19.11.2019

Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

фармони

Сўнгги йилларда давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири – жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, дўстлик муҳитини ва кўп миллатли катта ягона оила туйғусини мустаҳкамлаш, ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат билан қараш руҳида тарбиялаш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтиришга йўналтирилган кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қоидалари турмушга фаол татбиқ этилмоқда, бу қоидалар Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари миллатидан қатъи назар Ўзбекистон халқини ташкил этишини, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ўзининг ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг тили, урф-одати ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлишни, уларни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилишини эълон қилади ва кафолатлайди.

Ушбу мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилган бўлиб, у ўз фаолиятини юритмоқда ҳамда жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш бўйича давлат сиёсатини изчил амалга ошириб келмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда яшаб келаётган 130 дан зиёд миллат ва элатларнинг вакиллари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари тақдим этган тенг ҳуқуқ ва имкониятлардан фойдаланиб, иқтисодиётнинг турли тармоқларида ва ижтимоий соҳада, илм-фан ва маданият соҳаларида самарали меҳнат қилиб, Ватанимизнинг гуллаб-яшнашига ва унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга, республиканинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва имижини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.

Амалга оширилаётган устувор йўналишлар суръатини, кенг кўламли демократик ислоҳотларни, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий жиҳатдан эркинлаштириш ва жамият ҳаётининг бошқа жабҳаларида эришилган салмоқли муваффақиятлар таҳлили Ўзбекистон халқи ягона ғоя – Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича олижаноб мақсадлар ва ғоят муҳим вазифаларга эришишдан иборат ягона мақсад атрофида бирлашганлигини таъкидлаш учун барча асосларни беради.

Шу билан бирга, халқаро ва минтақавий муносабатларда давом этаётган глобаллашув ва трансформация, дунёда иқтисодий, сиёсий, миллий, диний ва бошқа зиддиятлар кучайиб, ахборот ва кибермаконларида қарама-қарши кураш ортиб бораётган бир шароитда миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида ўз ечимини тақозо этаётган бир қатор долзарб масалалар сақланиб қолмоқда, қуйидагилар шулар жумласидан:

миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида давлат органлари ва ташкилотларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик даражасини янада ошириш;

жамиятда юзага келиши мумкин бўлган можароли вазиятлар ва ихтилофларнинг барвақт олдини олиш ва уларни профилактика қилиш бўйича фаолиятни ташкил этиш асоси сифатида жойларда миллатлараро муносабатлар ҳолатини мониторинг қилиш тизими ва механизмларини йўлга қўйиш;

миллатлараро муомала маданиятини тарбиялаш, Ўзбекистон халқининг тарихи ва анъаналарини ўрганиш бўйича таълим, ахборот ва маданий-маърифий чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш;

миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида давлат органлари мутахассисларини, шунингдек, бошқа ташкилотлар ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасидаги ишларни такомиллаштириш.

Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини изчил амалга ошириш ва янада такомиллаштириш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ:

1. Қуйидагилар миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини амалга ошириш жараёнида давлат органлари ва ташкилотларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги механизмларини такомиллаштириш;

миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш, республикамизда яшаб турган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон Республикасининг давлат сиёсатини самарали амалга ошириш учун қўшимча ижтимоий-иқтисодий шарт-шароитлар яратиш;

жамиятда кўп миллатли катта оила ҳис-туйғусини, республикамизда яшаётган турли миллат ва элат вакиллари ўртасида дўстлик ва тотувликни янада мустаҳкамлаш, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, уларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари камситилишига йўл қўймаслик;

миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, мамлакат ҳудудида ва ундан ташқарида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида халқаро ҳамкорликни ва чет мамлакатлар билан дўстона алоқаларни ривожлантириш, ватандошларни қўллаб-қувватлаш ва хориждаги ўзбек диаспоралари билан яқин ҳамкорлик қилиш, Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги обрў-эътибори ва имижини ошириш;

Ўзбекистон Республикасининг давлат ва жамиятни ривожлантиришдаги устувор мақсадларни, илғор хорижий тажрибани эътиборга олган ҳолда миллатлараро муносабатларнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш.

2. Қуйидагилар:

Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ;

2019-2021 йилларда Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилансинки, Концепция ва “Йўл харитаси”нинг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини мувофиқлаштириш ҳамда мониторинг қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси (кейинги ўринларда – Қўмита) томонидан амалга оширилади.

3. Қўмитанинг унинг тузилмасида илмий-амалий тадқиқотлар, методика ва экспертиза бўлими ўрнига юридик шахс тузмасдан, штатдаги ходимлар сони 4 нафардан иборат Миллатлараро муносабатлар бўйича илмий-амалий тадқиқотлар марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Қуйидагилар ташкил этилаётган Марказнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

миллатлараро муносабатлар соҳасида тизимли асосда илмий, шу жумладан, ижтимоий тадқиқотлар, шунингдек, мазкур йўналишдаги жараёнлар ривожининг мониторингини олиб бориш;

миллатлараро муносабатлар соҳасида илмий мақолалар, китоблар, илмий-тадқиқот материаллари, ахборот-таҳлилий шарҳлар тайёрлаш ва эълон қилиш;

етакчи маҳаллий ва хорижий олимлар, экспертлар ва мутахассислар иштирокида миллатлараро муносабатлар соҳасида илмий-назарий ва илмий-амалий конференциялар, анжуманлар, семинарлар, давра суҳбатлари, маърузалар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш;

миллатлараро муносабатлар соҳасидаги муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этишда хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда Ўзбекистон шароитида ана шу тажрибадан фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятда миллатчилик оқибатида юзага келиши мумкин бўлган можароли вазиятлар ва ихтилофларнинг барвақт олдини олиш ва уларни профилактика қилиш, шунингдек, мазкур соҳадаги хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашиш бўйича таклифлар ва тавсиялар тайёрлаш.

4. Қўмита бир ой муддатда:

бошқарув ходимларининг Қўмита зиммасига юкланган вазифаларни профессионал даражада амалга оширишга қодир бўлган, зарур назарий билимлар ва амалий кўникмаларга эга малакали кадрлар билан тўлдирилишини;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда давлат органлари ходимларининг, шунингдек, миллатлараро муносабатлар соҳасида фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг (улар розилиги билан) малакасини ошириш бўйича махсус курслар ташкил этилишини таъминласин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари зиммасига:

миллий маданий марказларни ривожлантиришга, улар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга, жамиятда миллатлараро тотувликни таъминлашда уларнинг салоҳиятини тўла-тўкис амалга оширишга қаратилган таклифларни тайёрлаш;

миллатлараро тотувликнинг ҳолати ва уни ривожлантириш тенденциялари тўғрисида тегишли ахборот, ахборот-таҳлилий ҳужжатлар, ҳисоботлар тайёрлаш ва уларни кейинчалик Қўмитага киритиш вазифалари юклансин.

6. Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини амалга оширишни таъминлаш бўйича Комиссия (кейинги ўринларда – Комиссия) тузилсин ва унинг таркиби 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

жамиятда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқодлари, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдидаги тенглигини таъминлашга қаратилган миллатлараро муносабатларни такомиллаштириш ва тартибга солиш;

миллатлараро муносабатлар соҳасида ишлар ҳолатининг жойларга чиқиб тизимли ўрганилишини ташкиллаштириш, Концепция ва “Йўл харитаси”ни амалга оширишда Қўмита, шунингдек, вазирлик ва идоралар фаолиятини самарали мувофиқлаштириш, қилинган ишлар тўғрисида уларнинг раҳбарлари ҳисоботларини доимий равишда эшитиш.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

2020 йил 1 январга қадар миллатлараро муносабатлар соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этишни назарда тутувчи чора-тадбирлар комплексини;

2020 йил 1 февралга қадар миллатлараро муносабатлар соҳасида юзага келиши мумкин бўлган можароли вазиятлар ва ихтилофларнинг барвақт олдини олиш ва уларни профилактика қилиш мақсадида мазкур соҳа ҳолатини мониторинг қилиш тизимини ташкил этиш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тасдиқласин.

8. Қўмита манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда
бир ой муддатда:

хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларни ўрнатиш ва ривожлантириш мақсадида дўстлик жамиятлари фаолияти такомиллаштирилишини назарда тутувчи чора-тадбирлар комплексини;

миллий маданий марказларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштиришга ҳамда миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатни амалга оширишда уларнинг ролини кучайтиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

9. Қўмита:

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 7 октябрдаги 336-сон қарори билан тасдиқланган Раҳбарлари ходимларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиш тўғрисида илтимоснома киритиши мумкин бўлган давлат ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, республика аҳамиятига молик бошқа давлат ташкилотлари рўйхатига;

вазирлик ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари (бир нусхада) мажбурий тарқатиладиган ташкилотлар рўйхатига;

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг ҳамда бошқа вазирлик ва идораларнинг статистика ахбороти мажбурий тарқатиладиган реестрга киритилсин.

10. Қуйидагиларга:

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг раҳбарларига – Концепция ва “Йўл харитаси”да белгиланган тадбирларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши ҳамда уларнинг амалга оширилиши тўғрисида Қўмитага ҳар чоракда ахборот тақдим этилиши юзасидан;

давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари – дўстлик жамиятлари раисларига – раҳбарлик қилаётган органлар ва ташкилотларнинг маъмурий биноларида хизмат хоналари дўстлик жамиятларига беғараз берилиши, шунингдек, белгилаб қўйилган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун барча зарур шароитлар яратилиши юзасидан;

Қўмита раиси Р.Д.Қурбоновга – Концепция ва “Йўл харитаси” амалга оширилиши тўғрисидаги йиғма ахборот мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича аниқ таклифлар билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар чоракда тақдим этилиши юзасидан шахсан жавобгар эканликлари кўрсатиб ўтилсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ушбу Фармоннинг мақсад ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил қилсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ–2993-сон қарорига 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

13. Қўмита манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда
икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

14. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.С.Қосимов зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси

Президенти                            Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2019 йил 15 ноябрь


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: