25.02.2020

Ўзбекистон ва Туркия Президентлари халқларимиз учун келажак кўприкларини бунёд этмоқда

Сулейман МЕРДАНЎҒЛИ, Ўзбекистон «Олтин мерос» халқаро жамғармасининг Анқара шуъбаси раиси:

— Ўзбекистон ва Туркия муносабатларининг келажагини башорат қилиш учун, бу алоқаларнинг ўтмишига ҳам кўз ташлаш лозим. Чунки, машойихлар айтганидек, «ўтмишни билмаган, келажагини ҳам кўролмайди». Бугунги Ўзбекистон, тарихдаги номи билан «Улуғ Туркистон» Марказий Осиё минтақасининг ўртасидан жой олган, бу ҳудудлар қарийб барча туркий халқларнинг ота юртидир. Анадўлудаги турклар авваллари Усмонийлар салтанати, кейинчалик Туркия Республикасида истиқомат қилиб келганлар ва айни пайтда тарих давомида ота юртдаги қардошлари билан доимий дўстлик алоқаларида бўлиб келганлар, ҳатто шўролар даврида ҳам бу алоқалар сақланиб қолди.

Аввало Имом Мотурудий, Имом Термизий, Али Қушчи, Алишер Навоий, Аҳмад Яссавий, Улуғбек, Баҳоуддин Нақшбанд, Имом Бухорий, Ибн Сино каби кўплаб турк-ислом илм-фани ва маданиятининг буюк вакиллари умумий қадриятларимиздир. Туркияда бу буюк шахсиятлар юксак қадрланади ҳамда уларнинг хотирасига атаб кўплаб ижтимоий-маданий тадбирлар ўтказилади.

Туркиянинг озодлик уруши (1919-1922) давом этар экан, 1920 йил 26 апрелда Мустафо Камол пошо (Отатурк) Буюк Миллат Мажлиси ташкил топгандан кейин ёзган мактубида шўролар ­иттифоқидан моддий ва қурол-аслаҳа ёрдами сўраган. Мустафо Камол ҳукуматига шўро давлати томонидан берилган бу ёрдам қардош Бухоро Халқ Республикасининг олтинлари ҳисобидан юборилган эди. Бу ёрдамни Бухоро халқи хайрия ёрдами сифатида тўплаганди.

Турк армиясининг Сакарья ғалабасидан кейин Бухоро Халқ Республикасидан (1920-1923) бу республиканинг раҳбари Усмон Хўжаўғли (Усмонхўжа Пўлатхўжаев) томонидан 1921 йил 17 январда дипломатик алоқаларни ўрнатиш ва Отатуркни ғалаба билан қутлаш учун Бухородан махсус бир ҳайъат юборилган. Ҳайъат 1921 йил январь ойида Анқарага келган, Мустафо Камолга уч олтин сопли қилич ва Амир Темурга тегишли Қуръонни совға қилган эди. (Бу Қуръон бугунги кунда Туркия Буюк Миллат мажлиси кутубхонасида сақланади).

1991 йил 1 сентябрда Ўзбекистон истиқлолга эришгач, унинг мустақиллигини илк бор тан олган Туркия Республикаси эди. Бу даврдан кейин ўзбек – турк муносабатлари турли ўзгаришлар билан давом этиб келган бўлса-да, 2016 йил октябрь ойида Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоғаннинг Самарқанддаги учрашувидан кейин ўзаро муносабатларда кескин ижобий ўзгаришлар юз бера бошлади.

2018 йилда Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга қилган визитидан кейин икки ўлка ўртасидаги тижорий, банк, тоғ-кон, ўрмончилик, илм-фан, технологиялар, архив иши, метереология, маданият, адлия ва ҳуқуқ соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш борасида шартномалар имзоланди.

Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 19-20 февраль кунлари Туркияга қилган расмий визити чоғида икки тарафлама муносабатларга янгича суръат бериш учун Туркия – Ўзбекистон Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик Кенгашининг мажлиси ўтказилди. Бу Кенгашдаги музокараларда авиация, алоқа, дипломатия, инвестициялар, таълим, маданият, тижорат, банк соҳаларидаги ҳамкорлик бўйича жами 26 шартнома имзоланди. Турк-ўзбек бизнес-форуми ҳам ташкил этилди. Ўтган йилларда мамлакатда ўз фаоллигини сусайтирган турк бизнеси кейинги йилларда ўзбек бозорига инвестиция киритиш бўйича ҳаракатларини фаоллаштирди. Бугунги кунда Ўзбекистонда қайддан ўтган ва фаолият кўрсатаётган ширкатлар сони бўйича Туркия Россия ва Хитойдан кейин учинчи ўринда турибди.

2018 йилда 1,7 миллиардлик тижорий алоқалар ҳажми 2019 йилда 26, 6 фоиз ошиб, 2 миллиард 212 миллион долларга етди. Туркия ўтган йили 19,4 фоиз ўсиш билан Ўзбекистонга 1 миллиард 135,7 миллион долларлик мол экспорт қилди. Ўзбекистоннинг Туркияга экспорти 35,3 фоиз ортди ва 1 миллард 76,2 миллион долларга етди.

Турк сармоясининг қардош ўлкага кириб келиши ҳам кучайди. 1993 йилда тузилган Ўзбек-Турк қўшма банкининг ҳиссаларини сотиб олган турк Зироат банки Тошкентда 3, Самарқандда битта шўъбасини очиб, ўзбек фермерлари ва аграр секторнинг бошқа мансубларининг ишларини сармоялаштиришни бошлади.

Туркия – Ўзбекистон Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик Кенгашининг йиғилишларида ҳар иккала тараф ўз ташаббус ва мақсадларини очиқ ва самимий шаклда ифода этгани ва шу боис кўплаб соҳаларда икки тарафлама фойдали битимларга имзо қўйилгани кўзга ташланди.

Мустафо Камол Отатурк бир вақтлар шўролар таркибидаги қондош халқларнинг мустақилликка эришиши ва бу ҳолга Туркиянинг тайёр туриши ҳақида доҳиёна башорат қилган эди: Бир кун бугунги советлар худди Усмонийлар ва Австрия–Венгрия каби парчаланиши мумкин, Ўша пайтда Туркия нима қилиши лозимлигини билиши керак. Тайёр туриш керакдир. Бунга қандай тайёрланиш керак? Маънавий кўприкларни соғлом ушлаб туриш билан. Тил бир кўприкдир. Дин бир кўприкдир. Тарих бир кўприкдир... Уларнинг бизга яқинлашишини кутмай, биз уларга яқинлашишимиз керак» (29 октябрь, 1933 йил).

Ана шу Отатурк башорат қилган даврдамиз. Ўзаро муносабатларимизни доимо соғлом тутиб, ривожлантириб бориш, буюк аждодларимизнинг ўтмишда ўрнатган дўстона алоқаларини келажакка етказиш асосий воситамиздир.

Мустафа УҒУРЛУ, Муғла Ситки Кочман университети, профессори:

 Туркия ва Ўзбекистонда яшовчи ва умумтуркий тилнинг турли тармоқларида сўзлашувчи инсонлар тарихда ягона тил ва маданият доирасида эди. Масалан, Марказий Осиёда қурилган Хун, Кўктурк давлатларида бизнинг ота-боболаримиз ягона сиёсий бирлик ичида эди. 1040 йилда Салжуқийлар давлатининг барпо этилишидан кейин ҳам Анадўлуда, ҳам бугунги Ўзбекистон ҳудудларида ҳам ана шу ҳолат кўзга ташланади. Салжуқийлар салтанатининг тарқалиб кетиши натижасида ота ватанда Хоразмшоҳлар давлати барпо бўлди, Анадўлуда эса Салжуқийлар давлати ўз борлигини давом эттирди.

1220 йилда Чингизхоннинг Туркистонда ўз ҳукмронлигини ўрнатиши ва 1243 йилда Анадўлу ҳам Илхонийларнинг қўлига ўтиши, 1402 йилги Анқара жанги якунларига кўра ҳам ўзбеклар ва туркларнинг аждодлари ягона сиёсий тузилма таркибида бўлганига тарих гувоҳлик беради. Россия империяси 19-асрда Туркистонни ишғол қилишига қадар ўзбек хонликлари билан Усмонийлар давлати ўртасида яқин сиёсий ҳамкорлик ҳукм сургани маълум.

1991 йилда Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши ТуркияЎзбекистон алоқларида янги даврни бошлаб берди. Бу даврни дўстлик ва ҳамкорлик даври деб аташ мумкин. Кейинги йилларда эса икки мамлакатнинг ПрезидентлариШавкат Мирзиёев ҳамда Режеп Таййип Эрдоғаннинг саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ бугунги кунда давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабатлар ҳақиқий қардошлик ва дўстлик алоқаларига айланди.

Тарихда сиёсий алоқаларнинг турлича шакл ва мазмунда бўлишига қарамай, Анадўлу (Туркия) ва Марказий Осиё (Ўзбекистон)да яшаган ва бир тилнинг турли лаҳжаларида гаплашган инсонлар ўртасида маданий алоқалар кучли ва самарали бўлган. Буюк шоир Алишер Навоий фақат ўз юртида эмас, балки Анадўлуда ҳам барча шоирларнинг устози бўлиб келди. Навоий ижодини англаш учун Усмоний салтанатида кўплаб луғатлар тузилган, ўнларча усмоний шоирлар Навоийга эргашиб эски ўзбек тилида (чиғатойчада) ғазаллар ёзган. Фақтгина Навоий эмас, яна кўплаб шоирлар, олимлар, уламолар Туркистондан Анадўлуга, Анадўлудан Туркистонга келиб, маданий алоқаларни давом эттирганлар. 19-асрдаги чоризм истилосидан кейин бу алоқалар бироз заифлаган бўлса-да, Ўзбекистон мустақилликка эришгач, ҳар жабҳадаги алоқалар кучайди, ривожланди. Бугунги кунда 20 га яқин Туркия университетларида ўзбек тили ўрганилмоқда, ҳозирги ўзбек адабиётининг намуналари турк тилига таржима қилиниб, турк китобхонлари томонидан севиб ўқилмоқда.

Бундан ташқари, ҳар икки халқ ва давлат ўртасидаги илм-фан соҳасидаги алоқалар тарихан мавжуд бўлиб келган. Ислом цивилизацияси юксак нуқтага кўтарилган Аббосийлар халифалиги даврида Бағдод билан бир қаторда Туркистоннинг Урганч, Марв, Балх, Термиз, Бухоро, Самарқанд, Шош (Тошкент) каби шаҳарларида ислом тамаддунининг шоҳ асарлари яратилди. Бу шаҳарлардаги юксалиш аслида Ислом ренессансини бошлаб берган эди.

Амир Темур ва темурийлар даври туркий халқлар тарихидаги энг нурафшон давр эди. Бу давлатда етишган олимлар дунёнинг турли бурчакларига Туркистон илм-фани ва маданиятининг намуналарини тарқатдилар. Биргина Али Қушчининг Истанбулга Улуғбек даври мадарасаларининг анъанасини олиб борганини эслаш кифоя.

Бугунги кунда Ўзбекистон ва Туркия Республикаларида яшаган ва айни маданият ва тил вакиллари бўлмиш кишиларўзбеклар ва турклар ўртасидаги муносабат ҳар тарафлама ривожлантирилиши ва у самарали бўлиши лозим. Яқинда Самарқанд давлат университетига бир диссертациянинг ҳаками сифатида ташриф буюрдим. Университетдаги ўқиш-ўқитиш, илмий тадқиқотлар борасидаги янгиланиш ва ўзгаришларни ўз кўзим билан кўрдим. Бундан кейинги даврда бу университетга дарс бериш, илмий конференциялар, муштарак илмий лойиҳалар юритиш учун яна албатта келаман. Чунки, ҳар қандай алоқалар аввало биринчи қадамни қўйишдан бошланади. Турк ва ўзбек олимларининг ҳамкорлиги маданий ва илмий алоқаларимизнинг кучайишига хизмат қилади. Айнан дўстлик, бирлик, илмий, маданий ҳамкорликда ва биргаликда бахтли ва ойдин кунларга етишамиз

Али Риза ЎЗКАН, «Юрт» газетаси муҳаррири:

Тарихда тил, дин, маънавият ва маданият каби умумий қадриятларга эга бўлган халқлар ўртасидаги дўстлик ва қардошлик алоқаларининг йўлга қўйилишининг ўзига хос тарафлари бор. Икки тарафлама алоқаларда 2016 йилда Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга қилган расмий ташрифи билан бошланган юксалиш ва Шавкат Мирзиёевнинг яқинда Туркияга қилган зиёрати натижасида стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилган алоқалар Ўзбекистон ва Туркия халқлари ўзаро бир-бирига нисбатан ҳис қилган самимий дўстона ва қардошлик туйғуларининг сиёсат ва иқтисодий муносабатлар янги динамизм бергани шу жиҳатдан асло тасодифий эмас.

Туркия ва Ўзбекистон дунё коньюктурасида жуда ўхшаш жиҳатларга эгадир. Бу ўлкалар муштарак қадриятлар билан бирга бугунги дунёдаги мураккаб геосиёсий ва геостратегик вазиятда бир-бирлари билан тақдирдош халқлар ва мамлакатлар мақомидадирлар. Жуфт қутбли дунёнинг бир қутбли дунёга айланишидан кейин дунёда барқарорлик ўрнига кичик ва катта урушлар, очлик ва беқарорлик ёйилди. Ана шу чайқалиб турган дунёда қўлни-қўлга бериб тинчлик, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни сақлаб туриш учун мамлакатларимиз барча ишларни қилмоқдалар.

Туркия ва Ўзбекистон дунёдаги муаммолар бўйича, халқаро тинчлик ва ҳамкорликни сақлашда ҳамфикр эканлиги Шавкат Мирзиеёвнинг ташрифи чоғида мамлакатларимиз раҳбарлари сўзлаган нутқларда очиқ-ойдин кўриниб турди.

Президентларимиз матбуот анжуманида тез-тез такрорлаганлари каби, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг тамали қардошлик ҳуқуқида ётибди. Бу қардошлик сиёсий, иқтисодий, маданий, тижорий, дипломатик, ҳарбий ҳамкорликлигимизни янада ривожлантиришнинг асосида ётади.

Туркиянинг замонавий дунё ишларида орттирган тажрибаларини, ўртага чиқарган сиёсий ва иқтисодий моделларини, сиёсий ва иқтисодий алоқалардаги тажрибаларини Ўзбекистонннинг тараққиёти учун сарфлашга тайёрлигини Ўзбекистоннинг ёш ва динамик нуфуси билан, Евроосиёнинг қоқ марказидаги муҳим геополитик мақоми билан замонавий саноат, қишлоқ хўжалиги ва туризмни ривожи учун катта салоҳиятга эга эканлиги билан уйғунлаштирсак, умумий порлоқ келажагимизни барпо этиш учун ҳар иккала мамлакатда катта имкониятлар мавжудлиги маълум бўлади.

Президент Шавкат Мирзиеёвнинг Туркияга ташрифи қардошлигимиз тарихига муҳрланади. Бир сўз билан айтганда бу ташриф келажакда миннатдорлик билан эсланадиган тарихий бурилиш нуқтасидир.

 

Жулибой ЭЛТАЗАРОВ,

Фаррух ҲАМРОЕВ тайёрлади.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: