Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyul 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 31 1 2
03.06.2020

АЙБСИЗ АЙБДОР

6 йиллик сарсон-саргардонликдан сўнг оқланди

— Менга нисбатан  ноҳақ  жиноят  иши  қўзғатилган эди, — дейди ­Шарифжон Каримов. — Айбим йўқлиги учун курашишдан тўхтамадим.

 Янгийўл тумани ИИБ ҲООБ озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилишини назорат қилиш бўлинмаси бошлиғи, майор Шарифжон Каримовга нисбатан 2013 йил 14 ноябрда Янгийўл туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 208-моддаси билан жиноят иш қўзғатилган эди. Яъни у мансабдор шахснинг ўз хизмат вазифаси юзасидан бажариши шарт ва мумкин бўлган ҳаракатларни қасддан бажармасликда айбланган.

2014 йил 30 январда ЖИБ ­Янгийўл туман суди судьяси ­Р.Лутфуллаев Шарифжон Каримовга оид жиноят ишини амнистия тўғрисидаги қарорга асосан тугатган. 2017 йил 12 декабрда ЖИБ Тошкент вилоят суди кассация инстанцияси (раислик қилувчи С.Аширматов, ҳайъат судьялари М.Ходжаева ва Х.Шермуҳамедов) қуйи суд ажримини ўзгаришсиз қолдирган.

Шарифжон Каримов ўзининг айбсиз эканлиги хусусида кўп жойларга мурожаат қилди. Поймол этилган ҳуқуқини тиклашларини сўраб шикоятлар ёзди, даста-даста ҳужжатларни тақдим қилди. 2019 йил 19 мартда Ўзбекистон Республикаси Олий суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати: раислик қилувчи Ш.Ражабов, судьялар Ҳ.Бердиқличев ва Н.Ражабов унинг шикоятини ҳар томонлама, холис  ва адолатли кўриб чиқди ва ЖИБ Тошкент вилоят суди кассация инстанциясининг  2017 йил 12 декабрдаги ажримини бекор қилди.

Судлов ҳайъати ажримида қайд этилганидек, Олий суд Пленумининг 2003 йил 19 декабрдаги қарори 21-бандида ҳимоячининг иштироки шарт бўлган иш ҳимоячининг иштирокисиз тергов қилинган ёки судда кўрилган бўлса, бу ҳолат судланувчини ҳимоя ҳуқуқи билан таъминлашга оид жиноят-процессуал қонун нормаларининг жиддий бузилиши, деб баҳоланиши ва бундай ҳолатнинг аниқланиши суд қарорининг бекор қилинишига асос бўлиши хусусида тушунтириш берилган.

Шунингдек, биринчи инстанция суди томонидан қонун талаблари ҳамда Пленум қарорлари тушунтиришларига риоя қилинмаган. ЖИБ Тошкент вилоят суди кассацияси инстанцияси  суди эса суд ажримини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида нотўғри хулосага келган. 

Олий суд судлов ҳайъати ­Шарифжон Каримов ёки бошқа шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилганлиги ҳақидаги қарорнинг мавжуд эмаслигига ҳам эътибор қаратган. Янгийўл туман ИИБ ҲООБ озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг ижро этилишини назорат қилиш бўлинмаси бошлиғи Шарифжон Каримов 2013 йил 1 ноябрда раҳбарият имзоси билан тасдиқланган хат билан судга мурожаат қилган. Жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман суди 2013 йил 6 ноябрда ушбу хатга асосан 6 нафар маҳкумга нисбатан қидирув эълон қилади, улар ушлангандан сўнг ИИВ ЖИЭББ 1-сонли Тергов ҳибсхонасига жойлаштириш ҳақида ажрим чиқаради. Олий суд судлов ҳайъатининг ажримига кўра, бундай ҳолатда Шарифжон Каримовга нисбатан юритилган жиноят ишини амнистия актига  мувофиқ тугатиш тўғрисидаги прокурор илтимосномаси судга юборилмаслиги керак. Чунки Шарифжон Каримов суднинг ажрими чиқарилмасдан туриб, 6 нафар маҳкум жазони ўташдан қасддан бўйин товлаб келаётганлиги сабабли уларнинг жазосини шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштириш чораларини кўрган ва бу ҳақида суднинг ажрими бор.

Олий суд судлов ҳайъати ана шуларга асосан Шарифжон Каримовга нисбатан чиқарилган ЖИБ Тошкент вилоят суди кассация инстанциясининг 2017 йил 12 декабрдаги ажримини бекор қилди ва жиноят ишини янгидан кассация инстанцияси судида кўриш учун юборди.

 2019 йил 23 апрелда ЖИБ Тошкент вилоят суди кассация инстанцияси: раислик қилувчи Ю.Ильхамов, ҳайъат судьялари Р.Мадумаров ва Б.Розиқов Олий суд судлов ҳайътининг ажрими бўйича Шарифжон Каримов ишини қайтадан кўриб чиқди ва ЖИБ Янгийўл туман судининг 2014 йил 30 январдаги ажримини бекор қилди. Судга раислик қилган Ю.Ильхамов Шарифжон Каримовга нисбатан жиноят ишини дастлабки тергов ҳаракатлари юритиш учун Тошкент вилоят прокурори орқали тегишли тергов органига юбориш ҳақида ажрим чиқарди. Шу ўринда айрим мулоҳазаларимизни айтиб ўтсак.

— Шарифжон Каримовга нисбатан жиноят иши қўзғатиш тўғрисидаги қарорнинг ўзи йўқ. Шундай бўлса-да, тергов ҳаракатлари ноқонуний ва асоссиз олиб борилган, – дейди “Мухтор Шапсанов” адвокатлик фирмаси адвокати Зокир Шапсанов. – Сизга айтсам, учта ҳужжатга баҳо бериш учун ҳуқуқшунос бўлиш шарт эмас. Нега суд 2013 йил 1 ноябрь, 6 ноябрь ва 14 ноябрь саналарига эътибор бермади? Яна бир гап. Шарифжон Каримов “иши” бўйича гувоҳ ҳам, эксперт ҳам керак эмас. Шарифжон Каримов 2013 йил 1 ноябрда хат тайёрлаб, судга мурожаат қилган. Суд эса 6 ноябрда 6 нафар маҳкумга қидирув эълон қилиш ҳамда ушланганларидан сўнг шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ажрим чиқарган. Янгийўл туман прокуратураси ана шу ҳужжатлардан кўз юмиб, 2013 йил 14 ноябрда Шарифжон Каримовга нисбатан жиноят иши қўзғатган.        

 ЖИБ Тошкент вилоят суди кассация инстанцияси ажримидан кейин Шарифжон Каримов иши Янгийўл туман прокуратурасига юборилди. Янгийўл туман прокуратураси катта терговчиси Жаҳонгир Ҳасанов қуйидаги қарорни чиқарди:

“11.04.2019 йилда Ш.Каримов жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судига кассация шикояти билан мурожаат қилиб, жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судининг 30.01.2014 йилдаги ажримини бекор қилиб, жиноят ишини ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилишини сўраган.

23.04.2019 йилда жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди кассация инстанцияси томонидан жиноят ишлари бўйича Янгийўл туман судининг 30.01.2014 йилдаги Ш.Каримовга нисбатан чиқарган ажримини бекор қилиш ва унга нисбатан ушбу жиноят иши умумий қоидалар бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари юритиш учун Тошкент вилояти прокуратурасига юборилган. 06.05.2019 йилда вилоят прокуратураси томонидан мазкур жиноят иши тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Янгийўл тумани прокуратурасига юборилган.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 208-моддасида назарда тутилган жиноят ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига кириши ва икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 64-моддасининг “а” бандида ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб икки йил муддат ўтса, шахс жавобгарликдан озод этилиши қайд этилган.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, мазкур ҳолатда Ш.Каримовни жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги сабабли жиноят ишини ЖПКнинг 84-моддаси, 1-қисми, 1-бандига асосан жиноят ишини тугатиш лозим.”

— Янгийўл туман прокуратураси катта терговчиси Жаҳонгир Ҳасановнинг менга оид жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарори амалдаги процессуал талабларга зид равишда чиқарилган, — дейди Шарифжон Каримов. — Мен ва шу ишга алоқадор бирор киши тергов қилинмади. Катта терговчи 2019 йил 20 майда чиқарилган жиноят ишини ҳаракатдан тугатиш ҳақидаги қарорни менга тутқазди. 

Қўлимизда Тошкент вилоят прокурорининг ўринбосари Н.Халилов томонидан 2019 йил 3 октябрда имзолаган Шарифжон Каримов мурожаатига жавоб хати бор. Унда шундай сўзлар ёзилган: «Янгийўл туман прокуратураси томонидан 2019 йил 20 майда ЖПКнинг 84-моддаси 1-қисми 1-бандига асосан жиноят ишини ҳаракатдан тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган.

Қабул қилинган қарор назорат тартибида ўрганилиб, бажарилиши лозим бўлган тергов ҳаракатлари тўлиқ ўтказилмасдан, барвақт ва асоссиз қарор қабул қилинганлиги сабабли, вилоят прокуратураси томонидан бекор қилинди ва қўшимча тергов ҳаракатларини ўтказиш учун жиноят иши Янгийўл туман прокуратурасига юборилди.»

 Ниҳоят, кунлар, ойлар, йиллар ўтиб адолат тикланди.  2020 йил 25 мартда Янгийўл туман прокуратураси катта терговчиси А. Касимов қуйидаги қарорга келди:

1. “Каримов Шарифжон Якубжоновични айблаш учун объектив далил ва асослар йўқлиги туфайли 79/ 13-530-сонли жиноят иши ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан тугатилсин. (ЖПКнинг 83-моддасида реабилитация учун асослар кўрсатилган. Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи қуйидаги ҳолларда айбсиз деб топилади ва реабилитация этилиши лозим: ушбу модданинг 2-бандига асосан қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, шахсни оқлаш учун асослар борлиги кўрсатилган. - Изоҳ муаллифники.)   

2. Фуқаро Ш.Каримовни Ички ишлар тизимида ишлаш масаласи Ички ишлар органларига ҳавола қилинсин...”

Орадан олти йил ўтгандан сўнг Шарифжон Каримов қилмишида жиноят таркиби йўқлиги аниқланди.

— Жиноят кодексининг 230-моддасига кўра, — дейди адвокат Зокир Шапсанов, — суриштирувчи, терговчи ёки прокурор томонидан айбсизлиги аён бўлган шахсни жиноий жавобгарликка тортиш мумкин эмас. Бундай қилмишни содир этганлар эса қонун олдида жавоб бериши керак.

Адвокатнинг фикрини Шарифжон Каримов ҳам таъкидламоқда. Дарҳақиқат, айбсиз одамни айбдорга чиқарган масъул ходимга жазо йўқми? Қонунда атайлаб қилингани исботланса, жазо бор, дейилади одатда. Аммо масъулиятсизлик қилган бўлса-чи?..   

 

Равшан ШОДИЕВ,

“Ўзбекистон овози” мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: