Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Iyun 2020   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
1 2 3 4 5 6 7
8 9 10 11 12 13 14
15 16 17 18 19 20 21
22 23 24 25 26 27 28
29 30 1 2 3 4 5
17.03.2020

КАМБАҒАЛЛИК — ИЖТИМОИЙ ҲОДИСА

Сўнгги вақтда ҳуқуқий демократик давлат тамойилларидан бўлмиш ошкораликка давлатимиз раҳбари томонидан жиддий эътибор қаратилаяпти. Ўтган даврда йўл қўйилган ва кўз юмилган ҳолатларни тан олиш ва бартараф этишда Президентимиз шахсан ибрат бўлаётганлиги барчамизни ғафлат уйқусидан уйғотмоқда, атрофга теран назар солишга ундамоқда.

Камбағаллик ҳақида илк бор гапирилганда ҳайратга тушгандик. Тўғри, қайсидир қўшнимиз, қай бир танишимиз тирикчилигини бир амаллаб ўтказаётгани, оёғини ёпса, боши очиқ қолаётганини билардик, кўриб турардик. Аммо, бефарқ эдик, кўриб, кўрмаганга олардик. Партиямиз ҳаракат дастурида ушбу қатламни “ижтимоий ҳимояга муҳтож” деб атаганимиз ҳам бор гап.

Президентимиз воҳамизга ташрифи доирасида ҳудудларда амалга оширилган янгиликлар, иш ўринларининг яратилиши, замонавий лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ қилиниши жараёнлари билан танишди. Икки кунлик ташриф поёнида вилоят фаоллари билан йиғилишдаги маърузадан англадикки, бу ишлардан кўнгиллари тўлмаган, аҳоли розилигига эришолмаганмиз. Вилоятда мавжуд потенциал имкониятлар ҳали ишга солинмаган, айрим раҳбарларда кечаги кундан мерос лоқайдлик иллати барҳам топмаган.

Айнан шу лоқайдлигимиз туфайли бугун вилоятда 58 минг камбағал оила мавжуд. Энг ачинарлиси, 856 оила ўта ночор кун кечиряпти. Бу ўша оилалар зўрға нонга пул топаяпти, дегани эмасми!

Агарда ҳудудлар кесимида олганда ҳар бир туманда ўртача саксон оила ўта ночор эканлиги маълум бўлади. Яна қуйироқ тушсак, маҳаллалар кесимида бу рақам бир қўлимиздаги бармоқлар билан санагулик эканлиги аён бўлади.

Тўғри, давлатимиз раҳбари шу ночор оилаларнинг иқтисодий аҳволини зудлик билан яхшилаш, бу оилалар бошқалар қатори тўлақонли турмуш кечириши учун шароит яратиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди. Тижорат банклари томонидан моддий қўллаш амалиёти ночор оилаларнинг ўзларини ўнглашда яхшигина тиргак бўлиши ҳеч шубҳасиз.

Ҳозир бошқа масалага тўхталмоқчиман. Халқимизда “Бирники мингга, мингники туманга” деган нақл бор. Нима демоқчиман? Бирор минг хонадон мавжуд маҳаллада тўртми-беш ночор оила борлигига бефарқ бўлиб ўтирамизми? Президентимиз келиб, шу оилалар аҳволини яхшилаш борасида кўрсатма бермагунларича лоқайд қараб тураверамизми?

Ҳар бир маҳалла ҳудудида қанчалаб тадбиркорлар фаолият юритаяпти, фермер хўжаликлари бор. Тадбиркорлар ночор ҳисобланмиш оила аъзоларини иш билан таъминлашга бирламчи эътибор қаратса бўладику! Ёки фермерларимиз буғдойдан бўшаган майдонларга иккиламчи экин сифатида шоли экишлари ва аксар ҳолларда шу майдонларни фуқароларга фалон сўмга сотишлари ҳам инкор қилиб бўлмас ҳақиқатку! Бирор йигирма гектар майдонни иккиламчи экинга сотаётган фермер наҳотки шунинг ақалли бир гектарини шу ночор оилаларга савоб учун беришни ўйламайди. Ахир, мусулмончиликда даромаддан закот бериш анъанаси борку! Наҳот шу анъана унутилди?

Қайсидир бир байрамлар арафасида сармоядор инсонлар тепанинг топшириғи билан ижтимоий ночор оилаларга мурувват қўлини чўзишларидек “анъана” ҳам бор. Нега бу  муқаддас сўзни қўштирноқ ичида ёзаяпман. Сабаби,  топшириқ остида бажарилган амал савобга кирмайди. Балки миннатга айланади. Президентимиз ана шундай “савоб иш”ларни кўз-кўзлаб, оламга шовқин солиб қилаётганларга қаттиқ дакки берди. Қай бир хонадонга бир қоп ун, бир баклашка ёғ бериб, буни ойнаи жаҳон орқали мамлакатга овоза қилиш кимга ва нимага керак, ахир?!

Партиямиз электорати ҳисобланмиш айнан камбағал қатлам вакилларини аниқлаш, доимий равишда уларнинг ҳолидан хабар олиш, тегишли ташкилотлар олдига бу масалани қўйиш, керак бўлса бу масалани маҳаллий кенгашлар сессиялари кун тартибига олиб чиқиш орқалигина ижобий натижага эришса бўлади. Бу эндиликда ҳар бир партиямиз аъзоси ва айниқса маҳаллий Кенгашлардаги кўп сонли депутатларимиз эътиборида бўлмоғи керак!

 

Раҳимберган ЮСУПОВ,

ЎзХДП  Хоразм вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: