15.07.2020

ЧЕКЛОВЛАР ЯНАДА КУЧАЙТИРИЛДИ

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2020 йил 14 июль соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 13872 (+281) нафарни ташкил этганлиги тўғрисида маълумот берди.

Янги касалланиш ҳолатларининг 201 нафари Тошкент шаҳрида (шундан 50 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 151 нафари аҳоли орасида), 21 нафари Қашқадарё вилоятида, 20 нафари Самарқанд вилоятида, 15 нафари Навоий вилоятида, 6 нафари Қорақалпоғистон Республикасида коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 15 нафар Наманган вилоятида (шундан 13 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида, 2 нафари аҳоли орасида), қолган 3 нафари Жиззах вилоятида аҳоли орасида аниқланган. Айни пайтда юртимизда коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролардан 8030 нафари соғайган.

Бугун мамлакатимизда 5778 нафар беморга шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. Улардан 53 нафари оғир, 7 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳузуридаги штабида Коронавирус тарқалишини олдини олиш ва аҳоли саломатлигини таъминлаш борасида ўтказилган брифингда Коронавирусга қарши курашиш махсус комиссияси аъзоси Ҳабибулла Оқилов Карантин чекловларининг оширилгани сабабларини қўйидагича изоҳлади:

— Карантин чекловлари юмшай бошлагандан кейин касалланиш сони кескин ортиб борди. Бугунги кунда клиникаларимизда 5 мингдан ортиқ ўринда коронавирусга чалинган беморлар даволанмоқда. Бу жуда катта рақам. Энди 20 кун уйда ўтирсак, зарарланиш занжирини уза олсак, беморлар сони ҳам камаяди.

Илгари зарарланиш асосан чет элдан қайтарилган ватандошларимиз орасидан чиққан бўлса, эндиликда касалларнинг тенг ярми аҳоли орасидан аниқланяпти. Кунига 300-400 нафардан ортиқ бемор аниқланяпти. Касалланганларнинг ҳаётдан кўз юмиш ҳолати кўпайди. Аҳвол шу тарзда кетса, минг ўринли шифохона уч-тўрт куннинг ўзида тўлиб кетиши, тиббиёт ходимлари ҳеч нарсага улгуролмаслиги, наинки соғлиқни сақлаш тизими, иқтисодиёт ҳам танг аҳволда қолиши, издан чиқиб кетиши ҳеч гап эмаслигини воқеалар жараёнидан англаш мумкин.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда коронавирусни аниқлаш учун Хитойдан келтирилган тестлардан инфекция юқаётгани ҳақида шов-шувли хабарлар тарқалмоқда. Бу қанчалик ҳақиқат эканлигига мутахассис изоҳ берди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков бу ҳолатга ойдинлик киритди:

– Биринчидан, тест системаси вирусни ўта сезувчан реактив бўлиб, унга ҳеч қандай инфекцияни жойлаштириб бўлмайди. Шунинг учун Хитойдан келтирилган тестлардан коронавирус юқаётгани ҳақидаги гаплар асоссиз.

Тест системаларидан касаллик юқмайди. Бироқ баъзан ушбу тестларнинг сезгирлиги паст бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда касаллик юқмаган тақдирда ҳам, касаллиги борларга «манфий», касаллиги йўқларга «мусбат» деган жавоб берилиши эҳтимоли бор. Шунинг учун амалиётда қўлланилишидан аввал барча тестлар сезгирлик нуқтаи назаридан текширувдан ўтказилади.

«COVID-19 пандемияси даврида чеклаш тадбирларини қўлланиши шароитида давлат идоралари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида»ги вақтинчалик санитария қоида ва меъёрларининг янги таҳрири эълон қилинди.

Янги таҳрирда пандемия шароитида деҳқон бозорлари қай тарзда фаолият юритишига оид бир қатор янги қоида ва меъёрлар белгиланган.

Унга кўра, деҳқон бозорларида, шу жумладан, бозор ҳудудидан ташқарида жойлашган йирик озиқ-овқат дўконларида савдо ижтимоий масофа (2 метр) сақланган ҳолда ташкил этилади.

Ҳар бир бозорга киришда «дезинфекция туннели» ва санитария постлари, дезинфекция гуруҳлари ташкил этилиб уларнинг вазифалари қуйидагилар этиб белгиланди:

– бозор ҳудудига кирган шахсларни дезинфекция қилиш (сотувчилар, харидорлар, бозор ходимлари ва бошқалар);

– иситма ёки касалликнинг бошқа белгилари бўлган шахслар аниқланганда ваколатли органларга дарҳол хабар бериш;

– бозорлар ҳудудларини кун давомида (2-3 марта) дезинфекция қилиш;

– карантин чоралари талабларига мувофиқлигини текшириб бориш (тиббий ниқоблар, қўлқоплар мавжудлиги, сотувчилар ва ходимлар учун).

Озиқ-овқат дўконларининг кириш қисмида махсус тўсиқлар (стол, стул, доска ва бошқалар) ташкил этилади ва савдо фаолияти махсус «дарча»дан амалга оширилад... Шунингдек, санитария қоида ва меъёрларининг янги таҳририда яна бошқа меъёрлар белгилаб қўйилган.

Коронавирус ҳаводан юқиши мумкинми? Бу ҳақида нималарни билиш муҳим?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг коронавирус ҳаво томчилари орқали юқишини истисно эта олмаслиги ҳақидаги баёноти қизғин муҳокама қилинмоқда.

Мазкур масала бўйича бир неча ойлар давомида олиб борилган тадқиқотларда коронавируснинг ҳаво-томчи орқали юқиши аниқланди. Кейинги пайтларда эса ҳаво орқали юқиш жараёни қандай содир бўлиши ҳақидаги тадқиқотлар олиб борилмоқда.

Ушбу тадқиқот натижаларига кўра, коронавирусга қарши курашиш бўйича қабул қилинган чораларга ўзгартириш киритилган тақдирда қўлни тез-тез ювиб туриш ва ижтимоий масофа сақлаш каби тадбирлар қаторига янги қоидалар қўшилиши мумкин.

Айни пайтда коронавирусга асосан контакт орқали юқадиган вирус сифатида қаралмоқда ва тегишли чоралар ҳам шундан келиб чиққан ҳолда жорий этилмоқда.

Хўш, томчи йўли ва ҳаво йўли орқали юқиш ўртасида қандай фарқ бор?

Томчи йўли билан юқиш (5 микрондан кўп)

Йўталиш ёки аксириш натижасида сочилган томчилар бошқа бир кишининг кўз ёки оғзига кириши мумкин.

Ҳаво йўли билан юқиш (5 микрондан оз)

Майда зарралар узоқ муддат давомида ҳавода осиғлиқ ҳолда қолади ва у ҳаво оқими билан янада узоқроқ ва кенгроқ майдонга тарқалади. Агар бу ҳаводан кимдир нафас олса, ҳаво йўли билан юқиш содир бўлади.

Ҳаво йўли билан юқиш учга бўлинади:

Тўғридан тўғри;

Билвосита;

томчиларнинг сочилиши билан.

Томчиларнинг сочилиши касал одамнинг «гапириш, кулиш, аксириш, йўталиш орқали атроф-муҳитга секреция чиқариши» деб таърифланади ва улар ҳавода 1 метргача тарқалиши мумкинлиги айтилади.

Томчи йўли орқали юқадиган касалликларга кўк йўтал, грипп ва пневмония мисол бўла олади.

Ҳозирги вақтда коронавирус тўғридан тўғри, билвосита ва томчилар орқали юқадиган касаллик сифатида тавсифланмоқда.

Ҳаводан юқадиган касалликларнинг энг муҳим хусусияти шундаки, вирус ҳавода нисбатан узоқроқ осиғлиқ ҳолда туради ва катта ҳудудга тарқала олади.

Коронавируснинг ҳаво орқали юқишига оид қандай хулосалар мавжуд?

Лаборатория тадқиқотлари шуни кўрсатдики, сунъий равишда аерозолланган (сепилган) коронавирус ҳавода камида уч соат давомида тирик қолиши мумкин. Бироқ олимлар лаборатория муҳитида олиб бориладиган ушбу тадқиқотлар муҳити ҳақиқий ҳаётий шароитлари билан бир хил эмаслигини таъкидлашмоқда.

Шу билан бирга, турли жойларда учрайдиган баъзи супер юқумли ҳолатлар ҳаво йўли билан юқиш ҳақидаги шубҳаларни кучайтирмоқда. Масалан, АҚШнинг шимоли-ғарбида жойлашган Вашингтон штатидаги Вернон тоғида хор машғулотларида бир одам камида 45 кишига вирус юқтиргани аниқланди. Энг қизиғи, репетиция пайтида айрим одамлар вирус юқтирувчи одамга 2 метрдан ортиқ масофада яқин келмаган.

Шунга ўхшаш воқеа Хитойнинг Гуангжу шаҳрида ҳам содир бўлган. 24 январь куни кечқурун ресторанда овқатланиб, коронавирусни олиб юрган киши ўша жойдаги яна тўққиз кишига вирус юқтирган.

Ресторанда олиб борилган тадқиқотда вирусни юқтирган тўққиз киши кондиционер ҳаво пуфлаган йўналишда ўтиргани маълум бўлган. Ҳаво оқимининг намуналари кондиционер вирусни 6 метрга қадар олиб бора олиши мумкинлигини кўрсатди.

Олимлар айни пайтда Covid-19 xасталигини келтириб чиқарадиган янги турдаги коронавируснинг барча турлари ҳаво орқали юқиш-юқмаслиги, бу жараён қандай содир бўлиши ҳақида чуқур тадқиқотлар олиб боришмоқда. Шу пайтгача олинган натижалар эса ҳаво орқали юқиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, “COVID-19” болаларда, одатда, симптомларсиз, 96 фоизга енгил шаклда кечади. Лекин шунга қарамай, болаларга алоҳида эътибор бериш талаб қилинади.

Дунё бўйича қанча одам коронавирусдан соғайиб чиққани маълум қилинди

Янги турдаги коронавирусдан тузалиб кетганлар сони дунё бўйича 7 миллион кишидан ошди, деб маълум қилди Жонс Хопкинс университети. (Мазкур тадқиқот маркази федерал ва маҳаллий ҳукумат, шунингдек ОАВ ва бошқа манбалар тарқатган маълумотларни умумлаштириб боради).

Университет маълумотига кўра, ҳозиргача COVID-19 инфекциясидан бутунлай соғайиб кетганлар сони дунё бўйича 7 миллион 5 минг 452 кишига етган. Пандемия 565 минг 178 бемор ҳаётини олиб кетди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳозиргача дунё бўйича жами 12 миллион 720 минг 28 кишининг коронавирусга чалингани аниқланган.

Россияда COVID-19 инфекциясига қарши вакцина қачон тасдиқланиши маълум қилинди

Россиядаги тўғридан-тўғри инвестициялар фондининг (РТИФ) маълум қилишича, коронавирусга қарши Россияда ишлаб чиқарилаётган вакцина ёз охирларида, кузнинг бошларида тасдиқланади.

Мазкур фонд раҳбари Кирилл Дмитриевнинг «Россия 1» каналига маълум қилишича, ҳозир Гамалея институтида вакцина ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш устида фаол иш олиб борилмоқда.

Дмитриевнинг айтишича, COVID-19 қарши муолажада қўлланиладиган Россиянинг «Авифавир» ва Американинг «Ремдесивир» дориларини солиштирди. Россияда ишлаб чиқарилган препарат «Ремдесивир»дан самаралироқ ҳамда арзон ҳам, қолаверса у инъекция учун ампула шаклида эмас, балки таблетка кўринишида етказиб берилади.

Хабарда айтилишича, коронавирусга қарши вакцина ҳозир Россия мудофаа вазирлигига қарашли Бурденко номидаги госпиталда ҳамда Сеченовск тиббиёт университетида кўнгиллиларда синаб кўрилмоқда.

Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, вакцинанинг клиник синови ниҳоясига етмоқда. 15 июлда шифокорлар кўнгиллиларнинг биринчи гуруҳига жавоб беради. Мудофаа вазирлигининг маълумотига кўра, уларнинг аҳволи ҳозир яхши, «соғлиғидан шикояти йўқ, салбий реакция ёки кўнгилсиз ҳолатлар кўзга ташланмаган».

 COVID-19 билан боғлиқ дунёдаги вазият ёмонлашаётгани маълум қилинди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебрейесуснинг маълум қилишича, коронавирус билан боғлиқ дунёдаги вазият ёмонлашмоқда ва аксарият мамлакатлар вазиятни ҳамон назоратга ололгани йўқ.

Аҳвол тобора ёмонлашмоқда. Ҳозиргача ЖССТ 12 миллион кишининг COVID-19 инфекциясига чалинганини рўйхатга олган. 565 мингдан ортиқ ўлим қайд этилди. Пандемия борган сари тезлашмоқда.

Хабарда айтилишича, сўнгги олти ҳафтада жами касалланганлар сони икки баробарга ортган.Бу маълумотлар ҳаммамизни тегишли хулосалар чиқариб олишга ундайди.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ тайёрлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: