19.11.2019

Бахтсиз ҳодисани сиёсийлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ахборот хизмати томонидан «Жамият» газетаси мухбири Давлатназар Рўзметовни йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вафот этгани юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган ҳар хил мазмундаги хабарларга ойдинлик киритиш ҳамда асл ҳолатни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев, Хоразм вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Пўлатов, ИИВ Ахборот хизмати бошлиғи Шоҳрух Ғиёсовлар иштирок этди.

Аҳмаджон Пўлатовнинг ҳолат юзасидан баёнот беришича, жорий йилнинг 6 ноябрь куни Урганч шаҳрида яшовчи 1979 йилда туғилган У.Сафаров соат тахминан 23:30да ўзининг бошқарувида бўлган «ГАЗ 330200» русумли автомашинада Урганч тумани Қоромон қишлоғи ҳудудидан ўтган «Урганч-Хива» автомобиль йўлининг 5 километрида эҳтиётсизлик натижасида, йўлнинг ўнг томонидан чап томонига кесиб ўтмоқчи бўлган пиёда, 1971 йилда туғилган Рўзметов Давлатназарни автомашинанинг олд чап томони билан уриб юбориб, йўл транспорт ҳодисасини содир қилган. Натижада пиёда ­Д.Рўзметов ЙТҲ натижасида олган тан жароҳати туфайли ҳодиса содир бўлган жойда вафот этган.

Матбуот анжуманида Хоразм вилояти ИИБ вакиллари томонидан тайёрланган тақдимот намойиш этилди ва унда марҳумнинг ЙТҲдан аввалги ҳаракатлари, кафе, меҳмонхона, ёқилғи қуйиш шохобчалари, йўллардаги назорат камераларига тушган суратлари намойиш этилиб, вазиятга батафсил изоҳ бериб ўтилди.

Шунингдек, матбуот анжуманида марҳум билан унинг вафот этган куни охирги маротаба қўришган дўсти Умидбек Давлетов, марҳум вафоти ҳақида ижтимоий тармоқлар орқали биринчи бўлиб хабар берган жияни Фурқат ­Рўзметов ҳам сўзга чиқди.

Аҳмаджон Пўлатов ўша кунги воқеалар хронологиясига қуйидагича таъриф берди:

— Мазкур ҳолат бўйича Жиноят Кодексининг 266-моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган. Сизга тушунарли бўлиши учун жиноят иши материалларидан слайд тайёрлаганмиз. Ҳодиса содир бўлгунга қадар Д.Рўзметов ЙТҲ юз берган жойга қандай бориб қолганини хронологик тарзда тикладик.

6 ноябрь куни соат 17:23да марҳум Д.Рўзметов ўзининг таниши, адвокат Умид Давлетов билан бирга овқатланиш мақсадида Урганч шаҳрида жойлашган «Ягона» кафесига кириб келишган. Бу ҳолат кафедаги кузатув камералари томонидан қайд этилган.

Соат 21:52да Рўзметовнинг дўсти Ғайрат Бобожонов ҳам ушбу даврага келиб қўшилган. Соат 22:11да учаласи кафедан чиқиб, «Xorazm palace» меҳмонхонасига келишади ва хизмат сафари билан Урганчга келган Умид Давлетовнинг тунаши учун жой гаплашишади.

Жой масаласи ҳал қилинганидан кейин бу шахслар соат 22:18да меҳмонхонадан чиқишади. Марҳум Давлатназар Рўзметов Қўшкўпирга – уйига қайтиши керак бўлади, шериклари уни йўналишсиз «Nexia-2» русумли таксига ўтқазиб, ўзлари меҳмонхонага қайтишади. Қўшкўпирга кетишда Урганч тумани ҳудудида «Машъал» номли дўкон бор, уни Хоразмда барча билади, такси шу жойгача гаплашилган. Тергов жараёнида аниқландики, бу ерда Қўшкўпирга кетадиган таксилар шохобчаси бор. Марҳум шу ерда Қўшкўпирга кетиш учун «Nexia» русумли бошқа бир таксини гаплашиб, унга ўтиради.

Терговнинг сири бор, шу сабабли фақат очиқ айта олишим мумкин бўлган ҳолатларнигина гапириб беряпман. Урганч-Хива йўлида кетаверишда йўл бўйида автомобилларга газ қуйиш шохобчаси бор. Соат 22:45да Давлатназар Рўзметов таксида шу ерга кириб келганини тасдиқловчи видеотасвирлар бор. «Газзаправка»га киришда йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун улар автомобилдан туширилади, шу тартибга кўра марҳум ҳам машинадан тушиб туради. «Газзаправка»дан чиққан Қўшкўпир йўналиши бўйлаб йўлда давом этишади. Бизда бу ҳолатнинг видеоси бор, терговда тасдиқланган.

Йўлнинг тахминан 5-километрида такси ҳайдовчиси ва Давлатназар Рўзметов ўртасида даҳанаки тортишув юзага келади ҳамда Д.Рўзметов жаҳл устида шу ердаги бекатда машинадан тушиб қолади. Айнан шу ерда – машинадан тушиб қолган жойда ЙТҲ содир бўлмоқда. «ГАЗ 330200» русумли автомашина чап томони билан Д.Рўзметовни уриб юборгач, у йўлнинг қарама-қарши томонига учиб кетган. Йўл-транспорт ҳодисаси чизмасида бу ҳолат кўрсатилган. Чизмада ҳодиса жойи, автомобилнинг тормоз изи, марҳум билан тўқнашув содир бўлган жой ва у ЙТҲ натижасига қаерга бориб тушгани акс этган. Яна шуни қўшимча қилиб айтиш мумкинки, ҳодиса рўй берганидан кўп ўтмай тезкор тергов гуруҳи томонидан дарҳол тормоз излари олинган, барча далиллар, чизмалар расмийлаштирилган.

Шунингдек, тадбирда ўша воқеа содир бўлган кунда марҳум билан бирга бўлган дўсти, адвокат Умид Давлетов ҳам бўлган воқеа ҳақида гапирди:

— Менга Давлатназар ака ҳақида гапириш қийин. У инсон ким учундир оддий журналист, ким учундир оддий одам, лекин мен учун қадрдон дўст эди.

Ҳақиқатан ҳам, 2019 йилнинг 6 ноябрь куни ҳимоямдаги Нафосат Оллошукурова иши бўйича Урганч шаҳрига бордим. Урганч аэропортидан чиқишим билан Давлатназар акага қўнғироқ қилиб, у киши билан учрашмоқчилигимни айтдим. Шу куни Давлатназар ака билан учрашдик. Учрашганимизда у ниҳоятда хурсандлигини, унга нисбатан туҳмат қилиб ёзилган аризалар бўйича тўлиқ текширувлар ўтказилиб, Хоразм вилояти ИИБ томонидан унга нисбатан қўзғатилган барча маъмурий ишлар тугатилгани, ҳозирги кунда унинг журналистик фаолиятига ҳеч қандай тўсқинлик йўқлигини, аксинча, вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан унинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича ижобий ишлар қилинганини фахрланиб айтиб берди.

6 ноябрь куни Давлатназар ака билан кун бўйи бирга юрдик. Тушликниям, кечки овқатниям бирга қилдик. Кечки овқатдан кейин мен меҳмонхонада қолдим, у киши уйига кетди. Мен у кишидан меҳмонхонада тунаб қолишини илтимос қилдим, лекин у киши оиламнинг олдига бораман, деб унамади. Эрталаб қайтиб келишини айтди. Кейин биз Ғайрат ака билан меҳмонхонанинг қарама-қарши томонидан у кишини таксига ўтқазиб юбордик. Бу ҳақда юқорида батафсил маълумот берилди. Дўстимни охирги марта кўрганим шу бўлди.

Давлатназар Рўзметовнинг жияни Фарҳод Рўзметов амакисининг ўлими бахтсиз ҳодиса бўлгани ҳақида гапирди:

— Амакимнинг журналистик фаолиятини қизиқиб кузатиб борардим. ЙТҲ содир бўлгани ҳақида хабар етиб келганида ҳайрон бўлиб довдираб қолдик.

Зудлик билан ҳодиса жойига етиб бордик. Борганимизда ЙТҲ содир бўлган кўчанинг қоронғилиги яққол кўриниб турганди. ЙТҲ амаким йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтаётганда рўй бергани кўриниб турганди. Ҳодисадан сўнг у кишини тез тиббий ёрдам келиб олиб кетган, бизга амаким вафот этганини айтишгандан кейин 7 ноябрга ўтар кечаси соат 2-3ларда фейсбукда бу ҳақда пост қолдирдим. Бундан мақсад у кишини асосан фейсбук орқали яхши танишарди. Амакимнинг ҳар бир вилоятда ўзига яраша дўстлари, таниш-билишлари бор эди. Улар амакимни сўнгги йўлга жўнатишга кеч қолмасин дегандим. Маърака билан бўлиб, ижтимоий тармоқларга киролмадим. Аммо кечроқ кирганимда амакимнинг ўлими турлича талқин қилинган постларни кўриб, жуда хафа бўлдим. Мусибат ҳақида, марҳумнинг дўстлари, ёр-у биродарларини жанозага таклиф қилиб қолдирган хабарим турлича талқин қилинаётгани учун фейсбук фойдаланувчиларидан воқеани сиёсийлаштирмаслик, билиб-билмасдан турли изоҳлар қолдирмасликни сўраб яна бир пост қолдирдим.

Давлатназар акам қандай журналист бўлган, қандай фаолият юритган, бунга ҳар ким, ҳар хил баҳо беради. Унинг ўзига яраша аудиторияси бўлган, ўзига яраша кузатувчилари бўлган, ўзига яраша муштарийлари бўлган.

Давлатназар акам фаолияти туфайли кўпгина вилоятларда, туман-шаҳарларда бўлган вақтида аҳолининг ижтимоий муаммоларига кўп эътибор қаратган. Отасиз ёки онасиз вояга етаётган болаларга ёки уй-жойсиз оилаларга ё бўлмасам ижтимоий муаммоси бўлган оилаларга кўпроқ ёрдам беришга ҳаракат қилиб журналистик фаолиятини олиб борган.

Лекин шу ўринда менга оғир бўлса ҳам у кишининг оилавий аҳволи ҳақида икки оғиз гапириб ўтмасам бўлмайди. Бугунги кунда амакимнинг ортида уч фарзанди қолди. Аёли ишсиз. Оиламиз билан биргаликда у кишининг фарзандларини ёлғизлатиб қўймаймиз. Бироқ ҳар бир оиланинг ўзига яраша ташвишлари бор. Мавриди келганда оммавий ахборот воситаларига, бу ерда йиғилган журналист ва блогерларга илтимос билан мурожаат қилмоқчиман. Амакимнинг оилавий шароити билан танишсангиз, у мол-дунё, давлатга қизиқмаган. Ўзини журналистикага бағишлаган. Журналистлардан бугунги матбуот анжуманидаги маълумотлардан келиб чиқиб, жараённи холис ёритишади, ижтимоий тармоқларда бўлиб турган нотўғри фикрларга ўз муносабатларини билдиришади, деб ўйлайман. Чунки жараён фейсбук ёки бошқа жойларда ёзилганидек бўлмаган. Бугунги анжуманда берилган маълумотларга асосланган ҳолда тўғри ахборот берилиши ва марҳумнинг хотирасини ҳурмат қилишларини сўраб қолардим.

— Фурсатдан фойдаланиб, Давлатназар Рўзметовнинг оила аъзолари ва яқинларига яна бир бор чуқур ҳамдарлигимизни билдирамиз, таъзиямизни изҳор қиламиз, — деди Комил ­Алламжонов. — Мазкур бахтсиз ҳодисани ғаразли мақсадлари йўлида сиёсийлаштиришга уринаётганлардан ҳеч бўлмаса марҳумнинг руҳи ҳаққи бу ишларни тўхтатишни илтимос қилардик...

Журналист сифатида ушбу анжуманда иштирок этганим боис, бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ҳукуматимиз томонидан алоҳида эътибор қаратилиб келинаётганлиги, Давлатназар Рўзметовнинг оиласига, яъни уч нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, аёли ҳеч жойда ишламаслигини инобатга олган ҳолда уларга ҳам молиявий ёрдам зарурлиги тўғрисида фикр билдирдим.

Комил Алламжонов марҳумнинг оиласига албатта моддий ёрдам кўрсатилишини айтди.

Шунингдек, матбуот анжуманида блогер Нафосат Оллошукурова билан боғлиқ воқеалар тафсилотлари бўйича ҳам маълумот тақдим этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиев Нафосат Оллошукурова билан боғлиқ воқеаларга қуйидагича изоҳ берди:

– Интернетда блогер Нафосат Оллошукурова билан боғлиқ воқеалар ҳақида хабар тарқалгач, биз ҳам бориб, унинг шароитлари билан танишдик. Қонунчиликка мувофиқ жорий йилдан бошлаб Омбудсман ҳузурида тузилган эксперт гуруҳи мамлакатда мавжуд ёпиқ муассасаларни экспертлар гуруҳи билан бориб монеликсиз кириб, танишиш имкониятига эга бўлди. Шу боис биз бундай гуруҳни шакллантирдик ва 21 октябрь куни мониторинг гуруҳи суд қарорига кўра, Хоразм вилоятининг психоневрологик диспанцерига даволаш учун жойлаштирилган фуқаро Нафосат Оллошукурова билан учрашди. Мониторинг гуруҳида фақат Омбудсман ходимлари эмас, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси вакили, «Эзгулик» инсон ҳуқуқлари ташкилотининг раҳбари, «Нажот» ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилоти раҳбари ва соғлиқни сақлаш тизимида психатерия соҳасидаги экспертлар ҳам таклиф этилди.

Нафосат Оллошукурова У. Муҳаммадиев билан бўлган суҳбат давомида тиббиёт муассасаси ходимлари билан самимий муносабатда эканлигини ва унга нисбатан бирор-бир руҳий, жисмоний тазйиқ ўтказиш ҳоллари рўй бермаганлигини қайд этди.

Анжуманда Нафосат Оллошукурованинг руҳий ҳолати, соғлиги ҳақида Олий суд Ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов ҳам маълумот берди.

Бундан ташқари, тадбирда Нафосат ­Оллошукурованинг вояга етмаган фарзандлари давлат ҳимоясига олиниб, имтиёзли тарзда мактабгача таълим муассасасига жойлаштирилгани айтиб ўтилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: