15.07.2020

ҲОКИМЛИКНИНГ МАСЪУЛ ХОДИМИ

ўз вазифасини тўғри бажармади. Бунинг оқибатида ногирон фарзандлари бор оилалар оввора-ю сарсон бўлди

Яқинда таҳририятимизга Тошкент вилояти, Зангиота тумани, А.Темур кўчаси 210-уйда доимий рўйхатда турувчи Олим Нурмуродов шикоят ариза билан мурожаат қилди. Маълум бўлишича, у иккинчи гуруҳ ногирони бўлган ўғли билан дуч келган жойда яшаб келган. Ҳозир «Тошкент қишлоқ хўжалиги техникаси заводи» (эски номи ТТЗ) ёнидаги қурилиш майдонидаги вагонлардан бирида яшамоқда.

— Кулфат келаман деса, кетма-кет келар экан, — дейди у. — Ўғлим Одилжон Жўрақулов Тошкент шаҳридаги ҳарбий мактаблардан бирида таҳсил оларди. Бундан онаси ва мен жуда хурсанд эдик. Айниқса, ҳарбий кийимда уни кўрганимизда дунёда биздан бахтли инсон йўқ эди гуё. Ўғлимнинг бир олам орзулари бор эди. Келажакда ҳарбий академияга ўқишга кириб, офицер бўлмоқчи эди. Шундай ширин орзулар оғушида яшаётган бахтли оила эдик. Афсуски, бахтсиз бир ҳодиса сабаб, ўғлим бошидан оғир тан жароҳати олиб, иккинчи гуруҳ ногирони бўлиб қолди. Шундан сўнг оилада тушунмовчиликлар юзага кела бошлади ва хотиним билан ажрашиб кетдик. Ўғлим мен билан қолди. Бу ҳам етмаганидек, бир фирибгарнинг гап-сўзларига лаққа тушиб, икки хонали квартирамни сотиб, пулини ўша муттаҳамнинг қўлига топширибман. Чунки у яхшироқ жойдан уч хонали квартира олиб беришни ваъда қилганди. У ҳозир Ўзбекистонда эмас, менга ўхшаган ишонувчан кўплаб одамлар ишончига кириб, пулларини олиб, чет элга қочиб кетган. Бу воқеаларга ҳам 11 йил бўлди. Мен ногирон ўғлим билан дуч келган жойда яшашга мажбур бўляпман, масалан, бирон жойда қурилиш бўлаётган бўлса, ошпазлик қилиш қўлимдан келишини тушунтириб, ўша жойга ишга жойлашаман. Шу тариқа вагонда бўлса ҳам яшаш имконияти пайдо бўлади.

 Ўғлим бош миясидан жароҳат олганлиги сабабли тутқаноқ касаллигига чалинган. Ҳар доим унинг олдида кимдир бўлиши зарур. У хорижда ишлаб чиқарилган 6 турдаги дори воситаларини ичиб туриши ва йилига икки марта шифохонада даволаниши зарур. Ҳозир аҳволи оғирлашган. Бу ҳам етмагандек, қурилиш ишлари якунига етай деб қолди, яшаб турган вагонимиздан кетишимиз керак.

Шу сабабли яна Зангиота туман ҳокимлигига мурожаат қилдим. Тўғрисини айтсам, уч йилдан буён ариза билан мурожаат қиламан.

Президентимиз томонидан чиқарилган қарорда биринчилардан бўлиб, оиласида ногирони бўлган, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган ҳамда муҳтож оилалар арзон уй-жой билан таъминлансин, дейилган. Аммо уч йилдан буён туман ҳокимлигига уй-жой беринглар, деб қатнайман. Олдинига улар туман ҳокимлиги ҳузуридаги Талабгорларни танлаш бўйича комиссиянинг тавсиясини олинг, дейишди. Комиссиянинг уй-жой берилсин, деган тавсияномасини олганимга ҳам уч йилдан ошмоқда, ҳокимиятдагилар ҳар йили «бу йил сизга уй-жой берамиз», дейишади. Лекин ёзнинг жазирама иссиғида, қишнинг қаҳратонли кунларида бу одам ногирон фарзанди билан қаерда яшаяпти экан, деб ўйлашмайди.

Зангиота туман ҳокимининг 2019 йил 26 декабрь куни имзоланган 460-сонли жавоб хати:

«Сизнинг 2019 йил 06 декабрдаги 506809/19 рақам билан рўйхатга олинган Ўзбекистон Республикаси Президентига веб-сайт орқали келиб тушган мурожаатингиз Зангиота туман ҳокимияти мутасадди ходимлари томонидан белгиланган тартибда атрофлича ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларга мўлжалланган уй-жойга муҳтож бўлган оилаларни янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жой билан таъминлаш масаласига қаратилган Дастур асосида арзон уй-жойлар қуриш ва имтиёзли кредит асосида бериш тўғрисида»ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 февралдаги 103-сонли қарори асосида уй-жой олиш тартиби тушунтирилди. Зангиота туманида 2020 йилда қуриладиган намунавий лойиҳалар асосида қурилиши режалаштирилган арзон уй-жойлардан олиш таклифи берилди...».

Туман ҳокими А.Тамикаев.

Энди туман прокуратурасининг жавоби билан танишамиз:

Зангиота туман прокуратурасининг фуқаро О.Ж.Нурмуродовнинг 2020 йил 07 апрелда ёзилган 10/20-сонли мурожаатига жавоб хати:

Сизнинг туман ҳокимлиги томонидан арзон уй-жой ажратилишида амалий ёрдам беришни сўраб йўллаган мурожаатингиз туман прокуратураси томонидан кўриб чиқилди.

Аниқланишича, сиз Вазирлар Маҳкамасининг 09.02.2018 йилдаги 103-сонли қарори билан тасдиқланган «Ариза берувчи уй қурувчининг 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида иштирок этиши тартиби тўғрисида»ги Низом талабига мувофиқ туман ҳокимиятининг уй-жой комиссиясига ариза ва тегишли ҳужжатларни топширгансиз.

Шунингдек, АТ«Асака банк»нинг Тошкент вилояти филиалида сизни номингизга омонат дафтарчаси очилган ва ҳозирги кунда ҳисоб рақамингизда 14 500 000 сўм пул маблағи мавжуд.

 Туман ҳокимлиги томонидан тақдим этилган маълумотга асосан сизга 2020 йилдаги дастур бўйича қурилаётган арзон уй-жойлардан ажратилиши таъминланиши маълум қилинган.

Бундан ташқари, сизнинг мурожаатингизни ўз вақтида кўриб чиқмаган туман ҳокимлиги иқтисодиёт бўлими бошлиғи Ш.Насриддинов Тошкент вилояти иқтисодиёт ва саноат бошқармаси бошлиғининг 22.03.2020 йилдаги 38-сонли буйруғи билан лавозимидан озод этилганлиги маълум бўлди...

Туман прокурори Н.А.Абдуллаев.

— Ўша Шавкат Насриддинов кўплаб фуқароларни чалғитиб ёки алдаб келган. Ҳақиқатан, уй-жойга муҳтожлиги тўғрисида комиссиянинг тавсияси бор фуқароларга банкка бориб, омонат дафтарчаси очтириб, банкка 14 миллион 500 минг сўмдан тўлаши кераклигини айтган. Одамлар эса банкка тўлов қилсам бўлди, уй бериларкан, деб кўнгли хотиржам бўлган. Аммо кейинчалик билсак, «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси, тижорат банки ва фуқаро ўртасида уч томонлама шартнома тузилгандан сўнг банкка пул тўланиши лозим экан, — дейди Олим Нурмуродов. — Шавкат Насриддинов банкка бориб тўлов қилинг, омонат дафтарчаси очтиринг, деб бизга ўхшаган ҳақиқий муҳтожларни лақиллатиб, бошқаларга уч томонлама шартнома қилдирган ва улар уйли бўлишган. Агар туманда 2017 йилдан буён қурилган уйлар кимларга берилганини қайсидир идора текшириб кўрса, масала ойдинлашган, биз эса ҳақиқат учун бекорга курашмаётганимиз маълум бўларди.

Бу гапларга ўзингиз ишонч ҳосил қилишингиз учун эртага туман ҳокимлигига борсангиз, қанчадан-қанча фуқаролар менга ўхшиб алданиб қолиб, уй-жой ололмасдан оввора-ю сарсон юрганига гувоҳ бўласиз. Яна сизга қўшимча маълумот сифатида айтишим мумкинки, туман прокуратурасининг жавобида Ш.Насриддинов ишдан бўшатилган дейилган. Тўғри, у Зангиота туманидан бўшатилган, аммо Тошкент тумани ҳокимлигининг иқтисод бўлимида ишлаётган эмиш...

Эртаси куни бу мурожаатчининг гап-сўзларига ишониб-ишонмай Зангиота туман ҳокимиятига йўл олдик.

Карантин қоидалари ҳали унчалик юмшатилмаганига қарамасдан, туман ҳокимлигининг олдида бир гуруҳ бўлиб тўпланиб турган фуқароларга рўбарў бўлдик.

— Бизни эшитадиган бирон ташкилот ёки идора бормикин, — дея гап бошлади Ғайрат Сафаров. — Ўзим Зангиота тумани, Эшонгузар қўрғони, 1-митти туман «Наврўз» МФЙ, 3-уй, 13-хонадонда истиқомат қиламан. Икки йилдан бери ўғлим Алишер Сафаровга уй-жой беринглар, деб туман ҳокимиятига қатнайман. Ҳокимиятдан фойда бўлмагач, мурожаат қилмаган идорамиз қолмади. Ҳаммасидан бир хил жавоб: «Мурожаатингиз қонуний ҳал этилади». Аммо ҳар сафар туман ҳокимлигига келганимизда «уй-жой билан таъминланувчилар қаторидасиз, бу йил сизга албатта уй-жой берилади», деган жавоб оламиз. Янада очиқроқ айтадиган бўлсам, бундан икки йил олдин биз билан бирга уй-жой олишга ҳужжат тақдим этганлар аллақачон уй-жойли бўлишди. Биз эса ҳалигача сарсон-саргардон юрибмиз.

Тўғрисини айтсам, уч хонали квартирада ҳозирда 10 киши бўлиб яшаяпмиз. 37 ёшга кирган ўғлимга уй-жой сўраб мурожаат қилдик. У оилали, 3 нафар фарзанди бор. Иккинчиси 34 ёшга кирди. Уни уйлантиришим керак. Яна икки нафар — 31 ва 30 ёшли ўғилларим бор. Уларни қачон уй-жойли қиламан? Бир сўз билан айтганда, ўғилларимнинг ҳаммасини уйлантирадиган вақт аллақачон бўлган. Уй-жой йўқлигидан уйлантира олмаяпман. Мен ва онаси шу нарсаларни ўйлаб, икки йилдан бери кўзимизга уйқу келмайди.

Туман ҳокимлигида эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлашга масъул бўлган Шавкат Насриддинов бизнинг шу аҳволга тушиб қолишимизга сабабчи. 2017 йилдан буён қанчалаб кўп қаватли уй-жойлар қурилди. Эшитишимизча, уй-жойларга унчалик эҳтиёжи бўлмаган фуқароларга ҳам уй берилибди. Биз Ш.Насриддинов устидан ҳокимият ва прокуратурага шикоят қилсак, у ўз вазифасидан озод қилинганини айтишмоқда. Хўп, у вазифасидан озод этилибди, аммо биз ҳалигача уй-жойсиз сарсон-саргардон бўлиб юрибмиз-ку. Бизнинг айбимиз Ш.Насриддиновнинг гапига кириб, ўтган йили банкка бориб, омонат дафтарчаси очтириб, 14 миллион 500 минг сўм тўлов қилганимизми? Биз билмаганмиз-ку, уч томонлама шартнома қилгандан сўнг банкка пул топшириш лозимлигини. Кейин билсак, у уй-жойга муҳтож барча фуқароларга банкка бориб, омонат дафтарчаси очдириб пул топширтирган.

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, уй-жойли бўларканман, деб  қариндош-уруғ, дўсту биродарлардан қарз-қавола қилиб банкка пул тўласак, уй берилмаса. Банкдан сўрасак, маблағингиз омонат дафтарчасида турибди, дейишади. Бундан кўриниб турибдики, пулимизни банк айлантириб фойда кўряпти. Биз бу пулларни банк фойда кўриши учун эмас, уй-жойли бўлиш учун тўлов қилганмиз. Тўлов қилганимизга икки йил бўляпти. Ҳамон қанчалаб идоралар эшиги олдида сарғайиб юрибмиз...

  Бу бошимдан нималар ўтди, ўзим биламан, — дейди Зангиота қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Дилрабо Хампирова. — Яхши ният билан оила қургандик, бўлмади, ажрашдик. Айни вақтда икки нафар фарзандим билан онамнинг уйида истиқомат қиляпмиз. Оилада 10 жонмиз. Уй торлик қиляпти.

Ҳокимиятга мурожаат қилганимда уй-жой масалалари билан шуғулланувчи Шавкат Насриддиновга учрашимни айтишди. У киши ҳужжатларимни кўрди. Бизга аввал банкка бориб, тўлов қилишимиз зарурлигини билдирди. Халқ банкининг туман бўлимига 17,5 миллион сўм тўлов қилдик. Ундан кейин на ҳокимият ходимлари, на «Қишлоқ қурилиш инвест» ходимлари ҳеч қандай шартнома тузишмади. Ҳар гал қуруқ ваъда беришади. Сизга ёлғон, менга чин, икки йилдан буён ҳокимиятга қатнаб, сарсон-саргардонман. Хоҳласанг, пулингни қайтариб ол, деган гапни ҳам эшитдим.

— Бу қизимнинг гаплари тўғри, — деди мурожаатчилардан бири Рустам Тошкентбоев. — Бизга ўхшаб сарсон бўлаётганлар кўп. Ҳар бирининг ўз ҳақиқати бор.

Президентимиз ташаббуси билан арзон уй-жойлар қуриш дастури ишлаб чиқилгани уйга муҳтожлар учун қувончли янгилик бўлганди. Шу ишга бош-қош бўлганларни дуо қилдик. Мазкур дастур асосида бошпанага эга бўлганлар билан суҳбатлашиб, адолатли тизим яратилганидан хурсанд эдик. Бироқ арзон уй-жойлар қуриш дастуридаги низом талабларига амал қилинмай, ўз мансабини суиистеъмол қилиш ҳолатларига ҳам гувоҳ бўлдик.

Кўп қаватли уйларнинг бирида уч рўзғор бирга яшаймиз. Шу боисдан оила аъзоларимиз билан маслаҳатлашиб, арзонлаштирилган уй-жойлардан олишга қарор қилдик. Сўнгра Зангиота туман ҳокимиятига 2018 йилнинг май-июнь ойларида «Тариқтешар» маҳалласи ҳудудида қурилаётган намунавий кўринишдаги 4 сотихли уй ажратилиши юзасидан ариза ва унга илова этилиши лозим бўлган ҳужжатларни рўйхат асосида тўлиқ тақдим қилдик. Ҳужжатларни бир ҳафта, яъни ҳафтанинг сешанба ва пайшанба кунлари қабул қилишди. Кейинги ҳафтасига қабул тугаганини айтишди. Ариза ва илова ҳужжатлар комиссия томонидан қабул қилинганидан сўнг унинг нусхасига қабул қилинган санани кўрсатиб, имзо қўйиб беришмади. Бунинг сабабини сўраганимизда, сизга кейинроқ уй берамиз, дейишди. Деярли уч ой давомида ҳокимиятга қатнадик. Ҳар гал «ҳали ҳеч кимга тавсия бериш бошланмади, хабар олиб туринг», деган жавобни олдик.

Қурилиш ишлари бошланиб, 55 нафар фуқарога ҳокимият томонидан тавсия берилганини эшитиб, рости, ҳайрон қолдим. Ўзингиз ўйлаб кўринг, деярли ҳар куни ҳокимият биносига шу масалада бориб, улар томонидан бошқа жавобни олиб, охирида барча ҳаракатларим зое кетганини билиш жуда ачинарли эмасми? Бундан қандай хулоса чиқариш мумкин?

Биласизми, энг ачинарлиси нимада? Тўловни амалга ошириш учун ўзимиз истиқомат қилиб турган уйни гаровга қўйгандик. Гаров муддати тугаб, масала ҳал бўлавермагач, уйимиздан ҳам ажралдик. Биргина эътиборсизлик оқибатини кўряпсизми?

Айни вақтда божамнинг куёви уйида яшаяпмиз. Бу қачонгача давом этади, билмадим. Бизни алдаган Шавкат Насриддиновни ишдан бўшатишди. Бу инсон тумандаги уй-жойга муҳтож қанчадан-қанча фуқароларни сарсон-саргардон бўлиб юришига сабабчи бўлганлигини ўзи англармикин...

Ҳокимиятга келиб-кетиб юрганимда, ногиронлик аравачасида юрган инсонга бир неча бор кўзим тушганди. Уни олиб юрган аёл билан суҳбатлашгандим. Ногиронлик аравачасидаги йигит Дилшоджон Комолов ўғли эканини, уй олиш учун ариза топширганини эшитиб, дардимиз бирлигини билдим. Шунда сизнинг мурожаатингиз тез орада ҳал бўлса керак, деб айтгандим. Аммо бу учрашувимиз охиргиси бўлмади. Кўп маротаба ҳокимият биносида улар билан тўқнаш келдим. Рости, ўзимга эмас, уларга ачиндим. Мен-ку соғлом одамман. Кунда икки марта кел, дейишса ҳам айтган жойига етиб бораман. Уларнинг куннинг жазирама иссиғида ёки изғиринли совуғида жамоат транспортини кутишини тасаввур қилиб, юрагим орқага тортиб кетади. Шундан сўнг ҳокимият биносида у хонадан, бу хонага ўтиб, иши битишини кутган онанинг юзидаги изтиробни ҳеч унутолмайман. Истасангиз, телефон рақамини бераман, гаплашиб кўришингиз мумкин.

Рустам Тошкентбоев берган рақам билан боғланиб, Дилшод Комоловнинг манзилини олдик. Йўлда кетаётиб Рустам ака озроқ бўлса-да ҳис-ҳаяжонга берилди чоғи, ногиронлиги бўлган инсонни бу даражада овора қилишмаса керак, деб ўйладик. Аммо...

— Сизларни кўриб, хурсанд бўлдим, — дейди кўзида ёш билан 61 ёшли онахон Мухтабар Комолова. — Рости, телевизорда ногиронлиги бўлган инсонларга бошланғич тўловсиз уй берилаётгани, уларнинг кўзларидаги қувончни кўриб, хурсанд бўламан. Ўзгаришлар, ислоҳотлардан кўнглим яйрайди. Бироқ буларнинг барчаси доим ҳам ҳаёт билан бир хил бўлавермас экан.

Кўриб турганингиздек, 8 сотихли ҳовлида уч оила яшаймиз. Ўғлим Дилшод биринчи гуруҳ ногирони. Унга озгина шовқин ҳам ёмон таъсир этади. Турмуш ўртоғим ҳам автоҳалокатга учраб, жароҳатланган. Айни вақтда иккинчи гуруҳ ногирони. У кишига асабийлашиш мумкин эмас. Невараларимиз бор. Уларнинг ўйин-кулгуси, шўхликлари бор, шовқин қилманглар, деб доим ҳам тушунтира олмаймиз-ку.

2017 йилда давлатимиз томонидан имтиёзли равишда уй-жойлар берилаётганини эшитиб, хурсанд бўлиб, ҳужжатларни топширдик. Шукрки, уйли бўлиш хабарини эшитиб, болам ҳам хурсанд бўлди. Шу орада Зангиота тумани ҳокими А.Тамикаев уйма-уй юриб аҳоли муаммоларини ўрганаётган экан. Кўчада турганимда олдимга келиб, мен билан суҳбатлашди. Шароитимни тушунтирдим. Олдимда уй-жой масалалари бўйича масъул бўлган иқтисодиёт бўлими бошлиғи Шавкат Насриддиновга телефон қилиб, ўғлимга уй берилиши кераклигини айтди. Шавкат Насриддинов вақт ўтиб, биз билан боғланди. Уч кун ичида тўлов қилишимиз кераклигини, бўлмаса, уй ололмай қолишимизни билдирди. Шунда биз қарз-қавола қилиб, 25 миллион тўлов қилдик. Орадан кўп ўтмай яқин танишларимиз нима асосда тўлов қилганимизни сўрашди, қўлимизда шартнома йўқлигини билишгач, пулни қайтариб олишни маслаҳат беришди. Биз шунда ҳам пулни олмадик. Пандемия вақтидаги оғир оилавий шароитимиз сабаб, пулни қайтариб олишга мажбур бўлдик. Орадан анча вақт ўтиб, яна Шавкат Насриддинов қўнғироқ қилиб, уч кун ичида тўлов қилишимиз кераклигини такрорлади. Иккинчи марта тўлов қилдик, лекин вақт ўтяпти, уйдан дарак йўқ. Ҳокимнинг қабулига бораман. Топа олмайман. Жойларга чиқиб кетган бўлади. Ўринбосарларининг қабул кунларини аниқлаб, яна ҳокимият биноси томон йўл оламан. Сешанба куни борсам, пайшанба келинг, пайшанба куни борганимда эса сешанба келинг, дейди. Туман ҳокимияти иккинчи уйим бўлиб қолди. Кўриб турибсиз ўғлимнинг аҳволини. Доимий назоратда туриши, олдида кимдир бўлиши керак. Шунинг учун ногиронлик аравачасида буни ҳам олиб бораман.

Яқинда иккинчи бор тўлов қилинган пулни ҳам қайтариб олдик. Боиси, уй-жойдан ҳалигача дарак йўқ. Унинг ўрнига ўша пулга сигир олиб, боқяпмиз. Невараларимнинг оғзи оқарди. Куни кеча ҳокимиятдан бир йигит телефон қилиб, яна уч кун муддатда тўлов қилишимиз кераклигини айтди. Энди ишончим ҳам, масъулларнинг орқасидан югуришга кучим ҳам қолмади, рости. Биласизми, бирор ташкилотга борганимда ҳеч бир инсон менга ёмон гапирмади. Ҳаммаси «хўп бўлади», «берамиз, холажон» деб яхши гапириб, қайтариб юборади. Йиғладим, ялиндим, ёлвордим. Фойдаси йўқ. Мен биламан. Энди тўлов қилсак ҳам ушбу воқеалар такрорланади. Умид қилганимиз қолади.

— Ўзим бу аҳволдаман, — дейди  биринчи гуруҳ ногирони Дилшод Комолов. — Онамни хат-ҳужжат ишларига югуришини кўриб эзиламан. Қўлимдан келса-ю, шу аравачадан туриб, юриб кетсам. Онамнинг оғирини енгил қилсам. 13 йил олдин бахтсиз тасодиф туфайли аравачага михланиб қолдим. Олдин ўқитувчи бўлиб ишлаганман. Ҳозир икки ўғлим бор. Оилам тўкис, шукр. Лекин шу муаммо силламизни қуритяпти. Ҳокимият биноси уйимизга яқин эмас. Бориб-келишимиз ҳам харажат. Бошқа гапиролмайман...

Бу шикоятларни эшитиб бўлганимиздан сўнг, ҳоким билан учрашиш мақсадида, яъни бу муаммолардан хабари бормикан, деган хаёлда ҳокимиятга бордик. Ҳоким ва ўринбосарлари иш билан бошқа жойга кетишган экан. Ўша Шавкат Насриддиновнинг ўрнида вақтинча вазифасини бажарувчи бўлиб турган Ойбек Мўминов билан учрашдик. У бу вазифага яқинда киришганини ва бу воқеалардан хабари йўқлигини айтди. «Ўша сизларга мурожаат қилган фуқароларнинг муаммосини бир ҳафтада ҳал қиламиз», деди.

Мақола тайёрлаш жараёнида яна Ойбек Мўминов билан боғландик. У ушбу фуқароларнинг мурожаатларини ижобий ҳал этиш борасида ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Бироқ, ҳоким ёки ўринбосарларидан бири билан учрашиб, бу фуқароларнинг дардини етказиш мақсадида яна туман ҳокимлигига бордик, ҳокимнинг биринчи ўринбосари Илҳом Саидқулов билан учрашдик.

— Ушбу сизларга мурожаат қилган фуқароларни уй-жой билан таъминлаш бизнинг бурчимиздир, — дейди Илҳом Саидқулов. — Аслида туманимиз бўйича уй-жой сўраб мурожаат қилганлар уч мингдан ортиқ. Уларнинг икки мингдан зиёди оиласида ногиронлар бор. Уларнинг уй-жой тўғрисидаги мурожаатларига қараб, айниқса, ногирони бор оилаларни биринчи навбатда уй-жой билан таъминлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Ўтган йили 44 та уй-жойни энг муҳтожларга бердик. Бу йил ҳам 72 та уй-жойни фуқароларнинг қанчалик даражада муҳтожлигига ҳамда уларнинг навбатига ва оиласида ногирони борлигига қараб тақсимладик. Боиси, Президентимизнинг қарорида ҳам биринчи навбатда ногиронлиги бўлган фуқаролар уй-жой билан таъминлансин, дейилган.

Энди сизларга мурожаат қилган фуқароларнинг икки нафарига, яъни Олим Нурмуродов ҳамда Ғайрат ака Сафаровнинг ўғлига уй-жой ажратилди ва улар билан уч томонлама шартнома тузилди. Мурожаатчиларнинг қолганларининг тақдири нима бўлди, деган савол туғилиши табиий. Улар билан боғландик. Ҳозир биринчи тўловини амалга оширишга имконияти йўқ экан. Чунки, улар олдинги йилларда банкка бориб, омонат дафтарчаси очдириб, уй-жойга тўлов қилган. Маълум вақт ўтгач, ўзларининг эҳтиёжи учун пул зарур бўлганда, уни банкдан олиб ишлатиб юборган. Уй-жой учун бошланғич бадал тўлови қилинмаса, уларга уй-жой бера олмаймиз.

Бу мазкур фуқаролар кейинги йилга қолди, дегани эмас, ҳозирда кўп қаватли уйларни қуриш учун инвестор жалб қилганмиз, икки мингта хонадонли уй-жойлар қурилмоқда. Ушбу қурилаётган уй-жойлар аҳолимизнинг имкониятига қараб бунёд этилмоқда, яъни нархи олдинги қурилган уй-жойлар билан бир хил. Шу боисдан ҳам сизларга мурожаат қилган фуқароларнинг қолганлари ҳам жорий йилда уй-жой билан таъминланади, дейишимизга асос бор.

Ҳа, яна бир гап, мурожаатчиларнинг бири Рустам Тошкентбоев масаласида шуни айтишим мумкинки, 4 сотихли уйлар эндиликда туманда қурилмайди. Фақат кўп қаватли уй-жойлар қурилади. У фуқаро билан 4-5 маротаба суҳбатлашганман. Унга тушунтиришга ҳаракат қилдик. Хоҳласа, кўп қаватли уйлардан бир квартирасини берамиз, дедик. У бизда ишлаган Шавкат Насриддинов айтгани учун 4 сотихли уй-жойга тўлов қилганман, деб айтаяпти. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари сифатида шуни айтмоқчиманки, мен Шавкат Насриддиновга фуқароларни банкка бориб омонат дафтарчасига пул тўлаши тўғрисида ҳеч қандай кўрсатма бермаганман. У фуқаролар билан қандай иш олиб борганидан бехабар бўлганмиз. Шу боис уни ишдан бўшатдик. Биз уй-жой олиш учун мурожаат қилган фуқароларга уч томонлама шартнома тузилгандан сўнг банкка тўлов қилдирмоқдамиз.

Ҳоким ўринбосари фикрларига эътироз билдирмоқчи эмасмиз. Аммо, қаранг, ҳокимият масъул ходими — Ш.Насриддиновнинг ўз вазифасига масъулиятсизлиги, одамлар тақдирига бефарқлиги қанча муаммоларни келтириб чиқарди. Энг ёмони, одамларда давлатга бўлган ишончни сусайтирди. Бу ёмон асорат, одамларни шу даражада овора қилган Шавкат Насриддинов ўз қилмишига яраша жазо олмай, осонгина ишдан бўшаб кетгани ҳам кишини ўйлантиради.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

Маҳлиё АЛИҚУЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: