08.07.2020

ЮЗИНГ ҚИЙШИҚ БЎЛСА, КЎЗГУДАН ЎПКАЛАМА

ёки юзга ойна тутмоқ марднинг ҳамда дўстнинг иши

Хулқи ёмоннинг кетурар кўп зарар,

Хулқнинг ўзи бошингга калтак урар.

Хулқи фано бўлса дегил алҳазар,

Хору залилликда қолур дарбадар.

А.Авлоний

Кейинги бир-икки ҳафта ичида ижтимоий тармоқларда, хусусан, икки марта «Facebook» ижтимоий тармоғида фарғоналик Дилшод Далиев (ўзининг айтишича, собиқ банк ходими, айни пайтда блогер) судлар фаолияти ҳақида ўз муносабатини билдирди. У ноҳақ ишдан бўшатилгани, қайтадан ишга тиклаш ва мажбурий бекор юрган кунлари учун ҳақ тўлашга оид даъвоси судлар томонидан рад этилгани учун ҳаммадан хафа.

Мен ҳам журналист сифатда барча ОАВда, шу жумладан, ижтимоий тармоқлардаги чиқишларни кузатиб бораман.

Фуқаро Дилшод Далиевнинг  Facebook" ижтимоий тармоғи орқали куйиб-пишиб гапираётганини кўриб, рости, дастлаб бу йигитни қўллаб-қувватлаш керак, деган фикрга бордим. 

Ва шу ниятда ўзи нима гаплигини, яъни нима бўлганини ўрганишга киришдим. Саволлар кўп: бу йигит ўзи ким, қаерда ишлаган, нима учун ишдан бўшатилган? Ноҳақлик қурбони бўлишига ким сабаб, унинг ишдан кетишидан ким манфаатдор? Ва ҳоказо... Шундан кейин ижтимоий тармоқларда ҳақиқатан ҳам бу шов-шувли воқеа кўпгина сайтларда ёритилганининг гувоҳи бўлдик.

Тўғри, ҳозир интернет тармоқларида дунёда рўй бераётган янгилик ва ҳодисалар ҳам, бўлар-бўлмас сафсата ва ёлғонлар ҳам учрайди. Бироқ соғлом фикрли инсонлар оқни қорадан, қорани оқдан фарқлай олади. Аммо тажрибаси етарли бўлмаган, шаклланиб улгурмаган ёшлар бундай ёлғон ва сафсаталар таъсирига тушиб қолиши ҳеч гап эмас.  Ҳар бир киши бугун "Ютуб"дан ўз телеканалини ёки фейсбукда саҳифасини очиб, истаган мавзуда, истаган йўналишда фикр юритиши ва ўз нуқтаи назарини баён этиши мумкин. Блогерлар эса, тан олиш керак, баъзи бир раҳбарларни халққа, ўз қўл остидагиларга инсоний муносабатда бўлишга ўргатди, ўзини хон, кўланкаси майдон ҳисоблаб юрган раҳбарлар оғзига келганини айтишдан тийиладиган бўлишди.

Буларнинг ҳаммаси яхши, албатта. Лекин қонун доирасидан четга чиқиш, манманлик қилиб, ҳақоратли сўзларни айтиш, кимнингдир шаънига тегиш қонунга кўра жавобгарликни келтириб чиқаради.

Кейинги уч йилда жамиятда очиқлик ва шаффофлик муҳитига йўл очиб берилди, судларнинг мустақил ва холислик тамойилида иш олиб боришига шароит яратилди, уларга босим ўтказиш механизмлари бартараф этилди.

Суд берилган даъво талабини очиқ, ошкора суд мажлисида тарафларни, ишга алоқадор гувоҳларни сўрайди, ҳар икки тарафнинг важларини текширади, далилларга тегишли баҳо беради ва амалдаги қонун нормаларини қўллаган ҳолда низо бўйича қарор чиқаради.

Агар шахс биринчи инстанция суди қароридан норози бўлса, апелляция ёки кассация инстанциясига шикоят билан мурожаат қилади ва бу иш очиқ суд мажлисида кўриб чиқилади. Апелляция ёки кассация инстанцияси қароридан норози бўлинса, иш навбатдаги босқичда Олий суд судлов ҳайъатида уч нафар Олий суд судьяси томонидан очиқ суд мажлисида, Бош прокуратура вакили, ишдаги тарафлар, уларнинг вакиллари иштирокида кўрилади. Амалдаги фуқаролик процессуал кодексида, агар судланган шахс Олий суд судлов ҳайъатининг ажримидан норози бўлса, Олий суд раҳбариятига назорат тартибидаги шикоят билан мурожаат қилиши ҳамда ўз важларини баён қилиш тартиби белгиланган.

Хўш, Дилшод Сотволдиевич Далиев қайси йўлдан бораяпти? Бу саволга жавоб беришдан олдин унинг шахси ҳақида озроқ маълумот келтириш тўғри бўларди. У 1990 йилда таваллуд топган, Фарғона вилояти, Учкўприк тумани, Учкўприк МФЙда яшайди. Олий таълим даргоҳини тугатиб, 2013 йил 25 июлда ДТ Халқ банки Фарғона вилоят филиалига ишга қабул қилинган.  2014 йил 22 май куни ДТ Халқ б­анки Фарғона вилоят филиали амалиёт бўлимига етакчи мутахассис лавозимига ўтказилган.

Дилшод Далиев Халқ банкининг Фарғона вилоят филиалида ишлаб юрган пайтида 2014 йилнинг июнь ойида "Гўзал тонг барака" оилавий корхона раҳбари И.Умаралиев тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун банкдан 250 миллион сўм кредит олиш учун ҳаракат қилиб юрганидан хабар топади ва И.Умаралиевга ўз таклифини айтади. Агар И.Умаралиев унга шунча миқдордаги пулни икки ойга қарзга бериб турса, банкдан кредит маблағини олишига ёрдам беришга ваъда қилиб, ундан 1100 АҚШ доллари миқдорида пул ундиради. Бундан ташқари, 2014 йил 2 августда тадбиркор Э.Ҳалимовнинг кредит эвазига сотиб олган "Исузу" русумли автобус учун мунтазам тарзда қарзларини тўлаб келаётганидан хабар топиб, унинг уйига излаб боради. Ўзининг банкда ишлаётганини, кредит фоизларини ўзи тўлашига уни ишонтириб, ундан бир миллион сўм ундиради ва ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборади.

2014 йилнинг 20 сенябрида ­ З. Йўлдошев қорамол боқиш учун банкдан 4 миллион сўм кредит олганидан ўз вақтида хабар топган Дилшод Далиев унинг уйига томон "отини қамчилайди". Ўзининг мазкур банкда ишлашини, унга ҳар қандай ёрдам керак бўлса, ҳал қилишини билдириб, бунинг эвазига олган кредитининг икки миллион сўмини бир ҳафтага қарзга бериб туришни сўрайди. Унинг гапига лаққа ишонган Э.Йўлдошев кредит пулининг ярмини қўшқўллаб тутқазади.  Дилшод Далиев олинган пулнинг атиги юз минг сўмини З.Йўлдошевга қайтариб, қолганини ҳазм қилиб юборган.    

Банкда ишлаб туриб, фирибгарлик жиноятини содир этганлиги учун Дилшод Далиевга жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2015 йил 11 сентябрдаги ҳукми билан ЖКнинг 168-моддаси 2-қисми билан 3 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шундан кейин тадбиркорларга етказилган моддий зарар Далиевнинг қариндошлари томонидан қопланганлиги боис, Фарғона вилоят судининг 2015 йил 27 октябрдаги ажрими билан жазо 2 йил ахлоқ тузатиш ишларига ўзгартирилган. 

Шунга кўра, яъни ишда йўл қўйган хато ва камчиликлари, мижозлар билан ишлашда уларнинг пулларини фирибгарлик билан ўзлаштиргани учун 2015 йил 2 февралда Д.Далиев ишдан бўшатилган.

Кейин нима бўлди, дейсизми? Кейин қорлар эриб, излар йўқолди, яъни 2017 йилнинг 11 апрелида Дилшод Далиевдан судланганлик олиб ташланди ва 2017 йилнинг 1 августида у қайтадан "Халқ банки"нинг Учкўприк тумани филиалига бухгалтер-назоратчи вазифасига қабул этилди.  Кейинчалик Дилшод Далиев бошқа лавозимларда, хусусан, Халқ банки филиалининг 2018 йил 13 июлдаги буйруғи билан филиал бошқарувчиси ўринбосари лавозимида ишлаб келган. 

Ана, қонунларимизнинг инсонпарварлиги хато қилган одам маълум вақт ўтиб, яна мутахассислиги бўйича ишли бўлди. Лекин... Д.Далиев филиал бошқарувчиси ўринбосари бўлиб ишлаб юрган пайтларида, яъни 2018 йилнинг 13 августида тадбиркорлик фаолияти юритиш мақсадида кредит олиш учун келган фуқаро Моҳира Бекназарова ҳамда унинг турмуш ўртоғи, 1969 йилда туғилган, Афғонистонда ҳарбий хизмат пайтида бир оёғидан ажралган 2-гуруҳ ногирони Дилмурод Бекназаров билан қўпол муомалада бўлади. Халқ банки филиали биносида уни камситадиган қўпол сўзлар билан ҳақоратлайди, сўнг унга ташланиб, банк ходимлари ва мизожлар олдида эр-хотинни кўчага ҳайдаб чиқаради.

 Моҳира Бекназарова адолат истаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ва ИИВга Д.Далиевнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ариза йўллайди. Ички ишлар бўлими томонидан суриштирув олиб борилиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси билан тўпланган материал маъмурий ишлар бўйича судга юборилган.

Учкўприк туман маъмурий судининг 2018 йил 7 августдаги қарори билан Д.Далиев Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддасида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги учун унга нисбатан суд томонидан огоҳлантириш берилган.

Ушбу ҳолат меҳнат жамоасида муҳокама қилиниб, банкнинг 2018 йил 24 августдаги буйруғи билан даъвогар Д.Далиевга ҳайфсан интизомий жазо чораси қўлланилган.

Дилшод Далиев бўлиб ўтган бунча воқеалардан кейин ҳам ўзига етарлича хулоса чиқармайди.  У банкка келган мижозларни ҳақоратлашда давом этади.

Бу сафар банкка келган тадбиркор аёл Ҳувайдо Овчиевани ҳақорат қилгани учун унга Учкўприк туман маъмурий судининг 2018 йил 11 декабрдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси асосида энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида жарима жазоси тайинланади (суд қарори қонуний кучда).

Бундан ташқари,  Халқ банки бошқаруви томонидан режа асосида ўтказилган аудит текшируви натижаларига кўра, Д.Далиевнинг иш фаолиятида хато-камчиликлар аниқланади ва Учкўприк филиалининг 2018 йил 12 декабрдаги қарори билан унга  иш фаолиятида йўл қўйган хато-камчиликлари учун ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чораси қўлланилади.

Бу ҳали ҳолва. Халқ банки бошқаруви томонидан ўтказилган текширишда филиал бошқарувчиси ўринбосари лавозимида ишлаган Дилшод Далиев банк филиали кредиторларининг муддати ўтган қарзларини вақтинча қоплаб туриш баҳонасида 38 нафар филиал ходимларининг ҳар биридан 150 минг сўмдан 300 минг сўмгача жами 10 миллион 30 минг сўм пул маблағларини йиғиб олиб, ўз шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаган. Ушбу ҳолат бўйича ЖКнинг 168-моддаси ва 228-моддаси билан қўзғатилган жиноят иши ўзлаштирилган пуллар ўз эгаларига қайтариб берилганидан кейин Данғара тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ суриштирувчиси (О.Ҳабибуллаев)нинг 2018 йил 23 декабрдаги қарори билан иш юритишдан тугатилган.

 Кўрилган маъмурий ва интизомий чоралар натижа бермагач,               Банк филиали бошқарувчисининг 2019 йил 23 январдаги буйруғи билан Дилшод Далиев билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 100-моддаси 2-қисмининг 3-бандига асосан (меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузиб келгани учун) бекор қилинган...

 Д.Далиев эса, ишдан ноҳақ бўшатилдим, мени ишга тикланг ва бўш юрган кунларим учун ойлик иш ҳақимни ундиринг, деб судга даъво ариза  берган.  Судлар бир эмас, иккита суд инстанцияси ишни очиқ, ошкора суд мажлисида кўриб чиқиб, амалдаги қонунлар талабига кўра, даъвони асоссиз деб топиб, Д.Далиевни ишга тиклашни рад этган.

Д.Далиев ўз қонуний ҳуқуқларидан фойдаланган ҳолда суд қарорларидан норози бўлиб, Бош прокуратурага ишга тиклашда ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Бош прокуратура томонидан 2020 йил 18 мартда шу масала бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига назорат тартибида протест киритилди. Унда апелляция инстанцияси ажрими бекор қилиниб, иш мазмунан кўриш учун шу инстанция судига юбориш масаласи қўйилган.

Шунга асосан, иш Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида очиқ суд мажлисида кўрилиб,  Халқ банки филиали бошқарувининг даъвогарга муқаддам юқорида аниқланган ҳолатлар бўйича интизомий жазо чоралари қўлланилгани, мазкур чораларни қўллаш ҳақидаги буйруқлар низолашилмагани ва ўз кучида эканлигини инобатга олиниб, иш берувчининг 2019 йил 23 январдаги даъвогар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги буйруғи қонунийлигига ҳуқуқий баҳо бериб, даъвогарнинг меҳнат вазифаларини бузганлиги учун интизомий таъсир чоралари асосли эканлиги ҳақида  хулосага келиб, бу борадаги қуйи судлар қарорини кучида қолдирган. Шунингдек, Қўқон туманлараро судининг 2019 йил 12 мартдаги ҳал қилув қарорида кўрсатилган, Дилшод Далиевга меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги хабар Халқ банкининг Учкўприк туман филиалига ходим учун тўланиши лозим бўлган уч кунлик компенсацияни тўлаш мажбуриятини юклаш ҳақидаги жумла билан тўлдирилиб, суд ҳужжатларининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилди ва шу тариқа протест қисман қаноатлантирилган.

  Бўлган ҳолат шундан иборат. Кап-катта мансабдор шахс банк раҳбари ўринбосари, худдики банкда эмас, отасининг уйида ўтирганидек, бир эмас, қайта-қайта банкка келган мижозларни, ҳатто ногирон инсонни, аёл кишини ҳақоратласа, бунинг устига, иш фаолиятида камчиликларга йўл қўйса, кўрилган интизомий чоралар тартибга чақириш, жарима, огоҳлантиришлар наф бермаса, бундай шароитда нима қилиш керак?

Журналистнинг вазифаси содир бўлган ҳолатни холис ёритишдан иборат, асло бирон-бир ҳолатга баҳо бериш  эмас. Д.Далиев ҳам бугун жамоатчилик ўзини блогер сифатида қабул қилишини истаяпти. Бунга ҳам бирон эътирозимиз йўқ, унинг ишдан тўғри, нотўғри бўшатилгани борасида баҳслашмоқчи ҳам эмасмиз. Бор-йўғи, унга кўзгу тутишни, аслида Д.Далиевнинг ишдан бўшатилиши сабабларини ёритишни лозим топдик, холос.  Хулоса чиқариш эса газетхонларга ҳавола.

Ҳа, яна бир гап. Тўғри, қонунчилик талаби бўйича  Д.Далиев  Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ажримига нисбатан назорат тартибида шикоят бериш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Лекин, у бунинг ўрнига, жамоатчилик фикрини чалғитиб, ижтимоий тармоқлар орқали давлат суд тизимига нисбатан асоссиз даъволарни қилиб келмоқда. Ўзини ноҳақ жабрланган ҳисобламоқда. Лекин фактлар, воқеа-ҳодисалар ундай эмаслигини кўрсатмоқда. Ўйламай ёки атайлаб миш-миш тарқатиш, кимнидир қасддан обрўсизлантиришга ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланган-ку. Буниси энди ҳуқуқшуносларга ҳавола.

 

Равшан ШОДИЕВ,

Нуруллоҳ ДОСТОН,

"Ўзбекистон овози" мухбирлари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: