Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Aprel 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 1 2 3
18.02.2020

ХЎРЛАНГАН ҚИЗ

Ғаллаорол ва Бахмал туман ИИБ катта терговчилари ­А.Исроилов ва Р.Усановларнинг жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қароридан кейин у ўз жонига қасд қилди, лекин тирик қолди...

Таҳририятимизга Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани, Хонимқўрғон қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудининг Ғаллакор қишлоғида яшовчи 28 ёшли Холида Сулаймонова ва унинг ишончли вакили Тўрабой ­Жўрабоев шикоят хати билан мурожаат қилди. Унда келтирилишича, жинсий зўравонлик қурбони бўлган Холида Сулаймонованинг аризаси бўйича Ғаллаорол ва Бахмал туман ИИБ катта терговчилари А.Исроилов ва Р.Усановлар томонидан жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисида асоссиз қарор қабул қилинган...

Холида Сулаймонова оиладаги етишмовчиликлар, отасининг касалмандлиги сабабли Тошкент-Термиз йўналишидаги Катта ўзбек трактининг Ғаллаорол туманидан ўтадиган ҳудудида, Ғаллакор қишлоғи рўпарасида жойлашган газ қуйиш шахобчаси олдидаги миллий ширинликлар савдо дўкончасида сотувчи бўлиб ишлаган. 2018 йилнинг 15 сентябрида тахминан соат 16:00 ларда газ қуйиш шахобчасига қизил рангли "Жигули"да бир йигитча келади. Газ қуйиб олгач, савдо дўконига кириб, Х.Сулаймоновадан машинасини ювиш учун челак сўрайди. Ўзини Абдулла деб таништирган йигит машинани ювиб бўлганидан кейин очқолганини айтиб, қиздан нон ва колбаса сотиб олади ҳамда шу ерда овқатланади. Вақт соат 18:00 га яқинлашиб қолгани учун қиз дўконини ёпади, йигит уни машинага ўтиришга, уйига ташлаб қўйишга таклиф этади. Кўнглида ҳеч қандай шубҳа бўлмаган қиз машинага ўтиради, ўзидан анча ёш боладан ёмонлик келишини хаёлига келтирмайди. Лекин йигитча қизнинг қаршилигига қарамай, кимсасиз дарахтзор томонга йўл солади ва "машина лойга ботиб қолди" деган баҳона билан уни тўхтатиб, ҳали турмушга чиқмаган, ўзидан 11 ёш катта бўлган Холиданинг номусига тегади...

Холида жон ҳолатда қаршилик кўрсатади. "Мен йиғлаб, қиз боламан, мени шарманда қилма, деб ёлвордим” (Х.Сулаймонованинг аризасидан). Лекин ўзини жиловлолмаган йигитчанинг кўзига ҳеч нарса кўринмайди, бу гапларга парво қилмайди. Қандай йўл билан бўлса мақсадига етишга ҳаракат қилади. "Унинг гавдаси оғир бўлгани учун кучим етмади, лекин бақирдим. У мени оғзи-жағимга урди. Мен беҳуш бўлиб қолдим, кейин нима бўлганини эслаёлмай қолдим" (Х.Сулаймонованинг аризасидан).

Қутуриб, пишқирган йигит ўзига келгач, нима бўлганини англаб, қўрқиб кетади. Холида Сулаймоновани авраб, ўзининг Абдувоҳид Маҳмудов эканини, 2001 йилда туғилганини, Лалмикор саноат касб-ҳунар коллежининг охирги курсида ўқишини, бўлган воқеани ҳеч кимга айтмасликни тайинлайди. Отаси Ғўбдин қишлоқ фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлашини, бу масалани 15 кун ичида ўзи ҳал қилишини айтиб, қизга телефон рақамларини беради. Шу билан бирга, уни яланғоч ҳолда телефонидан суратга олганини, агар гапига кўнмаса ёки бировга айтиб қўйса, интернетга қўйиб юбориш билан таҳдид қилиб, йўлга тушириб кетади. Уйига боргач, машинаси ўриндиқларидаги ғилофларни ечиб, ёқиб юборади ва ўрнига янгисини қўяди.

Холида уйига бир аҳволда кириб келади, онаси Заркумуш Сулаймоновага бўлган воқеани айтиб беради. Бу руҳий зарбадан онаси инсульт бўлиб қолади. Бу гапни касалманд отаси ва акасига билдиришмайди. Бу орада акаси ­Болбек йўл-транспорт ҳодисасига учраб, касалхонага тушади. Орадан 15 кун ўтади, бу ўртада қизнинг телефонига 26 марта Абдувоҳиддан уни тинчлантирувчи СМСлар келади. Шундан кейин Абдувоҳид Маҳмудов қизнинг қўнғироқларига жавоб бермай қўяди.

Холида Сулаймонова 2018 йилнинг 3 октябрида Ғаллаорол туман Ички ишлар бўлимига Абдувоҳид Маҳмудов деган шахс номусига текканлиги ҳақида ариза билан мурожаат қилади. Холида ­Сулаймоновага Жиззах вилоят суд-тиббий экспертизасидан ўтиш учун йўлланма берилади. Экспертизада ҳақиқатан ҳам қизнинг бокиралиги бузилгани, лекин орадан анча вақт ўтгани учун бу иш ким томонидан қилинганини аниқлашнинг имкони бўлмагани ҳақида расмий хулоса берилади. Туман ИИБ тергов гуруҳи катта терговчиси А.Исроилов ишни пайсалга солаверганидан кейин Холида Сулаймонова прокуратурага ариза билан мурожаат қилади. Шундан сўнг туман ИИБ жиноят қидирув бўлими ходими ­Зоҳид Мелибоев жабрланувчи иштирокида Абдувоҳид Маҳмудовни сўроқ қилади. Суриштирув давомида А.Маҳмудов ўз айбини тўла тан олади ва дастлабки тушунтириш хатини ёзиб беради.

Ўша пайтда А.Маҳмудов 18 ёшга тўлмагани учун туман ИИБ вояга етмаганлар билан ишлаш бўлими ходими ­Гулруҳ Болтаева кабинетда ўтирган жабрланувчини танимасдан, унинг амакиси, онасининг ёнида гап ўргатиб, "Қизнинг номусига зўрлаб тегинганингни бўйнингга олма, мен мажбурлаганим йўқ, деб туриб ол, бўлмаса ўн йилга қамалиб кетасан. Терговчи билан ўзим гаплашаман", дейди. Буни эшитган Зоҳид Мелибоев Гулруҳ Болтаевани уришиб беради ва Холидага тасалли бериб: "Унинг гапига парво қилма, Абдувоҳид айбига иқрор бўлиб турибди, ҳаммасини ёздириб олдим", дейди. Лекин 2018 йилнинг 31 октябрида туман ИИБ тергов гуруҳи катта терговчиси А.Исроилов Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш бўйича қарор чиқаради...

Энди Холида Сулаймонованинг ишончли вакили, 81 ёшли Тўрабой ­Жўрабоев ҳақида икки оғиз сўз. У асли шу ернинг одами, тақдир тақозоси билан Тошкентда ўқиб, бир қатор олий ўқув юртларида талабаларга сабоқ берган. 1989 йилда пенсияга чиққанидан кейин маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлаган. Болалари уйли-жойли, ўзига тинч. Кексалик гаштини киндик қони тўкилган жойда ўтказиш учун Ғаллаоролга қайтиб келган. Лекин 81 ёшли отахон ҳали ҳам ғайратли – спорт билан мунтазам шуғулланади, адолатсизикка учраганларга қўлидан келганча юридик ёрдам, холис йўл-йўриқ кўрсатади, маслаҳат беради. Шунинг учун Ғаллаоролда уни ҳамма танийди.

Холида Сулаймонова ҳам оиласи ночорлиги ва адвокатга тўлайдиган маблағи бўлмагани учун Тўрабой буванинг ҳузурига кўмак сўраб боради. Т.Жўрабоев қизга раҳми келганидан унга ишончли вакил бўлишга розилик билдиради. Унинг мурожаатига асосан туман прокурори ўринбосари Ш.Шерқулов 2018 йилнинг 19 ноябрида ИИБ катта терговчиси А.Исроиловнинг жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш бўйича 2018 йил 31 октябрдаги қарорини бекор қилиб, қўшимча текширув ўтказишга юборади.

Эътибор беринг, орадан 11 кун ўтиб, А.Исроилов ҳеч қандай текширув ўтказмасдан, яъни, 2018 йилнинг 30 ноябрь санаси билан яна жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор чиқаради. Т.Жўрабоевнинг талаби билан Жиззах вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Б.Саипов томонидан 2018 йилнинг 19 декабрида бу қарор ҳам бекор қилинади. Энг қизиғи, бу гал ҳам терговга қадар суриштирув ўтказиш яна А.Исроиловга юклатилади. Натижада аввалги қарор матни учинчи марта янгиланиб, иш ёпилади...

Холида Сулаймонова 2019 йилнинг 2 февралида Абдувоҳид Маҳмудовни излаб Ғубдин қишлоғига боради. Абдувоҳид кўчада уни учратиб, ҳар хил сўзлар билан ҳақоратлайди, бу ҳам етмагандай, ожиза қизга қўл кўтаради. Холида Сулаймонова бу ҳақда яна Ғаллаорол туман ИИБга ариза билан мурожаат қилади. Ўз навбатида туман ИИБ томонидан 2019 йил 12 февраль санаси билан А.Маҳмудовга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этиш ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида қарор чиқарилади.

2019 йилнинг 11 мартида Ғаллаорол туман маъмурий суди судьяси З.Нурматов томонидан ўтказилган суд мажлисида А.Маҳмудов жанжал пайтида жабрланувчи Холида ­Сулаймоновани шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳар хил сўзлар билан ҳақоратлагани ҳамда уни уриб, тан жароҳати етказгани ишда тўпланган далиллар билан тўлиқ исботини топган. Лекин суд-тиббий экспертизасининг 2019 йил 6 февралдаги хулосасига асосан "Соғлигининг бузилишига олиб келмаган енгил тан жароҳати" етказгани учун ҳуқуқбузарга энг кам иш ҳақининг икки баравар миқдорида жарима жазоси тайинланган...

Бундай бедодликларга чидолмаган Холида Сулаймонова ўз жонига қасд қилади – сирка ичади. Бундан вақтида хабар топган акаси ва янгаси уни зудлик билан шифохонага олиб бориб, ошқозонини ювдиришади ва ҳаётини сақлаб қолишади.

Ушоқдеккина ожиза қизга нисбатан қилинаётган адолатсизликларни кўриб турган Тўрабой Жўрабоев Маржонбулоқ шаҳарча фуқаролар йиғини раисига унинг ҳудудида бўлган Ғўбдин қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, Холида Сулаймонованинг номусига теккан боланинг отаси А.Тилавовнинг эгаллаб турган вазифасига лойиқ-нолойиқлигини кўриб чиқиш тўғрисида мурожаат қилади. 2019 йилнинг 10 мартида ана шу масала бўйича бўлиб ўтган йиғилишда сўзга чиққанлар томонидан қиз боланинг номусига тегиш ва зўрлаш каби шармандали ҳолатни ҳеч қандай баҳона билан оқлаб бўлмаслиги, энди А.Маҳмудов номусини топтаган қизни ўз никоҳига олиши лозимлиги ҳақида фикрлар билдирилади. Ўз навбатида, А.Тилавов ўғли ўта уятли иш қилганини, фарзанди ҳам, ўзи ҳам бундан қаттиқ пушаймон эканини тан олади.

Шундан кейин 2019 йил 28 мартда Ғўбдин қишлоқ фуқаролар йиғинида ўтказилган йиғилиш қарорига биноан А.Тилавов эгаллаб турган вазифасига нолойиқ деб топилади ва ишдан озод этилади. 2019 йил 4 мартда Хонимқўрғон қишлоқ фуқаролар йиғинида ўтказилган йиғилишда сўзга чиққанлар Холида Сулаймонованинг оиласини обрў-эътиборли хонадон сифатида яхши билишларини, қизнинг номусига тажовуз қилиниши бу оилага жуда қаттиқ таъсир қилгани, ота-онаси шунинг дардида касал бўлиб, ётиб қолгани ҳақида ҳамдардлик билан ўз фикрларини билдирган. Йиғилиш қарорига кўра, бу жиноят иши бўйича юқори ваколатли органларга мурожаат қилиш тавсия этилган.

– Эл-улус, жамоатчилик органлари вакиллари кўриб-билиб турган, қизнинг номусига теккан боланинг отаси фарзандининг қилмишидан пушаймон бўлиб, тан олган холис ҳақиқатни наҳотки ички ишлар идоралари масъул ходимлар кўрмаётган бўлса, – дейди жабрланувчининг ишончли вакили Тўрабой Жўрабоев. – Аниқ-тиниқ аён бўлиб турган жиноят иши ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан икки йилдан буён хаспўшлаб келинаётганидан кейин халқнинг уларга ишончи қоладими? Мен вилоят прокурорига бу ишни бошқа вилоятда кўриб чиқиш бўйича мурожаат қилган эдим. Ана шунда холислик таъминланган бўлар эди. Лекин мурожаатим инобатга олинмади, иш Бахмал тумани ИИБга юборилди.

Натижада Бахмал туман ИИБ тергов гуруҳи катта терговчиси Р.Усанов томонидан 2019 йилнинг 30 июнида худди илгаригидай, Ғаллаорол туман ИИБ терговчиси А.Исроилов томонидан қабул қилинган қарорга эгизакдек ўхшаш, "Фуқаро Маҳмудов Абдувоҳид Абирқул ўғлининг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли, ...жиноят иши қўзғатишдан рад этилсин" деган қарор чиқарилди...

Сабаб нима, асос нима?

Балки, қизнинг ўзи енгилтаклик қилгандир?

Хулосани шунга олиб боришмоқда шекилли?

Агар қизнинг ўзи енгилтаклик қилганида бунчалик изтироб билан ёрдам сўраб югуриб юрармиди? Иккинчидан, бола ҳам, отаси ҳам бу ҳолатни тан олаяптику!

Жиноят кодексининг 118-моддасида номусга тегишга – зўрлик ишлатиб, қўрқитиб ёки жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланиб жинсий алоқа қилиш деб таъриф берилган ва бунга уч йилдан йигирма йилгача жиноий жазо белгиланган. Ушбу жиноят иши бўйича таклиф этилган, Холида Сулаймоновани таниган, билган кишиларнинг кўрсатмасига, суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, у илгари жинсий ҳаёт кечирмаган, оиладаги иқтисодий ночорлик ва қашшоқлик туфайли тирикчиликдан бошқа нарсани ўйламаган. Ўз-ўзидан аён бўлиб турибдики, бу иш қуйидаги сабабларга кўра ҳам қайта кўриб чиқилиши керак:

Воқеа содир бўлганидан кейин орадан 17-18 кун ўтиб, жабрланувчига суд-тиббий экспертизаси тайинланишига ойдинлик киритилмаган.

А.Маҳмудовнинг жабрланувчи билан жинсий яқинликда бўлган куни аниқланмаган, воқеа содир бўлган автомашинадаги буюмлар жойига бориб кўздан кечирилмаган. А.Маҳмудовнинг нима учун машинанинг эски ғилофларини ёқиб юборгани сабаблари ўрганилмаган ва тегишли экспертиза тайинланмаган.

Зўрлаб номусга тегиш ҳолатида етказилган тан жароҳати ва бошқа белгилар жабрланувчи танасида қанча муддат сақланиши ҳақида мутахассис хулосалари олинмаган.

Туман ИИБ жиноят қидирув бўлими ходими Зоҳид Мелибоевнинг жабрланувчи иштирокида ­А.Маҳмудовдан олган дастлабки тушунтириш хати ишга қўшилмаган.

Жабрланувчи томонидан тақдим этилган, гумонланувчидан унинг телефонига келган 26 та СМС мулоқот ёзуви тергов-суриштирув ишига қўшилмаган. Аслида бу маълумотлар мазмунан ўрганилиб, уларга ҳуқуқий баҳо берилиши керак эди.

Ўша пайтда А.Маҳмудов вояга етмаган коллеж ўқувчиси бўлгани учун туман ИИБ вояга етмаганлар билан ишлаш бўлими ходими Г.Болтаеванинг унга ёздирган тушунтириш хати тергов ишига қўшилмаган ва ҳоказо...   

Мазкур саволларга нафақат жабрланувчи Холида Сулаймонова ва унинг яқинлари балки кенг жамоатчилик ҳам жавоб олишни истайди.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

"Ўзбекистон овози" мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: