат-нотижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилишжиноятини содир этганликда айбланган.

Ушбу моддага кўра, мансабдор шахс: “Мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, яъни, нодавлат-нотижорат ташкилоти ёки бошқа нодавлат ташкилоти мансабдор шахсининг ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилишига сабаб бўлса”, у жиноий жавобгарликка тортилишига олиб келади.

Ҳолбуки, Эргаш Ўринов ўз хатти-ҳаракатлари билан фуқароларга, ёхуд давлат ва жамоат нодавлат ва нотижорат ташкилоти ҳисобланган Жиззах вилоят футбол федерацияси манфаатларига зарар етказмаган, деб топилган.

Бундан ташқари, ЖКнинг 13-моддасиҚонуннинг вақт бўйича амал қилишидеб номланган бўлиб, ушбу модданинг 2-қисмидаҚилмишнинг жиноийлигини бекор қиладиган, жазони енгиллаштирадиган ёки шахснинг аҳволини бошқача тарзда яхшилайдиган қонун орқага қайтиш кучига эга, яъни, ушбу қонун кучга киргунга қадар тегишли жиноий қилмиш содир этган шахсларга, шу жумладан жазони ўтаётган ёки ўтаб бўлган шахсларга нисбатан, агар улар судланган ҳисоблансалар, татбиқ этилади”, дейилган. Шу модданинг 3-қисмида: “Қилмишни жиноят деб ҳисоблайдиган, жазони кучайтирадиган ёки шахснинг ҳолатини бошқача тарзда ёмонлаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга эмас”, деб кўрсатилган.

Мен 2010-2014 йиллар мобайнида жиноят содир этганликда айбланганман, – дейди Эргаш Ўринов. – Ҳолбуки, ЖКнинг 192-11-моддаси Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 30 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонуни билан киритилган. Яъни, мен судланган пайтимда ЖКнинг 192-11-моддаси амалда қўлланилмаган. Ушбу ҳолат Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 14 февраль кунги ажрими билан нотўғри малакаланиб, менга нисбатан ноқонуний жазо тайинланган.

Эргаш Ўриновнинг суд қарорларидан норози бўлиб ёзган шикояти 2020 йилнинг 5 мартида Олий суд судьяси Ш.Ражабов томонидан назорат тартибида кўриб чиқилади ва шундай хулосага келинади: “Шикоятдаги Э.Ўриновнинг ҳаракатлари ЖКнинг 192-11-моддаси билан ноқонуний малакаланганлиги ҳақидаги важлар билан келишиб бўлмайди.

Чунки, суд Жиззах вилоят футбол федерациясидан Ўзбекистон футболини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига ўтказиб берилган 766.889.500 сўм пул маблағларини ноқонуний тарзда кўчириб берилганлиги натижасида жамоат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилганлиги сабабли, Э.Ўриновнинг ҳаракатларини ЖКнинг 167-моддасидан 192-11-моддасига малакалаб, қонуний тўхтамга келган”...

Судья бироз эътиборлироқ бўлганида эди, Эргаш Ўринов ЖКнинг 192-11-моддаси қабул қилингунга қадар жиноят содир этганликда айбланганини инобатга олган бўлур эди. Боз устига, ЖКнинг 192-11-моддаси Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 30 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонуни билан кучга кирган бўлса... Кўриниб турибдики, Э.Ўринов кучга кирмаган қонун билан жазоланиб қолинмоқда.

Бироқ судья Ш.Ражабов Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 30 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонунига эътибор бермаган шекилли, "Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг 2015 йил 8 октябрдаги ҳукми ва шу суд кассация инстанциясининг 2019 йил 14 февралдаги ажримини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд бўлмаганлиги сабабли, адвокат М.Искандаров ва судланган Э.Ўриновларнинг назорат тартибида берган шикоятларини қаноатлантириш рад этилсин", деб ажрим чиқарган.

 Унда ажрим устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига ёки унинг ўринбосарига назорат тартибида шикоят берилиши мумкинлиги ҳам кўрсатилган. Эргаш Ўринов ҳам ана шу маслаҳат бўйича ҳаракат қилмоқда.

2020 йил 24 июлда Президентимиз томонидан имзоланганСудлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги фармонда одил судловни таъминлаш борасида ҳали ҳануз ишлар кўнгилдагидай бўлмаётгани, судларда ишлар тўлиқ ва холис кўрилмаётгани ёки узоқ муддатга чўзилаётгани, апелляция, кассация ва назорат тартибида кўрилган кўплаб ишларнинг бекор қилинаётгани ёки ўзгартирилаётгани кўрсатиб ўтилди.

Модомики, бугун кун тартибига судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш устувор вазифа сифатида қўйилган экан, адолат тамойили, қонун барҳақлиги, судларнинг холислиги муҳим аҳамият касб этади. Судларнинг холислиги эса ҳар бир судья ўз ишига, бурчига қай даражада ёндашувига боғлиқ.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

"Ўзбекистон овози" мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: